Қайднома

Қидирув

Биринчи босқичга назар: Суперлига-2018 биринчи ярми сарҳисоби

Биринчи босқичга назар: Суперлига-2018 биринчи ярми сарҳисоби

  08.09.2018 00:18
  0
  1122
Биринчи босқичга назар: Суперлига-2018 биринчи ярми сарҳисоби

Жорий футбол мавсумида ҳисоб бўйича 27-миллий чемпионатимизга гувоҳ бўляпмиз. Ортда қолган 26 мавсум давомида мамлакатимиз футболининг бош мусобақаси олий лига деб юритилгани барчага маълум.

Мана, бу йил ички турниримизнинг нафақат номи, балки формати ҳам ўзгарди. Айтиш керакки, Суперлига номини олган элит дивизионнинг ортда қолган биринчи босқичи кўпчиликда ижобий таассурот уйғотди.

Суперлига формати ва босқичлари хусусида етарлича ёзилди ва бундай маълумотларни такрорлаш шарт бўлмаса керак. Яхшиси, бугун ҳукмингизга биринчи босқич якунлари ва қайд этилган сара статистик кўрсаткичларни ҳавола этамиз.

УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

1 март куни старт олган Суперлига биринчи босқичи 19 августда якунига етди. Салкам 6 ой давомида мухлислар 132та учрашувга гувоҳ бўлишди. Тўғри, бу йил элитада жамоалар сонининг қисқартилиши чемпионат географиясини бироз торайтирди. Аммо Ўзбекистон ПФЛ «Спорт» телеканали билан ҳамкорликда деярли барча учрашувларни эфирга узатишга эришди.

Аксарият ўйинлар тўғридан-тўғри олиб кўрсатилди. Бу орқали миллий чемпионат ўйинларига нисбатан қизиқиш маълум даражада жонланди. Рақамларга мурожаат этсак, Суперлиганинг биринчи давраси қизиқарли ва муросасиз курашларга бой ўтганини кўрсатмоқда.

Мисол учун, биринчи босқичда қайд этилган 32та дурангдан 18таси биринчи даврага тўғри келмоқда. Ҳакамлар биринчи давра ўйинларида футболчиларга 270 марта сариқ карточка кўрсатишди. Иккинчи даврада эса бу кўрсаткич 211тани ташкил этди. Тўлиқроқ маълумот эса қуйидаги солиштирма жадвалда акс этган.

Кўрсаткичлар

1-давра

2-давра

Жами:

 Ўйинлар сони

66

66

132

 Голлар сони

142

157

299

 Мезбон жамоалар голлари

80 (56,34 фоиз)

97 (61,78 фоиз)

177 (59,2 фоиз)

 Меҳмон жамоалар голлари

62 (43,66 фоиз)

60 (38,22 фоиз)

122 (40,8 фоиз)

 Мезбон жамоалар ғалабаси

30 (45,45 фоиз)

34 (51,51 фоиз)

64 (48,48 фоиз)

 Дуранг

18 (27,27 фоиз)

14 (21,21 фоиз)

32 (24,24 фоиз)

 Меҳмон жамоалар ғалабаси

18 (27,27 фоиз)

18 (27,27 фоиз)

36 (27,27 фоиз)

 1та ўйинда ўртача гол

2,15

2,38

2,27

 Сермаҳсул ўйинлар (+3 гол)

11 (16,67 фоиз)

13 (19,69 фоиз)

24 (18,18 фоиз)

 Гол урилмаган ўйинлар

10 (15,15 фоиз)

3 (0,04 фоиз)

13 (9,85 фоиз)

 Мухлислар сони

800719

454203

1254922

 1та ўйинда ўртача

12132

6882

9507

 Пенальтилар сони

22

26

48

 Пенальтидан урилган голлар

20

20

40

 Пенальтидан фойдаланиш

90,91 фоиз

76,92 фоиз

83,33 фоиз

 Автоголлар

7

3

10

 Огоҳлантиришлар (ўртача)

270 (4,09)

211 (3,20 фоиз)

481 (3,64)

 Четлатишлар (ўртача) - қиз.|2-сар.

11 (0,17) - 5|6

11 (0,17) - 4|7

22 (0,17) - 9|13

 Футболчилар сони  (легионерлар)

 

 

 304 (45 - 14,8 фоиз)

ТЎПУРАРЛАР МАСАЛАСИ

Бу йилги чемпионат тўпурарлари борасида тўхталсак, аввалги мавсумлар билан солиштирганда, антиқа ўзгариш кўзга ташланади. Биринчи босқич якунига кўра, дарвозалар 299 марта ишғол этилди. Шундан 10таси автогол - қайсидир футболчи ўз жамоаси дарвозасига тўп киритиб қўйган.

Автогол муаллифлари: Акмал Холмуродов («Сўғдиёна»), Томислав Пайович («Навбаҳор»), Абдужамол Исроилов («Нефтчи»), Александр Мерзляков («Қўқон-1912»), Асилбек Омонов («Бухоро»), Неманья Йованович («Қизилқум»), Игорь Голбан («Насаф»), Ғиёс Комилов («Қўқон-1912»), Кахи Махарадзе («Локомотив»), Марко Милич («Қўқон-1912»). Кўриб турганингиздек, қўқонлик футболчилар бу борада яққол ажралиб туришибди.

Қолган 289та гол 117 нафар футболчи ҳисобига ёзилди. Тўпурарлар рўйхатини «Пахтакор»­нинг португалиялик ҳужумчиси Исмоил Гонсалвеш бошқариб бормоқда - 12та гол. Умумий рўйхатнинг юқори ўнталигига назар солсак, тўпурарларнинг тенг ярми хорижлик футболчилар. Бунақаси миллий чемпионатларимиз тарихида илк марта кузатилмоқда.

Умуман олганда, бу йил жами голларда легионерлар улуши (фоиз ҳисобида) анча ошди. Мисол тариқасида айтсак, 2017 йили элитада 36 нафар хорижлик майдонга тушганди. Улардан 23 нафари рақиблар дарвозасини 85 марта ишғол қилган. Бу жами голларнинг 14 фоизини ташкил этганди.

2016 йили эса 31 нафар хорижлик майдонга тушиб, биргаликда 78та голга муаллифлик қилган. Бу 12 фоизга тенг эди. Хорижликларнинг энг сермаҳсул даври 2009 йилги мавсумда кузатилган. Ўша машҳур Ривалдо «Бунёдкор» таркибида бош голеадор бўлган йили миллий чемпионатимизда 67 нафар хорижлик майдонга тушган.

Улардан 36 нафари жами 127та голдан хирмон тўплаганди. Қисқаси, жами 672та голдан нақ 19 фоизи легионерлар ҳисобига тўғри келганди. Бу йилги баҳсларда 45 нафар хорижлик майдонга тушди ва улардан 25 нафари 83 марта гол қувончини туйди. Бу жами голларнинг 24,8 фоизига тенг.

Демак, аввалги мавсум кўрсаткичлари билан солиштирсак, хорижликларнинг жами голлардаги улушлари салкам 11 фоизга ошди. Шу ўринда улар 83та голдан 20таси пенальти орқали нишонлашганини ҳам қайд этиш лозим. 

Футболчи

 Жамоаси

 Гол

 Пен.

 Гонсалвеш Исмоил

 Пахтакор

 12

 7

 Безерра Тиаго

 Пахтакор

 10

 

 Иброҳимов Жавлон

 Бунёдкор

 10

 2

 Бикмаев Марат

 Локомотив

 9

 3

 Жокич Йован

 АГМК

 8

 6

 Холмуҳамедов Мурод

 Қўқон-1912

 8

 8

 Абдуллаев Зоҳид

 Металлург

 7

 

 Григалашвили Элгужа

 Қизилқум

 7

 

 Исоқжонов Ислом

 Металлург

 6

 

 Райевац Филип

 Бунёдкор

 6

 

 Рашидов Сардор

 Локомотив

 6

 

 Абдухолиқов Бобур

 Насаф

 5

 

 Аманов Арслонмурод

 Бухоро

 5

 

 Нурматов Шаҳзод

 Бунёдкор

 5

 

 Шайманов Шаҳзод

 Металлург

 5

 1

 Йованович Неманья

 Қизилқум

 5

 2

ФУТБОЛЧИЛАР СТАТИСТИКАСИ

Юқорида ортда қолган 132та учрашувда 304 нафар футболчи майдонга тушганини келтириб ўтдик. Солиштирма жадвалда иккинчи даврада ўйнаган футболчилар сони кўрсатилмаган. Сабаби, бу йил трансферлар ойнаси очилган вақт иккинчи давра ўйинлари бошланиб кетганди.

Бу галги статистика орқали чемпионатда иштирок этаётган футболчиларнинг ўртача ёши хусусида маълумот берамиз. Нега айнан ёш ҳисоби? Олимпия терма жамоамиз олдига Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олиш вазифаси қўйилган. Навбатдаги олимп ўйинлари саралаш ва финал босқичида 1997 йили таваллуд топган ва ундан кичик футболчилар иштирок этишади.

Демак, ёш ҳисоби орқали жамоалардаги терма жамоага номзодлар фаолиятига эътибор қаратамиз. Авваламбор, жамоаларнинг биринчи босқичдаги ўртача ёшига нигоҳ ташласак. Турнир жадвалидаги кетма-кетлик бўйича бошлаймиз.

«Пахтакор» - ўртача ёш 27,6

Турнир пешқадами биринчи босқичда 24 нафар футболчи хизматидан фойдаланди. Шундан 5 нафари хорижлик. Пойтахтликлар таркибида 4 нафар футболчи олимпия терма жамоасида ўйнаш имкониятига эга.

Булар: Жасур Яхшибоев (1997 йил) - 18та ўйин, 3та гол, Достон Иброҳимов (1997 йил) - 4та ўйин, Жаҳонгир Аҳмадов (1998 йил) - 2та ўйин ва Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев  (1998 йил) - 1та ўйин.

«Бунёдкор» - ўртача ёш 25,4

«Қалдирғочлар» мавсумда гарчи иқтисодий қийинчиликларни бошдан ўтказаётган бўлсаларда, натижа борасида пешқадамлар рўйхатида боришмоқда. Жамоа таркибида биринчи босқич ўйинларида 25 нафар футболчи майдонга тушди. Хорижлик футболчи - 1 нафар.

Миржалол Қосимов бош мураббийлигида пойтахт жамоасида олимпиячилар рўйхатига кириши мумкин йигитлар 9 нафар. Давронбек Умиров (1997 йил) - 14та ўйин, 1та гол, Санжар Қодирқулов (1997 йил) - 10та ўйин, Ислом Қобилов (1997 йил) - 9та ўйин, Абдулла Абдуллаев (1997 йил) - 5та ўйин, Фаррух Икромов (1998 йил) - 4та ўйин, Миржаҳон Мираҳмадов (1997 йил) - 3та ўйин, 1та гол, Расул Йўлдошев (2000 йил) - 2та ўйин, Жаҳонгир Абдусаломов (2000 йил) - 2та ўйин ва Жасур Жалолиддинов (2002 йил) - 1та ўйин.

«Локомотив» - ўртача ёш 28,4

«Темирйўлчилар» таркибида 26 нафар футболчи майдонга тушган бўлиб, улардан 5 нафари хорижликдир. Амалдаги чемпион сафида ёш бўйича  олимпия терма жамоасига тўғри келувчи икки нафар футболчи имкониятга эга бўлди. Булар: Азизбек Омонов (1997 йил) - 8та ўйин ва Бобур Эргашев (1997 йил) - 1та ўйин.

«Навбаҳор» - ўртача ёш 27,3

Ўз майдонида мағлубиятсиз сериясини давом эттираётган гуллар шаҳри жамоаси биринчи босқичда 25 нафар футболчига таянди. Улардан 5 нафари хорижлик. «Лочинлар» таркибида ҳам икки нафар олимпия терма жамоаси сафида майдонга туша оладиган футболчи бор: Остон Ўрунов (2000 йил) - 21та ўйин ва Сарвар Солиев (1999 йил) - 1та ўйин.

«Металлург» - ўртача ёш 26,2

Бекобод шаҳри жамоаси шарафини биринчи босқичда 29 нафар футболчи ҳимоя қилди. Шундан 2 нафари легионер. Бу жамоада олимпиячилар рўйхатига мос футболчилар ёзги трансферлар даврида «Бунёдкор»дан ижара асосида олинган Даврон Умировни қўшиб ҳисоблаганда, 8 нафарни ташкил этмоқда: Суҳроб Нуруллоев (1998 йил) - 16та ўйин, 2та гол, Даврон Умиров (1997 йил) - 4та ўйин, Муҳаммад Султонов (1997 йил) - 2та ўйин, Аброр Тошқўзиев (1998 йил) - 2та ўйин, Жамшид Юсупов (1997 йил) - 1та ўйин, Жавоҳир Эсонқулов (1997 йил) - 1та ўйин, Дониёр Ҳошимов (1998 йил) - 1та ўйин, Зоир Жўрабоев (1998 йил) - 1та ўйин.

«Бухоро» - ўртача ёш 28,6

Бухороликлар таркибида биринчи босқич ўйинларида 30 нафар футболчи қатнашди. Улардан 5 нафари легионер. Жамоа таркибида олимпия терма жамоаси рўйхатига кириши мумкин бўлган 3 нафар футболчи ҳаракатланди: Беҳруз Шодмонов (1999 йил) - 7та ўйин, Анвар Жўраев (2000 йил) - 2та ўйин ва Хуршид Олимов (1998 йил) - 1та ўйин.

«Қўқон-1912» - ўртача ёш 27,3

Ўзбек футболи ватани ҳисобланмиш кўҳна Қўқон шаҳри жамоаси таркибида 23 нафар футболчи майдонга тушди. Хорижликлар 3 нафар. Олимпия терма жамоасига номзод бўла оладиган футболчи эса бир нафар: Ойбек Рустамов (1997 йил) - 15та ўйин.

АГМК - ўртача ёш 28,3

Олмалиқ шаҳри жамоаси шарафини биринчи босқичда 29 нафар футболчи ҳимоя қилди. Шундан 6 нафари хорижлик ҳисобланади. Жамоа таркибида бир нафар ўйинчи олимпиячилар рўйхатига тушиши мумкин: Низомиддин Зиёвуддинов (1998 йил) - 1та ўйин.

«Насаф» - ўртача ёш 24

Воҳанинг энг пешқадам жамоаси таркибида биринчи босқичда 27 нафар футболчи майдонга тушди. Ўйинчилардан 4 нафари хорижлик. Рўзиқул Бердиев бош мураббийлигидаги жамоа жорий мавсум ўртача ҳисобда энг ёш таркибга таянмоқда. Дейлик, «аждарлар» сафида тўп сурган нақ 11 нафар футболчи олимпия жамоаси мезонига тўғри келади.

Булар: Бобур Абдухолиқов (1997 йил) - 19та ўйин, 5та гол, Ислом Рашидхонов (1997 йил) - 17та ўйин, Ислом Кенжабоев (1999 йил) - 17та ўйин, 1та гол, Шароф Муҳиддинов (1997 йил) - 15та ўйин, 2та гол, Азиз Ғаниев (1998 йил) - 15та ўйин 3та гол, Шерзод Темиров (1998 йил) - 9та ўйин, 1та гол, Дилшод Саитов (1999 йил) - 7та ўйин, Акмал Мозговой (1999 йил) - 6та ўйин, Худоёрхон Саъдуллаев (1999 йил) - 4та ўйин, Умид Эргашев (1999 йил) - 3та ўйин ва Шерзод Насруллаев (1998 йил) - 1та ўйин.

«Қизилқум» - ўртача ёш 29,3

Навоий шаҳри жамоа шарафини бу босқичда 24 нафар футболчи ҳимоя этди. Шундан 5 нафари хорижлик. «Қизилқум» ҳозирда ўртача ёш бўйича чемпионатнинг энг катта таркибга эга жамоаси бўлиб турибди. Бир қатор ўйинларда таркибнинг ўртача ёши 30дан ҳам ошди.

Мисол тариқасида 8-турда «Бухоро»га қарши кечган учрашувда «Қизилқум» таркибининг ўртача ёши 30,2, 9-10-турларда АГМК ва «Металлург» билан баҳсларда 30,1, 19-турда яна «Бухоро»га қарши ўтган ўйинда 30,4 ва 21-турда «Металлург» билан тўқнашувда 30,3ни ташкил этди.

Жамоа таркибида олимпия термаси рўйхатига кира олиши мумкин футболчи бир нафар: Суҳроб Ярашев (1997 йил) - 1та ўйин. У ҳам Навоийда «Сўғдиёна»га қарши кечган ўйиннинг сўнгги дақиқасидагина майдонга тушди.

«Сўғдиёна» - ўртача ёш 25,5

Жиззах шаҳри жамоаси шарафини илк босқичда 34 нафар футболчи ҳимоя қилди. Шундан 5 нафари хорижлик. Бу жамоа ўйинларида олимпия термасидан ўрин олиши мумкин бўлган 5 нафар футболчи қатнашди: Нурилло Тўхтасинов (1997 йил) - 9та ўйин, Саҳоб Рашидов (1998 йил) - 7та ўйин, Шаҳбоз Жўрабеков (1997 йил) - 1та ўйин, Шоҳжаҳон Ҳасанов (1997 йил) - 1та ўйин ва Жасурбек Ўринов (1998 йил) - 1та ўйин.

«Нефтчи» - ўртача ёш 25

Фарғоналиклар шарафини биринчи босқичда 35 нафар футболчи ҳимоя қилди. Улардан атиги 2 нафари хорижлик. Турнир жадвалининг сўнгги поғонасини банд этиб турган водий клуби таркибида олимпиячилар рўйхатига кира оладиган 8 нафар футболчи майдонга тушди: Ҳусниддин Ғофуров (1997 йил) - 16та ўйин, Аброр Исмоилов (1998 йил) - 14та ўйин, Авазбек Ўлмасалиев (2000 йил) - 12та ўйин, Хуршидбек Асқаралиев (1997 йил) - 7та ўйин, 1та гол, Миржалол Неъматов (1997 йил) - 7та ўйин, Отабек Аҳмаджонов (1997 йил) - 7та ўйин, Шодиёр Ҳожиматов (1998 йил) - 3та ўйин ва Жамшид Қобулов (1997 йил) - 1та ўйин.

Умумий ҳисобда айтсак, олимпия терма жамоаси ёш лимитига тўғри келадиган 54 нафар футболчи майдонга тушди. Иккинчи босқичда бу рақам янада ошиши мумкин. Энг асосийси, шу ёшларни янада кўпроқ майдонга тушириш орқали уларда тажриба орттириш ва қўйилган мақсад сари дадил одимлаш зарур.

Навбатдаги статистик маълумотларимизда жамоаларнинг ҳар бир ёшдаги футболчилари статистикасини тақдим этишни режалаштирганмиз. Унда сўнгги 10 йилликда қайд этилган барча маълумотлар жой олади.

Бахтиёр ШИРИНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz