Қайднома

Қидирув

Грандда ҳаммаси грандча бўлсин! Ёхуд «Бавария» устозининг қатъий тартиб-қоидалари

Грандда ҳаммаси грандча бўлсин! Ёхуд «Бавария» устозининг қатъий тартиб-қоидалари

  08.09.2018 06:41
  0
  572
Грандда ҳаммаси грандча бўлсин! Ёхуд «Бавария» устозининг қатъий тартиб-қоидалари

Мураббийлик - машаққатли касб.

Бу соҳада барака топишдан кўра, игна билан қудуқ қазиш осонроқ. Машҳур жамоани бошқариш унданда қийин. Лекин Нико Ковач «Бавария»дек грандда шундай тартибни жорий этдики, ҳатто кўпни кўрган мутахассислар ҳам ҳайратдан ёқа ушламоқдалар.

Тўғри, улар не - не буюк жамоа ва мураббийларни кўришган. Аммо Никони кўришмаган. Мураббий Нико Ковачни!

МАШҒУЛОТЛАР ТИҒИЗЛИГИ ОШДИ

Хорватиялик мутахассис ҳозирги футболчиларнинг жуда оз машқ қилишларини кўп таъкидлайди: «Индивидуал спорт турларига эътибор берсангиз, спортчилар ҳар куни залда шуғулланаётганларига гувоҳ бўласиз.

Нега энди биз футболчиларни аяшимиз керак?» «Айнтрахт»ни тарк этиш чоғида Ковач ўз шогирд­ларидан узр сўради: «Агар сизларни ортиқча қийнаб қўйган бўлсам,кечиринглар. Сизларни менга шу иш ёққани учун эмас, муваффақиятга эришиш учун қийнадим. Акс ҳолда, биз ҳеч нарсага эриша олмасдик».

Ҳа, спорт кишини имкони йўқ ишларни уддалашга ўргатади. «Бавария» эса бундай мураккаб вазифани сўнгги бор қачон амалга оширганини эслай олмайди. Ковач ана шу бетакрор лаззатни жамоага қайтариш ниятида: «Мен ҳатто жажжи қизалоғимга ҳам шашка ўйинида ён берган эмасман. Нега энди кап - катта йигитларга енгиллик беришим керак?!»

Анчелотти даврида  Бундеслига байроқдори деярли машқ қилмай қўйганди. Унинг машғулотлари узоғи билан 45 дақиқадан у ёғига ўтмас, боз устига, машқлар кўпинча дон Карлонинг иштирокисиз ўтарди.

Яъни, тайёргарлик унинг ёрдамчилари раҳбарлигида ташкил этиларди. Очиғи, бу вақт ичида Арьен Роббен каби фахрийлар ечиниш хонасидан майдонга бориб, ортга қайтишга зўрға улгурадилар. Юпп Хайнкес эса шогирдларининг жароҳат олишларидан хавотирга тушиб, енгил юкламалар билан кифояланарди.

Энди немис грандининг жангчилари ҳар куни 2 мартадан ўртача 2,5 соатли машғулотда тобланишмоқда. Шошилинч қисқа таҳлилларга сарфланадиган мини - паузаларни ҳисобга олмаганда, албатта.

Қизиғи шундаки, янги бош мураббийнинг шафқатсизлиги борасида бирон - бир футболчи эътироз билдиргани йўқ. Аксинча, улар машғулотлар сони ва ранг - баранг­лигини ошириш тарафдорилар.

ТЎПНИ РАҚИБГА БЕРИШ - МУАММО ЭМАС

Ковач ўз шогирдлари олдига тўпни назорат қилиш шартини қўймайди: «Тўп назоратининг 80 фоизи ҳеч қандай самара бермайди. Биз рақиб услубидан келиб чиққан ҳолда ўйнаймиз. Ҳар гал тўпни эгаллаб олганидан кейин жамоа якуний мақсадни аниқ ҳис этган ҳолда ҳаракатланиши лозим»

Бу шартни амалга ошириш учун Никода махсус машқ дастури бор. Машғулот майдони узунлиги15 метр­дан бўлган 6та ҳудудга бўлинган. Ўйинчилар вазифаси мураббий ишорасига кўра тўп билан ҳудудлар орасида ( биринчисидан учинчисига, учинчисидан олтинчисига ва ҳ.к.) имкони борича тезроқ ҳаракатланиш ва прессингдан халос бўлиш.

Муҳими - ҳаракат тезлиги: Тўп «А» нуқтадан «Б» нуқтага қанча тез етиб келса, шунча яхши. Хорватиялик мураббий машғулотни шунчалик синчковлик билан олиб борадики, ҳар 3 узатмадан кейин ўйинни тўхтатиб, шогирдлари ҳаракатига баҳо беради, хатоларини тузатади.

«Ҳозир ўз тезлигини техникада намойиш этадиган футболчилар учрашув тақдирини ҳал қилишади. Улар ҳимоячилар назоратидан холи бўлган ўта тор жойдан хавфли вазиятларни вужудга келтира оладилар. Учқур балиқ секин сузадиганини ютади - мен бунга аминман» - янги «Бава-рия»даги яна битта янги қоида!

ТРАНСФЕРЛАР ЙЎҚ. УМУМАН!

Ҳозирча ёзги трансфер мавсумида жамоа  эркин агент мақомида келган Леон Горетцка (хайриятки, МЛСдан 10 млн.га харид қилинган канадалик ёш иқтидор соҳиби ҳам бор. Лекин у келаси йили сафга қўшилади) ягона бўлиб турибди. Бу тежамкорлик умуман кўзга ташланмаслиги ҳам мумкин эди, лекин мюнхенликлар доимо фаоллар сафида бўлишган.

Эҳтимол, номдор жамоа мутасаддилари мавжуд таркиб билан муваффақиятга бемалол эришиш мумкин, деган қарорга келишгандир. Ички мусобақаларда шундай бўлиши мумкин, лекин халқаро аренада муаммоларга дуч келмасликка кафолат йўқ.

Балки клуб келажак учун захира яратишга қарор қилгандир, олдинда Хамес Родригес (43 млн. евро) ва Бенжамен Павар (40 млн.) лар трансферлари харажати кутиб турибди.

Бироқ нима бўлганда ҳам, Рекордмайстер тежамкорликни айни керакли пайтда бошлади, деган фикрдан йироқмиз. Чунки Роберт Левандовски ўрнига муносиб номзод топилган эмас, Артуро Видаль кетганидан кейин таянч ярим ҳимоячиси чизиғида биргина Хави Мартинес қолди.

Жером Боатенг позицияси эса мўмай даромадни эмас, майдонда самарали тўп суришни ўйлайдиган марказий ҳимоячига муҳтож. Трансфер бозори эса якунига яқинлашмоқда.

Ковачнинг тайёргарлик жараёнидаги ҳаракатларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, уни ҳозирги таркиб тўла қониқтирмоқда. Акс ҳолда, мураббий йиғин бошланмасидан аввал қандайдир келишувларни амалга оширган бўларди.

СМАРТФОНЛАР ТАҚИҚ ОСТИДА

Бундеслига мухлислари янги мавсумда бавариялик суперюлдузларнинг жўшқин ҳаётий лавҳаларидан хабардор бўла олмайдилар. Чунки Ковач уларни ўқув - машғулот базаси ҳудудида телефонлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этди. Аввалига мураббий ўз шогирдларига оғзаки панд - насиҳатлар билан кифояланди.

Аммо футболчилар тегишли хулоса чиқармадилар. Масалан, Левандовски массаж столига ётиб олган ҳолда телефон титкилашдан тўхтамади. Франк Рибери  тушлик пайтида овқатланиш ўрнига Мюллер юборган кулгили роликларни томоша қилиш билан банд бўлди.

Хуллас, мураббий жарималар тизимини жорий қилишдан ўзга чора топа олмади. «Тушлик вақтида ўйинчилар телефон билан эмас, бир - бирлари билан суҳбатлашишлари лозим. Бундан ташқари, радиациянинг зарарли эканлигини билишлари фойдадан холи эмас» - дейди Нико.

ТАОМ - ЛАЗЗАТ ВОСИТАСИ ЭМАС!

Нико Ковачнинг илтимоси билан «Бавария» ҳар бир футболчи учун алоҳида меню ишлаб чиқадиган ва таомда организм учун зарарли моддаларнинг бўлмаслигини мунтазам равишда назорат қиладиган диетологни таклиф этди. Қолаверса, Ковачнинг ўзи ҳам доимо шогирдлари саломатлиги, кайфиятидан хабардор бўлишга интилмоқда.

Шунингдек, уларга илиқ сув ичишни тавсия этмоқда. Ўйинчилар қонини ҳар куни таҳлил қилиш ҳам унинг ғояси. «Агар мураббийлик касбини танламаганимда, албатта спорт шифокори бўлардим» дейди Нико ҳазил аралаш жилма-йиб.

КЛУБНИНГ БАРЧА ЖАМОАЛАРИ УЧУН ЯГОНА УСЛУБ

«Бавария» футбол мактабининг самарасиз фаолияти сўнгги пайтларда раҳбариятни жиддий ташвишлантирмоқда. Шу боис, ёш иқтидорлар тарбиясини клуб президенти Ули Хёнесс шахсан ўз зиммасига олди. Спорт директори Ҳасан Салиҳамижич эса барча ёш тоифаларидаги жамоаларни асосий таркиб услубига ўтказишга ваъда берди.

Шунда ёш футболчиларнинг Ковач жамоасига мослашишлари осонлашади. Ёш марказининг кураторлари Йохен Зауэр ва Херманн Герландлар бу борада тегишли кўрсатмаларни олишди. Ҳозирча 4-3-3 схемаси асосида иш олиб борилмоқда. Асосий жамоа бошқа тактикага ўтса, ёшлар ҳам унга эргашадилар.

Узоқ йиллардан бери илк марта ёшлар билан ишлаш самарадорлиги бош мураббий фаолиятининг асосий бандларидан бири сифатида баҳоланадиган бўлди.

Ренато Саншешнинг омадсизлиги хорватиялик мутахассис учун дастлабки жиддий имтиҳон бўлиши мумкин: «Ренатонинг қандай тер тўкаётганини диққат билан кузатиб боряпман. Ўз савиясини тиклаб олиш учун у ажойиб имкониятга эга бўлди, деб ҳисоблайман.»

БУНДЕСТИМ ВАКИЛЛАРИ - ЭНГ ИШТИЁҚМАНД ЎЙИНЧИЛАР

Табиийки, ЖЧ-2018нинг гуруҳ босқичидаги охирги ўринни унутиш- барча немислар орзуси. Мюллер, Хуммельс, Нойер ва Боатенг каби юлдузлар ҳеч қачон бундай шармандагарчиликка дуч келмаган эдилар. Тўғри, омадсизликлар бўлган, лекин доимо унинг ҳеч бўлмаганда 5-6та сабаблари аниқланиб, тегишли чоралар ёрдамида бартараф этилган.

Бу гал терма жамоа аъзолари ўзларини оқлаш учун бирорта жўяли баҳона топа олмадилар. Аниқроғи, бунга виждонлари йўл қўймади. Шу боис, улар бор аламларини ичга ютишга мажбур бўлишди ва айбни ювиш имкониятини сабрсизлик билан кутмоқдалар.

«Кўпчилик ватандошларимиз фикрича, терма жамоамизнинг аламли натижаси бизга таъсир этмаган эмиш. Очиғи, бутун фаолиятим давомида илк марта ёзда ўта мураккаб қийноқни бошдан кечирдим: Мағлубият футболчига жисмоний азоб беришга қодир!

Ўйлайманки, жамоадошларим ҳам мен тортган азобни татиб кўришди. Шу сабабли янги мавсумни ҳар қачонгидан кўра кучлироқ иштиёқ ва сабрсизлик билан кутяпман. Ўз гуноҳимни фақат сермаҳсул ва ёрқин ўйин эвазига ювишим мумкин» - деганди Томас Мюллер Бундеслига старти арафасида.

Дарвоқе, таниқли ҳужумчи сўзи билан иши бир эканини илк турдан бошлаб исботлашга киришди - «Хоффенхайм»га қарши учрашувда 2 баллга (гол, самарали узатма ) эришиб, «Бавария» ғалабасига салмоқли ҳисса қўшди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz