Қайднома

Қидирув

Футболчидан мутасаддига айланган «Лацио» спорт директори

Футболчидан мутасаддига айланган «Лацио» спорт директори

  10.09.2018 06:09
  0
  542
Футболчидан мутасаддига айланган «Лацио» спорт директори

2007|2008 йиллар мавсумида «Лацио» муаммолар чангалида қолганди: жамоа спорт директори Вальтер Сабатини  бир йил аввал Римни тарк этган, ўзи билан бир гуруҳ иқтидорли ёшларни олиб кетганди.

Шу боис, клуб президенти Клаудио Лотито антиқа қарорни қабул қилганди - мазкур лавозимга 35 ёшли Игли Тарени таклиф этди. Албаниялик футболчи бу пайтда «Лацио» шарафини иккинчи мавсум ҳимоя қилаётган, менежерликдан тамоман йироқ эди.

Лотито  Тарени ўз ҳузурига чорлади. Иглининг кўзи стол устидаги шартнома қоғозига тушди. У фақат 2008/2009 йиллар мавсумида амал қиларди.

Лотито: Хўш, бунга нима дейсан?

Таре: Мен бир оддий футболчиман, мендан нима истайсиз?

Лотито: Кўпчилик мени тентакка чиқариб қўйиши аниқ бўлса ҳам,сенга спорт директори лавозимини бермоқчиман. Бу борада 2 йил ўйлаб,шундай қарорга келдим. Президент ўйлаб кўриш учун Тарега 2 кун муҳлат берди. Аммо у ўша заҳоти жавоб берди: «Бу ўта масъулиятли вазифа. Лекин мен энг қийин йўлни танлашга ўрганиб қолганман»

Чиндан ҳам, Игли айни ҳақиқатни айтганди - унинг ҳаёти тўлалигича синовлардан иборат эди.

1992 йилда 19 ёшли Таре Албаниядан Германияга қочиб кетди. Ваҳоланки, у нуфузли оиладан бўлиб, футболда муайян муваффақиятлар сари дадил одимлаётганди. Унинг отаси - Исо Таре «Партизан» директори эди. Бироқ коммунистик тузумнинг емирилиши ва бозор иқтисодиётининг кириб келиши мамлакатни қашшоқликка дучор қилди.

Футбол жамоаларининг кўпчилиги  тарқатиб юборилди. Игли учун бу чинакам фожиа эди. Чунки у келажагини футболсиз тасаввур қила олмасди.

Мақсадига эришиш учун Таре чегарадан хуфия йўллар орқали ўтказиб қўйишни зиммасига олган кишига 800 евро тўлаб, Германияга отланди. «Ўшанда нақадар қалтис ишга қўл ураётганимни билмасдим. Ахир мени чегарада отиб ташлашлари,буни ҳеч ким билмаслиги мумкин эди.

Лекин таниқли футболчи бўлиш орзуси соғлом фикрдан устунлик қилганди» - дея хотирлайди Игли. Немис заминига у бирон - бир аниқ режасиз, аммо кучли иштиёқ билан келганди. Мюнхендаги олис қариндоши уйидан бошпана топиш қийинчилик туғдирмади, лекин бегона албанияликка ишонч билдиришга шай жамоа йўқ эди.

Тез орада пулсиз қолган мусофир боғбон сифатида ишга киришга мажбур бўлди. Бу оғир дамларни Таре шундай хотирлайди: «Кўпинча ўз ишимдан уялиб кетаман. Ахир нуфузли оилада ўсдим, футболчи бўлишни орзу қилдим, энди кўча супуриб юрибман».

2 йиллик боғбонликдан сўнг, Игли 4-лига вакили - «Вальдхоф» сафидан жой олди. Бир йилдан кейин «Зюдвест»га кўтарилиб, 5та гол урди. Ниҳоят, 1996 йилда ҳужумчи «Карлсруэ» таркибида Бундеслигадаги дебютини нишонлади.

Унинг ташрифи шунчалик кутилмаган бўлдики, мухлислар раҳбариятни саволга кўмиб ташлашди: «Тарени таклиф этиш учун қандай ичимлик ичдингиз?» Натижада футболчи Италияга йўл олди. Бироқ «Болонья», «Брешия» ва «Лацио»даги фаолияти ҳам ўхшамади - бор - йўғи 50та гол урди.

Уни таклиф этганлар эса етарли танқидлар билан «сийланишди». Ана шу босимга дош бериш тажрибаси «Лацио» спорт директори лавозимида қўл келди.

Янгиликдан хабардор бўлган бош мураббий Делио Росси ўша заҳоти Лотитога сим қоқди: «Нима бало, ақлдан оздингми, менга спорт директори керак эмас».

«Мен президентман, кимни хоҳласам, шуни тайинлайман. У бизга наф кетиришига ишонаман». Иглининг янги лавозимини ҳатто ватандошлари ҳам таажжуб билан кутиб олишди. Таре дастлабки матбуот анжуманини Албанияда ўтказганди.

2 ойдан кейин Лотито сирни очди: «Сен 6 тилни биласан, хориж футболидан хабардорсан. Бундан ташқари, Римдаги тунги клублар ва Италия футболининг иллатларидан поксан».

Янги иш жойида ҳам Таре бирданига муваффақият қозона олмади. Аввалига Хавьер Посторени қўлдан чиқарди. Ваҳоланки, Пасторенинг агенти унга мижозининг ўйинлари видеодискини юборганди. Бироқ воситачилар таъсирида ўзини йўқотиб қўйди ва аргентиналик футболчини «Палермо» илиб кетди. 2 йилдан кейин эса «ПСЖ» Хавьерни 43 млн. еврога харид қилди.

Аммо Таре тушкунликка тушмасдан, ўз услубини яратиш устида тинимсиз изланди. «Лацио»нинг сўнгги йиллардаги ютуқлари- унинг меҳнатлари самараси.

Эътиборлиси, «А» серияси вакиллари орасида фақат «Лацио» скаутлар хизматидан фойдаланмайди - Игли видеотаҳлиллар ва дунёнинг турли нуқталаридаги танишлари кўмагида иш юритади.

Футболчини фақат бевосита мулоқот орқали баҳолаш мумкинлигига у шубҳа қилмайди: «Масалани кўпчилик муҳокамаси орқали ҳал қилишни ёқтирмайман. Спорт директори учун энг муҳими, нотаниш футболчининг келажагини кўра олиш. Бунинг учун, албатта у билан кўришиш ва суҳбатлашиш керак».

2011 йилда жамоада ҳужумчига эҳтиёж юзага келганди. Таре «Кайзерслаутерн»даги дўсти - Мирослав Клозени эслаб қолди. Якунда 34 ёшли немис ҳужумчиси Римда 5 йил тўп суриб, 54та гол урди. Антонио Кандревани эса у «Чезена»дан топди.

Кейинчалик бу футболчи жамоа ғазнасини 22 млн. еврога бойитди. «Ливерпул»да «занглаб кетган» Лукас Лейва «Лацио»да ёрқин мавсумни ўтказиб, жамоанинг ЕЧЛ га даъвогарлик қилишига улкан ҳисса қўшди.

Жамоага янги бош мураббий танлашда ҳам албаниялик менежер ўз қоидаларига амал қилади. Жумладан, 2012 йилда Владимир Петковични таклиф этилишида ҳам. Сабаби - ўзаро суҳбат чоғида Петкович унга ёқиб қолганди. Ўшанда икковлон Луличнинг «Янг Бойз»дан ўтишини муҳокама қилишганди.

Таренинг яна бир ўзига хос жиҳати - футболчиларнинг миллатига эътибор бермаслик. 9 йил ичида у Римга 20дан ортиқ мамлакатлар вакилларини таклиф этди. 6 хил тилда сўзлаша олиши айнан шу масалада жуда қўл келди. Бундан ташқари, Игли футболи ривожланмаган мамлакатлар вакиллирига кўпроқ эътибор беради.

Чунки ўзи шундай йўлни босиб ўтган. Хуллас, унинг малака ва тажрибаси «Лацио»га сезиларли манфаат келтирмоқда. Шундай экан, 2015 йилда «А» сериясида энг яхши спорт директори унвонига эга бўлганига ажабланмасак ҳам бўлаверади.

Ҳатто бу эътироф бир оз кечроқ бўлганлигига эътироз билдиришга ҳам ҳақлимиз! Чунки ўша даврда Адриано Галлианининг ишлари юришмаётган, Вальтер Сабатини эса ишсиз юрганди.

Муваффақиятларку ўз йўлига, аммо «Лацио» спорт директори бўлишнинг салбий жиҳатлари ҳам йўқ эмас - Таре мунтазам равишда мухлислар таҳдидига дуч келади. Масалан, жамоа «Кальяри» вакили Давид Асторега харидор бўлгани ва футболчи «Рома» га ўтганида фанатлар Иглига тинчлик беришмаганди.

Оқибатда у телефон рақамини ўзгартиришга мажбур бўлганди. Кейинчалик кимдир унинг номига Амстердам авиачиптасига буюртма берган,Таре эса бронни бекор қилиш учун 2 соат овора бўлганди.

Аммо менежер бу каби дағдағаларга парво қилмайди: «10 йил ичида кўплаб таҳдид мактублари,қўнғироқлар ва  «смс»ларни қабул қилдим, бир неча марта телефон рақамини ўзгартирдим. Ичимда қандайдир ўзгаришлар юз берди. Лекин ҳеч қачон ўз йўлимдан қайтмадим».

Таре учун иккинчи жиддий муаммо шуки, у ўз вазифасига бутунлай шўнғиб кетган, дам олиш нималигини билмайди. Ўтган йили Игли  ўта оғир ҳолатда шифохонага ётқизилди - йиллар давомидаги толиқиш уни ўлим ёқасига олиб келганди. 10 кунлик тиғиз муолажалардан кейин Таре ҳаётга қайтди.

Шундан кейин ўз фаолиятида илк бора 8 кун Дубайда дам олди. У мунтазам равишда бошқа жамоалардан таклифлар олади. Лекин Римдан ҳеч қаёққа кетмаслигини айтади. Мақсади - «Лацио»ни топ - клуб даражасига кўтариш: «Бу жамоага бўлган муҳаббатимни изоҳлашнинг иложи йўқ.

«Лацио»ни бутун дунё тан олишини истайман. Ноёб иқтидор соҳиблари учун у трамплин эмас, сўнгги бекат бўлишини истайман». Бу орзуни рўёбга чиқариш учун албаниялик спорт директори ихтиёрида 2 йилдан кўпроқ вақт бор - унинг янги шартномаси 2021 йилда ниҳоясига етади.

C.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz