Қайднома

Қидирув

Максим Шацких: «Голларим нечталигини ҳисобламасдим»

Максим Шацких: «Голларим нечталигини ҳисобламасдим»

  10.09.2018 06:43
  0
  1603
Максим Шацких: «Голларим нечталигини ҳисобламасдим»

30 август куни Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Максим Шацких ўзининг 40 йиллик юбилейини нишонлади. Шу муносабат билан «ИнтерФутбол»нинг махсус мухбири Виктор Хохлюкнинг ушбу футболчи ва унинг рафиқаси Олеся билан уюштирган ин-тервьюсини эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Максим, «Динамо Киев»даги 100-голингизни эслай оласизми?

- Футбол ўйнаб юрган вақтларимда голларим нечта бўлганини ҳисобламасдим. Мен учун муҳими жамоам ғалабаси эди. Тўғри, гол уриш менинг вазифам. Фаолиятимни якунлаганимдан сўнг матбуотда 100-голимни 2004 йили Италиянинг «Рома» клуби дарвозасига урганим ҳақида ўқиб қолдим.

Ўшанда биз римликлар билан ЕЧЛда бир гуруҳдан жой олгандик. Киевдаги учрашувда «Рома»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этганмиз. Иккинчи бўлим ўрталарида майдонга тушганман. Бразилиялик Ринконнинг тўп узатишидан сўнг ўртадаги фарқни иккитага оширгандим.

- Украина клубларидаги фаолиятингиз давомида рақиблар дарвозасини неча марта ишғол қилгансиз?

- Бу сир эмас - 171 марта. Ушбу рақамларни ОАВда эълон қилишган.

- Энг кўп голингизни «Динамо» сафида урганмисиз?

- Шубҳасиз. Энг кўп ўйинимни ҳам айнан «Динамо» таркибида ўтказганман. Жамоа мен учун аллақачон жонажон бўлиб қолган. 150та голга озгина етмай қолди. 142тада тўхтаб қолганман.

- Бирга ўйнаган футболчиларингиз ичида энг кучлиси ким?

- Мен терма жамоада ҳам, клубларда ҳам ўз ишининг устаси бўлган футболчилар билан бирга тўп сурганман. Лекин ҳаётдан кўз юмган Валик Белькевични алоҳида таъкидлаган бўлардим. У билан Киевнинг «Динамо»сида бирга тўп сурганмиз. Айнан унинг тўп узатишларидан сўнг «Динамо»даги ярим голимни урганман, десам хато қилмайман.

- Легионер тўпурарлар клуби қачон ташкил этилганини эслай оласизми?

- 2010 йилнинг июлида. Ўшанда Киевнинг «Арсенал» жамоасида ўйнардим. Ҳаво ҳарорати жуда иссиқ эди. Кимлардир кондиционер тагида яшириниб ўтирганди. Биз эса Луганскда маҳаллий «Заря»га қарши тўп суриб, ғалаба қозонганмиз.

Ўйин охирида мен пенальтидан гол ургандим. Айни пайт ҳамма тўпурарлар жадвалига назар ташлаб, севимли жамоасининг хорижлик футболчилари нечта гол урганидан хабардор бўлиб туради.

- Олеся, Максимнинг голларини ҳисоблаб борганмисиз? Уларнинг энг чиройлиларини ажратиб қўйганмисиз?

- Ажратмасдик. Максимнинг урган голлари футбол учун етарли бўлган. Оиламиз учун асосийси, Максим ўйнаган жамоанинг ғалаба қозониши, соғлиғи бўлган. Голлар эса ке-йинги ўринда эди.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Максим учун Ватани - Ўзбекистон энг муҳими. У футбол сирларини «Пахтакор» мактабида Сергей Михайлович Ковалёвдан ўрганган. Миллий терма жамоа сафида ўйнади. Максим учун бу шунчаки нарса эмас. Ватан унинг қалбида яшайди.

- Сизнингча, қайси жамоа сафида ўзининг энг чиройли голларини урган?

- Биз учун Максимнинг ҳар бир голи гўзал. Қайсиларидир супермуҳим бўлган, яна бошқаси чиройли чиққан. Ажратиш қийин.

- Максим, Ўзбекистон терма жамоасидаги тўпурарлик рекордингизни яқин орада янгилашлари мумкинми?

- Бу ҳақда бир нарса дейшим қийин. Муҳими, ҳужумчилар учун тўпурарлик «планка»си бор. Ким ушбу рекордни янгиласа, у Ўзбекистон терма жамоаси сафида энг кўп гол урган футболчига айланади. Интилиш учун сабаб бор.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Максим Александрович Шацких

1978 йилнинг 30 августида Тошкентда туғилган.

Ўйнаган жамоалари: «Чилонзор» (Тошкент), «Сокол-ПЖД» (Саратов), «Торпедо» (Волжский), «Лада-ВАЗ» (Толь-ятти), «Газовик-Газпром» (Ижевск), «Балтика» (Калининград), «Динамо» (Киев), «Арсенал» (Киев), «Черноморец» (Одесса), «Говерла» (Ужгород), «Локомотив» (Астана).

Профессионал фаолияти давомида 604та учрашув ўтказиб, 231та гол урган. Ўзбекистон терма жамоаси сафида 61 ўйинда 34та тўп киритган.

Ютуқлари:

Украина чемпиони (6): 2000, 2001, 2003, 2004, 2007, 2009.

Украина кубоги соҳиби (5): 2000, 2003, 2005, 2006, 2007.

Украина Суперкубоги соҳиби (2): 2004, 2006.

Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси (4): 2003, 2005, 2006, 2007.

Мураббийлик фаолияти:

2016 йилда «Динамо» (Киев) академиясида иш бошлаган.

2017 йилнинг 2 июнидан «Динамо» (Киев) бош мураббийи ёрдамчиси.

Август ойи охирида УЕФАнинг PRO дипломини қўлга киритди.

Виктор Хохлюк


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz