Қайднома

Қидирув

Тўп назорати энди «муқаддас сигир» эмас…

Тўп назорати энди «муқаддас сигир» эмас…

  13.09.2018 06:17
  0
  732
Тўп назорати энди «муқаддас сигир» эмас…

ФИФА конференцияси иштирокчиси Карлос Альберто Паррейранинг фикрича, замонавий футбол тенденциялари кескин ўзгармоқда, хусусан, тўп назорати секин-аста ўз моҳиятини йўқотмоқда.

ФИФА тасарруфидаги 211та миллий футбол федерацияси техник директорлари ва терма жамоалар бош мураббийлари, шунингдек, 6та қитъа конфедерациялари экспертлари 23 сентябрь куни йирик конференция баҳона Лондонда тўпланишди. Анжуманга жами 150 нафардан кўп мураббий таклиф этилди.

Жумладан, амалдаги чемпион - Франция терма жамоаси устози Дидье Дешам, шунингдек, Златко Далич (Хорватия термаси), Роберто Мартинес (Бельгия термаси), Гарет Саутгейт (Англия термаси), Тите (Бразилия термаси), Станислав Черчесов (Россия термаси), Йоахим Лёв (Германия термаси), Алиу Сисе (Сенегал термаси) ва Луис Энрике (Испания термаси)...

Конференция арафасида Бразилия миллий жамоасини ЖЧ-94да ғолиблик сари етаклаган Карлос Альберто Паррейра Россия-2018 мундиалининг техник ва тактик якунлари хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Айтиш жоиз, бразилиялик мутахассис охирги вақтларда ФИФА Техник таҳлил гуруҳини бошқармоқда.

- Жаноб, Паррейра, мураббийлик фаолиятингиз давомида нақ 6та ЖЧда терма жамоаларга раҳбарлик қилгансиз. Айтиш жоиз, шу пайтгача мундиал иштирокчилари томонидан намойиш этилган ўйинлар ҳозиргидек чуқур таҳлил қилинмаган, ўрганилмаганди.

Хўш, ушбу анжуман ва таҳлилий хулосалар мундиал иштирокчилари ва ундан четда қолган жамоалар бош мураббийларига қандай манфаат келтириши мумкин?

- Ўзи шунча мутахассисни бир жойга жамлаш - ажойиб ғоя. Бундай улкан имкониятдан имкон борича самарали фойдаланишимиз шарт. Зеро, футбол тараққиётини таъминлаш учун билим ва тажриба алмашиш жуда муҳим. Бу миссияни айнан мураббийлар маромига етказиб бажарадилар.

Умуман, ҳар бир ЖЧ футболнинг умумий ҳолати, янги анъаналар, ғояларга баҳо бериш имкониятини яратади. Мусобақадан четда қолганлар эса, касбдошлари ҳикояларидан кўплаб фойдали жиҳатларни олишлари мумкин. Ҳарқалай, жаҳон чемпионати қатнашчилари турнир давомида кузатилган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида очиқ-ошкора гапирадилар.

- Дейлик, сизга ЖЧ-2018нинг энг ёрқин лавҳасини танлаш имконияти берилса, қайси ҳолатни эътироф этардингиз?

- Ёрқин лавҳалар жуда кўп кузатилди. Бироқ шахсан мен финални танлардим, барибир. Бунда фақат ўйин эмас, балки стадион атрофидаги воқеалар, учрашув арафасида кўрсатилган шоу дастури, жамоаларнинг майдонга тушиб келиши, мусиқа, мухлислар, сураткашлар - барча-барчасини назарда тутяпман.

Шулар бир-бирига қоришиб, ажойиб муҳит юзага келди. Менга айниқса, ҳар қайси юртнинг ўзига хос удумлари ёқади. Чунки улар ранг-баранг бўлиб, бир-бирини асло такрорламайди. ЖЧ бетакрор воқеа сифатида улуғланиши бежиз эмас.

Ҳозир қайсидир гол ёки индивидуал ҳаракатни алоҳида эътироф этиш фикридан йироқман. Муҳими, барчамиз унутилмас воқеалар гувоҳига айландик: ўйин ҳам, кубокни топшириш маросими ҳам хотираларга муҳрланди.

- Чемпионат старти арафасида асосий ролни ёш иқтидор соҳиблари бажаришларини тахмин қилгандингиз. Бу гапингиз ўз тасдиғини топдими?

- Ҳар доим шундай бўлган ва шундай давом этади: мундиалдек йирик турнирда шоҳсупага кўтарилиш учун иқтидорнинг ўзи кам. Зеро, жамоавий уюшқоқлик жуда катта ўрин тутади. Айтишадику, иқтидорли ўйинчилар ғалабани таъминлайдилар, совринни эса жамоа қўлга киритади.

Ўзи футболчилар имкониятини олдиндан баҳолаш мушкул. Қаранг, Месси ва Неймардан кўп нарса кутишганди, аммо улар ишончни оқлашмади. Роналду эса техника бобидаги маҳорати билан кифояланди. Ёшлардан Килиан Мбаппе буюкликка даъвогар эканлигини исботлади. Шунингдек, Эден Азар ва Лука Модрич турнирга ўзгача чирой бағишлашди.

- Техник ва тактик масала нуқтаи назаридан ЖЧ-2018га қандай баҳо бериш мумкин?

- Турли даврлар футболини «Авваллари ўйин чиройли бўларди» ёки «Қўпол ўйналарди» қабилида таърифлаш ноўрин. Факт шуки, футбол доимий ўзгаришда. Мана, ҳозирга келиб, тўп назорати «муқаддас сигир» мақомини йўқотди.

Эндиликда жамоалар зичроқ ўйнаш, рақиб майдонига имкон қадар тезроқ ўтишга ҳаракат қилмоқда. Бундай услуб таркибига ноёб иқтидор эгаларини жамлаган жамоаларга қўл келади.

- Вақтида Яқин Шарқда ҳам ишлагансиз. Қизиқ, Қатар-2022 турнири хусусида қандай фикрдасиз?

- Ҳозир ҳаммаси қайтадан бошланмоқда. Олдинда финал босқичи йўлланмалари тақдирига ойдинлик киритувчи саралаш беллашувлари кутиб турибди. Мана, аксарият терма жамоаларда тайёргарлик, таркибни янгилаш жараёни бошланди. Дейлик, французларда захира кучи етарли, аммо Бразилия термаси янги ижрочиларга муҳтож.

Бу мураббийлар учун мураккаб, лекин қизиқарли жараён. Шахсан мен футбол ривожига қўлдан келганича ҳисса қўшишни истайман. Қатар ҳукуматининг турнирга пухта ҳозирлик кўришию, ажойиб стадионлар барпо этишига ишонаман. Зеро, ҳар қайси мундиал аввалгисига ўхшамайди.

Умуман, бу мўъжаз мамлакатда мухлислар ўзларини қандай ҳис этишларини кузатиш қизиқарли. Ишонаманки, қатарликлар ҳам ажойиб футбол байрами тортиқ этишади.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz