Қайднома

Қидирув

Яна Қатар-2022 ҳақида гаплашамиз

Яна Қатар-2022 ҳақида гаплашамиз

  14.09.2018 00:24
  0
  2203
Яна Қатар-2022 ҳақида гаплашамиз

Эсингизда бўлса, газетамизнинг аввалги сонларидан бирида навбатдаги жаҳон чемпионати - Қатар-2022 хусусида батафсил ёзган эдик.

Умуман, бу борадаги маълумотларга эҳтиёж катталиги ўз-ўзидан тушунарли, хусусан, юртимизда. Ахир гап жаҳон футболининг бош мусобақаси ҳақида кетяпти. Ажабмаски, Яқин Шарқда қиш фаслида бўладиган кейинги мундиалда Ўзбекистон миллий жамоаси дебютини ҳам кузатсак.

Аниқроқ айтсак, Қатар мундиалига 2022 йилнинг ноябрь ойида старт берилади ва асосий ўйинлар декабрда ўтказилади. Ҳозирда дунё футболи жамоатчилигини битта масала қизиқтирмоқда: улкан Осиёда ташкиллаштириладиган иккинчи жаҳон чемпионати қандай бўлади?

Демак, қуйида Қатар-2022 мундиали атрофидаги расмий маълумотларга яна бир бора тўхталган ҳолда, қўшимча янгиликлар билан ҳам танишиб чиқамиз.

УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

Қатарнинг ЖЧ-2022га мезбонлик қилиши 2010 йилнинг 2 декабрь куни расман эълон қилинганди. Биласиз, ЖЧ-2018 Россияда ташкиллаштирилиши ҳам айнан ўша куни тасдиқланганди. Цюрихда бўлиб ўтган ФИФА Ижроий қўмитаси йиғилишида Қатар «заявка»си ЖЧ-2022 мезбонлик ҳуқуқига даъвогарлик қилган Австралия, Япония, Жанубий Корея ва АҚШ номзодидан кўпроқ овоз олганди.

Яқин Шарқдаги митти мамлакат ЖЧ-2022га мезбон танлаш жараёнининг ғолиби сифатида эътироф этилганидан кейин бир қатор долзарб масалалар юзага чиқди. Хусусан, мусобақа муддати бўйича баҳс-мунозаралар бошланди. Чунончи, Форс кўрфази ер юзидаги энг иссиқ об-ҳаво шароити ҳукм сурадиган ҳудудлар сирасига киради.

Бинобарин, Қатарда май - сентябрь ойлари оралиғида ҳаво ҳарорати одатда плюс 40-45 даражадан пастга тушмайди. Қисқаси, бу ҳолат ФИФАни жиддий ўйлантириб қўйгани бор гап. Ахир жазирамада югуриш бир муаммо, мухлисларнинг стадионларга жалб этиш эса бир бош оғриғи.

Қатарликлар иқлим бўйича хавотирларга жавобан ўша вақтдаёқ жаҳон чемпионати пайти кўнгилдагидек шароитлар яратишга, хусусан, стадионларни совутгич тизими (улкан кондиционер) билан таъминлашга ваъда беришди. Бироқ бу вариант кўпчиликка маъқул келгани йўқ.

Шундай қилиб, ФИФА муқобил йўлдан бориб, турнир муддатини ўзгариб қўя қолди. Расман тасдиқланган қарорга кўра, кейинги жаҳон биринчилиги 2022 йилнинг 21 ноябридан 18 декабрига қадар бўлиб ўтади.

ШАЙХ САЛМОН БОШ ТАШВИҚОТЧИ РОЛИДА

Россиядаги жаҳон чемпионати якунлангач, Осиё футбол конфедерацияси расмий сайти кўпчилик эътиборига тушган ўзига хос сарлавҳа билан чиқиш қилди: Spasibo and Do Svidaniya Russia, Marhaba Qatar! Ажойиб ёндашув - бу рус диёрида парда туширилганию, спектакль тугагани ва энди барча нигоҳлар араб ўлкасига қаратилишига ишора.

Хусусан, ОФК президенти шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа мундиал ниҳоятда кескин тус олгани ва катта қизиқиш уйғотганини таъкидлаб, Қатардаги жаҳон чемпионати ҳам манзур бўладиган даражада ташкиллаштирилишига ишонч билдирди, бунга шубҳаланиш ноўрин эканлигини қўшимча қилди.

Шайх Салмон шунингдек, мундиал ташкилотчилари, айниқса, Россия Федерацияси президенти ва турнир учун чин дилдан меҳнат қилган барчага чуқур миннатдорчилик билдиришни унутмади: «Бемалол айтаман, Россия мусобақани жуда яхши ўтказди, бунинг учун раҳмат.

Эндибизборэътиборнияна 4 йилданкейинҚатармезбонликқиладиганжаҳончемпио-натигақаратамиз. Ўйлайманки, Қатар мундиали ҳам юқори савияда ташкил этилади. Бунинг учун бор имкониятлардан тўлиқ фойдаланамиз. Умуман, ташкилотчилик бўйича катта режа ишлаб чиқамиз.

Осиё бундан 16 йил муқаддам ЖЧ-2002ни қабул қилганди, бизга яна шундай имконият берилганидан ниҳоятда мамнунмиз. Араблар жуда меҳмондўст халқ, мана кўрасизлар, Қатардаги мусобақа ҳам юқори савияда ўтиб, тарихга киради.

2002 йилдан буён жаҳон чемпионати қаерда ташкиллаштирилган бўлмасин - Германия, ЖАР, Бразилия ва Россияда - ҳаммаси ўзига хос даражада кечган. Ўйлайманки, Қатар мундиали ҳам бундан мустасно бўлмайди».

ЭСКИРМАЙДИГАН МОЖАРО

Қатар давлат телеканали - beIN Sports мамлакат 2022 йилги жаҳон чемпионати мезбонлик ҳуқуқини ютиши учун 100 млн. евро тўлаган эмиш. Бу ҳақда Mail on Sunday нашри ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттердан интервью олган журналист Бонита Мерсиадес китобига асосланиб хабар тарқатди.

Блаттернинг айтишича, 2010 йили ЖЧ-2022 мезбонлик ҳуқуқи тақдирига ойдинлик киритилишидан бир неча ой олдин beIN Sports танловда Қатар «заявка»си ғалаба қозонган тақдирда ФИФА ҳисоб рақамига 100 млн. евро ўтказиб беришни ваъда қилган. Турнир мезбони аниқлангач, ташкилот ғазнасига ҳақиқатан ҳам, айтилган миқдорда пул тушган.

Қатар телеканали матбуот хизмати кейинчалик Mail on Sunday талабига кўра, ФИФАга 100 млн. евро берилганини тасдиқлади, аммо маблағ бошқа мақсадга йўналтирилганини алоҳида таъкидлади.

Блаттер жаноблари шунингдек, яна бир сирни очди: «Аслида Қатарни мезбонлик ҳуқуқидан маҳрум этишни истагандим, бироқ мамлакат амири билан ушбу ишга аралашмаслик хусусида келишиб олишга мажбур бўлдим. Шартлашувимизга биноан, ФИФА Ижроий қўмитаси собиқ аъзоси - қатарлик Муҳаммад бин Ҳаммам ташкилот президенти сайловида иштирок этмаслиги керак эди...».

 Бундан ташқари, ФИФА собиқ раҳбарининг сўзларига кўра, ташкилот Ижроий қўмитаси собиқ аъзоси Франц Беккенбауэр ЖЧ-2022 мезбонини аниқлаш жараёнида Австралия «заявка»сига овоз бериш эвазига «яшил қитъа» вакилларидан пора олган эмиш...

МУНДИАЛ ИШТИРОКЧИЛАРИ СОНИ

ФИФА Москва шаҳрида бўлиб ўтган охирги Конгрессида Қатар мезбонлик қиладиган ЖЧ-2022 турнири иштирокчилари сонини ошириш ғоясини муҳокама қилмади. Бу масала кун тартибига ҳам қўйилмади. «Агар Қатар ўзгаришларга тайёр бўлмаса, ҳозиргидек 32та терма жамоа билан чекланамиз.

Фикримча, ташкилий қўмита иштирокчи жамоаларнинг кўпайишига рози эмас. Аммо Қатар томони билан бу ҳақда ҳали бафуржа гаплашиб кўрамиз. Табиийки, барчасига мусобақанинг саралаш босқичи старт олгунига қадар ойдинлик киритишимиз шарт. Қисқаси, аввало, Қатар-2022 ташкилий қўмитаси фикрини сўраш лозим.

Ахир 32 ва 48та жамоа қабул қилиш ўртасида катта фарқ бор», - деганди ФИФА президенти Жанни Инфантино 2022 йилиёқ иштирокчилар сонини 48тага ошириш ғояси юзасидан. Маълум бўлишича, Қатар расмийлари бу масалани кўриб чиқиш ниятида эмаслар.

Чунки улар мундиални қабул қилиш учун ариза топширган пайт турнирда 32та терма жамоа қатнашишини инобатга олишган, инфратузилма бўйича шунга асосланиб, режа тузишган. Шундай экан, Қатар-2022да 48та жамоа ўйнаши эҳтимоли жуда паст, деярли йўқ. Қисқаси, бу хусусдаги янгиликлар ва хабарлар расмий характер касб этмайди.

ЕВРОПА КЛУБЛАРИГА МУАММО...

ФИФА президенти Жанни Инфантино жорий йил февраль ойида Қатарга ташриф буюрган пайти УЕФАга аъзо ассоциациялар клублари билан юзага келадиган муаммоларга ҳам тўхталганди. Маълумотларга кўра, Инфантино сафар давомида евромавсум тақвимига халақит берадиган вақтда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати туфайли Европа клубларига бадал пули тўлаш масаласини муҳокама қилган.

Дейлик, бадал миқдорининг умумий суммаси 1 млрд. долларга тенг бўлиши мумкинлиги тилга олинган. Бироқ ҳалигача бу масалада якуний баёнот берилгани йўқ. Олдинроқ Европа клублари ассоциацияси (ECA) жаҳон чемпионатини 5 майдан 4 июнгача ўтказиш таклифини илгари сурганди, аммо бу муддат Рамазон ойига тўғри келиши сабаб, ғоя жиддий кўриб чиқилмади.

Кейинроқ турнир ёз фаслидан куз-қиш мавсумига кўчирилди. Бу қарор УЕФА томонидан ҳам маъқулланди, аммо ECA ҳалигача норози. Чунончи, бу Европа миллий чемпионатлари ва ЕЧЛ ҳамда ЕЛ тақвимига жиддий таъсир ўтказади.

МЕЗБОН ШАҲАРЛАР ВА СТАДИОНЛАР

Қатарда бўлиб ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионати ўйинлари 5тагина шаҳарда ташкил этилади: Доха, Ал-Вақр, Ал-Хор, Ал-Райян ва Лусайл. Қатар томони дастлаб ЖЧ учун 3та стадионни қайта реконструкциядан чиқариш ва 9та янги арена қуришни мўлжаллаганди. Бироқ кейинчалик ташкилий қўмита 12та стадионга ҳожат йўқлигини билдириб, жами 8та арена тайёрлаш хусусида қарор  чиқарди.

Лекин бу ҳали якуний ечим эмас. Шуниси аниққи, стадионлар бир-бирига яқин ҳудудда жойлашади. Дейлик, ер майдони 132 киломерт|квадратга тенг Доха шаҳрининг ўзидан 4та стадион танланган. Қўшимча маълумот ўрнида айтиш керак, Қатар пойтахтида 1351000 киши истиқомат қилади.

Режага мувофиқ, янги барпо этилаётган Лусайл шаҳарчасида қад кўтарадиган мундиалнинг бош аренаси 86250 мухлисни ўз бағрига сиғдира олади. Умуман, бу шаҳар ҳам, финал учун махсус қурилаётган стадион ҳам ҳали тўлиқ тайёр эмас. Лусайлдаги қурилиш ишлари якунига етгач, шаҳарчада 500 мингга яқин киши яшаши мумкин.

БИРИНЧИ СТАДИОН ОЧИЛДИ

2018 йилнинг 19 май куни «Ал-Райян» ва «Ал-Садд» ўртасида Амир кубоги финали бўлиб ўтди. Шу тариқа Қатар мундиали учун танланган стадионлардан биринчиси фойдаланишга топширилди. Ҳал қилувчи баҳсдан аввал Khalifa International Stadiumда дабдабали очилиш маросими ташкил этилди. Хусусан, мартабали меҳмонлар қаторида ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам бор эди.

Айтиш жоиз, бу стадион ЖЧ-2022 ўйинларини қабул қилишдан ташқари, 2019 йил бўлиб ўтадиган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатига ҳам ўз бағрини очади. Khalifa International Stadium тўлиқ реконструкциядан чиқарилган ареналардан бири бўлиб, эндиликда 40 минг мухлисни сиғдиради.

Муҳими, стадион ФИФАнинг барча талабларига жавоб беради. Дейлик, унинг ичига ҳаво ҳароратини мувофиқлаштирувчи махсус инновацион тизим ўрнатилган. Трибуналари эса тўлиқ том билан ўралган.

ҚАТАР ТЕРМА ЖАМОАСИГА РУХСАТ

Табиийки, Қатар терма жамоасининг 2022 йилги жаҳон чемпионатида қатнашиши аниқ. Яъни унинг йўлланмаси дахлсиз - мезбон жамоага ҳар доим тўғридан-тўғри чипта тақдим этилади. Шунга қарамай, Осиё футбол конфедерацияси қарорига кўра, Қатар термаси турнирнинг саралаш босқичида ҳам иштирок этади. Чунки ЖЧ-2022 ва ОК-2013 саралаши бирлаштирилган.

Бордию, қатарликлар иккинчи саралаш бос-қичида муваффақиятсизликка учраб, ҳал қилувчи раундда қатнашадиган 12та жамоа сафига қўшилолмасалар, унда 2023 йилга белгиланган Осиё чемпионати квалификациясида курашни давом эттиришади.

Хўш, жамоа учинчи босқичга ўтган тақдирда нима бўлади? Бу ҳолатда Қатар термаси ОК-2023 йўлланмаси масаласини ҳал қилган ҳисобланади. Лекин унинг ЖЧ-2022 чипталари тақдирига ойдинлик киритувчи охирги раундда иштирок этиш-этмаслигини ФИФА ҳал қилади.

ЯНА БЮДЖЕТ ХУСУСИДА

Қатардаги ЖЧ футбол тарихидаги энг қимматбаҳо турнир бўлиши аниқ. Мамлакат навбатдаги мундиал ўта юқори савияда ўтишини таъминлаш йўлида 200 млрд. доллар (!) сарфламоқчи. Таққослаш учун айтсак, ЖАР-2010 мундиали бюджети 7 млрд., Бразилия-2014ники эса 14 млрд. долларни ташкил этганди.

Россияликлар ЖЧ-2018га 11 млрд. доллар сарфлашди. Энди табиий савол: қатарликлар нега бунчалик кўп сарфлашади? Ҳаммаси оддий: бўлажак мундиал лойиҳаси жуда катта. Режага кўра, фақат стадионлар қуриш билан чекланилмайди, балки метро линияси, темирйўл бекатлари, йирик аэропорт, шунингдек, ҳаттоки, махсус шаҳар бунёд этилади.

Турли гипермаркетлар, меҳмонхоналар, йирик савдо марказларини-ку айтмаса ҳам бўлаверади. Мисол учун, фақат стадионлар қурилиши учун 10 млрд. доллар ажратилган.

Хориж ОАВ маълумотлари асосида Фирдавс САЙФИЙ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz