Қайднома

Қидирув

АПЛнинг янги юлдузи фаолиятига назар

АПЛнинг янги юлдузи фаолиятига назар

  14.09.2018 06:13
  0
  686
АПЛнинг янги юлдузи фаолиятига назар

Бу йигит «Борнмут»ни олға бошлашга қодирдек кўринмоқда. Камтарин жамоа янги мавсумни анча тетик бошлади: дастлабки 2 турда «Кардифф Сити» ва «Вест Хэм»ни мағлубиятга учратиб, қимматли 6 очкони қўлга киритди. Ушбу ғалабали ўйинларда ҳужумчи Каллум Уилсон 2та гол урди, битта самарали узатма муаллифига айланди.

Шунинг баробарида рақибларга асло тинчлик бергани йўқ. Натижада Уилсонни ҳозирдан англиялик энг истиқболли ва хавфли ҳужумчилар қаторига қўша бошлашди. Ваҳоланки, у 26 ёшда. Тахминлар нечоғли тўғри чиқишини вақт кўрсатади, албатта.

Лекин  «Борнмут» ўйинларига ўзгача жило бағишлаётган йигит билан яқиндан танишиш учун мавсум якунини кутиш шарт эмас, чунки у кенг омма эътиборини ўзига қаратишга улгурди.

Қўйи дивизионлардан АПЛга

Уилсон фаолиятининг бошланғич қисмида 2010 йили Чемпионшипда иштирок этган «Ковентри» тизимида анча узоқ қолиб кетди. Бироқ айтишга арзирли ўйин амалиётига эга бўлгани йўқ. Муҳими, йигитчага мураббий Маркус Лоу вақтида ёрдам қўлини чўзди ва у чин иқтидорини сақлаб қолди.

Каллум аввалига ижара асосида «Кеттеринг», кейин эса «Тэмуорт» клубларида тўп сурди. Гап Англия футбол пирамидаси 5-дивизиони вакиллари ҳақида кетмоқда. Хуллас, мураббий илк машғулотлардан ке-йиноқ Уилсонни ярим ҳимоянинг ўнг қанотидан ҳужумга сурди ва бу иш берди.

Лоу кейинчалик ўз қарорини шундай изоҳлаганди: «Майдон марказида ҳаракатланувчи йигитларга ҳар доим тўпни орқароқда қабул қилиб олишга уринишлари ва узатма учун қулай фурсат келишини кутишларини тайинлайман. Ўйиннинг охирги дақиқаларида эса жамоа тўпни ўз жарима майдонидан имкон қадар узоқроқда ушлаб туриши шарт.

Нафақат жамоадошлар, балки рақиблар психологиясини тушуниш - бу футбол таълимотининг муҳим жиҳати. Каллум шундай таълимотга эга. Ҳар ҳолда, у жисмоний куч ва тезкорликдан эффект чиқариш учун нима қилиш зарурлигини тезда тушунди. Ҳужумда самарадорликни ошириш учун эса ақлни ишлатиш зарур».

Каллумни қадрламаган ёки унинг истеъдодини кўра билмаган «Ковентри» тез орада учинчи дивизионгача «қулади». Қаҳрамонимиз эса жамоа сафида айнан шу лигада тинмай гол уришни ўзлаштирди - 37та ўйинда 21та.

Қисқаси, кечаги «ношуд» йигит бирданига ўзгариб, учинчи дивизион тўпурарлари пойгасида 3-ўринни банд этди, гарчи елкаси чиқиб қолгани туфайли 2 ой давомида майдонга тушолмаган бўлсада. 2014 йилга келиб, Уилсон «Борнмут» сафига қўшилди.

Эътиборли жиҳати, борнмутликлар унинг трансфери учун Чемпионшип мезони бўйича айтсак, жуда яхши ҳақ тўлашди - 3 миллион фунт стерлинг. Ҳужумчи шунча харажатга жавобан биринчи мавсумдаёқ жамоанинг АПЛ йўлланмасини ютишига катта ҳисса қўшди. Дейлик, у «Борнмут» сафида клуб иштирок этган барча турнирларда гол урган ягона футболчи бўлди.

Айнан ўша мавсумдан кейин мутахассислар Каллумнинг атлетик маҳоратини мақтай бошлашди. Маркус Лоу эса унинг бу хусусиятига анча олдин эътибор қаратганди: «Уилсон жуда чидамли футболчи, шунингдек, ўта тезкор. Айни шу хусусиятлари эвазига тўп учун курашда асло чарчамайди.

Унинг ўзигагина хос қуроли ҳам бор - ерлатиб бериладиган ўткир ва кучли зарба. Бунда тўпни йўллашдан олдин одатда 2-3та чалғитувчи алдамчи ҳаракатни амалга оширади. У шу тариқа ҳимоячиларни ўз йўлидан четга суради. Шунинг баробарида ҳар қандай позициядан тўпни тўхтатмай дарвоза томон тепиши ҳам мумкин».

Тўғри, Каллум шу вақтга қадар Премьер-лигада 3 мавсум тўп сурган бўлсада, ўртачадан пастроқ статистика қайд этди (ҳар бирида 5-8та гол). Лекин камтарона натижанинг салмоқли сабаби йўқ эмас - жароҳатлар.

Жароҳатлар марафони

Каллумни ўша «Тэмуорт»даёқ ёқимсиз жароҳатлар таъқиб остига олганди - аввалига оёғи синди, кейин яна бир қатор кўнгилсизликлар... Муҳими, унга «Ковентри»га қайтиш қўл келди. Аслида-ку клубнинг ўзи моҳиятан футболчининг салоҳиятига унча ишонмаган, фақат молиявий қи-йинчиликлар туфайли янги ҳужумчи таклиф этолмаганидан Каллум вариантида тўхтаганди.

Шунда ҳам мураббийлар аввалига унга катта умид боғлашмади. Бу муносабат эса иродаси мустаҳкам йигитга хотиржам тикланиш имконини яратди. Кейинчалик жамоа Каллумни мажбурликдан таркибга қўша бошлади (мураббийлар штаби ихтиёрида майдонга тушадиган бошқа ҳужумчи қолмаганди).

Қисқаси, Уилсон тақдир тақозосига кўра, фаолиятининг янги даврига қадам ташлади. Аммо ҳужумчи энг даҳшатли кўнгилсизликларга «Борнмут» сафига қўшилгач, аниқроғи, АПЛда дуч келди. Дейлик, 2015 йилнинг сентябрь ойида «Сток Сити»га қарши кечган ўйинда ўнг тиззаси жиддий лат еди - суяк синиши.

Қисқаси, Уилсон Премьер-лигадаги дебют мавсумида нақ ярим йилга сафдан чиқди. Ўшанда жамоа мухлислари ҳужумчидан умид узиб, унинг фаолиятига ўзларича «нуқта» ҳам босишганди. Лекин Каллум букилмас характери туфайли узоқ тикланиш жараёнидан кейин сафга қайтишни уддалади.

2017 йил февраль. Уилсон яна худди шундай жароҳатга йўлиқди. Битта фарқи шуки, бу сафар ўнг эмас, чап тиззаси суяги синди. Ҳар икки тиззаси (!)нинг жиддий шикастланишидан кейин яна юқори савияга кўтарилган футболчини ким эслай олади? Каллум Уилсон шундай қисматни енгиб ўтган футболчини билади - бу ўзи.

Хуллас, у ўтган йилнинг декабрида оғир жароҳатдан кейин илк марта майдонга тушди ва «Хаддерсфилд» дарвозасига бирин-кетин 3та гол урди. «Борнмут»нинг уй аренаси - «Дин Корте» трибуналари шу куни ҳайратдан донг қотди. Бундай омадли қайтиш икки асосга эга - кучли руҳият ва жисмоний қувват.

Биринчи фактор ҳақида Sky Sports эксперти Дэвид Праттон анча олдин сўзлаганди: «Фаолиятим давомида кўплаб футболчилар билан бирга ишлаганман, бироқ бундай очиқкўнгил ва кучли характерга эга ёш йигитни ҳеч қачон учратмагандим. Каллум чиндан ҳам, табиати ёқимли, хушфеъл ўйинчи.

Унинг ўз устида қандай ишлаганини тўлиқ таърифлашга ожизман. Фақат позитив қарашларга эга кучли ирода соҳиби! Мисол учун, Каллум юзида ҳамиша самимий табассум барқ уриб туради». Иккинчи асос - унинг атлетик салоҳияти. Очиғи, нисбатан катта гавда соҳибининг тез-тез жароҳатланиши тушунарлидир, аммо ҳар сафар қандай қилиб сифатли тикланиши тушунарсиз... Британия ОАВда бундай қисматни очиқ омадсизликка йўйишади.

Каллумнинг ҳар икки оёғи турли вазиятларда деярли бир хил даражада синганини эътиборга олсак, барчаси дарҳақиқат, омадсизлик оқибатидир. Аммо тикланишдан кейин жароҳатининг қайта безовта қилмагани - бу айнан атлетик жуссасига боғлиқ бўлса керак.

Каллумдан нима кутиш мумкин?

Ҳа, Уилсон драматик тақдир олдида бош эгмаган, мухлисларга ёқадиган, гол уришни хуш кўрадиган ва бу ишни яхши уддалайдиган ҳужумчи. Баҳордаёқ уни кўпчилик Англия миллий жамоасида кўришни хоҳлаган ва ҳаттоки, айримлар шу мазмунда талаб билан чиқишганди.

Лекин Каллум ҳозирча мамлакатнинг фақат ёшлар термасида ўйнади, холос «Борнмут» бош мураббийи Эдди Хау эса ҳужумчи бош жамоадан таклиф олишга муносиб эканлигини бот-бот тилга олиб, муҳокамаларга қўшимча туртки бермоқда. Бироқ Англия миллий  жамоаси мураббийлар штаби ҳозирча жим. Уилсон айни пайт 26 ёшда ва АПЛда 4-мавсумини бошлади. Мутахассисларнинг айтишларича, «Борнмут» вакили учун жиддий сакраш вақти келди.

Қисқаси, Каллум самарадорликни бир маромда ушлаб, янги савияга кўтарилиши, шу аснода қайсидир топ-клубдан таклиф олиши керак. Акс ҳолда, Англия миллий жамоаси сафидан жой олиши қийин.

Энг асосийси эса - жиддий жароҳатларга қайта йўлиқмаслик. Мавсум стартига қарасак, Каллумнинг ўзи ҳам «Борнмут» даражасидан юқорилаш пайти келганини тушунган ва жиддий ҳаракатни бошлаган кўринади...

МАЪЛУМОТ УЧУН

Каллум УИЛСОН

Тўлиқ исм-шарифи: Каллум Эдди Грэм Уилсон (Callum Eddie Graham Wilson)

Туғилган санаси ва манзили: 1992 йил 27 февраль (26 ёш), Ковентри (Англия)

Фуқаролиги: Англия

Бўйи: 180 см., вазни: 66 кг.

Амплуа бўйича: ҳужумчи

Клуби: «Борнмут»

Ўйинчилик рақами: 13

Фаолияти

2009—2014 - «Ковентри Сити» (Англия), 49та ўйин, 22та гол

2011 - «Кеттеринг Таун» (Анг-лия), 17та ўйин, 1та гол

2012 - «Тэмуорт» (Англия), 3та ўйин, 1та гол

2014—... - «Борнмут» (Англия), 106та ўйин, 39та гол

2014 йили Англия U-21 терма жамоасининг 1та ўйинида иштирок этган

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz