Замонавий футболда хусусий клубларнинг ўрни ва роли беқиёс. Улар мамлакат футболида рақобатни юзага келтириш баробарида, олий ва биринчи лига клубларига истеъдодли ўйинчиларни етказиб беришда ҳам асқотади.
Шу мақсадда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам бу йўналишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Юртимизда йилдан-йилга хусусий болалар футбол клубларининг сони ортиб боряпти. Лекин шу билан бирга бу клубларнинг ишлаш услуби, методикаси ҳам таҳлил ва мониторинг қилиб борилади.
Чунки ушбу жараён бевосита мамлакат футболининг эртанги куни учун алоқадор ҳисобланади. Ана шундай клублардан бири «Штутгарт» бўлиб, қисқа фурсатда футболимизда ўз номига эга бўлиб улгурди.
Ушбу болалар футбол клуби 2017 йилнинг октябрь ойида фаолиятини бошлаган. Германия-нинг дунёга машҳур «Штутгарт» клуби билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйган. Аниқроғи, Ўзбекистон ҳудудида «Штутгарт» номи остида фаолият юритиш ҳуқуқини сотиб олган.
Олмон клуби ушбу ҳамкорлик доирасида машғулотларни ўтказиш учун услубий-методик қўлланмаларни тақдим этади ва мазкур жараённи назорат қилиб боради. Жамоанинг истеъдодли ёшлари бевосита «Штутгарт» академиясида машғулот ўтказиш имкониятини қўлга киритишади.
Шунингдек, клуб раҳбарияти мураббийлар танловига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Болалар билан асосан ёш мураббийлар ишлашяпти. Улардан бири Анвар Раҳимовдир. Шу йил январь ойида 30 ёшни қаршилаган Анвар жароҳатлар сабаб футболчилик фаолиятини эрта якунлади.
Лекин футболдан узоқлашиб кета олмади ва фаолиятини мураббий сифатида давом эттиришга қарор қилди.
- Анвар, мураббийлик фаолиятига бироз эртароқ эмасмиди?
- Ҳа, футболчи сифатида ҳали 4-5 йил ўйнашни хоҳлагандим. Лекин афсуски, ҳар доим ҳам сиз ўйлагандек бўлавермас экан. Сурункали жароҳатлар барибир ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Жароҳатлардан қоладиган асоратлар футболчининг ўзига аён. Агар ўз вақтида бир қарорга келмасангиз, бир умрга ногирон бўлиб қолишингиз ҳеч гап эмас.
Ўз вақтида тўғри қарорга келиб, кетишни ҳам билиш керак. Уйдагилар ва албатта, шифокорлар билан маслаҳатлашганимдан кейин футболчилик фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Лекин бу мен учун осон бўлмади. Севимли касбдан ўзингиз режалаштиргандан анча олдин кетиш осон эмас.
Аммо кези келганда, тақдирга ҳам тан бериш лозим. Ортга назар ташлаб, футболчилик фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилдим. Негаки, «Бунёдкор» жамоасида дунё юлдузи Ривалдо билан елкама-елка ўйнаш бахти насиб этди.
Луис Фелипе Сколари қўл остида ўйнадим. «Бунёдкор» таркибида Испанияда «Барселона» жамоаси билан ўртоқлик учрашувида иштирок этдим. Умуман олганда, футболчилик фаолиятимдан кўнглим тўлган.
- Бошқа соҳада ўзингизни синаб кўриш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?
- Йўқ. Чунки футболга бўлган меҳрим туфайли бошқа соҳада ишлаб кета олишим даргумон эди. Тўп суриб юрган кезларимдаёқ мураббийлик фаолияти ҳақида ўйлай бошлагандим. Барибир, қачонлардир бутсаларни михга илишим ва кейинчалик қайси соҳадан боришимни ўзим учун аниқлаб олишим керак эди.
Ўшанда футболдан кейин албатта мураббий бўлиб ишлайман, деб ўз олдимга мақсад қўйгандим. Фаолиятим давомида тажрибали мураббийлар қўл остида ўйнадим. Уларнинг иш услубларини кузатиб, ўзим учун кўп нарса олганман. Чунки бир кун келиб ўша ўрганганларим қўл келишини билардим.
- Мураббийлик фаолиятини ёш болалар билан ишлашдан бошладингиз. Профессионал клубларда фаолият юритишдан олдин бу босқични ҳам босиб ўтай, дедингизми ёки айнан болалар билан ишлаш сизга маъқулроқми?
- Менга болалар билан ишлаш ёқади. Бу менга кўпроқ завқ беради. Кичкинтойлар дунёси ўзгача. Инсон ўз касбидан роҳатланиб ишлаши керак. Вақти келганида балки профессионал клубларда ҳам ишларман. Аммо ҳозирги пайтда фаолиятим болалар билан чамбарчас боғлиқ.
Тўғри, улар билан ишлашнинг ўзига яраша мураккабликлари бор. Масалан, бир гуруҳда ўн нафар бола шуғулланса, уларнинг характери ўн хил бўлади. Ҳар бирига алоҳида ёндашиш лозим. Кимгадир яримта гапнинг ўзи етади. Бошқа бир болага битта машғулотни тушунтириш учун бир соат ҳам етмайди.
Қайсидир шогирдингизга юмшоқроқ, бошқасига қаттиқроқ гапириш лозим. Шундай болалар борки, битта машқни кўрсатиб берсангиз, бир зумда ўзлаштириб олишади. Баъзи болалар сал қаттиқроқ гапирсангиз, йиғлаб юборишади.
- Футбол мактабидаги машғулотлар қандай йўлга қўйилган? Европа футболи ҳавоси уфуриб турадими?
- Албатта. Футбол мактабимизнинг машғулотларни ўтказиш методикаси Германиянинг «Штутгарт» клуби томонидан тақдим этилган. Уларга ҳар битта машғулот жараёни ёзилган дискларни жўнатамиз. «Штутгарт» академияси мураббийлари машғулотларимизни таҳлил қилиб, ўз хулосаларини беришади.
Камчиликларни айтишади. Бизда биринчи қўйилган талаб бу - интизом! Кейин бошқа нарсалар. Интизом бўлмаган жойда ижобий натижани кутиш мушкул. Ҳар бир гуруҳ билан алоҳида мураббий шуғулланади. Машғулотлар ҳозирча иккита сунъий қопламали майдонда ўтказилмоқда. Т
ошкент шаҳрининг Чилонзор ва Юнусобод туманларида филиалларимиз фаолият юритяпти. Октябрь ойида жамоа ташкил этилганига бир йил тўлади. Келаси йили вилоятларда ҳам футбол мактабимизнинг бўлимларини очиш режалаштирилган. Амалий машғулотларимиздан ташқари, назарий дарсларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳафтанинг ҳар якшанбаси гуруҳлар ўртасида назорат учрашувлари ўтказилади. Шунингдек, шаҳримизнинг бошқа футбол мактаби жамоалари билан ҳам назорат учрашувлари ташкил этилади.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20