Қайднома

Қидирув

Ўша гап, ишонишда давом этамиз...

Ўша гап, ишонишда давом этамиз...

  14.09.2018 01:41
  0
  584
Ўша гап, ишонишда давом этамиз...

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эктор Купер бошчилигидаги иккинчи расмий учрашувини ўтказди. Сурия билан ўйинда дурангга кўнган бўлсак, Эронга имкониятни бой бериб қўйдик. Шу пайтгача форсларни бирор марта ҳам Тошкентда мағлуб этишнинг уддасидан чиқмаган эдик. Фақат бир маротаба Улуғбек Бақоевнинг ягона голи эвазига Теҳрондаги муҳташам «Озоди» стадионида Эрондан устун келганмиз ва ўша ғалаба биз учун ягоналигини сақлаб келмоқда. Қолган ўйинларнинг аксариятида енгилганмиз, айримларида дуранг қайд этилган. Энг ёмони, Эронга қарши учрашувдан кейин терма жамоамизнинг ғалабасиз серияси 10та ўйинга етди. Сўнгги бор 2017 йилнинг 6 июнь куни Тошкентда Таиланддан устун келгандик (2:0). Бош жамоамизнинг кейинги ўйинлардаги рақиблари анча жиддий эканлигини инобатга олсак, бу антирекорд янгиланишда давом этмаса эди.

ФУТБОЛЧИЛАРИМИЗ ТЎПСИЗ ЎЙНАШГА ЎРГАНМАГАН

Жаноб Купер, ҳа, айнан шундай. Терма жамоамиз қайси мураббий қўл остида ўйнашидан қатъий назар, барча даврларда футболчиларимиз ҳужумкор ўйин намойиш этишган. Жамоамиз тўп назоратини рақибга топшириб қўйиб, 90 дақиқа ҳимояга асосланган футбол кўрсатишга тайёр эмас. Бунинг учун Эрон терма жамоаси футболчилари каби бақувват ўйинчиларга эга бўлишимиз керак. Ўзбек футболчиларининг техникаси ҳамиша юқори бўлган. Жисмоний тайёргарлик билан ҳеч қачон мақтана олмаганмиз. Купер биздан талаб қилаётган футболга мослашиш учун анча қовун пишиғи керак. Буни Сурия ва Эронга қарши ўтказилган ўйинлар кўрсатиб берди. Айниқса, Эрон билан бўлиб ўтган баҳсда тўп назорати 55-45 фоиз кўринишида форслар фойдасига бўлди. Очиғи, Тошкентдаги ўйинларда қачон тўпни назорат қилиш бўйича рақибга ён берганимизни эслай олмадим. Мағлубиятга учраган ўйинларимизда ҳам тўп назорати бизнинг футболчиларда бўлган. Ўзимиз йўл қўйган қандайдир хато туфайли мағлубият аламини тотиб кўрганмиз. Афсуски, Купер танлаган тактика асосидаги ўйинда футболчиларимизнинг тайинли ҳужумига гувоҳ бўлмадик. Дарвоза томон берилган зарбаларга эътибор қаратинг: 5-12 нисбатда! Аниқ зарбалар ҳам меҳмонлар фойдасига - 2-4. Ҳимоявий футболни танлаганимиздан кейин бошқа натижани кутишга ҳам ҳақли эмасдик. Билмадим, бу жараён ҳали узоқ давом этадими ёки йўқ. Агар узоқ давом этса, терма жамоамизда яқин орада ижобий натижалар бўлмаслигини тахмин қилиш мумкин. Бу билан Куперни танқид остига олмоқчи эмасман. Шунчаки, дастлабки икки ўйиндан кейинги хулосалар шундай бўлмоқда.

Ёдингиздами, Темур Кападзе терма жамоада вақтинчалик мураббий бўлганида, Сенегал, Марокаш, Уругвай ва Эронга қарши ўртоқлик учрашувларида футболчиларимизни майдонга бошлаб тушганди. Рақиблар кучли бўлишига қарамай, ўшанда ҳимоявий тактика танланмаганди. Кападзе футболчиларнинг имкониятини яхши билгани учун ҳам ҳужумкор футболга мурожаат қилган. Агар шундай қилмаганида, рақиблар бизни ҳужумлар ёмғири билан шунчаки «эзиб» ташлашарди. Очиғи, Эрон билан кечган ўйинда мезбон аслида ким эканлигини билолмай қолдим.

 

ОШПАЗ КУПЕР ОШНИ  ГЎШТСИЗ ШИРИНТАЙЁРЛАЙ ОЛАДИМИ?

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида аргентиналик мутахассис ҳужумдаги муаммоларни тилга олди. Унинг фикрига қўшилмай иложимиз йўқ. Шацкихнинг навқирон йилларини инобатга олмасак, ҳужумчиларга деярли ёлчимаганмиз. Сергеевга ачиниш билан қарайдиган даражага етдик. Лекин мураббийлар охиригача ишонишда давом этишяпти. Мухлисларнинг норози кайфиятдаги ҳайқириқлари, ҳуштакбозликлари сабаб футболчи шунчаки «синиб» боряпти. Эртага у клуб даражасидаги футболчи ҳам бўла олмайди. Аслида, ошнинг мазали чиқиши ошпаздан ҳам олдин масаллиққа боғлиқ бўлади! Таомга маза берадигани гўшт-ку! Бизда айнан «ош»ни ширин қиладиган «гўшт» етишмаяпти. Купер бу муаммони Суперлига ўйинларини кузатиш асносида ҳал қилмоқчи бўляпти. Лекин бу 3-4 йилда бўладиган ишга ўхшамаяпти. Қозонда бори чўмичга чиқади. ЎФА Куперни таништириш чоғидаёқ аргентиналик мураббий олдига терма жамоани ЖЧ-2022га олиб чиқиш вазифаси қўйилади, Осиё кубоги эса бунинг учун тайёргарлик вазифасини ўтайди, деган фикр­ни илгари сурганди. Бундан аён бўляптики, январь ойида БААда ўтказиладиган қитъа мусобақасидаги омадсиз иштирок ҳам Экторнинг ишига таъсир қилмайди. Майли, модомики, асосий вазифа ЖЧ-2022 экан, бунга жиддий эътирозимиз йўқ. Лекин бир нарсани айтиш ўринли бўлади - бизнинг футболчилар Купер талаб қилаётган тактикага тайёр эмас.

Давоми бор. Мазкур мулоҳази мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 13 сентябрь кунги пайшанба сонида мутоала қилишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz