20 кун давом этган миллий терма жамоа мавзусига якун ясаш ўлароқ, Pepsi Суперлига жамоалари бугундан ўзларининг асосий кураш майдонларига чиқишади. 18 августдан номаълум муддатга тўхтаб қолган асосий мусобақамиз яна ўз ишини давом эттиради...
Бугун биз мамлакат чемпионлиги ва Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмалари учун кечажак курашда қатнашадиган жамоалар, уларнинг имкониятлари хусусида тўхталмоқчимиз. Чемпионлик ўз йўлига, лекин қитъанинг энг нуфузли клуб мусобақасида иштирок этишга даъвогарлик қилаётганлар орасида ҳозирча Про-лига вакиллари «Андижон» ва «Машъал» ҳам бор.
«ЛОКОМОТИВ» (чемпионлик эҳтимоли - 70%)
Мамлакатнинг амалдаги чемпиони бу йилги мусобақа ғолиблиги учун ҳам асосий даъвогар саналади. Жамоани Андрей Фёдоров қабул қилиб олгунча ишлар унчалик юришмаган бўлсада, кейинчалик кетма-кет қозонилган ғалабалар билан барчаси ўз изига тушиб кетди.
Биринчи босқичнинг сўнгги турида меҳмонда «Бухоро» устидан қозонилган минимал ҳисобдаги ғалаба эса жамоани яна ўзининг асл ўрнига қайтарди. «Локомотив»ни бошқа клублардан ажратиб турадиган энг асосий қурол - «темирйўлчилар»да тажрибали ва маҳоратли футболчилардан иборат иккита бир хил таркиби бор. Мураббий ўша 22 футболчидан исталган пайтда фойдаланиши мумкин.
Мавсум давомида таркиб муаммосига деярли дуч келмаган Андрей Фёдоров бу борада чемпионлик кураши давомида ҳам қўрқмаслиги аниқ. Бир ёки икки нафар футболчининг кутилмаганда жароҳат олиши ёки сариқ карточкалар туфайли ўйинни ўтказиб юбориши каби ҳолатлар таркибида рақобат ҳукмрон жамоага таъсир ўтказолмайди.
«ПАХТАКОР» (чемпионлик эҳтимоли - 60%)
Мамлакат футболи байроқдорини биз «Локомотив»дан кейинги иккинчи асосий даъвогар сифатида талқин этмоқчимиз. «Пахтакор»да чемпионлик учун барча асослар - яхши шаклланган таркиб, етук мураббий ва бошқа клубларда учрамайдиган (бироз қимматроқ) легионерларга эгалик бор бўлсада, қайсидир жиҳатларда, барибир, Арвеладзе шогирдлари «Локо»дан бироз ортда қолишаётгани кўринмоқда.
«Пахтакор» асосий жадвалда ўз таъқибчиларидан ўнлаб очко олдинга ўтиб кетганига қарамай, чемпионлик жадвалида 3-ўринга тушиб қолгани бунга яққол мисол. Ушбу факт жамоанинг асосан кучсиз клублардан очко тўплаганлигини англатмоқда.
«Пахтакор»нинг энг катта ютуғи - бу «Металлург»нинг «элита»га қўшилиб олгани... десак муболаға бўлмайди. Масалан, бошқа жамоалар мағлубиятга учраган турларда «Пахтакор» Бекобод клубидан 3 очко олиши мумкин.
Бунга сабаблардан бири - ўзи ижарага берган 5 нафар етакчи футболчиси пойтахт клубига қарши ўйинда майдонга тушмаслигидир. Худди шу жиҳат устунлик бериб, «Пахтакор» биринчи босқичда ҳеч бир жамоа кўрсатолмаган натижани қайд этганди - меҳмонда «Металлург»ни 5:0 ҳисобида «янчиб ташлаганди».
«НАВБАҲОР» (чемпионлик эҳтимоли - 40%)
Чемпионлик курашида пойтахт жамоалари билан яккама-якка «олишиши»га тўғри келадиган ягона «провинция» жамоаси. «Навбаҳор» ҳозирги жадвалга кўра ягона пешқадам бўлиб турганига қарамай, бу ҳол жамоанинг енгил тин олиши учун ҳеч қандай асос бўлолмайди - олдинда жуда оғир ва қийин баҳслар кутиб турибди.
Жадвалдан кўриниб турибдики, юқори тўртлик жамоалари анча зич жойлашишган ва кичиккина хато ҳам Мўминжонов шогирдларини пастга «улоқтириши» ҳеч гап эмас.
«Навбаҳор»да «Локомотив» ва «Пахтакор»даги каби етук ижрочилар бўлмасада, уларда мамлакатимизнинг ҳеч бир клубида учрамайдиган икки устунлик бор: биринчиси, стадионда қўллаб ўтирадиган мухлислари бўлса, иккинчиси - жамоада мураббий бошлиқ футболчилардаги ўзига бўлган ишонч. Айнан шу жиҳатлар меваси ўлароқ, бугун «Нав-баҳор» турнир жадвалида биринчи ўринда турибди.
«БУНЁДКОР» (чемпионлик эҳтимоли - 30%)
Ёш ижрочиларга эга жамоанинг асосий устун тарафи ҳақида ортиқча иккиланишларсиз аниқ фикр билдириш мумкин - Миржалол Қосимов! Ўзбек футболининг энг ёрқин намояндаси «қалдирғочлар»ни ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз ортидан эргаштира олиши биринчи босқичда яна бир карра намоён бўлди.
Агар ўша молиявий қийинчиликлар гирдобида қолаёзган пайтда клуб бошида бошқа мураббий ишлаганида, «Бунёдкор» анчагина пароканда бўлиши ҳам ҳеч гап эмасди. Лекин «бошқарув пульти» Қосимовга ишониб топширилгани учун ҳам таркиб деярли ўзгармади, футболчилар ўз жамоаларига бевафолик қилишмади.
Миржалол Қўшоқович ёш йигитчаларни том маънода озига ҳам қаноат қилишга ўргатди. Шу сабаб ўлароқ, жамоа жадвалдаги ўз мавқеини сақлаб қолди. Нафақат сақлаб қолди, балки сўнгги баҳсларда олдингиларидан ҳам ёрқинроқ ўйинлар кўрсатди.
«Бунёдкор»да ҳам худди «Нав-баҳор» каби катта имкониятлар бўлмасада, худди ўша Наманган жамоаси сингари Қосимов шогирдлари ҳам «Локо» ва «Пахтакор» учун жиддий рақиб бўлишлари турган гап.
«МЕТАЛЛУРГ» ВА «БУХОРО»...
Чемпионлик учун курашадиган жамоалардан анча ортда қолиб кетган «Металлург» ва «Бухоро» ҳақида ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Қайси маънодаки, бу иккала клуб ҳам йўқотадиган очколарини биринчи босқичдаёқ бой бериб бўлган.
«Элита» вакилларига етиб олиш учун уларда на вақт, на куч бўлади. Шунга қарамай, жамоалар «чиқмаган жондан умид» қабилида, жилла қурса, 3-ўринни (ОЧЛ йўлланмасини бериши эҳтимоли борлиги сабабли) эгаллаш учун курашишга ҳаракат қилиб кўришлари мумкин.
ЮҚОРИ ОЛТИЛИК ЖАДВАЛИ
Жамоалар Ў Ю Д М Т-Н О
1. Навбаҳор 10 6 1 3 13-8 19
2. Локомотив 10 5 3 2 15-11 18
3. Пахтакор 10 4 3 3 13-4 17
4. Бунёдкор 10 4 2 4 16-14 14
5. Металлург 10 2 3 5 8-19 9
6. Бухоро 10 2 1 7 7-18 7
23-тур
14 сентябрь (жума)
«НАВБАҲОР» - «ПАХТАКОР»
«МЕТАЛЛУРГ» - «ЛОКОМОТИВ»
15 сентябрь (шанба)
«БУНЁДКОР» - «БУХОРО»
********
Энди Ўзбекистон кубоги-2018да иштирок этаётган жамоаларнинг кейинги фаолиятига назар ташласакда, уларнинг имкониятлари ва Суперлига жадвалига таъсири хусусида бироз мулоҳаза юритсак.
Демак, яна 5 кундан сўнг жамоалар чорак финал баҳсларида майдонга тушишади ва унда қуйидаги жуфтликлар ўзаро куч синашишади:
18 сентябрь (сешанба)
«ҚЎҚОН-1912» - «ҚИЗИЛҚУМ»
«ПАХТАКОР» - «ЛОКОМОТИВ»
19 сентябрь (чоршанба)
АГМК - «МАШЪАЛ»
«АНДИЖОН» - «БУНЁДКОР»
Кўриб турганингиздек, бу босқичларга етиб келолмаган «Навбаҳор», «Насаф», «Бухоро» каби кучли жамоалар сафи ярим финалда яна биттага бойийди: «Пахтакор» ёки «Локомотив»дан бири ушбу босқичда мусобақадан чиқиб кетиши аниқ.
Бунга қўшимча равишда меҳмонда «Андижон» билан куч синашадиган «Бунёдкор»нинг иши ҳам унчалик осон эмаслигини тилга олсак («Навбаҳор»ни айнан «Андижон» мусобақадан чиқариб юборганини эсланг), мамлакат кубоги орқали Осиё Чемпионлар Лигасига йўл олишни мақсад қилган ўртаҳол клублар учун бироз кенгроқ йўл очилишини кўрамиз.
Бу гап биринчи галда кучли олтиликка кира олмай қолиб кетган Қўқон ва Олмалиқ шаҳри вакилларига тегишли. Мусобақанинг сўнгги турларигача кучли олтилик учун курашган, аммо якунда қуйидан жой олган бу клублар энди бор эътиборини кубок беллашувларига қаратиши аниқ.
Иккала жамоа ҳам чорак финални ўз майдонида ўтказади ва иккаласида ҳам рақиблар бемалол енгса бўладиганлар хилидан - «Қизилқум» ва «Машъал». Мазкур критерийлар «Қўқон-1912» ва АГМКнинг ярим финалда, якунда эса финалда тўп суриши учун катта имконият тақдим этади.
Энди танганинг иккинчи томонига тўхталсак. «Пахтакор» ҳам, «Локомотив» ҳам, «Бунёдкор» ҳам кубок учун борини бериб ўйнайди. Шу томондан улардан бири ОЧЛ масаласини чемпионат учун қолдирмаслиги мумкин.
Аксинча, кубок мазкур уч клубдан бирига насиб этмаган тақдирда Суперлигада Осиё Чемпионлар Лигаси учун бериладиган йўлланмалар сони биттага қисқаради ва 1-2-ўринлар соҳибларигина ОЧЛ баҳсларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишади.
Ўзбекистон кубоги-2018 финали санаси 28 октябрга белгилангани ҳам яна кўплаб «интригалар»ни вужудга келтириши кутилмоқда. Оддий мисол, кубок соҳиби маълум бўлганидан кейин ҳам чемпионатда яна 5та тур ўтказилади.
Ёдингизда бўлса, ўтган йили кубок финалида «Бунёдкор» «Локомотив»га ютқазиб қўйгач, ОЧЛ йўлланмаси «Пахтакор»га ўтиб кетганди (чемпионатда 3-ўринни олгани учун).
Жорий йил энди бу муддатлар тескари тарзда бўлади, яъни аввал кубок соҳиби аниқланади ва шунга қараб жамоалар яна қўшимча ўринлар учун ОЧЛ йўлланмалари курашида давом этишлари мумкин. Буниси ҳам ўзига хос янги формула.
Беҳзод АҲМАДЖОНОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20