Қайднома

Қидирув

Пўлат халқанинг бебаҳо бўғини

Пўлат халқанинг бебаҳо бўғини

  15.09.2018 06:39
  0
  867
Пўлат халқанинг бебаҳо бўғини

Қайсидир позициянинг энг моҳир ижрочисини аниқлаш ҳар доим осон бўлавермайди.

Лекин Soccer.ru ижодкорлари голландиялик Виржиль ван Дейк дунёдаги энг зўр ҳимоячи эканлигига заррача шубҳа қилишмаяпти. Ван Дейк - атиги 47 йилдан бери фаолият олиб бораётган «Гронинген» тизимида тарбияланган.

Райцигер, ака-ука Куманлар, Луис Суарес, Дейли Блинд ва Арьен Роббендан кейинги ноёб жавоҳир!

Машҳурлик бобида Рональд Кумандек афсона билан бемалол беллаша оладиган дунёнинг энг қиммат ҳимоячисини тарбиялаб вояга етказган камтарин «Гронинген» мутахассислари маҳоратига, уларнинг нозик дид ва юксак малака соҳиблари эканига тан бермасликнинг иложи йўқ. Жамоа ван Дейкни «Виллем II»дан ўз таркибига қўшиб олганди.

Болалигида Виржилга ҳамроҳлик қилган отаси - Рон ван Дейк кабель алоқалар тизими хизматчиси бўлиб, полициячи Эллен билан турмуш қурганди. Узоқ йиллик тотув ҳаёт давомида жуфтлик 3 нафар фарзандни дунёга келтиришди. Аммо шундан кейин аҳилликка кўз тегди - Рон бошқа аёлга уйланиб, ўртага совуқчилик тушди.

Охир-оқибат, тўнғич ўғил - Виржил отаси, укаси ва синглиси эса онаси билан яшай бошладилар. Бироқ тез орада Эллен Виржилни ҳам олиб кетди. Натижада болалар ота меҳридан жудо бўлишди. Шу тариқа кичик ван Дейклар оналари фамилиясини танладилар, Виржил эса меҳрибон онасини ранжитган ноинсоф номини шарафлашни истамай, «Ливерпуль» либосига фақат исмини ёзишларини илтимос қилди.

Хуллас, оилавий можаролар туфайли Виржил табиати оғир йигит бўлиб ўсди. Футболга бўлган муҳаббатини эса бахтли тасодиф дейиш мумкин. Боиси, отаси мактабга олиб борганида Виржил митти гавдали, боз устига, лапашанг болакай эди. Қолаверса, ўйини ҳам жуда бўш бўлган. Ўйинга халал бермаслиги учун мураббийлар уни ўнг қанот ҳимоя чизиғига «қамаб» қўйишарди.

Аммо кейин... ван Дейк бир ёз мавсумида шундай улғайдики, нақ отасининг ўзи бўлди-қўйди. Таажжубки, унинг майдондаги ҳаракати ҳам тубдан ўзгарди. Марказий ҳимоячи белгилари пайдо бўлганидан кейин эса Виржилнинг парвози бошланди. Аввалига у «Гронинген»дан таклиф олди, кейин 2,6 млн. эвазига «Селтик»ка йўл олди.

Бундан ташқари, глазголиклар ҳимоячининг кейинги трансферидан тушадиган маблағнинг 10 фоизини Голландия клуби ҳисобига ўтказиб бериш мажбуриятини ҳам ўз зиммаларига олишди. Тез орада «Саутгемптон» баҳони 13 млн. фунтга кўтарди.

2017 йилнинг декабрида «Ливерпуль» ван Дейкни ўз таркибига қўшиб олиш учун нақ 75 млн. фунтдан воз кечди. Шу тариқа Виржил 5 йил ичида Голландия терма жамоасининг сардори ва дунёнинг энг қиммат ҳимоя­чиси мақомига кўтарилди.

ВАН ДЕЙК ЖАҲОН ЧЕМПИОНЛАРИДАН ЮКСАКРОҚ

Пике ва Рамосдек юлдузлар ҳам ҳозирда етакчиликка даъвогарлик қила олишмайди - сўнгги ЖЧда испанияликлар 2012 йил аллақачон тарихга айланганини исботладилар. Хуммельс ва Боатенг борасида ҳам шу фикрни такрорлаш ўринли. Яхшиси, мундиалда шоҳсупага кўтарилган Варан ҳамда Юмтитини ола қоламиз.

Ҳар ҳолда, улар навқирон ва тажовузкорроқлар. Хўш, ван Дейкка нисбатан-чи? Виржил улар билан бемалол беллаша олади. Ҳатто айрим жиҳатлар бўйича устунроқ десак, муболаға бўлмайди. Голландия вакили французларга қараганда анча жиддий ва муросасиз. Унинг «Ливерпул»даги роли ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.

Ҳимоя чизиғининг диспетчери сифатида у тўп билан кўпроқ муомалада бўлади. Рақибдан тўпни тортиб олиш ва рақиб узатмаларини узиб қўйиш бобида-чи? Фақат тўпни тортиб олиш борасида Юмтитининг кўрсаткичи юқорироқ. Лекин Самуэлнинг асосий вазифаси ҳам шу - жамоадошлари хатоларини тузатиш. Ҳаводаги яккакурашларда ҳам Виржилга тенг кела оладиган ҳимоячи йўқ.

Бундан ташқари, ван Дейк тўпни деярли йўқотмайди. Варан ва Юмтитилар эса бундай эҳтиёткорликни кўрсата олишмаяпти. Соддароқ айтганда, исрофгарчиликка кўпроқ йўл қўядилар. Қолаверса, олис узатмалар - Виржилнинг севимли қуроли. Ҳар бир учрашувда у ўртача 5 марта тўпни узоқ масофадаги жамоадошига аниқ етказиб беради. Бу кўрсаткич Варанда 3,7га, Умтитида 3га тенг.

ВАН ДЕЙК - КЛОПП ҲИМОЯСИНИНГ ҚЎРҒОНИ!

Виржил ван Дейк «қизиллар» таркибига ўтганидан сўнг жамоа «қуруқ» ўйинлар сони бўйича Англияда етакчилик қилди - 18та ўйиннинг 11тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Жумладан, уй учрашувларининг 9тасида «Ливерпуль» гол ўтказиб юбормади - бундай ажойиб серия қарийб 10 йилдан бери кузатилмаётганди. Алиссон «Энфилд»га келгач, бу кўрсаткич ўсишда давом этди.

Эътиборлиси, ҳимоя қўрғонининг асоси бўлган Бразилия ва Голландия вакили нафақат жисмоний кўрсаткичлари, балки совуққонлиги билан ҳам жуда яқин. Бироқ Алиссон табиати романтикага мойил, у гитара чалиш ва қўшиқни ёқтиради.

Виржил эса кулиб турган қоя, доимо хотиржам. Майдон ташқарисида оилапарвар инсон, лекин ўйинда - тажовузкор. 100 фоиз ювош бўлишига кучли иштиёқ йўл қўймайди. Клоппнинг айтишича, машғулотлар «Селтик» ўйинларига тўғри келиб қолганида, Робертсон ван Дейк билан биргаликда собиқ жамоаси ўйинини кузатишга вақт топишади.

Шахсий ҳаётда Виржил отасининг хатосини такрорламасликка интилади, доимо рафиқасининг ёнида. Онасидан хабар олиш учун тез-тез Голландияга бориб туради. Тўғри, фақат шунинг учун эмас - энди у Голландия термаси сардори. 27 ёшда шундай мақомга эришиш - катта шараф!

Виржилнинг «Ливерпул»и 18 учрашувда атиги 11 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Охирги 11 беллашувда жамоа дарвозаси бор-йўғи бир марта позицион ҳужумни қайтара олмади, 2та гол пенальтилар, 3таси стандартлар маҳсули.

Қисқаси, ҳимоячи жамоанинг АПЛ доирасидаги ўйинларида хатога йўл қўймаган. Унинг қисқа вақт ичида 18 марта майдонга тушгани эса мослашиш жараёнига умуман эҳтиёж сезмаганлигини англатади. Мухлислар ўртасида пайдо бўлган ҳазилнамо ҳикмат бежиз эмас: «Қуруқликнинг 71 фоизи сувнинг, қолгани ван Дейк­нинг ҳимоясида!».

Жейми Каррагер - тили ўткир экс­перт. Бироқ у ҳам ван Дейкни ўзидан устунроқ ҳисобламоқда: «Виржилнинг савияли эканини билардим. Аммо у мен ўйлагандан кўра савиялироқ экан. Биз анчадан бери «Ливерпуль» заиф ҳимоя туфайли чемпион бўла олмаётгани ҳақида гапирамиз. Энди унинг таркибида ван Дейк бор. Мен уни АПЛдаги энг яхши марказий ҳимоячи деб биламан».

Афтидан, Жейми қайси позицияда тўп сурганини унутган кўринади - айтишидан, айнан унинг ўйини туфайли жамоа шу пайтгача шоҳсупага кўтарила олмай келаётганди. Ке­йин Каррагер касбдошини Компанининг ёрқин даври билан қиёслади.

Бироқ Виржил жароҳатларсиз ўйнамоқда, тўп билан яхши муомала қилади. Ўнг оёғида амалга оширадиган олис узатмалари Паоло Мальдинини эслатади, бош билан ўйнашда эса Фердинанд ва Стамни.

БАДҚОВОҚ ВИРЖИЛ - КЎРСАТМАЛАР БЕРИШДА ИЛҒОР

Совринлар борасида Варан анча олдинда, бир неча марта ойнинг энг яхши ҳимоячиси бўлган. Аммо ван Дейк ҳозир ундан ўзиб кетди. Боз устига, «Ливерпул»нинг норасмий сардори - оғзаки кўрсатмалари, изоҳлари ва қўл ҳаракатлари билан ажралиб туради.

У бошқаришни хуш кўради. Энг муҳими, ҳимоя мустаҳкамлигини таъминлай олади. Ваҳоланки, шериклари юксак маҳоратга эришиб улгуришмаган. Тўғри, тиришқоқлик ва иштиёқ масаласида уларга эътироз йўқ.

Айтганча, «Ливерпуль» сал бўлмаса ван Дейкни қўлдан чиқариб юбориши ҳам мумкин эди - ҳимоячига «МЮ» ҳам харидор бўлиб, «Саутгемптон»га жиддий таклиф йўллаган, аммо бироз кечикканди. Виржил жамоа танлашда адашмади. Акс ҳолда, ўзи каби бадқовоқ Моуриньо билан муроса қилиши осон бўлмасди.

Албатта, муваффақиятли старт «Ливерпул»га ҳам, ван Дейк ёки Алиссонга ҳам ҳеч қанақа кафолат бермайди. Лекин Клопп жамоаси, айниқса, ҳимоя чизиғи айнан 30 йилдан бери орзу бўлиб келаётган ўйинни намойиш этмоқда. Елкасида қандай масъулият турганини Виржил яхши билади.

Шу боис, Клопп раҳбарлигида камолотга интилмоқда. «Ливерпуль» эса февралдан бери «Энфилд»даги чемпионат ўйинларида гол ўтказмай келмоқда. Каррагердек синчков танқидчи камчилик топа олмаяптими, демак, ҳаммаси аъло даражада. Виржил ван Дейк - пўлат занжирнинг бебаҳо ҳалқаси!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz