Қайднома

Қидирув

Футбол оламидаги энг буюк лўттибоз

Футбол оламидаги энг буюк лўттибоз

  16.09.2018 06:17
  0
  905
Футбол оламидаги энг буюк лўттибоз

«Натижа учун барча воситалар яхши» ақидасини ўзига қурол қилиб олган маккорлик ва алдов - футболнинг бир бўлаги. Очиқ-ойдин ёлғон сўзлаётган мураббий ёки бугун клубга садоқати хусусида онт ичиб, эртага Хитойга йўл оладиган футболчиларга кўп гувоҳ бўлганмиз.

Бироқ энг буюк алдоқчи - Карлос Кайзер найранглари олдида бу каби муғомбирликлар шунчаки уддабуронликдек туюлади.

Футбол оламига Кайзер номи билан танилган Репосо тенги йўқ ўйинчи бўлган. Жилберто Алвес таъбири билан айтганда, у «бирор марта ҳам оёғига бутса киймаган футболчи» эди.

Кайзер Бразилиянинг «Фламенго», «Флуминенсе», «Ботафого» ва «Васко да Гама» клубларида, шунинг­дек, Франциянинг «Газелек Аяччо»сида, Мексика, Саудия Арабистони ва АҚШда ҳам тўп сурган! Лекин «тўп сурган» иборасига у лойиқ эмас - кўпчилик, деярли барча жамоаларда умуман майдонга тушган эмас!

Қизиқ, Карлос буни қандай амалга оширди? Интернет тараққий этган ҳозирги даврда ҳар бир нарсани қайта-қайта текшириб кўриш қийинчилик туғдирмайди, жамоалар ўз ўйинчиларини яхши биладилар. Аммо 80-йилларда вазият тамоман ўзгача эди.

Ҳаётий воқеаларда мавҳум жиҳатлар кўплиги боис, озроқ (ёки кўпроқ) ёлғон ишлатиш имконияти йўқ эмасди. Карлос ана шу имкониятлардан унумли фойдаланган. Унинг услуби жуда оддий - таниқли ўйинчилар билан дўстлашар, кейин улар Кайзерни жамоаларга тавсия этишарди.

Ўзини кўрсатиш талаб этилганида эса, мураббий ишончини қозониш учун нима керак бўлса, шуни намойиш этарди. Қарабсизки, қисқа муддатли шартнома ҳамёнда!

Кайзернинг услуби айрим жиҳатдан Жозе Моуриньони эслатади: португалиялик мураббий баъзан тўп назоратини мамнуният билан рақибига топшириб, қўпол хатога йўл қўйишини кутади. Карлос эса навбатдаги фирибни амалга ошириш учун майдонга қанчалик камроқ тушса, шунчалик яхши бўлишини аниқ биларди.

Эҳтимол, у ўта бақувват спортчилар тоифасига кирмагандир, аммо серғайрат ва малакали бўлганига шубҳа йўқ. Ўзи учун керакли ўйинчининг юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари, кийиниши ва нутқини Карлос эринмай ўрганарди. «Карлос чинакам юлдуздек эди. У шу қадар мағрур эдики, гўё важоҳати «Мен Карлос Кайзерман, менга таъзим қил» деяётгандек бўларди.

У ҳақиқий профессионалдек гапирар, қатъиятидан киши қўрқиб кетарди. Чунки улар худди Пеле ёки Карлос Альберто Торрес билан сўзлашаётгандек бўлишарди», - дея эслайди Маурисио.

Баъзан Кайзернинг ўзи ҳам ижодига шубҳа билан қарарди. Шунчаки тақлид қилиш билан қониқмай, ўз образини яратарди. Масалан, ўша даврда кенг тарқалган «маллет» соч турмаги туфайли бошқалардан яққол ажралиб турарди. «Ҳаёт - маркетингдек гап. Чеҳрамда суперюлдуз сиймоси мавжуд эди.

Мен эса қандай гапириш ва ўз ҳурматимни оширишни билардим. Ҳамма мени Францияда, «Фламенго» ва «Флуминенсе»да ўйнаган, Бебето ва Карлос Альберто билан дўст, деб ўйларди. Мен Лионель Месси ва Дэвид Бекхэм эдим. Лео - ажойиб футболчи. Аммо Бекс имиж ва реклама билан овора.

Месси «сотилмайди» - гаплашишни билмайди. Кайзер эса билади. Мен Бразилиядаги турли телекўрсатувларда иштирок этиб, бутун дунё эътиборига тушдим. Бор гап шу», - дейди Карлос.

Баъзан у ўзгалар ролини ўйнаш орқали кўнгилхушлик қиларди. Ташқи кўриниши жуда ўхшаш бўлган Ренато Гаушо айниқса, тез-тез унинг ўлжасига айланарди - Кайзер тунги клубда улфатчиликдан бўшамаганида, шўрлик Ренато кўчада қолиб кетарди.

Одамлар орасидаги миш-мишларга эса Гаушо парво қилмасди: «Қачонки, у кимнидир ўлдирмаган ёки ниманидир ўғирламаган экан, мен хотиржамман. Тўғри, Кайзер билан қиёфадош эканлигим жиддий муаммога сабаб бўлди - рафиқам менга ишонмай қўйди».

Ренато Гаушо - Кайзернинг камсонли «ўлжа»ларидан бири. 1985 йилда «Гремио»нинг ёш ҳимоячиси Энрике ғалаба голини уришга муваффақ бўлганди. Қаҳрамонимиз мамнуният билан голни ўз номига расмийлаштириб олди. Таажжубки, Энрикенинг териси оппоқроқ, сочлари малла эканлиги ҳеч кимнинг эътиборини тортмади.

Албатта, газеталар унинг ташқи кўриниши эмас, қандай ўйнагани ҳақида ёзишганди. Бундан ташқари, аксарият нашрларнинг ўз мухбирларини собиқ иттифоққа юбориш имкониятига эга эмасликлари ҳам Кайзерга жуда қўл келганди. Бу найранглар камлик қилгандек, Карлос ҳатто «ўзининг» энг яхши голлари видеокассетасини ҳам чиқаришга улгурган.

У 1987 йили «Фламенго»га қарши баҳсда Энрике амалга оширган фантастик рейд билан мақтанишни хуш кўради. Баланд бўйли, нозик ва бир хил соч турмаги билан Энрике Кайзернинг айнан нусхасини эслатади. «Мен унинг ўйини видеотасвирини фақат бир марта кўрганман. Ўшанда у «Фламенго» дарвозасига машҳур голини урганди.

У чиндан ҳам фантастик гол эди. Бу ҳақда билармидингиз? Менда ўша кассета бор. У - бебаҳо ёдгорлик! Ҳатто Кайзернинг ўзида ҳам йўқ. Голни айнан у урган, бунга заррача шубҳа қилмайман», - деди Карлоснинг яқинларидан бўлган Валерия Галло.

Алдоқчи, фирибгар, дейсизми? Эҳтимол, шундайдир. Лекин Кайзер ҳеч қачон кимгадир зарар етказиш ёки ғирромлик йўли билан машҳур стадионларга киришга уринмаган. У умуман ўйнаган эмас ва шундай турмуш тарзи уни тўла қаноатлантирган.

Ҳайратланарли жиҳати шундаки, Карлос ақл бовар қилмайдиган қандайдир йўллар орқали кўпгина таниқли шахслар ва номдор жамоалар ишончини қозона олган. У ҳақда ҳатто ҳужжатли фильм яратилмоқда; Бебето, Карлос Альберто ва Пенато Гаушолар тасвирга олиш жараёнида иштирок этдилар.

Бу ҳаммаси эмас - Кайзер ҳақида чинакам асар яратишга ҳам улгуришди. Хуллас, қалбаки футболчининг тарихи катта шов-шувга сабаб бўлди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz