Қайднома

Қидирув

Акром Комилов: «Ўзбекистон термасига ҳар доим ҳам ҳимояда ўйнаш ярашмайди»

Акром Комилов: «Ўзбекистон термасига ҳар доим ҳам ҳимояда ўйнаш ярашмайди»

  16.09.2018 06:43
  0
  703
Акром Комилов: «Ўзбекистон термасига ҳар доим ҳам ҳимояда ўйнаш ярашмайди»

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эктор Купер бош мураббийлигидаги иккинчи учрашувда ҳам ижобий натижа қайд эта олмади. Алам қиладиган жиҳати, иккала ўйин ҳам Тошкентда, ўз мухлисларимиз кўз ўнгида бўлиб ўтди.

Учрашувлар гарчи ўртоқлик мақомида бўлсада, ишқибозлар барибир, жамоамиздан ғалаба кутишганди. Купернинг тактикасига жуда кўпчилик қизиққанди. Лекин бошқа томондан, унинг ўзи Сурияга қарши учрашувдан олдинги матбуот анжуманида мўъжиза кутмасликни сўраганди.

Аргентиналик мутахассисга вақт керак. Боз устига, у маҳаллий футболчиларнинг имкониятларини яхши билмайди. Бежиз унга ўзбекистонлик мураббийлардан бирини ёрдамчи қилиб олиш таклифи берилмаганди. Ҳар ҳолда, ўша мураббий Куперга ўйинчилар ҳақида маълумот бериб турарди.

Аммо жаноб Эктор ҳозирча бунга ҳожат йўқ, дея ҳисобламоқда. Балки октябрь ойидаги ФИФА кунларида биз терма жамоамизни умуман бошқача қиёфада кўрармиз?!

Шундай бўлишига чин дилдан умид қилиб қоламиз ва эътиборингизга терма жамоага номзод футболчи Акром Комилов билан уюштирган суҳбатимизни ҳавола этамиз. Истеъдодли ҳимоячи эронликларга қарши ўйинни стадионда кузатди ва таассуротларини биз билан ўртоқлашди.

- Умуман олганда, бугунги ўйиндан таассуротларим яхши, - дейди Акром Комилов. - Ўйин давомида жамоамиз яхши ҳимоялана олди. Лекин ҳужумда нимадир етишмади. Ўша етишмаган нарсани ўйин охиригача топа олмадим. Менимча, бизга ҳар доим ҳам ҳимояда ўйнаш ярашмайди.

- Лекин барибир, ҳимояда қўпол хатога йўл қўйдик. Ҳимоячи сифатида ўша вазиятга қандай изоҳ берган бўлардингиз?

- Тўғриси, ўзим ҳимоячи бўлганим учун жамоадошларимнинг ўша вазиятдаги хатти-ҳаракатларига баҳо бера олмайман. Чунки ақллилик қилган бўламан. Қолаверса, ўша вазиятда Ўзбекистоннинг энг яхши ҳимоячиси ўйнаётганди. Ҳамма ҳам хато қилади. Фикримча, Виталий Денисовдан ўтиб кетган тақдирда ҳам дарвоза ёнидаги ҳимоячилар ўйинчига яқинроқ туришлари керак эди.

- Купернинг ҳимоявий тактикасига эътироз билдира бошлашди. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?

- Ҳозир аргентиналик мураббий биринчи галда терма жамоанинг мудофаа чизиғини мустаҳкамлаш ҳақида ўйлаяпти. Чунки ҳимояда тартибни юзага келтирмай туриб, ҳужум ҳақида ўйлаш тўғри бўлмаслиги мумкин. Зеро, мураббий бундай ҳолатда хотиржам бўла олмайди. Эктор Купер ҳам биринчи галда ҳимояни мустаҳкамлаб, кейин ҳужум ҳақида ўйласа керак.

- Эрон терма жамоасининг ўйини ҳақида қандай фикрдасиз?

- Биринчи галда Эрон терма жамоа­сининг кучига тўғри баҳо бериш керак. Футболчиларимиз жуда кучли жамоага қарши ўйнашди. Эроннинг яқинда Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатидаги ўйинларини томоша қилиб чиқиш орқали рақибимизга таъриф бериш мумкин.

Португалия, Испания терма жамоаларига қарши ўйинларни кўриш орқали Эронга баҳо берсангиз бўлади. Кейруш ана шу жамоада етти йилдан бери ишлаяпти. Купер келганига эса ҳали бир ой ҳам бўлгани йўқ. Эрон бир неча йилдан бери деярли узлуксиз равишда мундиалларнинг финал босқичида иштирок этиб келяпти. Қолаверса, футболчилари жисмоний томондан жуда яхши тайёргарликка эга.

Бутун ўйин давомида бир маромда ҳаракат қила олишади, чарчоқ нималигини билишмайди. Эронлик футболчилар майдонда жангчи мисоли ҳеч нарсадан қўрқишмайди. Агар хато қилишдан қўрқиб майдонга тушилса, футбол ўйнамаган маъқул, чунки бундай ҳолатда жамоа ҳеч қачон ғалаба қозона олмайди.

- Бизнинг футболчилар тўп билан яхши муомала қилишади. Бунга шубҳа йўқ. Лекин Тошкентда кечган сўнгги ўйинда Эрон тўпга эгалик қилиш фоизи бўйича устунликка эга бўлди. Бизникилар эса тўпсиз ҳимояда ўйнаш масаласида қийналиб қолишди. Бунга нима дейсиз?

- Эрон терма жамоаси футболчилари 16 метрли жарима майдончамиз ичида бемалол сайр қилиб юришибди. Бир-бирларига аниқ тўп узатиб, дарвозамиз олдида хавфли вазиятларни содир этишди. Уларнинг ҳужумчилари қўрқмасдан 2-3 нафар футболчимизни алдаб ўтиб кетишяпти.

Энг муҳими, олдинга боришдан қўрқишмаяпти. Кейин тўпни йўқотиб қўйишдан ҳам чўчиш ҳолати йўқ. Бизда ҳам ҳамма масъулиятни ўз зиммасига оладиган футболчилар бор, лекин жуда кам: икки ёки уч нафар.

Агар ҳамма футболчилар ҳам тўп билан яхши муомалада бўлиб, қўрқмасдан ўйнашса, Ўзбекистон терма жамоасини осонликча мағлуб этадиган рақиб топилмайди. У Жанубий Корея, Япония ёки Эрон бўладими, аҳамиятсиз.

- Эктор Куперга қандай таъриф берасиз?

- Терма жамоамиз ҳар томонлама жуда кучли. Биласизми, фақат битта заиф томонимиз бор, у ҳам бўлса ўзига нисбатан ишонч йўқ. Агар шу камчиликни бартараф эта олсак, унча-бунча терма жамоа бизни мағлуб эта олмайди. Шу боисдан ҳам Эктор Куперга ишонч билдиришда давом этиш керак. Чунки у эндигина иш бошлади.

Ҳали ўзбек футболини ўрганиб олиши учун ҳам анча вақт керак бўлади. Осиё кубоги-2019 у учун катта имтиҳонга айланади. Ҳали таркибни шакллантириб олиши учун кўп вақт талаб этилади. Кўплаб футболчилар синовдан ўтказилади. Унинг зиммасидаги асосий вазифа - миллий жамоамизни ЖЧ-2022 финал босқичига олиб чиқиш.

Ўйлайманки, термамиз Эктор Купер бошчилигида бу вазифани бажара олади. Фақат мухлислар футболчилар ва мураббийлар штабига ишонишда давом этишлари керак. Агар ташқи томондан қўллаб-қувватлаш бўлмаса, ижобий натижага эришиш қийин кечади.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz