Қайднома

Қидирув

Ла Лигадаги янги тартиб-қоидалар...

Ла Лигадаги янги тартиб-қоидалар...

  17.09.2018 06:41
  0
  657
Ла Лигадаги янги тартиб-қоидалар...

Ла Лига президенти Хавьер Тебас мамлакатдаги футболчилар касаба уюшмасининг норозилигини енгишга астойдил уриняпти: сабаб - Примера учрашувларининг АҚШ ҳудудида ўтказилиши кўпчиликка ёқмаяпти. Айни паллада унинг ҳамкасблари ишсиз ўтиришмаяпти.

Лигараҳбарликаппаратичемпионатўйинларитрансляциясинияхшилашгамўлжалланганкенгмиқёсдагиаудиовизуалқоидаларнитайёрлади. 178 саҳифалик бўлим ишқибозлар ва ҳаттоки, маскотлар (турнир рамзий персонажи) ҳуқуқини ҳам чеклаши мумкин.

ТОМОШАБИНЛАР ТАШРИФИ

Аввалги мавсумларда бўлгани каби, бу сафар ҳам асосий эътибор стадионларни тўлдиришга қаратилди. Икки йил аввал, Ла Лига ўйинларини намойиш этиш бўйича амалдаги ТВ-шартнома кучга кирганда, Тебас томошабинлар ташрифи камайгани учун клубларни жаримага тортишга қарор қилганди. Минимал меъёр - стадион умумий сиғимининг камида 75 фоизи мухлислар билан тўлиши шарт.

Мабодо жамоалар ўйин учун чиқарилган чипталарнинг ярмини ҳам сота олмасалар, уларга белгиланган жарима миқдори икки марта оширилади. «Бу ижтимоий масала, ҳаммамиз инсонмиз ва стадионнинг ярмидан кўпи бўшлигини кўрсангиз, телевизорни бошқа каналга оламиз», - дейишди футбол мутасаддилари мазкур ҳолатга изоҳ беришаркан.

МАЙДОН ВА СТАДИОН УСКУНАЛАРИ

Янги мавсумдан клуб агрномлари зиммасига кўпроқ масъулият юкланади. Оддий мантиққа кўра, трансляциялар давомида 90 фоиз ҳолатда кадрда майса кўринади. Шу боис Ла Лига раҳбарияти майдон сифати идеал кўринишда бўлишини хоҳламоқда. Ушбу муносабат билан клублар стадионларида мунтазам текширувлар ўтказилиши кутиляпти.

Муҳим жиҳат: майсанинг узунлиги 20-30 миллиметрдан ошиши шарт. Лигадагилар мазкур ҳолат футболчилар соғлиғини таъминлаш, жароҳатланиш ҳолатларини камайтириш, қолаверса, ўйин сифатини ошириш учун ғоят аҳамиятли эканини таъкидлашган. Аммо барибир, улар учун биринчи навбатда чиройли ТВ-манзара туриши бор гап.

Яна бир муҳим бўлим - стадионда икки комплектдаги электроускуналарнинг шай ҳолатга келтирилиши. Гап майдонни ёритиш ҳақида бормоқда. Жамоа ихтиёридаги асосий ускуна носозлиги аниқланса, захирадагисидан фойдаланиш мумкин бўлади.

Ўтган мавсум бу борадаги муаммолар Сан-Себастьян ҳамда Ла-Коруньядаги учрашувлар пайти рўй берган, шу боис Ла Лига муаммоли ҳолатлар эҳтимолини камайтиришга уринмоқда. Қандайдир носозлик кузатилса, ёритиш тизимини қайтадан йўлга қўйиш учун 20 дақиқа талаб этилади.

«Ўйинлар пайти бундай ҳолатлар кузатилишига йўл қўёлмаймиз, чунки чемпионатимиз учрашувлари бутун дунёга трансляция қилинади ва уни миллионлаб мухлислар томоша қилишади», - дейишди Ла Лига мутасаддилари.

ТРАНСЛЯЦИЯ ВА ТАКРОРЛАР

Ла Лигада қатнашувчи ҳар бир жамоанинг стадиони 15-20та камера билан таъминланиши, улар махсус белгиланган ҳудудларга ўрнатилиши шарт. Яна ўша - томошабоп ТВ-манзарани таъминлаш учун. Мабодо ушбу ҳудудларда ишқибозлар бўлса, уларни дарҳол бошқа жойга ўтказиш керак.

Клубларнинг ўзига кейинги тактик таҳлиллар учун мустақил равишда ўйинларни суратга олиш тақиқлаб қўйилди. Унинг ўрнига ўйиндаги барча ҳолатларни юқори сифатда тасвирга олувчи «тактик камера»га эга бўлишади.

Мураббийлар учрашув пайти видеоматериалларни олишлари мумкин, бу эса жамоа ўйинига ўзгартиришлар киритишда асқотади. Баҳсдан сўнг олинган видеоёзувларнинг барчаси жамоа ихтиёрида бўлади.

ИНТЕРВЬЮ

Мавсум давомида ҳар бир клуб лигага эксклюзив контент асосида футболчилар билан уюштирилган камида 9та интервью тақдим этиши белгиланди. Мураббийларга келсак, учрашув якунланганидан беш дақиқа ўтгач, улар флеш-интервью беришлари шарт. Ихтиёрий равишда клублар мураббийларнинг футболчилар билан ўйиндан кейинги музокараларини тасвирга олишлари мумкин.

Бунинг эвазига клуб ҳомийлари логотипларини кадрда кўрсатиш имконияти берилади. Шунингдек, матбуот анжуманлари ўтказиладиган залдаги микрофонларга ҳам ўша логотипларни ўрнатишлари мумкин бўлади. Фақат уларнинг эни 30 см., бўйи 24 см.дан ошмаслиги шарт.

Столларда эса ичимлик суви ёки газланган сув қўйилиши керак. Пиво (ҳаттоки, алкоголсиз бўлса ҳам) каби спиртли ичимликлар бўлишига йўл қўйилмайди.

ИШҚИБОЗЛАР ВА МАСКОТЛАР

Киритилган янгиликлардан айнан шулар жабр кўришади. Жумладан, мухлисларни, юқорида таъкидланганидек, стадиондаги камералар жойлашувига қараб бошқа (эҳтимол, қулайлиги камроқ) жойларга кўчиришади. Шунингдек, ишқибозларга лига ҳомийлари логотиплари қўйилган жойни турли баннерлар билан тўсиш тақиқланади.

Стадионларда эса барча нарсага реклама қўйилади. Мезбон жамоа сухандонининг урилган голни баланд овозда нишонлаши 15 сониядан ортиқ давом этмаслиги керак. Энг катта оғирлик клублар маскотларига тушади. Янги қоидаларга кўра, жамоа рамзи «оддий одамдан катта бўлмаслиги» ва трансляциялар пайти тасвирда кўриниш бермасликлари лозим.

Ўрта бўйли одам махсус кийимни кийиши учун ўша кийим ундан каттароқ бўлиши керак. Демакки, чиқарилган қоидаларга амал қилиш қай тартибда амалга оширилиши тушунарсиз. Ҳа, лига киритган янгилик туфайли «Бетис»даги Пальмерин пальмаси ёки «Леганес» қаҳрамони - Супербодринг каби персонажларни йўқотиш кўпчиликка ёқмаслиги аниқ.

РАНГЛАР

Ҳаттоки, стюардлар, фотосуратчилар, хавфсизлик хизмати ходимлари ва «болбой»лар ҳам эътибордан четда қолмадилар. Адаштириб юбормаслик учун ушбу тармоқ вакилларининг ҳар бири турли рангдаги либосларда бўлишлари кўзда тутилган. Мисол учун, съёмка гуруҳидаги операторлар кўк, «болбой»лар эса кулранг нимча кийишади.

Барча стадионлардаги дарвоза тўрлари оқ тусда бўлади. Умуман, кейинги бўлимда тўхталадиган қоидалар олдида буниси ҳеч нарса эмас. Сўнгги йилларда «Вильярреал» футболчилари либосидаги рақамлар қандай кўриниш олгани кўпчиликка маълум. Гўёки, сонлар маст одам томонидан қалтироқ қўлда чизилганга ўхшайди.

Энди бунга йўл қўйилмайди. Яъни клублар индивидуал дизайн ўйлаб чиқиш имкониятидан маҳрум бўлишади. Буёғига футболчилар рақами барча клубларда бир хил кўриниш олади. Ушбу масалада Ла Лига мутасаддилари АПЛдаги ҳамкасбларидан намуна олишди.

Уларнинг фикрича, футболкалардаги рақамларнинг ягона формати ишқибозларга ТВ орқали қайси мусобақани томоша қилаётганини аниқлашда кўмакчига айланади. Бошқача сўз билан айтганда, телевизор қаршисига эндигина ўтирган томошабин «Уэска» - «Хетафе» баҳси қўйилаётгани устидан чиқса, мазкур ўйин Ла Лига доирасида кечаётганини дарҳол пайқаб олиши лозим.

ЖАРИМАЛАР

Юқорида қайд этилган қоидаларга амал қилмаслик дарҳол жазоланади. Жариманинг минимал миқдори - 1000 евро. Мавсум якунларига кўра, махсус комиссия Ла Лигадаги ҳар бир жамоа камчиликларини ҳисоблаб чиқиб, клубларга «миннатдорлик хати» ва тўлов квитанцияси жўнатади.

Бордию, қайсидир жамоа тартибга амал қилишдан кўра, жарима тўлашни афзалроқ билса, у индивидуал санкцияларга йўлиқиши мумкин. Бундай қоидабузарлар лицензиясидан маҳрум қилиниши ҳеч гап эмас.

БУ НИМАГА КЕРАК?

Биринчи навбатда, бундай қоидалар қўшимча даромадлар илинжида чиқарилмоқда. Сўзимиз бошида таъкидлаганимиздек, Хавьер Тебас бошқа муаммоларни ҳал қилиш билан банд бўлгани учун журналистлар олдида ҳисобот бериш вазифаси Мельчиор Солер зиммасига тушмоқда. Ушбу мутасадди Ла Лигада айнан шу масалага жавобгар ҳисобланади.

«Мазкур қоидаларни ишлаб чиқаётганда, аввало, энг яхши лигалар - АПЛдан тортиб, ЕЧЛ ва Бундеслигага, барчасини ўргандик. Бундай янгилик ўсишимизга ёрдам беради. Айрим лойиҳаларни ўзимиз ўйлаб топдик. Агар трансляциялар сифати ошса, молиявий имкониятлар ошишини клублар ҳам яхши тушунишади ва ушбу ҳолатда гап фақат телевидение ҳақида бормаяпти», - деди Солер.

ҚИЗИҚ, НИМА САБАБДАН БУНДАЙ ЯНГИЛИКЛАР АЙНАН ҲОЗИР ТАТБИҚ ЭТИЛЯПТИ?

Ҳаммаси оддий. Гап шундаки, Ла Лиганинг DTS Distribuidora ҳамда Media Producciоn каби ТВ компаниялар билан тузган умумий миқдори 2,65 миллиард евролик амалдаги шартномаси жорий мавсум якунига етади. Демакки, нархни янада ошириш учун потенциал харидорларни нима биландир ҳайратга солиш керак.

Айни пайт Ла Лига телеҳуқуқлар бўйича нафақат АПЛ, балки Бундеслига ва «А» сериядан ҳам ортда бормоқда. Табиийки, воқеалар ривожининг бундай тус олиши Тебас ва унинг шерикларини қониқтирмайди. «Биз Ла Лига бутун дунё мухлисларида кўпроқ қизиқиш уйғотиб, Англия Премьер-лигаси даражасига чиқишини хоҳлаймиз», - дейди Солер.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz