Қайднома

Қидирув

«Чўчқа», «Саккизоёқ», «Илон»... Ёхуд оригинал лақабга эга таниқли футболчилар

«Чўчқа», «Саккизоёқ», «Илон»... Ёхуд оригинал лақабга эга таниқли футболчилар

  17.09.2018 00:18
  0
  3321
«Чўчқа», «Саккизоёқ», «Илон»... Ёхуд оригинал лақабга эга таниқли футболчилар

Миллионлар ўйинида футболчиларнинг ўйин услуби, ташқи кўриниши, жуссаси ва қилиқларига қараб уларга ўзига хос номлар қўйиш урф бўлган.

Soccer.ru худди шундай оригинал лақабга эга ўйинчиларни саралаб, уларни мухлислар эътиборига ҳавола этди.

Карстен «Болға» Янкер. Мабодо германиялик ушбу футболчининг ўйинларини кўрган бўлсангиз, сизда савол туғилиши аниқ: «Нима учун унга «Болға» деб лақаб қўйилган?». Яқинда 44 ёшни қаршилаган Карстеннинг ташқи кўриниши саволга жавоб бериши мумкин. Бўйи 194 сантиметр, тақирбош, баҳайбат, девкелбат Янкерга қўйилган ном ўзини оқлайди.

Луис «Феномен» Роналдо. Катта эҳтимол билан, сўнгги йигирма йилликнинг энг яхши марказий ҳужумчиси. Роналдо намойиш этган футболни кўрсангиз, «Феномен» сўзи ўз-ўзидан миянгизда чарх уриши турган гап.

Оле-Гуннар «Гўдаксиймо қотил» Сульшер. У ҳозир ҳам шундай кўринади. Айни пайт Сульшер Норвегиянинг «Мольде» клубида бош мураббий сифатида фаолият юритмоқда.

Алессандро «Пинтуриккьо» Дель Пьеро. Италиялик рассомнинг номи берилишига ўзига хос сабаб бор. Худди Пинтуриккьо сингари Алессандронинг яшил майдонда кўрсатган шедеврлари асрларга татийди. Бундан ташқари, Дель Пьерони «Мистер «Ювентус» деб ҳам аташади. Мазкур ҳолатда, изоҳга ҳожат йўқ.

Бастиан «Чўчқа» Швайнштайгер. Бу ерда ҳам ҳаммаси оддий. Бастианнинг фамилияси сўзма-сўз таржима қилинганда «чўчқахона» маъносини беради. Яъни «швайн» - чўчқа дегани.

Тони «Гольстер» Польстер. Австриялик ҳужумчи кўп гол ургани учун унинг фамилиясидаги битта ҳарфни ўзгартириб, «Гольстер» деб лақаб қўйишган.

Иван «Вертолёт» Саморано. Бугунги рўйхат чилилик форвардсиз тўлиқ бўлмасди, чунки Саморанонинг тахаллуслари жуда кўп. «Вертолёт» лақабини эса у Европада орттирган - серсоч йигит рақиб жарима майдончасида худди паррак сингари ҳаракатланарди. Шунингдек, руслар Саморанони «Иван Грозний» деб аташган. Жанубий Америкада эса Иванга «Бам-Бам» лақаби қўйилган.

Ринат «Темир парда» Дасаев. Ринат Файзраҳмановичнинг тахаллусини унинг «Севилья»даги шериклари ўйлаб топишган.

Лилиан «Файласуф» Тюрам. Жаҳон ва Европа чемпионининг муваффақияти фақатгина футболга тааллуқли эмас. Тюрам бир нечта илмий унвонга эга, жумладан фалсафа фанлари бўйича ҳам.

Патрик «Саккизоёқ» Виейра. Ҳа, бу футболчининг асосий устунлиги - узун оёқлари майдон марказида ҳукм-ронлик қилиш имконини берган.

Андреа «Архитектор» Пирло. Италиялик ярим ҳимоячи мураккаб узатмалар лойиҳасини тузган, турли комбинациялар ўйлаб топган. Ўзи тўп сурган жамоаларнинг ҳақиқий «Архитектори» бўлган.

Роб «Илон» Ренсенбринк. Ўтган асрнинг 70-йилларида фаолият юритган голландиялик форвард озғинлиги, эгилувчан ҳаракатлари ва бироз айёрлиги туфайли шундай лақаб орттирган.

Хавьер «Трактор» Занетти. Бақувват, бардошли, камсуқум, меҳнатдан бўйин товламайдиган футболчи бўлган. «Интер»нинг собиқ сардори бутун фаолияти давомида ўз лақабига муносиб эканлигини кўрганмиз.

Дэвид «Спайс Бой» Бекхэм. «Spice Girls» гуруҳидаги хонандалардан бири Виктория Адамс билан турмуш қурганидан сўнг Бекхэм автоматик тарзда «Спайс Бой»га айланди.

Робер «Д~Артаньян» Пирес. Яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири дарҳақиқат, классик мушкетёрга ўхшайди.

Рональд «Қор учқуни» Куман. Голландиялик малласоч бу лақабни «Барса»да ўйнаб юрган кезлари олган. Ўша пайтларда Барселонадаги ҳайвонот боғида машҳур «Қор учқуни» номли альбинос-горилла яшарди. Рональднинг клубодошлари эса унга айнан шундай тахаллус ярашишини таъкидлашган.

Оливер «Горилла» Кан. Германиялик дарвозабоннинг ташқи кўриниши ҳужумчиларни даҳшатга сол-ган. Уни нафақат «Горилла», балки «Годзилла» ёки «Питекантроп» деб ҳам аташган. Аммо маймун зоти билан боғлиқ лақаб кўпроқ мос тушади, уни Кан ҳаттоки, «расмийлаштиришга» ҳам улгурган. Бир сафар ўйин пайти ишқибозлар у томонга банан отишганда, Оливер мевани ердан олиб, паққос туширганди.

Уэйн «Шрек» Руни. Футболчининг ташқи кўриниши машҳур яшил тусли мультперсонажга ўхшагани учун шундай лақаб ўйлаб топилган.

Роберто «Думча» Баджо. Ҳаммасига имиж сабаб. Баъзан мухлислар Баджонинг сочидаги «думча» «илоҳий» эканлигини таъкидлашган.

Ян «Дино» Коллер. Бўйи 202 сантиметр бўлган чехиялик басавлат форвард бу лақабни ўсмирлик пайтида олган. Коллер оқкўнгил «Динозавр» эди ва ҳасратларини ҳам табассум аралаш ошкор этарди: «Қайси клубга бормай, менинг лақабим ҳақида барчага гапирадиган сергап чех топиларди». Чехиядаги ҳайвонот боғларининг бирида парваришланадиган жирафга ҳам «Дино» деб лақаб қўйишганда, Ян тантанали маросимда қатнашганди.

Хавьер «Нўхатча» Эрнандес. Мексика термаси форвардини «Чичарито» деб аталишига кўпчилик кўниккан: таржимаси - «Нўхатча». Бу ҳолат оилавий тарихга эга, зеро Хавьернинг отасини «Чичаро» - «Нўхат» деб аташган.

Стиг «Майса текисловчи» Тефтинг. Даниялик таянч ярим ҳимоячиси оёғи остига тўғри келган нарсани «текислашга» уринган.

Сезар «Дэйв» Аспиликуэта. Бу лақаб қандай маънога эга эмас, шунчаки Сезарнинг фамилиясини талаффуз қилиш қийин. Бир куни кийиниш хонасида кимдир уни оддийгина «Дэйв» деб аташни таклиф қилди. Шундан сўнг ушбу тахаллус сақланиб қолди. Яқинда Аспиликуэта «Челси» сафида АПЛдаги 200-ўйинини ўтказди.

Винченцо «Самолёт» Монтелла. Ҳозирда мураббийлик қилаётган Монтелла футболчилик пайтида урган голларини учаётган самолёт кўринишида нишонларди. Шу тариқа ўзига лақаб орттирган.

Деннис «Учмас голланд» Бергкамп. Шедевр голлар муаллифига айланган форвардни аэрофобия қийнаган.

Ҳолид «Одамхўр» Булахруз. Ўйин услуби ва ташқи кўриниши Булаҳрузнинг ушбу лақабга тўлиқ мос тушишини тасдиқлайди.

Хуан «Жодугар» Верон. Худди Хавьер Эрнандесда бўлгани каби, Вероннинг лақаби ҳам мерос қолган. Унинг отаси Хуан Рамонни «Жодугар» ёки «Сеҳргар» деб аташган.

Бернд «Ўт ўчирувчи» Шнайдер. Германия термасининг собиқ ярим ҳимоячиси кўнгилли ўт ўчирувчилар бўлими аъзоси ҳисобланган. Футбол жамоасидаги шериклари эса бундан хабардор эдилар.

Альваро «Хитойлик» Рекоба. Бу уругвайлик форварднинг ташқи кўриниши қандай бўлганини эслай оласизми?

Рене «Чаён» Игита. Колумбиялик дарвозабон машҳур «сэйв» туфайли шундай лақаб олган: ўшанда у рақиб жамоа футболчиси йўллаган зарбани чаён услубида товонлари билан қайтарганди.

Пьерлуижи «Фантомас» Коллина. Истисно тариқасида бир ҳакамни ҳам эслаб ўтсак. Италиялик реферининг ўзига хос ташқи кўриниши машҳур фильм персонажига ўхшатишларига сабаб бўлган.

Хавьер «Қуён» Савиола. Майдонда қўрқоқдек кўринган, иккита тиши яққол кўриниб турган ҳужумчига шундай лақаб беришган.

Клаудио «Капитан Америка» Рейна. 12 йил ичида АҚШ термасида 112та ўйин ўтказиш шундай тахаллус олиш билан якунланди.

Эдгар «Питбуль» Давидс. Бизнингча, таянч ярим ҳимоячиси учун жуда мос тушадиган лақаб.

Михаэль «Противогаз» Райцигер. Мафтункор ташқи кўринишга эга бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди-да.

Дан «Жосус Малдер» Петреску. Руминиялик ҳимоячи, ҳозирда мураббийлик билан шуғулланаётган Петрескунинг чеҳраси «Махфий материаллар» сериали бош қаҳрамони Дэвид Духовниникига жуда ўхшаш. Буни пайқаганлар дарҳол Данга лақаб ўйлаб топишган.

Эшли «Кэшли» Коул. Машҳур ҳимоячи «Арсенал»дан «Челси»га ўтаётганда шундай қизиқ тахаллус орттирган. Коул ўшанда яхшигина шартнома ортидан қувган ва мухлислар «сўз ўйини» натижасида унинг исмига «пул» («кэш») иборасини қўшишган.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz