Мана, миллий чемпионатимизда асосий масалаларга ойдинлик киритувчи ўзига хос финал босқичи ниҳоят, бошланди. 3-давра доирасидаги илк 6та ўйин натижасида ҳар икки гуруҳ турнир жадвалида ўзгаришлар ёки шунга далолат берувчи ҳолатлар кўзга ташланганини ҳисобга олсак, бизни олдинда мавсумнинг энг «қайноқ» қисми кутиб турибди, дарҳақиқат.
Қаранг, Намангандаги голлар шоуси (3:3) Бекободда муҳим ғалабага эришган амалдаги чемпион - «Локомотив» фойдасига ишлади (ҳозирча шундай). Яна «Бунёдкор» ҳам кучли учликка анча яқинлашди...
1-КУН: ҚУЙИДА НИМА ГАП?
Учинчи давра ўйинларини иккинчи олтилик вакиллари бошлаб беришди. Хусусан, «Қўқон-1912» ўз майдонида «Насаф» билан куч синашиб, муроса кўчасида тўхтади - 1:1. Нўъмон Ҳасанов шогирдлари ўйин бошидаёқ шиддаткор ҳаракатланиб, 7-дақиқада ҳисобни очишга яқин келишди. Бу вазиятда жарима зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегди.
17-дақиқа - энди меҳмонлар ўта яхши имконият ҳосил қилишди, бироқ Бобур Давлатов пенальтидан фойдаланолмади. «Дуэл»да устун келган Ўткир Юсуповга тасанно! Илк гол 63-дақиқада жарима зарбасидан сўнг урилди, барибир. Жавоҳир Сиддиқовнинг моҳирона ижроси олдида бунгача бир неча марта ўзини кўрсатган Санжар Қувватов ҳам ожиз қолди.
Орадан кўп ўтмай, меҳмонлар мувозанатни тиклашди: чиройли комбинацияга Бобур Абдухолиқов мантиқий нуқта қўйди. Қолган дақиқаларда мезбонлар ҳужумга зўр беришди, бир қатор хавфли вазиятлар ҳам яратишди, аммо уларга охирги паллада аниқлик етишмади. Дарвоқе, ушбу жамоалар Қўқонда кечган биринчи босқич ўйинида ҳам дурангга имзо чекишганди.
«Сўғдиёна» - «Қизилқум» баҳсида ҳам кучлар тенг келди. Фарқи шуки, Жиззахда мухлислар 2та эмас, 4та гол кўришди - 2:2. Диққатга сазовор томони, меҳмонлар икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олишди, бироқ 3 очко берадиган натижани сақлаб қолиш уддасидан чиқишмади.
Қисқаси, Сергей Лушан шогирдлари Иван Нагаевнинг тезкор голига биринчи бўлим охирида, Артур Геворкяннинг танаффусдан кейин йўллаган самарали зарбасига эса, учрашувнинг якуний қисмида жавоб беришди. Шоҳруз Норхонов ўйин ҳолатидан ўзини кўрсатганию, Никола Милинкович пенальтидан фойдаланганини ҳам айтиш ўринли.
Дарвоқе, ёзги трансферлар чоғи «Сўғдиёна» сафига қўшилган сербиялик ярим ҳимоячи шу билан 3-голини нишонлади - барчаси 11 метрлик жарима зарбаси маҳсули.
2-КУН: НАМАНГАНДА ГОЛЛАР ШОУСИ
Иккинчи кунги ўйинлар барчанинг диққат марказида бўлгани аниқ. Аввало, «Металлург» - «Локомотив» ўйи-ни ҳақида. Биринчи босқичда амалдаги чемпиондан 4 очко тортиб олган бекободликлар бу сафар ҳарчанд уринишмасин, ижобий натижа қайд этолмадилар.
Ўртага тикилган муҳим 3 очкони ягона гол бир ёқли қилди. У 31-дақиқада тобора «очилиб» бораётган Икром Алибоев номига ёзилди. Энг асосийси, «темирйўлчилар» шу ғалаба эвазига турнир жадвали пешқадамига айланиб олишди.
«Локомотив»нинг мағлубиятсиз серияси роппа-роса 10та ўйинга етганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. «Металлург» эса кетма-кет 2та ғалабадан кейин мағлубиятга йўлиқди.
«Навбаҳор» - «Пахтакор» - бу ўйин ҳақида узоқ гапириш мумкин. Ахир олтин медалга қўл узатишга уринаётган икки жамоа қарама-қаршилигида 6та гол кузатилди. Намангандаги стадионни тўлдириб ўтирган мухлислар бутун 90 дақиқа давомида ҳаяжондан қутулолмаганлари тайин.
Зеро, ҳисобни 40-дақиқада Аюбхон Нўъмонов очган бўлса, иккинчи бўлим мезбонлар учун нохуш бошланди. Чунончи, «Пахтакор» танаффусдан кейин ҳужум ҳаракатини кескинлаштирди ва икки легионери - Драган Черан ҳамда Исмоил Гонсалвеш урган голлар натижасида ҳисобни ўзи учун мақбул кўринишга келтирди.
Табиийки, 1:2 ҳисоби Илҳом Мўминжонов жамоасини ҳам, стадиондаги аксарият мухлисларни ҳам асло қониқтирмасди. Хуллас, кетма-кет ҳужумлардан сўнг Азиз Турғунбоев боши билан чиройли зарба йўллаб мувозанатни тиклади. Бироқ жамоа дуранг-га ҳам кўнмай, яна олдинга ташландию, тез орада «шер»-нинг қарши «ҳамла»си олдида ожиз қолди - гол муаллифи Фаррух Сайфиев.
Мезбонлар шунда ҳам таслим бўлишни хаёлларига келтиришмади ва 90-дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолишди: бурчак зарбаси, Игорь Голбаннинг ўз усулидаги зарбаси ва 3:3. Хуллас, бетараф мухлис учун ҳаммаси зўр бўлди, биргина «Навбаҳор» мухлисларининг пенальти ҳамда Фаррух Сайфиев голига совуқ муносабатларини ҳисобга олмаганда.
Фактларга келсак, «Навбаҳор»нинг ўз майдонида 2 йилдан буён давом этаётган мағлубиятсиз серияси яна бир ўйинга чўзилди, 6та голдан 4таси стандарт вазият (2таси бурчак тўпи) орқали урилди, собиқ «пахтакорчи» Шерзод Каримов 2та самарали узатма муаллифига айланди, Исмоил Гонсалвеш 8-марта 11 метрли жарима зарбасини самарали бажариб, голлари сонини 13тага етказди...
3-КУН: БАРАКАЛЛА, «НЕФТЧИ»
Яқин-яқингача «Нефтчи»нинг Суперлигада истиқболи йўқдек кўринаётганди. Қаранг, фарғоналиклар учинчи давра стартида Олмалиқда АГМКни доғда қолдиришди ва шу билан турнир жадвалида очколар сони бўйича «Сўғдиёна»га тенглашиб олишди. Бу «Нефтчи»нинг сафарда қайд этган биринчи ғалабасидир.
Яна бир аҳамиятли томони, фарғоналиклар кетма-кет 4та ўйиндан буён ютқазишмаяпти: 3та ютуқ ва 1та дуранг. Айтганча, Баҳром Ҳайдаров жамоаси Олмалиқда ҳам 22-турда бўлгани каби 1тагина гол эвазига 3 очко олди.
Унга 72-дақиқада мавсум ўртасида ёрдамга чақирилган Игорь Таран муаллифлик қилди. Орада қаторасига 4та баҳсни ўз фойдасига ҳал қилган Бахтиёр Ашурматов жамоаси эса, кетма-кет 2 марта майдонни боши эгик ҳолда тарк этди.
«Навбаҳор» ва «Пахтакор»нинг очко йўқотганидан «Бунёдкор» ҳам унумли фойдаланди. Умуман, «қалдир-ғочлар» «Бухоро»га қарши баҳсда айтарли муаммога дуч келишмади. Ҳар ҳолда, биринчи бўлимдаёқ Акмал Турсунбоев дарвозасини 2 марта нишонга олишди. Аввалига Мурод Тошматов, кейин Шаҳзод Нурматов гол муаллифига айланишди.
Иккинчи бўлим бошида эса тўпурарлар пойгасида Исмоил Гонсалвешни изма-из таъқиб қилаётган Жавлон Иброҳимов барчасига узил-кесил нуқта қўйди - 3:0. Шу тариқа Миржалол Қосимов жамоаси турнир жадвалида очколар бўйича кучли учликка анча яқинлашиб олди. «Бухоро» эса юқори олтиликда ҳамон аутсайдер мақомида...
ТУР ҚАҲРАМОНИ - ИГОРЬ ГОЛБАН
Ҳа, бироз ғалати танлов, ахир Игорь Голбан муҳим паллада пенальтига сабабчи бўлди. Боз устига, «Навбаҳор» ҳимояси «Пахтакор» ҳужуми олдида 3 бора ожиз қолди. Лекин россиялик легионернинг сўнгги лаҳзаларда бош билан урган голи салмоғи оғирроқ, барибир.
Биринчидан, «Навбаҳор» шу гол эвазига мағлубиятдан қочиб, асосий рақибларидан бирини муҳим 2 очкодан маҳрум қилди. Иккинчидан, Голбан жамоанинг ўз майдонида 2 йилдан буён давом этаётган мағлубиятсиз одими давом этишига замин яратди.
Ўйлаймизки, бу фактлар тур қаҳрамони бўлишга арзиса керак.
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Ўзи кўплаб учрашувларда тезкор гол қабул қиляпмиз. Руҳий жиҳат устида ҳам яхшигина ишлашимиз керакка ўхшайди. Зеро, буёғига ҳар бир баҳсда ғалабани кўзламасак, имкон борича кўпроқ очко жамғармасак бўлмайди... Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи).
- Жамоам икки бўлимда икки хил тактика қўллади. Албатта, ўнг қанот ҳимоясида Мурод Холмуҳаммедовнинг йўқлиги яққол билинди. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).
- Мени ҳайрон қолдирган жиҳат - захирада ўтирган футболчимизнинг қизил карточка олгани. Ўша вазиятга яқин эдим ва ҳаммасини эшитиб турдим. Футболчи ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилгани сабаб, бироз қизишди, холос... Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи).
- Умид қиламанки, бир кун келиб, «Навбаҳор» стадиони майдони ҳолатини яхшилашади. Намангандаги майдон Ўзбекистондаги энг ёмонларидан бири. Шундай фантастик муҳит ва супермухлислари бор ажойиб жамоанинг бундай майдонда ўйнаши... Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).
- Биз майдонга қараб ҳаракатланмаймиз, аксинча, рақибдан келиб чиқиб, ўйин қурамиз. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи).
- Майдонга тушишдан аввал йигитларга ҳам айтгандим - «Нефтчи» аллақачон ўз ўйинини топиб улгурди ва энди бу жамоани осонгина енгиш имконсиз. Бахтиёр Ашурматов (АГМК бош мураббийи).
- Жамоа ютқазса, айб мураббий гарданига тушади. Демак, бугунги мағлубият менинг зиммамда... Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи).
-------------------------------------------------------------------------
«СЎҒДИЁНА» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 2:2 (1:1)
13 сентябрь. Жиззах. «Сўғдиёна» стадиони. 2437 томошабин.
Ҳакамлар: Шерзод Қосимов, Андрей Цапенко, Олим Абдувосилов, Исҳоқ Ибрагимов.
Голлар: Ш.Норхонов (45+1), Н.Милинкович (84-пен.) - И.Нагаев (9), А.Геворкян (53).
«Сўғдиёна»: Ш.Абдуллаев, С.Қулматов, Э.Орипов (Т.Шамсиддинов, 53), С.Азимов, Ш.Норхонов, Ш.Жўрабеков, С.Рашидов, И.Абдуллаев (Ким Донг Хи, 63), М.Симонович, Н.Милинкович, Н.Ҳасанов (Ш.Ҳасанов, 81).
«Қизилқум»: Е.Черемисин, Э.Бойдуллаев, А.Саноев, Ф.Қамбаров, А.Геворкян, М.Убайдуллаев, Ш.Жўраев (Г.Квесиешвили, 87), Э.Григалашвили, М.Қосимов (Э.Бойматов, 40), И.Нагаев (Н.Йованович, 69), С.Мустафоев.
Огоҳлантиришлар: С.Қулматов (18) - М.Қосимов (17), Ф.Қамбаров (83), Э.Бойматов (90+3).
Назоратчи: Рашид Айтеков.
Комиссар: Баҳодир Мирзаев.
-------------------------------------------------------------------------
Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Мухлисларга маъқул келадиган қизиқарли ўйин гувоҳига айландик. Қулай имкониятлардан унумлироқ фойдаланганимизда, ҳисоб умуман бошқача кўриниш олиши мумкин эди. Бироқ футбол шуниси билан қизиқ. Сафарда дуранг - ёмон натижа эмас. Муҳими, йигитлар яхши ҳаракат қилишди. Рақиб жамоага кейинги учрашувларида омад тилайман.
Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Мураккаб ўйин. Имкон борича яхши ҳозирлик кўргандик. Хусусан, рақиб жамоа ўйинини обдон таҳлил қилдик, атрофлича ўргандик. Гарчи «Қизилқум»нинг охирги вақтларда қарши ҳужумда анча шиддатли ўйнаётганини билсакда, кутилмаган вазиятларда гол қўйиб юбордик, барибир.
Ҳимоячилар хатоларга йўл қўйишди. Ўзи кўплаб учрашувларда тезкор гол қабул қиляпмиз. Руҳий жиҳат устида ҳам яхшигина ишлашимиз керакка ўхшайди. Зеро, буёғига ҳар бир баҳсда ғалабани кўзламасак, имкон борича кўпроқ очко жамғармасак бўлмайди...
-------------------------------------------------------------------------
«ҚЎҚОН-1912» - «НАСАФ» - 1:1 (0:0)
13 сентябрь. Қўқон. «Марказий» стадиони. 2682 томошабин.
Ҳакамлар: Равшан Эрматов, Абдуҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидов, Даврон Акмалов.
Голлар: Ж.Сиддиқов (63) - Б.Абдухолиқов (70).
Фойдаланилмаган: Б.Давлатов (19, Н.).
«Қўқон-1912»: Ў.Юсупов, Ғ.Комилов, Ж.Сиддиқов, О.Рустамов, Қ.Рўзиев, С.Бердиев (М.Ҳасанов, 84), А.Мерзляков, Д.Гожкович, М.Милич, Ж.Ҳакимов (Б.Акрамов, 87), И.Маликжонов (Н.Отақўзиев, 84).
«Насаф»: С.Қувватов, М.Каримов, Ғ.Ғайбуллаев, О.Ҳамробеков, А.Сафаров (А.Мозговой, 89), Б.Абдухолиқов, Ш.Муҳиддинов, Д.Нарзуллаев, Б.Давлатов (И.Рашидхонов, 81), С.Раҳматов (Д.Саитов, 72), У.Эшмуродов.
Огоҳлантиришлар: И.Маликжонов (77), Ғ.Комилов (84) - Ғ.Ғайбуллаев (24), Д.Нарзуллаев (35), Д.Саитов (90+4).
Назоратчи: Радик Серазитдинов.
Комиссар: Бахтиёр Намозов.
-------------------------------------------------------------------------
Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Бугун очиқ футбол кўрдик. Ҳар икки жамоада голга тортадиган вазиятлар кўп бўлди. Бугунги режамиз ҳимояга эътибор қилиб, қарши ҳужумда ўйнаш эди. Дейлик, пенальти айнан қарши ҳужум меваси эди.
Агар сўнгги дақиқаларда Шароф Муҳиддинов вазиятдан фойдаланганида, ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Бобур Давлатов пенальтидан фойдаланолмаган бўлса-да, бугун фаол тўп сурди. Умуман, унинг салоҳияти юқори. Ўйиндан олдинги машғулотларда Бобур пенальти тепишда яхши натижа кўрсатгани боис, унга ишонч билдирдик.
Бу сафар шунчаки, омади чопмади. Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, «Қўқон-1912»га қарши ўйинлар ҳамиша очиқ ва қизиқарли кечади. Яъни ҳар икки жамоа ҳужумкор футболга таянади. Менимча, бугунги ўйин ҳам мухлисларга манзур тушди.
Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Ўйин чиройли, шиддатли руҳда ўтди. Футболчилар яхши ҳаракатланишди. Барча майдонда борини берди. Айниқса, Сиддиқовнинг голи жуда чиройли чиқди. Фақат гол қўйиб юборилган вазиятда футболчилар эътиборни бироз йўқотишди.
Бугун дуранг билан чекланган бўлсак-да, шогирдларимга раҳмат айтаман. Жамоамизни ажо-йиб тарзда қўллаб-қувватлаган мухлисларга ҳам миннатдорчилик изҳор этаман. Ўйлайманки, ўйин сифати мухлисларга ёқди. Такрор айтаман, Суперлигада ҳар бир учрашув шундай шиддатли кечади.
Бунга яна бир бора гувоҳ бўлдик. Жамоам икки бўлимда икки хил тактика қўллади. Албатта, ўнг қанот ҳимоясида Мурод Холмуҳаммедовнинг йўқлиги яққол билинди. Ойбек Рустамов эса терма жамоадан яқинда келди, балки шунинг учун ўйинга киришиб кетиши бироз қийин бўлгандир. Аслида Ойбек ҳам савияли футболчи.
---------------------------------------------------------------------------
«МЕТАЛЛУРГ» - «ЛОКОМОТИВ» - 0:1 (0:1)
14 сентябрь. Бекобод. «Металлург» стадиони. 6712 томошабин.
Ҳакамлар: Владислав Цейтлин, Темур Галеев, Александр Сидоров, Комил Расулов.
Гол: И.Алибоев (31).
«Металлург»: Ж.Илёсов, А.Отахонов, Ш.Шайманов (М.Исаев, 57), З.Ўринбоев, А.Тошқўзиев (М.Султонов, 74), З.Абдуллаев, С.Андреев, Ш.Файзиев, А.Исматуллаев, Б.Пардаев (С.Нуруллоев, 46), З.Тўраев.
«Локомотив»: И.Нестеров, К.Махарадзе, С.Абдуллаев, И.Алибоев, М.Бикмаев (С.Мирзаев, 75), И.Тўхтахўжаев, С.Шоаҳмедов, С.Рашидов (Т.Абдухолиқов, 71), О.Зотеев, А.Исмоилов, И.Йелич.
Огоҳлантиришлар: Ж.Илёсов (11), А.Исматуллаев (33) - О.Зотеев (75), И.Нестеров (89), С.Мирзаев (90+3).
Четлатиш: М.Бикмаев (90+4, захирадан, Л.).
Назоратчи: Арслон Ҳотамов.
Комиссар: Лазиз Қўчқоров.
-------------------------------------------------------------------------
Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи): - Ўйин шундай кечишини олдиндан тахмин қилгандик. «Металлург» ўз майдонида рақибга жиддий босим уюштиришини ҳисобга олиб, тайёргарлик кўргандик. Мана, йигитлар майдон эгалари босимини енгиб ўтишди. Агар қулай имкониятлардан яхшироқ фойдаланганимизда, сўнгги дақиқаларда хавотир остида ҳаракат қилмасмидик...
Мени ҳайрон қолдирган жиҳат - захирада ўтирган футболчимизнинг қизил карточка олгани. Ўша вазиятга яқин эдим ва ҳаммасини эшитиб турдим. Футболчи ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилгани сабаб, бироз қизишди, холос...
Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи): - Ўйинда осон бўлмади, албатта. Зеро, бугунги рақибимиз ўта жиддий эди. Бемалол айтаман, йигитлар майдонда чўчимай тўп суришди. Улар қўлдан келганича ҳаракат қилишди.
Дейлик, жамоамиз ҳимояга ётиб олгани йўқ. Лекин футболда рақибга нисбатан кўпроқ гол урган жамоа ғалабага эришади. Бугун бир қатор вазиятлар яратган бўлсак-да, гол уришда омадимиз чопмади. Бунда «Локомотив» ҳимоя чизиғи ишончли ўйнаганини таъкидлашим керак. Яна нима дердим, рақибни ғалаба билан табриклайман.
--------------------------------------------------------------------------
«НАВБАҲОР» - «ПАХТАКОР» - 3:3 (1:0)
14 сентябрь. Наманган. «Марказий» стадиони. 22650 томошабин.
Ҳакамлар: Азиз Асимов, Руслан Серазитдинов, Алишер Усмонов, Акмал Раҳимов.
Голлар: А.Нўъмонов (40), А.Турғунбоев (77), И.Голбан (90) - Д.Черан (48), И.Гонсалвеш (71-пен.),
Ф.Сайфиев (80).
«Навбаҳор»: Б.Эргашев, И.Голбан, Ш.Каримов, А.Турғунбоев, А.Нўъмонов, Д.Жабборов (И.Бойдедаев, 83), М.Ғофуров, А.Алиев, Д.Ҳошимов, Д.Никач (А.Алланиёзов, 90+3), Д.Станоевич.
«Пахтакор»: Э.Суюнов, А.Шораҳмедов, Ш.Аъзамов, А.Аҳмедов, Д.Раҳматуллаев, Ж.Машарипов (Ж.Яхшибоев, 88), И.Гонсалвеш (К.Тожиев, 84), Е.Кримец, Ф.Сайфиев, Д.Черан, Т.Безерра.
Огоҳлантиришлар: Д.Ҳошимов (29) - Е.Кримец (29).
Назоратчи: Дмитрий Роман.
Комиссар: Маъмур Саидқосимов.
-------------------------------------------------------------------------
Шота Арвеладзе («Пахтакор» бошмураббийи): - Биринчи навбатда, ажойиб муҳитда ўйнаганимиз мароқ бағишлаганини алоҳида таъкидламоқчиман. Умид қиламанки, бир кун келиб, «Навбаҳор» стадиони майдони ҳолатини яхшилашади. Намангандаги майдон Ўзбекистондаги энг ёмонларидан бири. Шундай фантастик муҳит ва супермухлислари бор ажойиб жамоанинг бундай майдонда ўйнаши...
«Навбаҳор» янада яхши ва чиройли ўйнашни истаса, унда аввало, майдонини тўғрилаши керак. Ўйинга келсак, ўз хатоларимиз оқибатида голлар қўйиб юбордик, шунингдек, рақиб ҳам. Ҳисобда икки бора олдинга чиқиб олиб, якунда ғалабани бой берганимиздан афсусдаман. Майдон ҳолати ҳақида илк бор гапириб турибман.
Аввалги ўйинда ютқазганимиз боис, баҳона бўлиб қолмаслигини ўйлаб, бу ҳақда оғзимни очмагандим. Ўтган сафар бу майдонда нималар топганимиз ҳақида гапирмоқчи эмасман. Йўқ, кимнидир айбламоқчи ёки бармоғим билан кўрсатиш ниятим йўқ. Шунчаки, бу майдон бизга ҳам, «Навбаҳор»га ҳам халақит берди.
Ўзбекистондаги энг зўр мухлислар, энг яхши муҳит эса, албатта, Наманганда. Аммо майдон жуда ачинарли ҳолатда. Агар гапим кимгадир тегиб кетган бўлса, узр. Аммо ҳақиқатни айт-япман. Масалан, Турғунбоев сифатли майдонда ёмон ўйнайдими? «Навбаҳор» ўйини кучайиши, умуман, ўзбек футболи ривожланиши учун аввало, майдонларни яхшилаш керак.
Натижадан қониқдимми? Ўйлашимча, 1 очко олмадик, аксинча, 2 очко йўқотдик. Ҳисоб 0:0 бўлиб турган пайт ҳам 2та вазиятни кўкка совурдик. Тўғри, мағлубиятга учрашимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Чунки жуда қалтис паллада гол қўйиб юбордик. Муҳими, танаффусдан кейин тезкор гол уриб, ўйинга қайтдик. 6та гол, супермухлислар, ажойиб муҳит.
Қисқаси, бундай ажойиб муҳит ва футболни фақат майдон ҳолати бузди. Оддий элементар тўп узатишнинг ҳам имкони йўқ. Танаффусда йигитларга ярим ҳимоядаги муаммоларни тушунтирдим. Улар рақиб жарима майдончасига яқинроқ зонада ўйнашлари керак эди. Пенальти? Негадир ҳеч ким биз урган тоза гол «офсайд» туфайли ҳисобга олинмагани ҳақида сўрамаяпти.
Майли, бу ҳақда гапирмайман. Пенальти бўйича ҳеч нарса деёлмайман - такрорий лавҳани ҳали кўрганим йўқ. Футболчининг реакциясидан унинг қўл билан ўйнагани сезилди...
Фаррух Сайфиев («Пахтакор» ҳимоячиси) - Жуда қийин баҳс кутиб турганини билардик. Мураббий кўрсатмаларини имкон қадар бажардик. Юқори олтилик гуруҳида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Тайёр ғалабани қўлдан чиқардик. Ён ҳакам билан кўп баҳслашдим? Бир вазиятда тўп чизиқдан чиқмагани учун унга эътироз билдирдим. Бор гап шу...
Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Бугун Ўзбекистондаги энг кучли жамоага қарши ўйнадик. Намойиш этилган футбол мухлисларга ёқди, деб ўйлайман. Ахир бундай голлар шоуси кимга ёқмайди? Мени қувонтирган томони, футболчилар 90 дақиқа курашиш кераклигини тушунишди, ҳакам ҳуштаги чалинишига қадар тиним билишмади.
Танланган тактика ҳам иш берди. Тўғри, меъёридан кўп гол қўйиб юбордик. Мен келганимдан буён жамоа Наманганда ҳеч қачон 3та қабул қилган эмасди. Аммо бугун «Пахтакор» билан ўйнаганимизни унутмаслик керак.
- Сардорлик боғичини Даврон Ҳошимов қўлида кўриш кутилмаган ҳол бўлди. Ҳа, жамоа сардори Меҳмонов майдонга тушмади, аммо Дилшод Жабборов сафда эди...
- Бугун 2 нафар асосий футболчимиз - Ўрунов ва Меҳмонов ўйнашмади. Жамоа сардорини эса йигитларнинг ўзлари танлашди. Энди мавсум охирига қадар жамоани айнан Ҳошимов сардор сифатида майдонга бошлаб тушади. Тўғри, унинг ҳисобидаги сариқ карточкалар сони 4тага етди, демак, навбатдаги ўйинни ўтказиб юборади. Хуллас, кейинги баҳсда ҳам бошқа сардор кўрамиз.
- Ўзбекистоннинг энг кучли жамоасига қарши ўйнаганингларни таъкидлаяпсиз. Бу билан «Пахтакор» «Локомотив»дан кучлироқ демоқчимисиз?
- Йўқ, йўқ. Охирги 5 йилни ҳисобга олиб, шу гапни айтдим. Чунки охирги йилларда «Локо» ва «Пахтакор» чемпионлик шоҳсупасидан пастга тушмаяпти. Яна «Бун-ёдкор»ни ҳам унутмаслик керак. «Пахтакор» энг кучли жамоалардан бири.
Ҳар ҳолда, «Пахтакор» номи янграганида, ҳар бир футболчи кўз олдига йирик ва кучли жамоа гавдаланади. Суперлиганинг кучли гуруҳида енгил рақибнинг ўзи йўқ. Чемпионлик учун кураш эса давом этади. Биз майдонга қараб ҳаракатланмаймиз, аксинча, рақибдан келиб чиқиб, ўйин қурамиз.
-------------------------------------------------------------------------
АГМК - «НЕФТЧИ» - 0:1 (0:0)
15 сентябрь. Олмалиқ. АГМК стадиони. 2825 томошабин.
Ҳакамлар: Виктор Серазитдинов, Равил Шояхметов, Темур Гайнуллин, Султонмурод Абдураҳмонов.
Гол: И.Таран (72).
АГМК: Р.Абдулов, А.Ҳожиакбаров, А.Исроилов, М.Музаффаров (Ш.Норбеков, 46), З.Полвонов, Жасур Ҳасанов, Л.Тўраев (К.Мурзоев, 75), З.Пиримов (О.Қиличев, 64), В.Бубанья, Й.Жокич, Ж.Гусейнов.
«Нефтчи»: А.Абдужалилов, Ш.Пўлатов (М.Неъматов, 90+3), А.Исмоилов, А.Сидоров, А.Ўлмасалиев, Ҳ.Ғофуров, Б.Йўлдошев, Д.Тошматов (И.Таран, 71), Ш.Ҳожиматов, Ш.Ҳакимов (А.Абдулҳақов, 57), Д.Турсунов.
Огоҳлантиришлар: Й.Жокич (22) - Ш.Пўлатов (45), А.Исмоилов (59), А.Абдужалилов (88).
Назоратчи: Игорь Нехочин.
Комиссар: Бобур Ҳайдаров.
-------------------------------------------------------------------------
Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» бош мураббийи): - Ма-на, Суперлиганинг ҳал қилувчи босқичи бошланди. Аввалги кунлар бўлиб ўтган учрашувларда ҳам кўрдик, шиддат ва кескинлик жуда юқори. Бугунги баҳс ҳам мустасно эмас, албатта. Иккинчи босқичга яхши тайёргарлик олиб бордик, дея оламан.
Йигитлардан мамнунман. Улар кўрсатмаларни аниқ бажаришди. Дарвозабонимизнинг кўп вазиятларда ҳимоя хатоси «ёпгани» муҳим аҳамият касб этди. Хуллас, якдил жамоа сифатида ўйнаб, ғалабага эришдик.
Бахтиёр Ашурматов (АГМК бош мураббийи): - Чемпионатимиздаги энг муҳим учрашувлардан бирини ўтказдик. Рақиб биздан кўра, ғалабага чанқоқроқ эканлигини намойиш этди. Демоқчиманки, фарғоналиклар ҳақли равишда устун келишди.
Майдонга тушишдан аввал йигитларга ҳам айтгандим - «Нефтчи» аллақачон ўз ўйинини топиб улгурди ва энди бу жамоани осонгина енгиш имконсиз. Ҳа, шогирдларимни яхши тайёрлашга урингандим, аммо бугун омадимиз чопмади. Энди хатолар устида ишлаймиз, эътиборни кейинги ўйинларга қаратамиз.
-------------------------------------------------------------------------
«БУНЁДКОР» - «БУХОРО» - 3:0 (2:0)
15 сентябрь. Тошкент. «Миллий» стадиони. 4250 томошабин.
Ҳакамлар: ТемурТўхтасинов, Зиёдулло Абдураҳмонов, Анвар Маражабов, Равшан Абдувоҳидов.
Голлар: М.Тошматов (19), Ш.Нурматов (39), Ж.Иброҳимов (51).
«Бунёдкор»: М.Зуҳуров, Р.Ашурматов, А.Комилов, Д.Жўраев, Ж.Иброҳимов (А.Абдуллаев, 81), Ш.Нурматов (Ф.Райевац, 66), М.Тошматов, С.Собирхўжаев, М.Сулаймонов, Х.Ғиёсов (С.Қодирқулов, 77), М.Қосимов.
«Бухоро»: А.Турсунбоев, Б.Омонов, А.Аманов, Ш.Саломов, С.Шихов, Р.Бердимуродов, Ш.Муллажонов, Р.Ҳасанов, М.Жумаев (Б.Шодмонов, 46), С.Неъматов (В.Чемиртан, 46), А.Ибрагимов (Қ.Баҳодиров, 57).
Огоҳлантиришлар: Ф.Райевац (90) - А.Ибрагимов (40), Ш.Муллажонов (70).
Назоратчи: Сайфиддин Эрматов.
Комиссар: Шерзод Ражабов.
-------------------------------------------------------------------------
Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - «Бунёдкор» бизни ҳар жабҳада мағлуб этди ва ҳақли равишда 3 очко олди. Айниқса, биринчи бўлимда қўпол хатоларга йўл қўйиб, 2 бора тўп ўтказиб юбордик. Рақибни ғалаба билан табриклайман.
Зеро, мезбонлар биздан кўра, тезкорроқ ўйин намойиш этишди. Жамоа ютқазса, айб мураббий гарданига тушади. Демак, бугунги мағлубият менинг зиммамда.
Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - На-тижадан мамнунман. Ваҳоланки, ўйинга тўлиқ таркиб билан етарлича ҳозирланолмагандик. Чунончи, аксарият футболчиларимиз турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз ихтиёрига кетишганди.
Хуллас, 3-4 кунгина бирга шуғулландик. Шундай бўлсада, йигитлар мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этишди. Бунинг учун улардан миннатдорман ва бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга ҳам раҳмат. Улардан стадионга кўпроқ келишларини сўраган бўлардим...
Клубларнинг расмий сайтларидаги маълумотлардан ҳам фойдаланилди
ТУР СТАТИСТИКАСИ
Ўйин: 6, Гол: 17 (ўртача: 2,83...)
Томошабин: 41556 (ўртача: 6926), Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Пахтакор» (22650)
Мезбонлар ғалабаси: 1, Меҳмонлар ғалабаси: 2, Дуранг: 3
Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Бунёдкор» - 3:0), Энг сермаҳсул ўйин: «Навбаҳор» - «Пахтакор» (6та гол)
Огоҳлантириш: 23 (ўртача: 3,83...), Четлатиш: 1 (ўртача: 0,16...)
Энг «қўпол» ўйин: «Металлург» - «Локомотив» (1та «қизил» + 5та «сариқ»)
Пенальти: 3 (1таси самарасиз), «Дубль»: - , «Хет-трик»: - , Автогол: -
ЮҚОРИ ОЛТИЛИК
Жамоалар Ў Ю Д М Т-Н О
1 Локомотив 11 6 3 2 15-10 21
2 Навбаҳор 11 6 2 3 16-10 20
3 Пахтакор 11 5 3 3 16-7 18
4 Бунёдкор 11 5 2 4 18-14 17
5 Металлург 11 2 3 6 8-20 9
6 Бухоро 11 2 1 8 8-20 7
ҚУЙИ ОЛТИЛИК
Жамоалар Ў Ю Д М Т-Н О
1 Қизилқум 11 6 2 3 14-10 20
2 Насаф 11 4 5 2 8-6 17
3 АГМК 11 4 4 3 13-11 16
4 Қўқон-1912 11 3 5 3 10-7 14
5 Сўғдиёна 11 2 4 5 10-15 10
6 Нефтчи 11 2 4 5 6-12 10
24-ТУР
22 сентябрь (шанба)
«Нефтчи» - «Насаф»
«Пахтакор» - «Бухоро»
«Қизилқум» - «Қўқон-1912»
23 сентябрь (якшанба)
«Локомотив» - «Бунёдкор»
«Навбаҳор» - «Металлург»
АГМК - «Сўғдиёна»
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20