Қайднома

Қидирув

Антуан Гризманн: «Ҳозирча услубимизни ўзгартирмоқчи эмасмиз»

Антуан Гризманн: «Ҳозирча услубимизни ўзгартирмоқчи эмасмиз»

  18.09.2018 06:17
  0
  783
Антуан Гризманн: «Ҳозирча услубимизни ўзгартирмоқчи эмасмиз»

Гризманн Россияда ўтказилган ЖЧ-2018 чемпионлари сафидаги энг ёрқин юлдузлардан бири бўлди. Антуан асосий соврин ёнига Европа Лигаси ғолиблиги ва УЕФА Суперкубогини ҳам қўшиб қўйди.

Франциялик ҳужумчи ФИФА талқини бўйича 2018 йилнинг энг яхши футболчиси номига даъвогарлар 11лигидан жой эгаллаганди. У голларини видеоўйинлардаги рақслар билан нишонлайди. Гризманн ҳужжатли фильмда «Барселона»га ўтишни рад этиб, Мадриднинг «Атлетико» клубида қолишини билдираркан, ушбу қарорни қабул қилиш осон бўлмаганини пайқаш қийин эмасди.

Антуан баскетболни футболдан кам яхши кўрмайди, оддий ишқибозлар сингари МБАдаги кумирлари билан суратга тушади. У ўзини 100 фоиз француз ва уругвайлик деб билади... Футболчи Гризманн - фавқулодда қобилият эгаси.

Франция термаси юлдузи учун бу йил чин маънода муваффақиятли келди. Клублар иштирокидаги навбатдаги мавсум авж палласига кираётган бир пайтда Антуан ФИФА расмий сайтига интервью бериб, сўнгги ойларда кузатилган ҳаяжонли дамлар ҳақида гапирди.

- Франция термаси билан мундиалда зафар қучиш, «Атлетико» сафида Европа Лигаси кубогини қўлга киритиш, яқинда ўтказилган УЕФА Суперкубогида ғолиб чиқиш, ФИФА талқини бўйича энг яхши футболчи номига даъвогарлар сафидан ўрин эгаллаш... Антуан, жорий йилга ўзингиз қандай баҳо берасиз?

- Бу фаолиятимдаги ўта аҳамиятли йил бўлди, чунки у менга бирданига учта мукофотни туҳфа этди. 2016 йилги иккита финал - Чемпионлар Лигаси ва Евронинг ҳал қилувчи ўйинидаги мағлубиятдан сўнг янги муваффақиятлар сари интилдим, улар мен учун муҳим эди, ахир мақсад ҳам шуда - совринлар ютишни хоҳлайман.

Шунчаки бахтиёрман ва йилни шундай кўтаринки кайфиятда ўтказганимдан фахрланаман. Йил футболчиси даъвогарлари сафига қўшишгани ҳам қувонтирди. Буларнинг барчасига терма жамоа ва клубдаги шерикларимнинг қўллаб-қувватлашлари, беминнат ёрдамлари эвазига эришдим.

- Анчадан буён «Месси ва Роналду даври» тугагани ҳақида гапириш-япти, аммо йиллар ўтсада, улар чўққининг энг баланд қисмини эгаллаб туришибди. Бу йил қандай бўларкин?

- Дарҳақиқат, ушбу футболчилар анчадан буён юқори савияда тўп суришмоқда. Улар ўз ўйинлари билан ўзларининг устунликларига заррача шубҳа қолдиришмаяпти, барча ютуқларни энг яхши жамоаларда амалга оширишмоқда.

Демакки, «Криштиану, Месси ва бошқалар» иерархияси ҳали яна сақланиб қолса керак. Уларнинг ортидан бораётганлар етакчиларга яқинлашишга интилишмоқда, аммо орадаги масофа ҳамон жуда катта.

- Ушбу футболчилар ўзаро рақобат бир-бирларининг янада ўсишларига сабаб бўлаётганини тан олишади. 2016 йили уларнинг тахтдаги ўрнини эгаллашга жуда яқин боргандингиз. Шундай ҳолатлар сизда ҳам мотивация пайдо қиладими?

- Ҳамиша бир йил аввалгидан яхшироқ бўлишга интиламан, ахир бундай хоҳишсиз мавсум давомида 50-60талаб гол урадиган Месси ва Криштиануга яқинлашиш янада қийинлашади. Ҳозирча бу икковлон бошқа даражадалар. Уларга қайсидир алоҳида йилда кураш таклиф қилиш мумкиндир, аммо буни ҳозирги мавсумларда уддалашнинг имкони топилмаяпти.

Мен ўзимни Неймар, Левандовски, жорий йил ўйини очилган Мбаппе, Азарга тенглаштираман... Мукаммаллик сари интилиб, бошқалар қандай тўп сураётганини кузатишда давом этаман.

- Эрталаб туриб, ўзингизга «Мен - жаҳон чемпиониман», дейиш қандай ҳиссиётларни тақдим этаркан? Россияда ўтган мундиалдаги ғалабанинг аҳамиятини тўлиқ англаб улгурдингизми?

- Йўқ, чунки бунинг учун вақт бўлмади. Мунтазам ўйнаймиз, машғулот ўтказамиз... Европа Суперкубоги, Ла Лига, мана энди, миллий жамоа йиғинига қўшилдик. Аммо қайсидир жиҳатлар бўйича нималардир ўзгаргани сезилади.

Масалан, Франция термаси либосида энди иккинчи юлдуз пайдо бўлди. Лекин барибир, ЖЧдаги ютуқ аҳамиятини тўлиқ англаб улгурганимча йўқ... Термамиз ҳақида гапирадиган бўлсам, аввалгидек меҳнат қилишдан тўхтамаслигимиз лозим. Икки йилдан сўнг Европа чемпионати ўтказилади ва биз мазкур турнир бош совринини ҳам ўзимизники қилмоқчимиз.

Сўнгра бор эътибор Қатарда ўтказиладиган мундиалга қаратилади. Жамоамиз жуда ёш, эҳтимол, у ЖЧ-2018даги энг ёш терма бўлгандир. Айнан шу жиҳат бизга асқотишига ишонаман.

- Жорий йил ўтказилган жаҳон чемпионати арафасида Франция термаси бош соврин учун асосий даъвогарлар сафида қайд этилганди. Аммо аксарият фаворитлар финишдан анча олдин иштирокни якунлашди. Сиз учун қайси жамоанинг омадсизлиги энг кутилмагани бўлди?

- Шахсан менга Бразилия термасининг чорак финалдаёқ иштирокини тўхтатиши катта сюрприз бўлди, чунки пентакампеонлар Россияга жуда кучли таркиб билан ташриф буюришганди. Саралаш ўйинларида ҳам бразилияликлар ўз гуруҳларида фақат бир марта ютқазишди. Чунончи, Жанубий Америкадаги квалификация баҳслари - ҳар қандай жамоа учун қийин синов.

- Бразилия термасининг мағлубиятидан сўнг ярим финал тўртлиги Европа жамоаларидан ташкил топиши аниқ бўлиб қолди. Сизнингча, бу вазият тақозосими ёки Европа ва бошқа қитъа вакиллари ўртасидаги тафовут ошган, десак тўғри бўладими?

- Фикримча, Европа термалари тактик жиҳатдан яхшироқ тайёргарлик кўришган. Бу жамоаларни тактикага катта эътибор қаратадиган, умуман, ушбу таркибий қисм устида кўп ишлайдиган мураббийлар шуғуллантиришади. Сўнгги мундиалда асосий ролни айнан тактик тайёргарлик ўйнади, деб ўйлайман.

- Франция термаси Евро-2016 финалидаги омадсиликдан икки йил ўтиб, жаҳон тожига эришди. Шу икки финалдаги воқеалар ривожидан келиб чиқиб, «учранглилар»га 2016 йилги ҳал қилувчи ўйинда айнан нима етишмагани ойдинлашдими?

- Бизга бироз омад кулиб боқди. Бусиз финалда зафар қучиш қийин, қолаверса, таркибимиз ҳам бироз ўзгарганди. Евро-2016 билан солиштирганда, мундиалда ҳужум чизиғимизнинг кучи анча ошганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, ҳимоячилар ҳам ишончли тўп суришди.

- Жаҳон чемпионати пайтида Франция термаси манзилига, худди Мадриднинг «Атлетико» клубида бўлгани каби, кўплаб танқидлар ёғдирилди. Нима, тўпни назорат қилиш бўйича рақибига имкониятни бой берадиган жамоанинг ғалабаси чиндан ҳам унчалик шарафли ҳисобланмайдими?

- Ҳаммасига Гвардиола ва у ишлаган пайтдаги «Барселона» сабабчи (кулади). Бутун дунё 4-3-3 схемасида, «тики-така» услубида ўйнашни хоҳлади, чунки барчанинг кўзига каталонияликларнинг муваффақияти кўринаверди. Аммо «тики-така»ни мукаммал амалга ошириш учун муайян футболчилар ва шунга мос ўйин фалсафаси керак бўлади.

Мисол учун, биз кўрдикки, «Барса» академияси тарбияланувчилари болалигидан шу услубга мослаштириб борилди. Франция эса жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш учун зарур бўладиган футболни намойиш этди. «Атлетико» ҳақида ҳам худди шундай фикр билдиришим мумкин. Муҳими, ҳозирча услубимизни ўзгартирмоқчи эмасмиз.

- Россияда ўтказилган қайси ўйин...

- Перуга қарши баҳс (кулади). Қайси учрашув қийин ўтганини сўрамоқчи эдингиз, шундайми? Ҳа, перуликлар билан ўйинда қийналдик. Қайсидир маънода, айнан ўша беллашув 4-4-2 схемасига ишонишимизга туртки бўлди. Натижада турнирнинг қолган баҳсларида шу услубда тўп сурдик («учранглилар» мундиални 4-3-3 тактик схемасида бошлашган, аммо Перу билан ўйин пайти уни ўзгартиришганди).

Трибуналар деярли перуликлар билан лиқ тўлганди, шу боис ўзимизни худди уларнинг майдонида тўп сураётгандек ҳис қилдик. Жуда мураккаб ҳолатга тушиб қолдик, аммо дарвозамиз олдида ишончли тўп сурдик, жамоамиз юқори бирдамликни намойиш этди. Перуликлар Россияда ўзларини кўрсатишди, лекин уларга тажриба етишмади, чоғи.

- Мундиал бошлангунга қадар «Атлетико»да қолишингиз ҳақида эълон қилгандингиз. Эътиборлиси, бу ишни «Иқрорлик» ҳужжатли фильми орқали амалга оширдингиз. Нима деб ўйлайсиз, бу каби новаторлик форматини бошқа ҳамкасб футболчиларингиз ҳам такрорлашлари мумкинми?

- Янги тренд асосчисига айланаманми, билмадиму, лекин мен шунчаки кадр ортида қолиб кетаётган нарсаларни кўрсатишга интилдим. Томошабин қандай қийинчиликлардан ўтаётганимизни кўришини хоҳладим. Кўзингизга уйқу келмайдиган вазиятлар, рафиқангиз, ота-онангиз, дўстларингиз билан маслаҳатлашаётганингиз...

Баъзан шундай ҳоллар кузатиладики, деярли қабул қилиб бўлган қарорингизни эртаси куни тонгда ўзгартиришингиз ҳеч гапмас. Мен айнан шуларни кўрсатмоқчи бўлдим. Кимгадир фильм ёқди, айримларга эса йўқ, бироқ мақсадим қандайлигини юқорида айтиб ўтдим.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz