Қайднома

Қидирув

Марсело: «Охиригача «Реал»да қоламан»

Марсело: «Охиригача «Реал»да қоламан»

  19.09.2018 06:11
  0
  1401
Марсело: «Охиригача «Реал»да қоламан»

«Реал»нинг бразилиялик етакчи ҳимоячиси Марсело турли гап-сўзларга бепарво қарамоқда. Мисол учун, унинг Криштиану Роналду ортидан «Ювентус»га йўл олиши ҳақида жуда кўп гапирилди, аммо бу амалда тасдиқлангани йўқ.

Хуллас, Марсело Real Madrid TV журналистлари билан суҳбат чоғи кетиши хусусида тарқалган хабарларга тўхталиш баробарида «Қироллик клуби» ўйинидаги роли ва янги жамоадоши Винисиус Жуниор ҳақида фикр юритди.

ЎЙИН УСЛУБИ

- «Мадрид»да ҳамиша бор куч-қувватни сарфлаш талаб этилади. Ҳимояда ҳам,  ҳужумда ҳам. Мабодо тўпни йўқотиб қўйсанг, 5-10 метрга югуриб, уни тезда қайтариб олишинг шарт. Бу 60-70 метр ортга қайтишдан осонроқ, ҳар ҳолда. Жамоанинг ўйин фалсафаси шу. 

РУҲИЙ ТАЛАБЧАНЛИК БОСИМИ

- Аввалига юқори талаблар босими футболчиларга оғирлик қилиши мумкин. Лекин ҳар бир ғалаба ва муваффақиятли лаҳза бизни янада кучлироқ иштиёқ билан олға боришга ундайди. Албатта, ўйин давомида югура-югура чарчаймиз, аммо ғалаба лаззати ва қимматли очколар ҳорғинликни тезда тарқатиб юборади. Бу - «Реал»нинг йўли, бизнинг йўлимиз.

ЭЛИТАДА 13 МАВСУМ

- Ҳар сафар янги чемпионат арафасида аввалги барча муваффақиятларни батамом унутаман, ўзимни ҳали ҳеч нарсага эришмаган футболчи ўрнига қўйиб кўришга уринаман. Ана шу чан-қоқлик - мен учун ҳақиқий мотивация.

Оддий айтганда, одатда қўлга киритилган совринлар эмас, балки олдинда турган марралар ҳақида ўйлайман. Энг асосийси, ҳар доим ғалаба йўлида бор маҳоратимни ишга соламан.

«РЕАЛ» ШАРАФИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

- Муҳими, жамоада барчасидан мамнунман. «Реал» мен учун аллақачон иккинчи уйга айланганию, узоқ муддатли шартнома остига имзо чекканимни кўпчилик яхши билади. Қисқаси, бу ерда жуда бахтиёрман. Шахсан мен учун «Мадрид»дан улуғворроқ жамоа йўқ. Ўзим эса табиатан энг буюк клубда ўйнашга мойилман.

Шунинг баробарида энг буюк жамоага лойиқ бўлишга ҳаракат қиламан. Тўғри, майдонда шунчаки, ўз бурчимни бажаришда давом этяпман. «Реал»даги ҳар бир лаҳза ва ўйин, ҳаттоки, машғулот ўзгача қувонч бағишлайди. Кийиниш хонаси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Асосий мақсад - клубнинг доимо чўққида юришига ҳисса қўшиш асносида мухлислар меҳрини қозониш. Ёш масаласи?

Ҳа, анча улғайдим. Лекин дейлик, 18 ёшли пайтдагига қараганда, эътиборлироқман. Хусусан, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қиламан. Шундай ёндашув билан узоқ вақт юксак савияда тўп суриш мумкин. Биламан, қачондир ўрнимга муносиб даъвогар чиқади. Аммо бундан хавотирга тушадиган ёшда эмасман.

ВИНИСИУС ЖУНИОР ҲАҚИДА

- У ҳали болакай. Тўғри, мен Мадридга 18 ёшда келганман ва дарҳол ўзимни катталардек ҳис этгандим. Лекин бу нотўғри эканлигини кейинроқ тушундим. Демоқчиманки, Винисиус ҳали жуда ёш, демакки, катталар ўгитига қулоқ тутиши - ижобий ҳолат. Рамос ва Каземиро у билан тез-тез суҳбатлашадилар.

Мен ҳам вақт ва маслаҳатларимни сира аямайман. Муҳими, Жуниор тўғри йўлда. Мен келган даврда таркибда бразилияликлар кўпчилик бўлишгани учунми, янги муҳитга мослашишим осон кечганди. Жуниор бу борада сабр қилиши керак. 

«ЮВЕНТУС»ГА ЎТИШ МИШ-МИШИ ВА ҲАҚИҚАТ

- Ижтимоий тармоқлар - мухлисларга шахсий ҳаётни кўз-кўз қилиш воситаси. Лекин баъзилар бемаъни миш-мишларни тарқатиш орқали асл воқеликни бошқача кўрсатишга уринадилар. Бундай ҳолатлар мени янада кучлироқ иштиёқ билан тўп суришга ундайди. Гапим шуки, охиригача «Мадрид»да қоламан.

ТАНҚИДГА МУНОСАБАТ

- Танқидлар таҳлилига миямдан жой ажратмаганман. Умуман, мақтовларга ҳам, эътирозларга ҳам эътибор бермайман. Мабодо ўйиним қовушмай қолса, буни ўзим дарров сезаман ва камчиликларни имкон қадар тезроқ бартараф этиш чорасини қидираман. Бунинг учун танқид эшитиш шарт эмас.

БУГУНГИ «РЕАЛ» ШАЪНИ

- Бизни афсонавий ди Стефанога қиёслашаётганининг ўзи катта шараф! Тўғри, бу борада кўп ўйламаслик керак, лекин буюклар қаторида тилга олинишдан кучлироқ мотивация йўқ.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz