Қайднома

Қидирув

«Кўҳна қитъа»дан «янги дунё»га

«Кўҳна қитъа»дан «янги дунё»га

  21.09.2018 06:06
  0
  634
«Кўҳна қитъа»дан «янги дунё»га

Август ойи ўрталарида Ла Лига раҳбарияти «Релевент Спортс» медиакорпорацияси билан шартнома имзолади. 15 йилга мўлжалланган ҳужжатда Испания чемпионатининг бир қатор учрашувларини АҚШ ва Канада майдонларида ўтказиш кўзда тутилган.

Энди Ла Лига спектаклларига Мексикадан ҳам таклифлар тушаётгани маълум қилинди. Қуйида келишув ташаббускорлари ва Пиреней ярим оролининг бунга муносабати ҳақида ҳикоя қиламиз.

КЕЛИШУВ ИШТИРОКЧИЛАРИ

Биринчи шахс: Стивен Росс, «Релевент Спортс» президенти, америкалик миллиардер. У «Майами Долфинс»ни харид қилишидан аввал 26 ёшли пайтида 3та ихтисос бўйича олий маълумот олишга улгурган: ҳисобчилик соҳасида бакалавр, адлия бўйича доктор ва солиққа тортиш мутахассиси.

Олий ўқув масканига миннатдорчилик сифатида ҳар йили Мичиган университетининг равнақи учун маблағ ажратади. Асосан кўчмас мулк савдоси билан шуғулланадиган бизнесменнинг бойлиги «Форбс» журнали томонидан 5 млрд. доллар атрофида баҳоланган.

Росс 2011 йилда Мексиканинг «Чивас» ва Испаниянинг «Барселона» клублари ўртасидаги беллашувни томоша қилгач, унда одатий ўртоқлик учрашувини кўпроқ манфаат келтирадиган тадбирга айлантириш ғояси пайдо бўлди. Чунки ўша куни ўта иссиқ ҳаво ҳароратида Майамидаги стадион 70000дан кўпроқ мухлисни ўз бағрига олганди.

Икки йилдан кейин дастлабки International Champions Cup турнири ташкил этилди. У Шимолий Америкада Европа футболига қизиқиш кучли эканини исботлади.

Росснинг таъкидлашича, мазкур келишув «Янги дунё»да футболнинг ривожига улкан ҳисса қўшади: «Биз Шимолий Америка мезбонлик қиладиган ЖЧ-2026 турнирига муносиб тайёргарлик кўрамиз».

«Майами Долфинс» соҳиби АҚШдаги илк расмий учрашувни белгилашда бевосита иштирок этди: 27 январь куни «Барселона» - «Жирона» (21-тур) Росс тасарруфидаги жамоанинг уй стадионида бўлиб ўтади.

Иккинчи иштирокчи: Хавьер Тебас, Ла Лига президенти.

Испания чемпионатининг амалдаги раҳбари жанжалкашлиги ва исёнкор руҳдаги луқмалари билан ном қозонган. Унинг «Реал»га алоҳида меҳри, бадавлат клублар ва УЕФА амалдорларига нисбатан танқидий қарашлари, Ла Лига баҳсларининг Америкага «экспорти» хусусидаги қарама-қарши фикрлари барчамизга яхши таниш.

Тебас келишув имзоланишидан аввал ҳам бу ғояни илгари сурганди. Ла Лига учрашувлари вақти осиёлик мухлислар учун қулай бўлиши хусусида бош қотирмоқда. Кейин Примера ва Сегунда клубларига Саудия Арабис- тонидан футболчилар кела бошладилар.

Тўғри, Россиядаги ЖЧ боис, ёзда талаб даражасида малака оширишнинг иложи бўлмади. 16 августда шартномага имзо чекилганида Тебас қувончини яшириб ўтирмади: «МБА ва МФЛ ўз ўйинларини қитъа ташқарисида ўтказганларида, нега энди Ла Лига бу ишни қилмаслиги керак?

Ўз нуфузимизни ошириш биз учун ҳам жуда муҳим. Мен бу янгилик клублар манфаатига зарар келтирмаслигига кафолат бераман». Лекин шартнома ИФФ рухсатисиз имзолангани Ла Лига президентини ноқулай вазиятга солиб қўйди.

Қолаверса, 22 августда «сардорлар исёни» бўлиб ўтди: Испания футболчилар ассоциациясида 14 жамоанинг сардорлари ички чемпионат ўйинларининг Шимолий Америкага кўчирилишига қарши чиқдилар.

Эртасига президент қисқача изоҳ берди: «Эль-класико»ни Нью-Йорк-да ўтказиш ғояси мантиқдан йироқ. Айниқса, лига доирасидаги мусобақаларда». Хуллас, Ла Лига мураккаб вазиятда қолди: келишув имзоланган, касаба уюшмаси эса норози.

Афтидан, бу зиддият дон Тебасни ортиқча ташвишлантирмаяпти. Ҳар қандай ҳолатда ҳам 56 ёшли амалдор «сувдан қуруқ чиқиши» мумкин: низомга биноан, лига бирор-бир жамоани Шимолий Америкада ўйнашга мажбур эта олмайди.

Лекин олис масофага бориб-келиш оворагарчилиги ва машғулотлар жараёнининг издан чиқиши мўмай даромад эвазига қопланишига дон Тебаснинг ишончи комил.

Учинчи иштирокчи: Луис Рубиалес, Испания ФФ президенти.

Испан футболининг бош раҳбари ҳозирча вазиятга муносабатини билдирмади. 40 ёшли функционер учун ўз нуфузини авайлаш муҳимроққа ўхшаяпти. У Тебаснинг ғоясига қарши фикр билдириши ҳам мумкин.

Аммо Лопетеги ЖЧ-2018 стартига атиги 2 кун қолганида терма жамоани тарк этганида юзага келган можаро Ла Лига ўйинларини Шимолий Америкага кўчириш шартномасиникидан кам эмасди.

Маълумки, Испания нимчорак финалда Россиядан енгилди. АS газетаси ўтказган сўровда терма жамоанинг мундиалдаги омадсизлигига сабабчи бўлган асосий айбдорни кўрсатиш сўралганди. Иштирокчиларнинг 52,5 фоизи Рубиалесни айблашди.

Бироқ президент бунга парво ҳам қилмади: «Лопетегининг истеъфосидан заррача афсусланган эмасман. Бу мантиқан тўғри қарор, қадриятларимизга мос келади. Қолаверса, истеъфо - спортга оид қарор эмас».

Август ойида эҳтиёткор Рубиалес Испания Суперкубоги туфайли ночор вазиятга тушиб қолди. Ла Лига старти 17-санага белгилангани боис, соврин соҳибини икки учрашув натижасига кўра эмас, битта баҳсда аниқлашга тўғри келди.

Президент мазкур беллашувни Марокашда ўтказишга қарор қилди. Ушбу режа Андалусия клубига маъқул келмади ва у Танжер сафарини бойкот қилишига сал қолди. Мухлислар ҳам Марокашга боришдан бош тортиб, Интернетда норозилик акцияси ўтказишди.

Аммо ташкилотчилар клубга товон пули ажратишди. Испаниянинг етакчи телеканаллари трансляциядан воз кечишди, Танжердаги стадион эса тўлмай қолди. Оқибатда федерация 1 млн.га етмаган даромадга эга бўлди, холос.

25 августда юксак лавозимдаги 100 кунлик юбилейини нишонлаган Рубиалес Ла Лига билан америкалик тадбиркор ўртасидаги ҳамкорликка аралашмасликни маъқул кўрди. Ўйламай босилган бир-икки қадам унинг мавқеига путур етказиб қўйиши ҳеч гапмас.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz