Қайднома

Қидирув

Ҳусниддин Ғофуров: «Купер қаттиққўл мураббий экан»

Ҳусниддин Ғофуров: «Купер қаттиққўл мураббий экан»

  21.09.2018 06:49
  0
  878
Ҳусниддин  Ғофуров: «Купер қаттиққўл мураббий экан»

Маълум муддатли танаффусдан кейин, яъни  ўтган ҳафтада  Ўзбекистон Pepsi Суперлигасининг  иккинчи босқич учрашувлари старт олиб, 23-тур доирасидаги  ўйинлар  бўлиб ўтди.

Мазкур босқич баҳсларига қизиқиш жуда ҳам юқори. Аммо олдинроқ жорий мавсумнинг мазкур тизими кўплаб муҳокамаларга ҳам сабабчи бўлганди. Боиси, «олтин очко» қоидасига ўтилганидан кейин жамоаларнинг  қуйи олтиликдаги  клублардан олган очколари олиб ташланди. Албатта, бу етакчи жамоалар учун аламли ҳолат.

Ахир, катта меҳнат эвазига эришилган ютуқларнинг бекор қилиниши  кимга ҳам ёқарди, дейсиз? Бу ўзгаришлар футболимиз учун фойдали бўладими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади.

Биз 23-тур учрашувлари олдидан «Локомотив»нинг  ҳужумкор ярим ҳимоячиси Ҳусниддин Ғофуровдан интервью олдик. Фаолиятининг каттагина  қисмини Сербия чемпионатида ўтказган ушбу футболчи Эктор Купердан таклиф олди ва ўтган ҳафтада терма жамоамиз таркибида майдонга  тушишга ҳам муваффақ бўлди.

- Ҳусниддин, Pepsi  Суперлиганинг иккинчи босқич бақслари ҳам старт олди. «Локомотив» ушбу босқич ўйинларига қандай тайёргарлик кўрди?

- Юзага келган танаффусдан унумли фойдаланган ҳолда, иккинчи босқич баҳсларига кўнгилдагидек тайёргарлик кўрдик, деб айта оламан. Тайёргарлик жараёни доирасида ўқув-машғулот йиғинидан ташқари, назорат учрашувлари ҳам ўтказдик. Энди ушбу тайёргарликларнинг мевасини иккинчи босқич баҳслари кўрсатиб беради.

- Терма жамоанинг йиғинлари сабабли, «Локомотив»нинг бир гуруҳ футболчилари жамоа билан бирга бўлишмади. Мазкур ҳолат «темирйўлчилар»нинг тўлақонли тайёргарлигига салбий таъсир ўтказмадими?

- Менимча, бу ҳолат бизга унчалик ҳам таъсир ўтказгани йўқ. Чунки, совринли ўринлар учун кураш олиб бораётган қолган клублардан ҳам терма жамоага футболчилар таклиф этилишганди.

Қолаверса, «Локомотив» таркибидаги ўйинчилар анчадан бери бирга елкама-елка тўп суришяпти. Айтмоқчи бўлганим, футболчиларнинг бир-бирларини тушунишлари борасида муаммо йўқ. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади. Ўз ғалабаларимиз билан жамоамиз мухлисларини хушнуд этамиз.

- Иккинчи босқичда 6та клуб чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш олиб боради. Мазкур ўзига хос янгилик, яъни «олтин очко» тизими ҳақида нима дея оласиз? Бу футболимиз учун қанчалик фойдали бўлиши мумкин?

- Ҳозирча ҳаммаси яхши кечмоқда. Олдинда иккинчи босқич учрашувлари бор ва табиийки, унинг якунида бу саволга жавоб олишимиз мумкин.Ҳар қандай ҳолатда ҳам баҳсларнинг қизиқарли тарзда кечишини тахмин қилиш қийин эмас.

Бунга етарлича сабаблар бор. Бу биринчи навбатда чемпионлик учун кечадиган кураш билан боғлиқ. Боиси, мазкур гуруҳда чемпионликка даъвогар жамоалар сони кўп. Кейин иккинчи гуруҳда ҳам Суперлигада жон сақлаб қолиш учун кураш қизғин кечади. 

- Аммо бу тизим кучли олтиликдан жой олган клублар учун аламли ҳолат. Боиси, катта меҳнат эвазига қўлга киритилган очколар бекор қилинади. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?

- Энди ҳамма жамоалар ҳам яхшигина меҳнат қилди. Фақат бу муваффақиятни охиригача ушлаб туриш керак. Агар кучли олтиликдан жой олган жамоалар охиригача кураша олсалар, биринчи даврадаги сиз айтган бекор қилинган очколар эсдан чиқиб кетади.

- «Локомотив» чемпионлик учун курашга тайёрми? Ёки бу борада «Пахтакор» ёки «Навбаҳор» клубларининг имкониятлари юқорими?

- Чемпионлик учун курашга ҳар томонлама тайёрмиз. Менимча, барча жамоаларда имкониятлар деярли бир хил. «Бунёдкор» клуби ҳам чемпионлик учун кураша олади. Ҳозирдан бирорта клубни  алоҳида ажратиб кўрсатиш нотўғри бўлса керак. Ахир, футболда ҳар қандай вазият бўлиши мумкин.

- «Локомотив» биринчи босқичда керагидан кўп очко йўқотди. Бундан тегишли хулосалар чиқарилдими?

- Ҳа, ҳақиқатан ҳам биринчи босқич баҳсларида ҳаддан зиёд кўп очко йўқотдик. Бундан тегишли хулосалар чиқарилди. Вазиятни ўзимиз учун ижобий томонга ўзгартириш  ўз қўлимизда. Биринчи босқичдаги хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз.

- Бу замонавий футболда учраб турадиган ҳолатми ёки омадсизликнинг ўзига яраша аниқ сабаблари борми?

- Бу футбол. Унда сиз айтгандек, кутилмаган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Ўйлашимча, бу нормал ҳолат. Умуман керак бўлмаган ўйинларда рақибларга очко улашдик. Айрим учрашувларда омад биздан юз ўгирди.

Айрим ҳолатларда ўзимиз хатоларга йўл қўйдик. Кейин қолган жамоаларнинг ҳам кучайганлигини таъкидлаш керак. Суперлигада очколар осонликча  қўлга киритилмаяпти.  

- Сербия чемпионатида кўп йил фаолият олиб бордингиз. Ортда қолган тур ўйинлари, умуман чемпионатимиз савияси борасида нима дея оласиз. Pepsi Суперлига  баҳслари сизда қандай таассурот қолдирмоқда?

- Бу борадаги фикрим ижобий. Иккинчи босқичдаги учрашувларнинг янада шиддатли ва қизиқарли ўтиши аниқ. Миллий чемпионатимизга  қайтганимдан афсусда эмасман.

- Европа футболидан кейин Осиё футболига мослашиб кета оляпсизми?

- Мослашишга ҳаракат қиляпман. Осиё ва Европа футболи орасидаги фарқ аввалгидек катта эмас. Ҳозир деярли тафовут йўқ. Бошқа томондан олиб қараганда эса футбол ҳамма жойда бир хил ўйналади. Фақатгина ёндашув ва муносабатда фарқ бўлади, холос.   

- Қийинчиликлар  ҳам бўлдими?

- Қийинчилик ҳамма ерда бўлади. Барча соҳада ҳам осонликча кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Бунинг учун қаттиқ меҳнат қилиш лозим. Қийинчилик билан эришилган муваффақият ҳамиша тотли бўлган.

- Миллий чемпионатимизда нима сизга ёқмаяпти?

- Очиғини айтсам, билмадим. Негадир камчиликлар менга кўринмаяпти. Балки, Суперлигамизда ўзига яраша кичик камчилик ва муаммолар бордир. Ахир, ҳар бир жамоанинг ўзига яраша камчилик ва муаммолари бўлади-ку!

- «Локомотив»да аввал ўйнаган клубларингиздаги каби ўз позициянгизда ҳаракат қиляпсизми? Чунки, мураббийлар ўз жамоасидаги камчиликлардан келиб чиқиб, футболчиларга қаерда ўйнаш кераклигини айтишади. Ўзи қайси позицияда тўп тепиш сизга маъ-қулроқ?

- «Локомотив»да ўз позициямда ўйнаяпман. Лекин аввал ҳужумчи бўлганман. Ҳозир ўнг ва чап қанот ярим ҳимоя чизиғида ҳаракат қиляпман. Менга мана шу учта позицияда ўйнаш ёқади. Аммо, таъкидлаганингиздек, ҳар доим ҳам футболчининг хоҳиши амалга ошавермайди. Мураббий ҳам ўз қўл остидаги шогирдларининг имкониятларидан келиб чиқиб иш тутади.

Қайси чизиқда ўйнатишни лозим топса, ўша ерга қўяди. Бу тўғри қарор деб ўйлайман. Мураббий натижа учун жавобгар шахс ҳисобланади. Табиийки, бундай ҳолатда футболчининг қайси позицияда кўпроқ фойда келтириши ҳам инобатга олинади.    

- Европа клубларида тартиб-интизом биринчи ўринда туради. «Локомотив»да ҳам шундайми? Яъни, жазолаб ҳам туришадими?

- Ҳа, албатта. Нафақат футбол ёки спортда, балки барча соҳаларда ҳам тартиб-интизом биринчи ўринда бўлиши керак. Жазо ҳам бўлиб туради.

- Сизда ҳам шундай ҳолат бўлганми? Ёки бунга имконият қолдирмадингизми?

- (кулади) Ҳозирча бўлгани йўқ. Умид қиламанки, бундан кейин ҳам бунга имконият қолдирмайман. Ҳар бир футболчи ўз ишига профессионал тарзда ёндашса, жазога ўрин қолмайди. 

- Миллий терма жамоа либосини кийиш ҳар бир футболчи учун бахт ҳисобланади. Бош жамоамиздан таклиф олганингиздаги қувончли ҳолат фақат ўзингизга аён бўлса керак, шундайми? Айниқса, бу таклиф Эктор Купер каби машҳур мураббийдан бўлганида!!?

- Шубҳасиз. Бундан ортиқ яна нима керак? Таъкидлаганингиздек, ҳамма футболчиларнинг олий орзуси терма жамоада тўп суриш. Менда ҳам худди шундай истак болалигимдан бўлган. Миллий терма жамоамиздан таклиф бўлганини эшитганимдан сўнг, ўзимда йўқ хурсанд бўлдим.

- Купер ҳақида сўрамасдан иложимиз йўқ. У билан учрашишдан аввал таассуротлар қандай эди-ю, ўзаро суҳбат ва ўртоқлик учрашувларидан кейин фикрингиз ўзгардими?

- Тўғрисини айтсам, терма жамоамиз йиғинига бориб қўшилгунимга қадар Эктор Купер ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим. Ушбу мутахассиснинг Россияда бўлиб ўтган ЖЧ-2018да Миср терма жамоасига бош мураббийлик қилганини билардим, холос.

Тўғри, матбуотда унинг исм-шарифини ўқиганман. Лекин яқиндан билмасдим. Йиғиннинг илк куни кўришдик, суҳбатлашдик. Биласизми, Купер жуда ҳам камтарин инсон экан. Унда кибр ва ҳаволаниш деган тушунчалар умуман йўқ. Ана шу хислати билан менга Эктор Купер маъқул келди.

- Балки дастлабки иккита ўйинда билинмас. Аммо, шундай бўлсада, сўрашга жазм этаман. Купер қаттиққўл мураббий эканми?

- Ҳа, у чиндан ҳам қаттиққўл мураббий. Агар сўраган, талаб қилган нарсасини бажариб бера олмасангиз, такроран бажаришга мажбурлайди. Машқни тўғри бажармагунингизгача қайтараверасиз. Шу томондан у қаттиққўл ва буни тўғри деб ҳисоблайман. Ҳар бир мураббий профессионал бўлиши керак.

- «Локомотив»да етарлича ўйин амалиётига эга бўляпсизми? Яъни, ўз ўйинингиздан кўнглингиз тўляптими?

- Очиғини айтсам, етарлича ўйин амалиётига  эга бўлолмаяпман. Лекин охиригача курашаман ва бошланғич таркибдан жой оламан деб ўйлайман. Рақобатдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Агар рақобат бўлмаса, ўша жамоада ўсиш кузатилмайди. Нафақат футболда, балки ҳар қандай соҳада рақобатнинг бўлгани яхши.

- Фаолиятингизни яна хориж чемпионатида давом эттириш истаги борми? Таклифлар бўляптими?

- Ҳар бир футболчи хориж клубларида ўйнашни хоҳлайди. Айниқса, бундай имкониятга эга бўлиб улгурган ўйинчилар яна бир марта шундай бахт насиб этишини хоҳлашади. Сербия чемпионатида ўтказган бир неча йиллик фаолиятим мен учун катта тажриба вазифасини ўтади.

Табиийки, яна хориж чемпионатига йўл олишни истайман. Лекин ҳозир бу мавзуда гаплашишнинг мавриди эмас. Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор. Ҳозир бор эътиборим Ўзбекистон Суперлига баҳсларига қаратилган. «Локомотив» жамоаси билан мамлакат чемпиони бўлишни мақсад қилганман. Мавсумни бироз омадсиз бошлаган бўлсак-да, уни чиройли якунлаш ниятидамиз.

Чемпионлик учун имконият бор экан, охиригача курашамиз. Юқорида айтганимдек, ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Бир нечта жамоада чемпион бўлиш имконияти сақланиб турибди. Иккинчи давра ўйинларининг айнан шу жиҳати билан ҳам қизиқарли ўтиши кутилмоқда.

Биринчи даврадан кейин «Пахтакор» жамоаси якка пешқадам эди. Лекин «олтин очко» қоидасидан сўнг, иккинчи босқич турнир жадвалида «Навбаҳор» биринчи ўринга чиқиб олди. «Пахтакор» эса учинчи ўринга тушиб қолди.

Шуниси билан ҳам чемпионатимизга жорий қилинган янги тизим ўзини оқлаётгандек кўринмоқда. Аммо, ҳақиқий кураш ҳали олдинда. Битта ғалаба ва аксинча, мағлубият турнир жадвалидаги жамоалар ўрнининг алмашиб қолиши учун етарли бўлади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz