Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон суперлигаси 23-тур рамзий жамоаси

Ўзбекистон суперлигаси 23-тур рамзий жамоаси

  20.09.2018 14:08
  0
  607
Ўзбекистон суперлигаси 23-тур рамзий жамоаси

Клубларнинг Pepsi Суперлига-2018 ҳал қилувчи босқичига қандай ҳозирлик кўришганини 23-турда кўриб олдик: ҳеч ким осонликча таслим бўлмоқчи эмас. Демак, сўнгги 6та ўйин якунларига кўра, энг яхши кўрсаткичларга эришган футболчилардан тузилган рамзий жамоа эътиборингиз марказида.

ДАРВОЗАБОН:

Абдумавлон Абдужалилов («Нефтчи») Дастлабки босқични муваффақиятсиз ўтказган «Нефтчи» чемпионат формати туфайли ҳамон элитада қолиш имкониятига эга. Бу ҳолат фарғоналикларни руҳлантирган чоғи, АГМК майдонида ўтказилган ўйинда ғалаба нашидасини суришди ва Абдумавлон Абдужалилов мазкур баҳс қаҳрамонларидан бирига айланди.

ҲИМОЯЧИЛАР:

Фаррух Сайфиев («Пахтакор») Мухлислар билан лиқ тўлган Намангандаги «Марказий» стадион босимига дош бериш осонмас. Фаррух Сайфиев эса айнан шундай муҳитда жамоаси сафида энг яхшилардан бири бўлди. Ҳимояда ишончли ўйнашдан ташқари, ҳужумчиларга ёрдамлашиб, битта гол ҳам урди.

Кахи Махарадзе («Локомотив») Амалдаги чемпион эса Бекободда зафар қучди. «Темирйўлчилар»га навбатдаги уч очкони тақдим этган ушбу ўйинда мудофаа чизиғида тўп сурган Кахи Махарадзе анча фаоллик кўрсатди.

Бобур Йўлдошев («Нефтчи») Фарғоналикларнинг Олмалиқда эришган ютуқларида, шунингдек, Бобур Йўлдошевнинг ҳам ҳиссаси жуда катта бўлди. Айни пайтга келиб, «Нефтчи»нинг беқиёс футболчисига айланиб улгурган Йўлдошев АГМК вакиллари уюштирган аксарият ҳужумлар чоғи жонбозлик кўрсатди.

Даврон Ҳошимов («Навбаҳор») Турнинг марказий учрашувида ишончли тўп сурганлардан яна бири - «Навбаҳор»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Даврон Ҳошимов бўлди. Дарҳақиқат, бу футболчининг фидойилиги ҳам «лочинлар»нинг ўз майдонларидаги узоқ муддатли мағлубиятсиз серияни давом эттиришларида жуда асқотди.

ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР:

Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор») Терма жамоага мослашишга бироз қийналган ярим ҳимоячининг клубдаги ишлари ҳамон маромида. «Қалдирғочлар» навбатдаги турда «Бухоро»ни йирик ҳисобда (3:0) енгишди. Жавлон Иброҳимов эса, одатдагидек, «Бунёдкор»да ким етакчи эканлигини кўрсатди.

Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912») «Насаф» билан ўйинда ҳар доимгидек, қўқонликлар таркибида алоҳида ажралиб турган Сиддиқов бу гал майдонни голсиз тарк этмади. Айнан Жавоҳирнинг жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этишидан сўнг учрашувда ҳисоб очилди.

Икром Алибоев («Локомотив») Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинлари мусобақасида нималарга қодирлигини кўрсатган ярим ҳимоячи «Локо» сафига қўшилганидан кейин ҳам барқарорликни йўқотмаяпти. Алибоевнинг «Металлург»га қарши баҳсда намойиш этган ўйини кўпчиликка манзур бўлди.

Аъзам Алиев («Навбаҳор») Чарчоқ нималигини билмайдиган футболчи «Пахтакор» билан учрашувни ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказди. Аъзам Алиев шу йўсин чиройли ўйнашда давом этса, миллий терма мураббийлари эътиборини қозониши турган гап.

ҲУЖУМЧИЛАР:

Драган Черан («Пахтакор») Намангандаги ўйиннинг иккинчи бўлимини ўзгача кўтаринкилик билан бошлаган «Пахтакор» муҳим паллада ҳисобни тенг­лаштиришга эришди. «Шерлар»нинг ўша баҳсдаги дастлабки голи муаллифига айланган Драган Черан меҳмонлар сафидаги энг яхши футболчилардан бири бўлди.

Элгужа Григалашвили («Қизилқум») Умуман, жорий мавсум легионерларнинг ҳаракатлари клубларга катта фойда келтираётганини алоҳида таъкидлаш даркор. Жумладан, грузиялик легионер Элгужа Григалашвили «Сўғдиёна»га қарши кечган навбатдаги учрашувда ҳам «Қизилқум» учун қанчалик самара келтираётганини яна бир карра исботлади.

БОШ МУРАББИЙ:

Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи») Нега марказий учрашувлар иштирокчилари қолиб, айнан аутсайдер жамоалардан бирининг бош мураббийи танланди? Чунки дастлабки босқичдаги муваффақиятсизлик туфайли тушкунликка тушган футболчилар руҳиятини кўтариш осон эмас. Баҳром Ҳайдаров эса бу вазифани босқичма-босқич амалга оширмоқда. АГМК майдонида эришилган ғалабани инобатга олсак, «Нефтчи» ушбу мутахассис бошчилигида аввалги мавқеига қайтишга астойдил киришган кўринади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz