Қайднома

Қидирув

Фақат АПЛда қўшҳокимлик ёхуд яна Еврофутбол ҳақида

Фақат АПЛда қўшҳокимлик ёхуд яна Еврофутбол ҳақида

  20.09.2018 21:29
  0
  564
Фақат АПЛда қўшҳокимлик ёхуд яна Еврофутбол ҳақида

Терма жамоаларнинг ЕМЛдаги иштироки боис юзага келган қисқа танаффусдан кейин топ-чемпионатлар вакиллари яна баҳсга киришдилар. Сўнгги «уик-энд»дан кейин фақат АПЛда 2 жамоа 100 фоизли натижа қайд этаётган бўлса, бошқа лигаларда йўқотишсиз бораётганлар сони биттага тушиб қолди.

Англия. Исботини топган аксиома

5-турнинг марказий учрашуви бўлган «Тоттенхэм» - «Ливерпуль» қарама-қаршилигида дарвозабоннинг ярим жамоа эканлиги яна бир марта ўз исботини топди. Уотфордда қайд этилган аламли мағлубиятдан сўнг «шпорлар» ғалабани кўзлаб майдонга тушишганди. Бироқ Юрген Клопп шогирд­лари ҳам кўтаринки кайфиятда ғалабалар сериясини давом эттириш ниятида эдилар. Амалда ҳам омад меҳмонлар томонида бўлди - жароҳати туфайли майдонга туша олмаган Уго Льорис ўрнини эгаллаган Михел Вормнинг хатоси эвазига «қизиллар» ҳисобда олдинга ўтиб олишди. Аввалига голландиялик посбон Вейналдум йўллаган тўпни қайтарди. Аммо бу пайтга келиб, снаряд чизиқни кесиб ўтганди.

Танаффусдан кейин Вейналдум яна мезбонлар дарвозаси томон зарба йўллади. Бу гал Ворм тўпни қўлидан чиқариб юборди ва Фирминога осонгина гол уриш имкониятини тақдим этди. «Тоттенхэм» эса сўнгги дақиқаларда жавоб тўпини киритиш билан кифояланди. Шу тариқа «Ливерпуль» қаторасига бешинчи ғалабасини расмийлаштирди. Мазкур баҳснинг яна бир эътиборли ҳолати сифатида Вертонгеннинг беихтиёр Фирминога жароҳат етказишини кўрсатиш мумкин. Кейинчалик ўйин пайти олинган суратлардан кўриндики, «шпорлар» ҳимоя­чиси бармоғини «Ливерпуль» форвардининг кўзига суқиб олган экан. Оқибатда Фирмино баҳсни охиригача етказолмай, ўз ўрнини бошқа бир жамоа­дошига бўшатиб беришга мажбур бўлди.

Лондоннинг «Челси»си ҳам ўз уйида «Кардифф» устидан йирик (4:1) ғалабага эришиб, етакчилардан бири бўлиб турибди. Қизиғи, ўйиндаги ҳисоб дебютант томонидан очилди - Бамбанинг 16-дақиқадаги зарбаси «Стэмфорд Бриж»ни сукутга чўмдирди. «Кўклар» эса уни тасодифий бомбадек қабул қилишди ва танаффусга қадар 2та аниқ зарба эвазига олдинга чиқиб олишди. Иккинчи бўлим ҳам мезбонлар устунлигида ўтди. 80-дақиқада Эден Азар пенальтини голга айлантириб, мавсумдаги дастлабки «хет-трик»ини расмийлаштирди. Бироздан сўнг Виллиан «Кардифф» дарвозасига 4-тўпни йўллади. Натижада «Челси» тўплар нисбатига кўра 1-поғонага кўтарилди.

АПЛнинг амалдаги чемпиони - «Манчестер Сити» ҳам бу турда йирик ҳисобдаги (3:0) зафарга эришди. Лерой Сане, Давид Сильва ҳамда Раҳим Стерлинглар «Фулхэм» дарвозасини навбатма-навбат ишғол этишди.

Шунингдек, «Вест Хэм»нинг мавсумдаги илк ғалабаси ҳам алоҳида эътиборга молик. Қаторасига тўрт мағлубиятдан кейин «болғачилар» Ливерпулда «Эвертон»дан устун келишди. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, бошланғич таркибдан илк бора жой олган Андрей Ярмоленко биринчи бўлимдаёқ «дубл»га эришиб, ўйин тақдирини деярли ҳал қилди. Сафардаги муҳим 3 очко эвазига жамоа ва бош мураббий ўз мавқеларини тиклаб олишди. Айтганча, Ярмоленко Сергей Ребров, Андрей Шевченко ва Андрей Воронинлардан кейин АПЛда гол урган 4-украиналик футболчига айланди.

 

Испания. «Реал» «Барса»ни ўтказиб юборди

4-турни испан грандлари сафарда ўтказишди. «Барселона» Сан-Себастьяндаги мураккаб баҳсда «Реал Сосьедад»дан қимматли 3 очкони тортиб олди, «Реал» эса Бильбаода «Атлетик» қаршилигини синдира олмади ва асосий рақобатчини олдинга ўтказиб юборди. Ваҳоланки, амалдаги чемпион 12-дақиқада ўз дарвозасидан тўп олиб чиққанди. Танаффусга қадар мувозанат тикланмади. Лекин 2-бўлимда рақибни ўз қуроли билан маҳв этишди - аввалига Луис Суарес, кейин Усмон Дембелелар бурчакдан оширилган тўпларни голга айлантиришди.

«Қироллик клуби» Бильбаода мезбонларнинг жиддий қаршилигига дуч келди. Учрашувни фаол бошлаган «Атлетик» Тибо Куртуага тиним бермади ва 32-дақиқада ҳисобни очди. «Реал» эса фақат танаффусдан кейин мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди - Бэйлнинг узатмасидан унумли фойдаланган Иско боши билан дарвозанинг олис бурчагини нишонга олди. Бироздан сўнг у меҳмонларни олдинга олиб чиқишга яқин келганди. Бироқ «дуэл»да Симонни енга олмади. Якунда «Атлетик»нинг ёш дарвозабони учрашув қаҳрамонига айланди. Дарвоқе, «Реал» қаторасига учинчи марта Бильбао клуби билан «сулҳ» имзолашга мажбур бўлди.

Мадриднинг яна бир вакили - «Атлетико» ҳам очко йўқотди. Аниқроғи, ўз майдонида камтарин «Эйбар» дарвозасини қўшимча вақтнинг сўнгги сонияларида забт этиб, мағлубиятдан қутулиб қолди.

 

Италия. Роналду ниҳоят ишга киришди

Португалиялик тўпурарнинг «А» сериядаги дебют голини бутун Италия интиқлик билан кутаётганди, десак муболаға бўлмайди. Ҳа, ҳар қандай ишнинг ўз вақти-соати бўлади, ўша паллагача сабр қилишга тўғри келади. Учта ўйинни голсиз якунлаган ҳужумчи «Сассуоло»га қарши баҳсда шундай вазиятга дуч келдики, ноаниқ зарба йўллашнинг иложи қолмаганди. Нима бўлганда ҳам, Роналду Италиядаги голлари ҳисобини очди, 15 дақиқадан кейин Эмре Жаннинг диагонал узатмасини голга айлантирди. Эътиборлиси, Криштининг иккинчи голи миллий чемпионатлардаги 400-гол сифатида тарихга кирди. Бунгача Роналду Португалия чемпионатида 3та, АПЛда 84та, Ла Лигада 311та тўп киритганди. Мазкур натижага эришиш учун ҳужумчи 517 марта майдонга тушган. Тўғри, «Сассуоло»нинг жавоб тўпи ва Дуглас Костанинг қўполлиги туринлик мухлисларнинг кайфиятини бузди. Лекин «Ювентус» навбатдаги ғалабани расмийлаштирди, Роналду эса ниҳоят ўзини кўрсатди.

Турнинг яна бир қизиқарли учрашуви Неаполда ўтди. Маҳаллий «Наполи» ўз мухлислари олдидаги айбини ювиш, «Фиорентина» эса учинчи ғалаба умидида майдонга тушди. Кескин вазиятларга бой тарзда кечган баҳс тақдирини Инсинье урган ягона гол ҳал қилди.

Миланнинг «Интер» клуби эса кутилмаганда дебютант «Парма»га имкониятни бой берди - 0:1.

 

Германия. Ҳаммаси изга тушмоқда

Бундеслига турнир жадвали тур сайин одатий кўриниш олмоқда. Яъни, «Бавария» «Байер»дан устун келиб, навбатдаги 3 очкони олди. Шунингдек, Дортмунд ва Менхенгладбахнинг «Боруссия»лари ҳам зафарга эришдилар. Қизиғи шундаки, ортда қолган уч турдан кейин 7 жамоа мағлубиятсиз келмоқда. Лекин ўтган мавсумни рисоладагидек ўтказган «РБ Лейпциг», «Шальке», «Байер» ва «Айнтрахт» ўз ўйинини топа олмаяпти.

 

Франция. Етакчиларсиз яққол етакчи

Биринчи дивизионнинг амалдаги ғолиби жорий мавсумда ҳам пешқадамлик қилмоқда. Ҳатто Мбаппе ва Неймардек юлдузларнинг майдонга тушмагани ҳам «ПСЖ»нинг зафарли сериясига халал бермади. «Сент-Эттьен»га қарши баҳсни Килиан дисквалификация туфайли ўтказиб юборди, Неймарга эса мураббийлар «Ливерпул»га қарши учрашув арафасида дам беришди. Шунга қарамасдан, жамоа жиддий рақиб дарвозасига 4та жавобсиз гол урди.

Бошқа бир баҳсда Балотеллисиз майдонга тушган «Ницца» «Ренн» устидан иродали ғалабага эришди. Марио ортиқча вазни туфайли таркибдан четда қолган. Хабарларга кўра, Балотеллининг ҳозирги вазни 100 кг. атрофида.

Юқори поғоналарда бораётган «Марсель» ва «Лилль» ҳам навбатдаги 3 очкони ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди. Марселликлар ўз майдонларида аутсайдер - «Генгам»ни 4та жавобсиз гол билан «сийлашди», «Лилль» эса сафарда «Амьен»дан устун келди - 3:2. «Монако»ни қабул қилган «Тулуза» жанговар дурангга рози бўлиб, 2-поғонага кўтарилиб олиш имконидан маҳрум бўлди.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz