Жорий йилнинг 13 июль куни «Ҳуқуқий жамият» нашриёти таъсисчиси, «Машимпекс» холдинги вице-президенти Шамшод Эргашевич Сариков Наманган вилояти футбол федерацияси вице-президентлигига тайинланди. Маълумки, ушбу лавозим эгаси бевосита вилоятнинг бош жамоаси - «Навбаҳор» учун ҳам масъул саналади.
Шамшод Эргашевич раҳбарлигининг илк кунлариданоқ енг шимариб, ишга киришди ва вилоят футболи ҳамда «Навбаҳор» клубида бир қатор ислоҳотларни амалга оширди. Хабарингиз бор, наманганликлар биринчи босқич баҳсларини кучли олтиликда якунлашди ва энди чемпионлик унвонини қўлга кииритиш учун кураш олиб боришади.
Биз амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда «Навбаҳор» жамоасига оид янгиликлар борасида тўлиқроқ маълумот олиш ниятида Шамшод Сариковдан интервью олдик.
- Шамшод Эргашевич, Сиз раҳбарликка келган илк кунларданоқ, Наманган вилояти футболи ва «Навбаҳор» клубида бир қатор янгиликларни жорий этдингиз. Шулар тўғрисида батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз...
- Раҳбарлигимнинг илк кунлариданоқ Наманган вилоятидаги академия, шунингдек, барча БЎСМ ва футбол мактаблари мураббийлари билан Наманган шаҳар ҳокими, «Навбаҳор» ПФК президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззақов, Наманган вилояти Жисмоний тарбия ва Спорт бошқармаси бошлиғи Шокир Аҳмедович Қорабоев, Наманган вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Баҳром Муҳитдинович Холмирзаев билан биргаликда йиғилиш ўтказиб, уларнинг муаммолари, инвентар борасидаги масалалари билан қизиқиб, улардан иқтидорли ёшларга кўпроқ эътибор қаратиш, турли ёшдаги Ўзбекистон термалари, қолаверса, вилоятнинг бош жамоаси бўлмиш «Навбаҳор»га футболчилар етказиб бериш, бундан ташқари, республика миқёсида ўтказиладиган мусобақаларда ижобий натижаларга эришиш вазифаси қўйилди.
Мураббийлар ўз вазифаларини қандай бажаришганини ҳар ой якунланганидан сўнг йиғилиш ўтказиб, назорат қилишимни таъкидладим. Ҳар бир туманнинг футбол мураббийлари билан ҳам яккама-якка ҳолда гаплашиб, яқинроқ танишдим.
Бундан ташқари, Наманган вилоятидаги барча БЎСМ ва футбол мактабларининг директор ҳамда директор ўринбосарлари билан ҳам учрашиб, ёшларга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги, мендан қандай ёрдам керак бўлса, албатта, ёрдам беришимни таъкидладим.
Қисқаси, мақсадимиз Наманган вилоятидаги иқтидорли ёшларга барча қулайликларни яратиб, уларга кўпроқ эътибор қаратиш ҳамда халқаро майдонларда ўз имкониятларини намойиш этишларига шароит яратиб беришдан иборат.
- Наманган вилоятининг бош жамоаси - «Навбаҳор»да қандай янгиликлар амалга оширилди?
- Хабарингиз бор, жамоа олдига жорий мавсум юксак мақсадлар қўйилган ва клуб кучли олтиликдан ўрин эгаллаб, энди 2-босқичда чемпионлик унвони учун курашади. Ушбу мақсадни амалга ошириш йўлида клубимизга Наманган вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, шунингдек, ҳомий ташкилотлар томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мавриди келганида шуни қайд этиш жоизки, биз жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжонов билан келишган ҳолда, келгуси йили таркибда маҳаллий футболчиларни кўпайтиришни режалаштирганмиз. Худо хоҳласа, келаси мавсум таркибнинг камида 70 фоизи наманганлик ўйинчилардан иборат бўлади.
- Регламентга кўра, бу йилдан бошлаб Суперлига клублари қошида ёшлар жамоасидан ташқари, аёллар, футзал, U-18, U-16 ва U-14 жамоалари ҳам фаолият юритадиган бўлди. Уларнинг иштироки борасидаги фикрингиз қандай?
- Клубимиз қошидаги қолган жамоаларимиз ҳам чемпионат баҳсларида имконият даражасида иштирок этишмоқда. «Навбаҳор» ёшларининг олдига 5-ўринни эгаллаш вазифаси қўйилган. Аёллар ва футзал жамоамиз Суперлигада жорий мавсумдан қатнашмоқда, U-18 жамоамиз янги ташкил топганлигига қарамай, ижобий натижаларни қайд этмоқда ҳамда сўнгги 8та ўйинда қаторасига зафар қучди.
U-16 ва U-14 жамоаларимиз ҳам ижобий натижалар қайд этишмоқда. Қисқаси, барча жамоаларимиз учун яхши шароитларни яратиб берганмиз. Футболчилардан фақатгина майдонга тушиб, ўз маҳоратларини намойиш этиш қоляпти, холос.
- Футбол мухлислар учун ўйналади. Маълумки, Наманган футболсеварлар юрти. Бу борада «Навбаҳор» ишқибозларига қандай қулайликлар яратилмоқда?
- Жорий йилдан бошлаб Суперлига клублари қошида мухлислар билан ишлаш бўлими ташкил этилган. Биз мазкур бўлим етакчиси, шунингдек, «Навбаҳор»нинг ашаддий ва фахрий мухлислари билан тез-тез учрашувлар ўтказяпмиз, улар жамоамиз ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишмоқда.
Албатта, уларнинг фикрларини инобатга оляпмиз. Ишқибозлар учун «Марказий» стадионининг ташқариси ва ичкарисида савдо шахобчалари ташкил этилган. Аренага яқин ҳудудда жойлашган савдо дўконимизда «Навбаҳор» логотипи туширилган футболкалар, шарфлар, тўплар, кепкалар, шляпалар, соябонлар ва калит илгичлар сотилмоқда.
Ушбу товарларга айни пайтда мухлислар учун қулай нархлар белгиланган. Шунингдек, «Навбаҳор» ўз уй учрашувларини ўтказадиган стадионда ўйин бўладиган кунлари музқаймоқ, салқин ичимликлар, «фаст-фуд» маҳсулотлари ва турли егуликлар сотилади. Салқин ичимликлар бир марталик идишларга қуйиб сотилмоқда.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, олдинроқ ичимликларнинг нархлари борасида мухлислардан кўплаб эътирозлар тушганди. Биз буни кўриб чиқиб, эътирозлар ўринли эканлигини тушуниб, нархларни арзонлаштирдик. 19-тур доирасидаги «Навбаҳор» - «Пахтакор» (1:0) ўйинида салқин ичимликлар ишқибозларга қулай нархларда сотилди ва улар бундан хурсанд бўлишди.
Шунингдек, 19-тур доирасидаги ўша учрашувда чипталарнинг нархлари ҳам арзонлаштирилди. 30 минг сўмлик чипталар 20 минг сўмдан сотилди. Энди мухлислар чипталарни 15 ва 20 минг сўмдан харид қилишмоқда. Бундан ташқари, 19-тур доирасидаги «Навбаҳор» - «Пахтакор» ва 21-тур доирасидаги «Навбаҳор» - «Бухоро» жамоалари ўртасида кечган ўйинларда ишқибозлар учун махсус акция ташкил этилиб, айрим мухлислар харид қилган чипталарига 2та смартфон («Пахтакор»га қарши кечган баҳсда), 10тадан «Навбаҳор» клуби логотипи туширилган футболка («Пахтакор»га қарши кечган баҳсда), шунингдек, 10тадан «Навбаҳор» жамоаси футболчилари имзолари туширилган тўп, 10тадан соябон ва 10та шляпа («Бухоро»га қарши кечган баҳсда) ютуқларига эга бўлиб, уйларига хурсанд ҳолда қайтишди.
Мақсадимиз - мухлисларга ҳам қулай шароитлар яратиш ва уларнинг «Навбаҳор» иштирокидаги учрашувларни байрамона тарзда ўтказишларини таъминлаш.
Қисқаси, барча саъй-ҳаракатларимиз жорий мавсумда «Навбаҳор»нинг чемпионлик унвонини қўлга киритиши, шунингдек, иқтидорлиларни юзага чиқаришга қаратилган. Буни амалга ошириш учун бор имкониятимни ишга соламан.
Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20