Қайднома

Қидирув

Уэсли Снейдер фаолиятидаги энг муҳим воқеалар

Уэсли Снейдер фаолиятидаги энг муҳим воқеалар

  24.09.2018 06:39
  0
  871
Уэсли Снейдер фаолиятидаги энг муҳим воқеалар

Маълумки, янги асрнинг энг ёрқин футболчиларидан бири бўлган Уэсли Снейдер Голландия терма жамоасидаги иштирокини якунлади.

Шу муносабат билан soccer.ru таниқли юлдуз фаолиятидаги муҳим воқеаларни ёдга олди.

2002 йилнинг 22 декабри - «Аякс»даги дебют. Уэсли касб танлаш бобида бош қотиришга эҳтиёж сезмади. Унинг отаси ва акаси профессионал даражада футбол ўйнашган.

Шу боис Утрехтда туғилган қаҳрамонимиз ортиқча муаммоларсиз «Аякс» академиясидан жой олди. Асосий жамоадаги фаолиятини Рональд Куман раҳбарлиги остида бошлаб, терма жамоадаги сўнгги учрашувини ҳам шу мураббий бошчилигида ўтказди. Ажойиб рамзийлик!

2003 йилнинг апрели - Голландия терма жамоасидаги дебют. Миллий жамоанинг ХХI асрдаги рамзи Португалияга қарши баҳсда илк бор майдонга тушди. Дастлабки голини эса Молдавия дарвозасига урди.

2007 йилнинг 12 августи - «Реал» га ўтиш. У пайтларда ёш иқтидор соҳибларини барвақт сотиб юбориш голланд клубларида урф бўлмаган, инглиз ёки немис жамоалари осонликча тортқилаб кета олишмасди. Клубларнинг молиявий қудрати футболчини мукаммалликка эришгунга қадар тарбиялашга имкон берар, кейин чинакам топ-клубга сотиш масаласи кўриб чиқиларди.

Снейдер ҳам «Аякс»ни тарк этишга ошиқмади, фақат гранд жамоа талаби даражасида тўп сура олишига амин бўлганидан кейингина 27 млн. евро эвазига Мадридга равона бўлди.

Ўша даврда фақат Руд ван Нистелрой ундан қимматроқ (30 млн.) баҳоланганди. Уэсли учун дастлабки икки мавсум муваффақиятли бўлди - дебютни «Атлетико» дарвозасини забт этиш билан нишонлади, якунда чемпионлик унвонига сазовор бўлди.

2009 йилнинг ёзи - «Интер»га ўтиш. Мадриддан кўнгил уза олмаган Снейдер анча вақтгача бу трансферга қаршилик қилди. Чунки «Реал»да муваффақиятли фаолият учун имкониятлар катта эди. Бироқ Моуриньо уни кўндира олди.

Якунда голландиялик юлдуз Миланга ўтганидан афсусланмади - дастлабки мавсумдаёқ «Интер» либосида ЕЧЛда ғолиб чиқди, ажойиб чемпионлик мавсуми ЖАРдаги ЖЧга уланиб кетди. Мундиалда фантастик ўйин кўрсатган Голландия фақат финалда Испаниядан енгилди. Уэсли ўша даврда ўз фаолиятидаги энг ёрқин ўйинларини намо-йиш этганди.

2010 йил. Армон бўлиб қолган «Олтин тўп». Бу борада омад Снейдердан юз ўгирди. Айни ўша йилларда ФИФА таснифига кўра йилнинг энг яхши футболчисига бериладиган унвон ҳамда France Football томонидан тақдим этиладиган «Олтин тўп» сов-рини қўшиб юборилганди.

Тўғри, тез орада ўзини оқламаган мазкур тажрибадан воз кечилди. Аммо ўша ҳисоб-китобларга кўра, танловда Месси ғолиб чиқди, Снейдер эса 4-ўрин билан кифояланди. Агар «Олтин тўп» соҳиби одатий тизим бўйича аниқланганида, Уэсли уни қўлга киритарди. Бу тахмин эмас, статистика.

2009|2010 йиллар мавсумида Снейдер бор куч-қувватини яшил майдонга сарфлаганди. Ҳатто «Интер» ўйинларининг бирида ҳушидан кетиб қолганди. Шифокорлар унда анемия (камқонлик) хасталигини аниқлашди. Бу ортиқча юкламаларнинг асорати эди. Шундан кейин Уэсли ўйинларида пасайиш жараёни бошланди.

2013 йилнинг январи. «Галатасарой»га ўтиш. Бу қарор кўпчиликни ажаблантирди. Лекин узоқ мулоҳаза қилган Снейдер ички совринларга бўлган чанқоқликни қондириш учун турклар таклифи кўпроқ мос тушади, деган тўхтамга келди. Дарҳақиқат, топ-чемпионатлардаги рақобат Туркия Суперлигасиникидан кучлироқ.

Шу сабабли футболчи Истанбулга йўл олди. Турк замини Уэслининг ўзига ҳам, оиласига ҳам манзур бўлди. Футболчи юксак савияда тўп суриб, икки марта шоҳсупага кўтарилди. Лекин пасайиш жараёни давом этди ва томонлар розилиги билан шартнома бекор қилинди. Шу тариқа Снейдер илк бор эркин агентга айланди.

2017 йилнинг ёзи. «Ницца»га ташриф. Хатем Бен Арфа ва Марио Балотеллиларни қайтадан кашф этган француз клуби Уэслига ҳам иккинчи илҳомни қайтаришга уриниб кўрди. Аммо ҳеч қандай самарага эриша олмади. Чунки Снейдер жароҳат олган, жисмоний ҳолати ҳам талаб даражасида эмасди. У ярим йил ичида атиги 5 марта майдонга тушди ва жамоани тарк этди.

2018 йилнинг январи. Навбат «Ал-Гарафа»га. Катта футболда қандайдир натижага эришишдан умидини узган Снейдер ўзига эркинлик бериш ва келажак учун моддий захира яратиш ҳаракатига тушди. Яқин Шарқ унинг режасига мос ҳудуд эди. Шу тариқа Уэсли Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси сафидан жой олди. У ҳозир шу клуб шарафини ҳимоя қилмоқда. Олдинда эса якунига етмаган сўнгги юмуш турарди.

2018 йилнинг 6 сентябри. Голландия терма жамоасидаги хайрлашув учрашуви. Ҳа, айнан шу санада Уэсли Снейдернинг терма жамоадаги фаолияти ҳалқасининг илк ва охирги нуқталари туташди. 2002 йили Амстердам Уэслининг Рональд Куман раҳбарлиги остида катта футболдаги дастлабки қадамига гувоҳ бўлганди.

Энди яна ўша Амстердам, яна ўша Куман, фақат жамоа «Аякс» эмас, Голландия термаси. Бу гал мухлислар ибтидога эмас, интиҳога гувоҳ бўлишди. Тўғри, Уэсли ҳали «Ал-Гарафа» сафида майдонга тушади, балки Хитойда ҳам тўп суришга имкон топар? Аммо у ўйинларнинг сифати ҳам, мақсади ҳам ўзгача.

Шу боис, терма жамоадаги хайрлашув учрашуви шундай кайфиятда ўтдики, гўё Снейдер энди ҳеч қачон майдонга тушмайдигандек. Гарчи Перуга қарши ўртоқлик учрашувида унинг жамоаси Мемфис Депайнинг «дубл»и эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса ҳам. Бошланғич таркибда майдонга тушган қаҳрамонимиз 62-дақиқада ўз ўрнини Квинси Промесга бўшатиб берди.

Мухлислар уни гулдурос қарсаклар билан кузатиб қўйишди. Учрашув якунлангач, Снейдер «Амстердам-Арена»га такроран таклиф этилди. Яшил майдонга қўйилган диван қаршисидаги стол гуллар, китоблар билан безатилган, ёнига телевизор ҳам ўрнатилганди. Қисқаси, уйдаги муҳитдан қолишмасди.

Уэсли ўз оила аъзолари билан белгиланган жойдан ўрин олгач, собиқ касбдошлари ТВ орқали унга мурожаат қилишди ва тилаклар билдиришди. Ҳаммаси жуда ажойиб, баданни жимирлатадиган даражада тўлқинлантирувчи томоша бўлди.

Уэсли Снейдернинг голланд футболида ўчмас из қолдиришига шубҳа йўқ. Учрашувлар сони бўйича у терма жамоа рекордчиси - 134 марта майдонга тушган, 31та гол муаллифи. Ўзига хос услуби билан Уэсли ўз даврининг рамзи бўлиб қолиши аниқ.

Чунки у Голландияда камолот чўққисига кўтарилиб, кейин шу юксак савияни хориж грандларида давом эттира олган авлоднинг сўнгги вакили саналади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz