Қайднома

Қидирув

Икки терма бир мураббий ёхуд Липпи қўли остидаги Хитой термаси энди Хиддинкга ўтадими?

Икки терма бир мураббий ёхуд Липпи қўли остидаги Хитой термаси энди Хиддинкга ўтадими?

  24.09.2018 00:27
  0
  610
Икки терма бир мураббий ёхуд Липпи қўли остидаги Хитой термаси энди Хиддинкга ўтадими?

Яқинда голландиялик машҳур мураббий Гус Хиддинк Хитой олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлангач, Осиё футболи бўйича мутахассислар ўртасида баҳс-мунозаралар авж олди: бу қарор қанчалик тўғри?

Баҳс икки жиҳатга асосланган ва унга Хитой миллий жамоасининг ҳозирги бош мураббийи Марчелло Липпининг ҳам дахли бор:

1. Хиддинк даражасидаги мутахассиснинг бевосита яқинда ишлаши истеъфо хавфини оширади.

2. Липпи ва Хиддинкнинг услуби турлича. Улар қай тариқа ҳамкорлик қилишади? Олимпия термасининг энг яхши футболчиларини миллий жамоага ўтказиш жараёни қандай амалга оширилади?

Биринчи жиҳатни эътиборсиз қолдирамиз, зеро ҳар бир мураббийда истеъфо хавфи бўлиши табиий.

Миллий ва олимпия термаларининг ўйин услуби, шунингдек, футболчиларнинг бош жамоага ўтиши масаласи жуда долзарб. Ягона услуб аҳамиятини конфедерациямизнинг етакчи вакиллари - Япония ва Австралия мисолида кўришимиз мумкин.

Бу мамлакатларнинг икки асосий жамоалари бир мураббийга - мос равишда Хажиме Мориясу ҳамда Грэм Арнольдга ишониб топширилган. Бундан кўзланган мақсад, жамоалар бир хил услубда ўйнашади ва футболчиларни ўтказиш жараёнида муаммолар юзага келмайди.

Ўзбекистонда миллий ва олимпия термаларидаги ишни уйғунлаштириш оғриқли масала. Сўнгги икки Олимпиада саралаш циклида олимпиячиларга миллий жамоа бош мураббийи устозлик қилди ва ҳар икки ҳолатда ҳам вакилларимиз муваффақиятсиз қатнашишди.

Ўзбекистонлик мутахассислар, ишқибозлар ва ҳаттоки, футболчилар ҳам икки лавозимни бирлаштиришни хато деб ҳисоблашади. Аммо айни пайт Япония ва Австралиядагиларнинг бу борадаги фикри ўзгача. Ким ҳақ?

Ҳар кимнинг ушбу масалада ўз қараши бор. Ягона услуб масаласига контраргумент билан жавоб бериш мумкин:

- Айнан шу мураббий қўл остида олимпия термасидан миллий жамоага қанча футболчи ўтади?

- Икки жамоанинг услуби бир хил бўлиши учун уларни ягона мураббий бошқариши шартми?

Япония ва Австралиядагилар Мориясу ҳамда Арнольднинг камида ЖЧ-2022гача миллий жамоада қолишига ишонишади, чоғи. Шунда катта эҳтимол билан олимпия термасидаги аксарият ўйинчилар бош жамоага ўтишади. Аммо бу ҳам аниқ эмас.

Шу ўринда айни пайт ОФК йўлга қўйган Олимпиада саралаш тизимида лавозимларни бирлаштириш осонлашган. Ёдингизда бўлса, Лондон-2012 саралашида жамоалар ўйинларни «уй-сафар» тизимида ўтказишганди. Ҳозир эса мазкур жараён марказлашган турнирлар орқали амалга оширилаётгани сабаб вақт тежалмоқда.

Дарвоқе, Мориясу Токиода ўтадиган Олимпиадага саралаш баҳслари ташвишидан холи. Шундай экан, икки жамоани бошқаришда муаммоларга йўлиқмаса керак. Бу борада Арнольдга қийинроқ бўлади. Мабодо олимпиячилар билан муваффақиятга эришолмаса, унинг миллий жамоадаги иши ҳам хавф остида қолади. Хўш, мураббий бунга тайёрми? Австралия футбол федерацияси-чи?

Алишер НИКИМБАЕВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz