Қайднома

Қидирув

Вадим Васильев: «Менимча, ЦСКА Головин борасида «Челси» тарафида эди...»

Вадим Васильев: «Менимча, ЦСКА Головин борасида «Челси» тарафида эди...»

  24.09.2018 06:15
  0
  759
Вадим Васильев: «Менимча, ЦСКА Головин борасида «Челси» тарафида эди...»

2016 йили Европанинг энг яхши менежери мақомига лойиқ топилган «Монако» вице-президенти Вадим Васильев ҳамюрти Александр Головин учун курашда «Челси» ва «Ювентус»дек грандлар вакилларидан устунлик қилди.

Савол туғилади: ниманинг ҳисобига? Ахир хоҳлаймизми ёки йўқ, «Челси» ва «Монако» ўртасида катта фарқ бор, барибир.

Хуллас, князлик клуби россиялик иқтидорни ўз томонига қандай оғдиргани билан қизиқсангиз, марҳамат, Васильевнинг қуйидаги интервьюсини ўқиб чиқинг...

- 30 млн. евро - «Монако» учун салмоқли сармоя. Головин трансфери ҳали амалга ошмаган вақтдаёқ бу энг юқори баҳо эканлигини таъкидлагандингиз. Қизиқ, россиялик футболчилар хорижда ўз салоҳиятларини намойиш этолмаётган бир пайтда сизларни бундай таваккал иш тутишга нима мажбур этди?

- Аслида «Монако»га россиялик футболчи таклиф этиш истаги анча аввал туғилганди. Хусусан, бир неча йил давомида маҳаллий чемпионат ўйинларини синчиклаб кузатдик.

Головин трансферини эса ЖЧ-2018дан олдин расмийлаштирмоқчи эдик, бу масалада ЦСКА вакиллари билан учрашгандим. Бироқ улар музокара жараёнини мундиал тугашига қадар тўхтатиб туришни маъқул кўришди. Кейин ойдинлашдики, бу қарор тўғри бўлган экан.

- «Армиячилар» учун, шундайми?

- Ҳа, албатта. Қолганини бозор ҳал қилди. Тўғри, рақобат кучли бўлгани учун баҳо нисбатан ошди. Табиийки, имкон борича камроқ сарфлашни ўйлагандик. Асосийси, ҳар икки томон учун манфаатли келишув амалга ошди, менимча. Таваккалчилик? Бу борада шуни айтишим мумкинки, россиялик кўплаб ўйинчиларнинг Европа клубларида ўз жойларини тополмаганлари - айни ҳақиқат.

Шу боис, Александр ҳақида анча олдин маълумот тўплай бошладим ва улардан фақат ижобий хулосалар чиқди. Айтишганидек, Саша ўта жиддий, вазмин йигит экан. Техник маҳорати эса аввалдан маълум эди. Хуллас, унинг янги муҳитга мослашиши масаласида хавотир йўқ.

- Сизни еврофутболдаги энг моҳир музокарачи сифатида таърифлашади, ЦСКА президенти Евгений Гинер эса Россияда тенгсиз. Бир тўхтамга келишинглар осон бўлмагандир...

- Ҳа, шундай. Очиғи, трансфернинг амалга ошиш-ошмаслиги сўнгги паллаларгача номаълум эди. Асосийси, якунда келишувга эришдик, шартнома имзоланди.

- Кўпчилик ЦСКАнинг «Челси» билан яқин муносабат ўрнатганини ҳисобга олиб, иш Англия клуби фойдасига ҳал бўлишини кутганди...

- Қайтараман, Головин учун жиддий кураш борди. Менимча, ЦСКА бошида «Челси»га мойилроқ эди. Муҳими, биз таклифимиз моҳиятини тўғри изоҳлаб, «ҳарбийлар»ни ишонтира олдик.

- «Монако» таркибида рус футболчини кўриш истаги ва клуб президенти ҳамда топ-менежерининг айнан россиялик эканлиги ўртасида боғлиқлик борми?

- Маълумки, «Монако» президенти ва соҳиби - россиялик Дмитрий Риболовлев. Жамоа эса Франция футболи етакчиларидан бири ҳисобланади. Табиийки, биз ушбу ажойиб жамоа сафида ўз ватандошимизни кўришни истаймиз.

Қолаверса, россиялик футболчиларга Европанинг кучли чемпионатларида ҳам талаб даражасида тўп суриш мумкинлигини амалда кўрсатиб, бу борада ўрнак бўлмоқчимиз.

- Бозорда Головин футболкаларига талаб борми?

- Улар жуда харидоргир. Буни жамоамиз тижорат директори ҳам тасдиқлаши мумкин.

- Футболчининг француз тилини билмаслиги муаммо эмасми?

- Йўқ. Клубда шундай ажойиб тизимни йўлга қўйганмизки, ҳамма ўз иши билан шуғулланади. Албатта, мени барчасидан хабардор қилиб туришади, имкониятга қараб, Сашанинг ўзи билан ҳам кўришиб, гаплашаман. Қисқаси, у доимий назоратимда ва энг муҳими, ҳеч қандай муаммо сезмаётганини айтмоқда.

- Александр билан шуғулланиш учун махсус ёрдамчи ёлладингизми?

- Йўқ. Ольга Дементьева клубда қайднома бўлими раҳбари ва спорт директори ёрдамчиси вазифаларини бажаради. Айнан ундан Головин учун махсус дастур тайёрлаб, алоҳида вақт ажратишини сўрадим. Ўйлашимча, Ольга бу юмушни рисоладагидек бажармоқда.

- Француз тили ўқитувчиси масаласи-чи?

- Бу иш ҳам Ольга зиммасида. Ҳар ҳолда, кўплаб танишларимиз шу ўқитувчидан сабоқ олишяпти, унга ижобий баҳо беришяпти.

- Катта маблағ эвазига таркибга қўшилган футболчи олдига жиддий вазифалар қўйилмаётгани кишини ажаблантиради. Дейлик, Россияда бундай сабр-қаноатли менежер умуман топилмаса керак. Ҳар ҳолда, аксар жамоаларда янги футболчидан дарҳол голлар, ёрқин ўйин ва натижа талаб қилишади.

- Балки шу фарқ сабабли ҳам, бошқалардан омадлироқдирмиз? Айни вазиятга баҳо берсак, Головин мослашиш жараёнида, футбол эса аниқ фан эмас. Ҳозирги ҳолатда энг муҳими - кўникиш даврининг муваффақиятли ўтиши. Шу жараёнда муаммо сезилмаса, Саша кейинчалик юксак савияда ўйнаб кетишига шубҳа қилмайман. Муддатидан аввалроқми ёки кечроқ - бунинг аҳамияти йўқ.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz