Қайднома

Қидирув

«Пахтакор»нинг Белорусча десанти

«Пахтакор»нинг Белорусча десанти

  25.09.2018 06:29
  0
  195
«Пахтакор»нинг Белорусча десанти

«ИнтерФутбол»нинг бугунги  сонида «Пахтакор»нинг оғир ҳолида Беларуссиядан ташриф буюриб, ёрдам қўлини чўзган шахслар ҳақида сўз юритамиз.

Петр Василевский Тошкентга ўз хоҳиши билан келган. У «Пахтакор» сафига қўшилгунига қадар машҳурликка эришишга улгурган, турли даражадаги турнирларда ўйнаганди. Василевский Минскнинг «Динамо» клуби таркибида собиқ иттифоқ чемпионати ва кубоги баҳсларида 160та ўйин ўтказиб, 27та гол урганди.

Ҳужумчининг рафиқаси Наталья Василевская ўша дамларни шундай хотирлайди: «11 августда Днепродзержинск осмонида иккита самолёт ҳалокатга учради. Уларнинг бирида ўйин ўтказиш учун Минскка келаётган «Пахтакор» футболчилари жойлашганди. Ҳамма ҳалок бўлди.

Ўзбекистонда янги жамоани қайтадан тузишди - собиқ иттифоқнинг бошқа клубларидан вақтинчалик футболчиларни олишди. «Динамо Минск»дан фақат Петр Василевский Тошкентга жўнади. Шунда ҳам ўз ихтиёри билан. Мен эса уйда қолдим...

Ўзбекистон пойтахтига Янги йил байрамидан олдин бир ҳафтага боргандим, холос. Аммо бу саёҳат умрбод ёдимда қолади. Петя Минскка декабрь бошларида ўзбек дўстлари билан қайтди.

Уйда стол атрофида ўтириб, суҳбат қуришди ва тўсатдан таклиф билдиришди: «Тошкентга кетдикми?». Москвадан самолётга чипта буюрттиришди. Ўз ҳисобимдан меҳнат таътили олганимдан сўнг Ўзбекистонга жўнадик.

Тошкентда ҳамма нарса менга ғаройиб туюлди. Биринчидан, декабрь учун жуда илиқ ҳаво эди. Иккинчидан, меваларнинг кўплигидан ҳайратландим. Бозорга кирганимизда, футбол майдони билан тенг ҳудуд тарвуз ва қовунларга тўла эди.

Одамларининг мулойимлигини айтмайсизми! Жуда илиқ қарши олишди. Бизни бирин-кетин Петянинг танишлари уйига олиб боришди. Ҳаттоки, кореяликлар тўйида ҳам қатнашдик.

Маҳаллий таомлардан палов жуда ёқди. Саёҳатимиз чўзилиб, қайтадиган рейсимизга кеч қолдик. Меҳмонга борамиз, палов еймиз. Эримга қараб, соатимга ишора қиламан: «Вақт, вақт». У эса бунга жавобан: «Хавотир олма, ҳаммаси яхши бўлади», деди. Ва суҳбат давом этди. Натижада аэропортга борганимизда, самолётимиз парвозни бошлаган экан.

Ўшанда қандай аҳволга тушганимни тасаввур қилолмайсиз! Аммо ўзбеклар масалани ҳал қилишга киришдилар. Аэропорт раҳбарига мурожаат этиб, бизни Москвага учадиган бошқа рейсга жойлаштиришди...», - дея ҳикоясини якунлади Василевскийнинг рафиқаси.

Петр Василевский 1979 йилги собиқ иттифоқ чемпионатининг иккинчи қисмини «Пахтакор»да ўтказаётганида, ўз ўйини ва очиқкўнгиллиги билан мухлислар меҳрини қозонди.

Ишқибозлар тезкор, чаққон ҳаракатлари, кутилмаган қарорлари билан ажралиб турадиган, кучли ва аниқ зарба йўллайдиган беларуснинг майдонга тушишини орзиқиб кутадиган бўлишди. Василевский «Пахтакор»да 12та ўйинда тўп суриб, иккита гол урди.

Мавсум якунлангач, ҳужумчини қадрдон «Динамо Минск»ка чақиришди ва у юртига қайтди. 1982 йили «динамочилар» билан мамлакат чемпионлигини нишонлади, 1983 йили эса собиқ иттифоқ чемпионати олий лигаси «бронза» медалларини қўлга киритди. 1982 йили собиқ иттифоқнинг энг яхши 33 нафар футболчилари рўйхатига кирди.

Петр Петрович Василевский 2012 йилнинг 9 январида, 56 ёшида Минскда вафот этди. Кейинчалик унинг кенжа ўғли Антон футбол академияси очиб, унга отасининг номини берди. Ҳозир ушбу таълим масканида 400га яқин болалар таҳсил олишмоқда, муассасанинг Минскда 7та филиали бор.

«Пахтакор»нинг беларуслик иккинчи вакили сифатида машҳур спорт шифокори Лев Викторович Кожановни кўрсатиш мумкин. У Ўзбекистонга келишдан аввал собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасида қатнашувчи кўплаб жамоаларда (Донецкнинг «Шахтёр», Киев ва Минскнинг «Динамо» клубларида) ишлаган.

Обрўли шифокор 1979 йили Тошкентда ишлади. У профессионаллиги ва мижозларига эътиборлилиги билан ёдда қолди. Футболчилар ва жамоанинг бошқа вакилларига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатарди, атрофдагиларга муносабати ва юқори малакаси шубҳадан холи эди.

«Пахтакор»даги фаолиятидан сўнг Лев Викторович футболдаги ишини Москва «армиячилари» сафида давом эттирди. Шунингдек, Россиянинг бир қатор клубларида («Локомотив» Москва, «Торпедо» Москва, «Крилья Советов» Самара, «Локомотив» Нижний Новгород, «Арсенал» Тула, «Шинник» Ярославль, «Зоркий» Красногорск) ишлади.

Латвияда эса «Металлург» Лиепая ҳамда «Диттон» Даугавпилс жамоалари футболчиларини даволади. 2016 йили тажрибали шифокор профессионал фаолиятини Москванинг ЦСКА клубида давом эттирди.

Виктор ХОХЛЮК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz