Қайднома

Қидирув

Баҳодир Насимов: «Етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаяпман»

Баҳодир Насимов: «Етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаяпман»

  26.09.2018 06:38
  0
  671
Баҳодир Насимов: «Етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаяпман»

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Баҳодир Насимов фаолиятини Озарбайжон чемпионатида давом эттиряпти. Ҳамюртимиз «Кешла» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Лекин ўтган мавсум мамлакат кубоги соҳиби бўлган бу жамоанинг ишлари ҳозирча кўнгилдагидек эмас.

«Кешла» аввалига Европа Лигасининг саралаш баҳсларида омадсизликка учради. Кейин эса мамлакат чемпионати учрашувларида ҳам рақибларига кетма-кет очко улашиб келмоқда. Клуб раҳбарияти Насимов орқали ҳужум чизиғини кучайтиришни мақсад қилганди.

Зеро Баҳодир Озарбайжон чемпионатида шунчаки тўп сурибгина қолмай, ҳатто тўпурар ҳам бўлганди. Тажрибали ҳужумчи 2010-2011 йиллар мавсумида Бокунинг «Нефтчи» клуби сафида Озарбайжон чемпионати тўпурарига айланган эди. Биз Насимов билан боғланиб, фаолияти қандай кечаётганини билиш мақсадида интервью олдик.

- Баҳодир, янги клубингизга мослашиш жараёни қийин кечяптими?

- Афсуски, мавсум жамоамиз учун омадсиз бошланди. Тўртта ўйиннинг учтасида мағлубиятга учрадик, яна бир баҳс дуранг билан якунланди. Ҳозирча омадимиз келмаяпти. Умид қиламанки, бу вақтинчалик ҳолат. Вазиятдан чиқиб кетиш учун ҳаракат қиляпмиз.

- Бу омадсиз стартнинг сабаби нимада? Клубда қандай муаммолар бор? Ёки таркиб борасида бош­қа клублардан кучсизроқмисизлар?

- Битта сабаб билан муаммонинг асл илдизини кўрсатиб бера олмайман. Таркибимизда янги келган футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. Шу жумладан, ўзим ҳам улар қаторидаман. Футболчиларнинг бир-бирини тушуниб ҳаракат қилиши қийин бўляпти. Бунинг учун вақт керак. Таркиб масаласида бошқа жамоаларга қараганда кучсизроқмиз, демаган бўлардим. Бизга бироз вақт керак ва ҳаммаси ўз изига тушиб кетади.

- Бундан аввал ҳам Озарбайжон чемпионатида ўйнагансиз. Ўтган йиллар билан таққослаганда, озар футболида нима ўзгарган?

- Орада шунча вақт ўтди. Ростини айтсам, авваллари чемпионлик учун 4-5та жамоа кураш олиб борарди. Ҳозир эса «Нефтчи» ва «Карабах» клубларининг бошқаларга қараганда имкониятлари анча юқори баҳоланмоқда. «Карабах» жамоаси, мана тўрт йилдирки, Озарбайжон чемпиони бўлиб келяпти. Мана шу ўтган йиллар давомида карабахликларга муносиб рақиб топилмади.

- Балки «Карабах» клубидан бош­қа жамоаларда молиявий қийинчиликлар кузатилаётгандир?

- Бу гапингизга қўшиламан. Авваллари жамоалар молиявий томондан анча бақувват эди. Яхши легионерлар таклиф этиларди. Маошлар ҳам шунга яраша яхши тўланарди.

- Сиз тўп сураётган жамоада ҳам шундай муаммо борми?

- Йўқ. Лекин юқорида айтганимдек, янги футболчилардан таркиб топган жамоанинг ўйинлари қовушиб кетмаяпти.

- Ўзингизнинг клубдаги ҳолатингиздан кўнглингиз тўляптими? Мураббий сизга етарлича ўйин амалиётини беряптими?

- Ҳозирча бундай фикр билдира олмайман. Сабаби нима эканлигини била олмаяпман, лекин бош мураббий кам майдонга туширяпти. Машғулотларда астойдил ишлаяпман, боримни бериб ҳаракат қиляпман. Тушунарсиз ҳолат юзага келган.

- Балки ҳужум чизиғида рақобат кучлидир?

- Жамоамизда уч нафар ҳужумчи бор. Мендан ташқари Ямайка ва озарбайжонлик футболчилар ҳам ҳужум чизиғида ўйнашади. Улардан асло кам жойим йўқ.

- Баҳодир, терма жамоамиздаги ўзгаришларни кузатиб боряпсизми? Янги бош мураббий ҳақида фикрингиз қандай?

- Албатта, кузатиб боряпман. Аргентиналик мутахассисга озгина вақт керак. У ўзбек футболи учун янги шахс. Ҳали футболимизни ўрганиб чиқиши лозим. Ишончим комилки, Эктор Купер терма жамоамизни сезиларли даражада кучайтира олади.

У ўз вақтида кўзга кўринган клубларда фаолият олиб борган. Жуда ҳам тажрибали мураббий. Шундай экан, албатта ўзини кўрсата олади. Бундан аввал Миср термасида ҳам фаолият юритди. Салоҳ бошчилигидаги жамоани ЖЧ-2018 финал босқичига олиб чиқди.

- Кўпчилик унинг ҳимоявий тактикасини танқид қиляпти. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

- Ҳимоявий тактика қўллаш - бу ожизлик эмас. Мана, Эрон терма жамоасини олинг. Карлуш Кейруш ҳам айнан ҳимоявий услубни танлаган. Лекин бу иш беряпти. Жамоа асосан битта тўп фарқи билан рақибларини мағлуб этмоқда. Кейруш келганидан бери эронликлар ҳимоявий футбол намойиш этишади.

Мудофаа чизиғида тартибни юзага келтира олган мутахассис ҳужумда юзага келган камсонли вазиятлардан фойдаланиш эвазига ўз мақсадига эришиб келмоқда. Сўнгги йилларда мунтазам равишда жаҳон чемпионатларида иштирок этяпти. Ҳеч ким Карлуш Кейрушнинг ҳимоявий тактикасини тан­қид қилмаяпти.

Чунки бу тактика, яъни ҳимоявий ўйинга мосланган услуб жамоага фойда келтирмоқда. Купер ҳам ҳимояда тартибни таъминламасдан туриб ҳужум ҳақида ўйлаш бефойда, деган фалсафага асосланиб иш кўрмоқда.

- Эктор Купернинг терма жамоа­мизни ЖЧ-2022га олиб чиқишига ишонасизми?

- Ҳа, ишонаман. Насиб қилса, Қатардаги мундиал Ўзбекистон терма жамоаси иштирокида ўтади. Ҳозир мухлислар, мутахассислар, матбуот ходимлари бош мураббийнинг олиб бораётган ишига танқидий руҳда қарамасликлари лозим.

Унга ишонишлари даркор. Мураббийга вақт керак. У ҳали ўз сўзини айтади. Бошқа томондан, масаланинг бир чети футболчиларга ҳам боғлиқ. Уларнинг ҳам ишониб, қўллаб-қувватлашлари муҳим. Асоссиз танқид қилинаверса, ишлар аксинча орқага кетаверади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz