Қайднома

Қидирув

Санжар Баротов: «Андижон»га қарши ўйин Суперлига йўлланмаси учун имконият...»

Санжар Баротов: «Андижон»га қарши ўйин Суперлига йўлланмаси учун имконият...»

  26.09.2018 12:45
  0
  231
Санжар Баротов: «Андижон»га қарши ўйин Суперлига йўлланмаси учун имконият...»

"Динамо” ҳужумчиси Санжар Баротов Про-Лига доирасидаги ушбу турда Нукусда “Орол” жамоаси дарвозасига иккита гол уриб, Суперлигага чиқиш учун кураш олиб бораётган Самарқанд клубининг муҳим ғалабасини таъминлади.  Голлар сонини 8 тага етказган ҳужумчи Про-Лига “А” гуруҳи тўпурарлиги учун ҳам курашмоқда. Куни кеча Про-Лигадаги ҳафта қаҳрамони билан суҳбатлашдик.


- Санжар, “дубль” билан табриклаймиз. “Орол” Нукусдаги ўйинларда “Шўртан”ни мағлуб этган, “Андижон”, “Истиқлол” клублари билан эса дуранг қайд этганди. “Орол” аутсайдерлар сафида бўлсада, ўз майдонида осонлик билан таслим бўлмайди...

- Табрик учун раҳмат. Чинданам, “Орол”ни Нукусда мағлуб этиш жуда қийин. Сабаби, бу ердаги стадион майдони табиий чим эмас, сунъий қоплама эканлиги жамоаларга қийинчилик туғдиради. Биз ҳам “Орол”га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида бу майдонга мослаша олмадик. Иккинчи бўлим олдидан эса мураббийимиз Даврон ака Файзиев ҳужумкор тўп суришимизни айтиб, тўлиқ ҳужумда ўйнайдим. Дастлаб Павел Пуришкиннинг жарима зарбасидан кейин ҳисобни очган бўлсам, кўп ўтмай Илҳом ака Юнусов ва Миркомил Локаевнинг комбинациясидан кейин “дубль”га эришдим. Бу ғалаба биз учун жуда муҳим эди.

- “Динамо” сафига давралар оралиғида қўшилдингиз. Янги жамоага мослашиш жараёни қийин кечмадими?

- Йўқ, “Динамо” сафидаги кўпчилик футболчиларни яхши таниганим учун тезда мослашдим дея оламан. Хусусан, Илҳом ака Юнусов билан аввал “Насаф”да бирга ўйнаганмиз. Йиғиндаёқ голлар уриб, бу жамоага ўтиб адашмаганимни ҳис қилгандим.

- “Норин”да ҳам яхши ўйин намойиш этган эдингиз. Ҳаққулобод клубидан кетишингизга нима сабаб бўлди?


- Энг аввало Намангандан Сурхондарёга қатнаш, йўл анча узоқлик қилди. Шунингдек, молиявий жиҳатдан ҳам кичик муаммо бўлганди. Қолаверса, бу клуб раҳбарияти билан келишувимизда, агар яхшироқ таклиф тушса, бошқа жамоага қўйиб юборамиз дейишганди.

- Олдингизда яна қандай таклифлар бор эди?


- Муборакнинг “Машъал” жамоаси чақиргач, жамоа йиғинида иштирок этдим. Аммо, “Динамо”дан ҳам бош мураббий Даврон Файзиев таклиф билан чиққандилар, қолаверса, мен яхши билан Акмал Холмуродов ва бошқа футболчилар ҳам Самарқандга чорлаганларидан кейин “Динамо”га кўпроқ ёрдамим тегиши мумкинлигини ўйлаб шартнома имзоладим. Бундан жуда хурсандман.

- “Динамо” 3-даврани кетма-кет 4 та ғалаба билан бошлаб, кутилмаганда мухлислар қаршисида “Шўртан”га мағлуб бўлганини қандай изоҳлайсиз?


- Фикримча, бизни йўл ҳам чарчатганди. Сабаби, 4 сентябрь куни Самарқанддан Термизга келиб, “Сурхон” билан дуранг ўйнаб қайтган бўлсак, 7-8 сентябрь кунлари Тожикистонга бориб, “Хўжанд” билан ўйнаб келдик. 12 сентябрда “Шўртан” билан ўйинда чарчоқ аломатлари сезилди, менимча, ҳар қанча уринмайлик, кутилмаганда мағлуб бўлдик.

- Ҳозиргача энг қийин ўйин қайси бўлди, сизнингча?


- Самарқандда “Шўртан”га қарши ўйинимизни кўрсатган бўлардим. 1:2 ҳисобида мағлуб бўлдик, омад рақиб томонда эди.

- Про-Лига якунланишига 10 тур қолди. 5-ўриндаги “Динамо” пешқадам “Андижон”дан 10 очко ортда қолмоқда. “Динамо”нинг Суперлигага чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?


- Яхши имкониятимиз бор деб ўйлайман. Эътибор беринг, “Андижон” ҳам, “Сурхон” ҳам, “Машъал”, “Истиқлол” ҳам бир текис ўйнай олмаяпти. Масалан, “Норин” ҳам Андижондан дуранг билан қайта олди. Яъни, исталган баҳсда кутилмаган натижа бўлиб қолиши мумкин. Бош мураббийимиз ҳам, мухлисларимиз ҳам биздан фақат ва фақат 1-ўрин билан Суперлигага чиқишимизни исташмоқда. 2-3-ўринни олганларда ҳам “плей-офф” орқали Суперлигага чиқиш имконияти бўлсада, биз ҳам бошқалар қатори 1-ўрин билан тўғридан-тўғри йўлланма учун курашамиз. Буни ҳар куни бош мураббийимиз бизга уқтириб келмоқдалар.

- Келаси икки турда эса “Динамо”ни “Андижон”га қарши уйда ва сафарда кетма-кет иккита ўйин кутиб турибди. Сўнгги тўрта турда “Андижон”нинг ғалаба қозона олмаётгани бу ўйинга ҳам таъсир қилиши мумкинми?


- Йўқ, бу бизга таъсир қилмайди, ҳар қандай ҳолатда ҳам “Андижон” 1-ўринда бораётган пешқадам жамоа. Биздан юқорида бўлган жамоани мағлуб этиш иштиёқи янада баланд бўлади. “Андижон” ҳам дуранглардан кейин Самарқандга фақат ғалабани кўзлаб келиши аниқ. Машғулотларда жиддий тайёргарлик кўриб, мухлисларимиз ҳам бизни фаол қўллаб-қувватлаб турсалар, насиб қилса бу ўйинларда 3 очко эмас, 6 очко учун курашамиз. “Андижон” билан ўйинлар “Динамо” учун юқорига чиқиш учун яхши имконият. Ғалабага эриша олсак, Суперлига йўлланмаси учун яхши имконият ҳосил қиламиз. Тўғриси, фақат мухлислар ёки клуб эмас, биз футболчилар Суперлигага чиқишни ўзимиз ҳам жуда истаяпмиз ва бунинг учун охиригача кураш олиб борамиз.

Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.


Манба: fcdinamo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz