Қайднома

Қидирув

Мандандани захирага ўтқазиб қўйган «касал» дарвозабон

Мандандани захирага ўтқазиб қўйган «касал» дарвозабон

  27.09.2018 06:23
  0
  840
Мандандани захирага ўтқазиб қўйган «касал» дарвозабон

ТРОМБОЭМБОЛИЯ ТУФАЙЛИ 3,5 ЙИЛ ЎЙНАМАГАН ВА КЕЙИН СТИВ МАНДАНДАНИ ТАРКИБДАН «СИҚИБ» ЧИҚАРГАН ДАРВОЗАБОН ТАРИХИ

Футбол ўйинининг мазмун-моҳияти - натижа. Ғалабага элтувчи воситалар эса жуда кўп: кучли таркиб, яхши тайёргарлик, муайян футболчининг қойилмақом техник маҳорати, рақиб ҳимоясининг ношуд ҳаракати, ҳакамлик хатоси ва ҳоказо...

Ғалабанинг яна бир тури борки, у майдон четида қўлга киритилади ва қадри жуда-жуда баланд. Шундай ғалаба таъмини тотган футболчилардан бири ҳозирда Франциянинг «Марсель» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

Гап тромбоэмболия (қон томирига боғлиқ ўткир хасталик) билан бир неча йиллик курашда устун келиб, футболга қайтган дарвозабон Йоанн Пеле ҳақида кетмоқда. Ноябрь ойи бошида 36 ёшга тўладиган фахрий голкипер «Марсель» сафига 2015 йили қўшилганди.

Бундан 8 йилча олдин эса, Йоанн ўта жиддий муаммога йўлиққан ва шифокорлар унга футболдан йироқлашишни тавсия этишганди. Чунончи, киперда қон томирига боғлиқ тромбоэмболиянинг ўткир ҳолати аниқланганди...

Бру-Сур-Шантерен ҳудудида туғилган машҳур фамилия соҳиби катта футболга кўпчиликка нотаниш «Торси» клубида қадам ташлади. Йоанн кейинчалик «Меакс» жамоаси орқали нисбатан таниқли «Ле Ман» сафига қўшилди. Бу жамоа 1999 йили Франция иккинчи дивизионида камтарона мақсадлар сари интилганди.

Хуллас, франциялик кипер «Ле Ман»да дарҳол асосий таркибдан жой олди ва асосийси, «оқ-кўклар»нинг ҳозирги устози Руди Гарсия билан мустаҳкам алоқа боғлади. Ҳар ҳолда, мураббий бир неча йилдан ке­йин юқори даражага кўтарилгач, эски қадрдонини ёнига чорлаб, унга «Марсел»да ўзини кўрсатиш имкониятини тақдим этди.

Умуман олганда, Пеле «Ле Ман»даги дебютини «Истра»га қарши баҳсда нишонлаган бўлса, 2005 йилга қадар дарвозабонлик маҳоратини тобора шакллантириб борди, якунда жамоанинг юқори дивизион йўлланмасини қўлга киритишига катта ҳисса қўшди. Алоҳида айтиш жоиз, Йоанн ўта ишончли ўйин­лари билан ҳаттоки, Арсен Венгер эътиборини ҳам тортди.

Ҳарқалай, «Арсенал» устози янги асрнинг биринчи 10 йиллиги ярмида ҳамюртини германиялик машҳур Йенс Леманн ўрнига мўлжаллаганди. Бироқ қизиқиш бош­қа, амалий трансфер бошқа. Оддий айтганда, Пеле 2009 йилга қадар «Ле Ман» таркибида қолди. У ўшанда Лига 1да «жон» сақлаб қолиш учун курашган клубда навбатдаги қойилмақом мавсумни ўтказганди.

Бўйи баланд, гавдаси катталиги туфайли «альбатрос» лақабини олган дарвозабон шундан кейин «Тулуза» билан шартнома тузди. Аслида трансферлар бозорида унга талаб катта эди. Мисол учун, «Бордо» Пелега афсонавий Ульрих Раме ўринбосари ролини беришни режалаштирган бўлса, «Манчестер Юнайтед» ва яна «Арсенал» клублари 26 ёшли киперни АПЛга олиб ўтишга уринди.

Лекин Йоанн барчасини мантиқан тўғри чамалади ва Бен Фостер, Энвин ван дер Сар ҳамда Томаш Кушак каби киперларга эга «қизил иблислар» сафини тўлдиришдан маъно кўрмади. У шунингдек, «Арсенал»да Мануэль Альмуния, Лукаш Фабиански ва Вито Манноне борлигини эътиборга олиб, Венгер билан ҳамкорлик қилиш вариантини ҳам ёқламади.

Тўғри, «Тулуза»да ҳам Пелени жиддий рақобат кутиб турганди. Бинобарин, жамоа ихтиёридаги ҳар икки голкипер  (Оливье Блондель ва Матьё Вальверде) етарли тажрибага эга эди. Шундай бўлсада, қаҳрамонимиз чемпионат доирасида 18 марта майдонга тушиб, «Тулуза»нинг турнир жадвали хавфли зонасидан узоқроқ юришида муносиб роль бажарди.

«Альбатрос» қанотларидан айрилган «Ле Ман» эса 18-ўринни банд этганча Лига 1дан тушиб кетди. Асосийси, Пеле «ғалати мураббий» мақомини олган Раймон Доменек назарига тушди. «Мунажжим» уни жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Франция терма  жамоасининг кенгайтирилган таркибига киритди ва учинчи дарвозабон ролини беришни ўйлади.

Бироқ Йоанн шу муҳим паллада ўзини нохуш сезиб, машғулотлардан бири якунига етгач, «Тулуза» шифокорларига мурожаат қилди. Орадан чамаси 2 ойча ўтиб, футбол жамоатчилиги дарвозабонга қўйилган даҳшатли ташхисдан хабар топди.

Ўша йил охирида «Тулуза» мураббийлар штаби бу борада расмий баёнот ҳам берди: «Аввалги тахминлар нисбатан яхши эди, ҳар ҳолда, Йоанн чамаси 6 ойдан кейин сафга қайтиши айтилганди. Бироқ такрорий текширувлар бунинг аксини кўрсатди. Қисқаси, дарвозабонимиз кейинги йилнинг ноябрига қадар футболдан четда қолади».

Вақт ўтиши билан Пеленинг умумий ҳолати оғирлашиб бораверди. Бу орада «Тулуза» футболчиларидан бири - Муҳаммад Фофана ҳаттоки, дўсти фаолиятини қайта тиклай олмаслиги мумкинлиги ҳақида оғиз очди. 2012 йилнинг 9 май куни «Тулуза» раҳбарияти оғриқли қарор қабул қилишга мажбур бўлди. Яъни клуб хаста дарвозабон билан хайрлашди.

Тўғри, тулузаликлар шунинг баробарида унга 2та вариант таклиф этишди - скаутлик бўлимида фаолият юритиш ёки академияда дарвозабонлар мураббийи сифатида ишлашни. 2013 йилнинг 4 январь куни эса, Пеленинг ўзи хушхабар тарқатди: «Шифокорлар профессионал футболга қайтишимга рухсат беришди».

Бу вақтда 30 ёшни қаршилаган ва деярли 3 йил майдонга тушмаган голкипер «радар»лар нигоҳидан бутунлай четга чиқишга улгурганди. Хуллас, хасталикдан устун келган Йоанн энди таклиф кутишдек ёқимсиз ҳолатдан азобланди. Чунончи, уни анчагача ҳаттоки, кўрикка ҳам чақиришмади. Жабрдийда дарвозабон август ойида ниҳоят, келажак йўлида бир нур кўрди.

Аниқроғи, «Ванн» ва «Дижон» мураббийлари гарчи Йоанн хизматига эҳтиёж сезишмаётган бўлсаларда, инсонийлик нуқтаи назаридан бирин-кетин унинг жамоада бепул шуғулланиши ва тренажёр залларидан фойдаланишига рухсат беришди. Ваҳоланки, Пеле футболга қайтиш умидини деярли йўқотган ва бошқа иш топиш ҳаракатига тушганди.

Қолаверса, машғулотлар бир текис давом этсада, Пеленинг таклиф олиши мушкул масала бўлиб қолаверди, барибир. Хуллас, у кутишдан чарчаб, иккинчи марта қўлқопларини михга илишни ўйлади.

Ана шу паллада худди очиқ ҳавода бирдан чақмоқ бўлгани каби Лига 1 турнир жадвалининг қуйи поғоналарида роса қийналаётган «Сошо» кутилмаганда, киперни ўз сафига чорлаб, январь ойида шартнома ҳам тузди. Шундан яна бир неча кун ўтгач, Йоанн футбол нуқтаи назаридан гўёки, қайта туғилди. Чунончи, 3,5 йиллик танаффусдан кейин ўзини яна профессионал футболчидек ҳис қила бошлади.

Ҳа, Пеле илк уринишда «Сошо»га айтарли ёрдам беролмади: жамоа элит лига билан хайрлашди, кипер эса миннатдорчилик разми ўлароқ, Лига 2да ҳам унинг шарафини ҳимоя қилишга розилик билдирди. 2015 йилнинг ёзига келиб, Йоанн олдида янги чорлов пайдо бўлди.

Кипернинг юқори спорт формасидан ҳайратланган «Марсель» мураббийлари унга Франция миллий жамоаси вакили Стив Манданда ўринбосари ролини таклиф этишди. Буни қабул қилган Пеле ҳам асосий таркибга интилгани йўқ, шунчаки, катта футбол доирасига қайтганидан қувониб, машғулотларга зўр берди.

Бироқ жафокаш дарвозабонни мутлақо кутилмаган яна бир совға кутиб турарди - Стив Манданда «Кристал Пэлас» чорловини қабул қилгач, Пеле ўз-ўзидан асосий дарвозабонга айланди-қўйди. Ҳаёт синовлари олдида эсанкираб қолмаган голкипер табиийки, бу воқелик туфайли саросимага тушгани йўқ, шунчаки, «Марсел»га имкон қадар наф келтириш мақсадида терга ботиб ишлашда давом этди.

Бунинг натижаси шу бўлдики, Пеле аввалги мавсум Лига 1 доирасидаги 38та ўйинда ҳам майдонга тушди, марселликлар эса якунда Европа Лигаси йўлланмасига эга чиқишди. Очиғи, чемпионатда тўлиқ иштирок этиш - жиддий хасталик оқибатида узоқ вақт спортдан четда қолган дарвозабон учун феноменал натижа.

Мана, Манданда янги мавсум олдидан «Марсел»га қайтди, шунга қарамай, Пеле асосий голкипер сифатида гавдаланмоқда. Шубҳа йўқ, вақтида Франция терма жамоасига ҳам чақирилган иродали дарвозабон «Марсел»га ҳали кўп фойда келтиради. Муҳими, у футбол майдонидаги ютуқдан тотлироқ ғалабага эришиб бўлди...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz