Қайднома

Қидирув

«Сардор Неймар – бу масхара...» Бразилия футболи Тите танловидан норози

«Сардор Неймар – бу масхара...» Бразилия футболи Тите танловидан норози

  27.09.2018 00:17
  0
  917
«Сардор Неймар – бу масхара...» Бразилия футболи Тите танловидан норози

Бразилия ОАВ вакиллари, шунингдек, мухлислар мамлакат миллий жамоаси устози Титенинг сардорлик масаласи бўйича чиқарган қарорини яхши қабул қилишмади.

Эслатма, мураббий Нью-Жерси шаҳрида АҚШ термасига қарши кечган ўртоқлик учрашуви олдидан Неймарни доимий сардор сифатида танлаганини маълум қилди: «Ҳа, сардор масаласига боғлиқ экспериментлар тугади. Эндиликда боғичнинг доимий эгаси - Неймар».

«ПСЖ» вакили ўша ўйинда фаол тўп сурди, гол урди, жамоани ўз ортидан эргаштирди, 2:0 ҳисобидаги ғалабага катта ҳисса қўшди. Бироқ омманинг фикрича, у етакчилик миссиясини тўлиқ бажаришга қодир эмас экан...

НЕЙМАР НИМА ДЕДИ?

АҚШ термасига қарши ўйиндан олдинги матбуот анжуманида қатнашган Неймар мураббий қароридан мамнун эканлигини яшириб ўтирмади: «Кўрасизлар, бразилиялик мухлислар ишончини қайта қозонаман. Албатта, энди зиммамдаги масъулият икки ҳисса ортганини тушуниб турибман. Сардорлик боғичи - катта шараф.

Ўйлайманки, анча улғайдим ва терма жамоа ғалабаси йўлида жамоадошларимга қўлдан келганича ёрдам беришга тайёрман. Ўз ўрнида, жаҳон чемпионатидаги хатти-ҳаракатларимдан қониқмаган барча мухлислар, мутахассислардан узр сўрайман. Ютқазиш ҳар доим оғир. Майдонга қулаш? Ҳимоячилар билан «дуэл»га ҳамиша ғолиб сифатида киришаман.

Улардан тезкорроқ ва енгилроқман, шунинг учунми, кўпинча мени қўполлик ёрдамида тўхтатиб қолишга уринишади. Ўйин вақтида рақиб жарима майдонига осонгина ёриб киришнинг имкони йўқ.

Бутун ЖЧ-2018 давомида менга нисбатан тинмай қўполлик ишлатишди. Лекин ишонинглар, атайин қулашни хаёлимга ҳам келтирмадим. Нима бўлганда ҳам, ўйинимни янада яхшилашга ҳаракат қиламан, ЖЧ воқеалари ўзига хос сабоқ бўлди».

МУНОСАБАТ ҚАНДАЙ?

O Globo спорт каналларидан бирининг Trocade Passes кўрсатувида Неймар ва сардорлик масаласи алоҳида муҳокама қилинди. «Тушунаман, Неймар хатога йўл қўйган ҳар қандай инсон каби иккинчи ва ҳаттоки, учинчи имкониятни олишга ҳақли. Бироқ жаҳон чемпионатидан сўнг футболчининг имиджи кескин тушиб кетганини унутмайлик, - деди кўрсатув бошловчиси Тиагу Мараньяу.

- Ҳар ҳолда, Неймар Россия турниридаги ҳаракатлари билан идеалликдан анча йироқда эканлигини кўрсатди. У айниқса, симуляция ишлатишда меъёрни буздики, бу Бразилия терма жамоаси обрўсига мутлақо тўғри келмайди.

Энди эса матбуот анжуманида ўзини оқламоқда, барча қулашлари ҳаққоний бўлганини таъкидламоқда, рақиблар доимий равишда қўполлик ишлатишганини айтиб, буни ўйин услубига йўймоқда. Оддий айтганда, Неймар бошқача ҳаракатланиши талаб этилганини тан олмаяпти. Демакки, шу йўсинда ўйнашда давом этса керак.

Ҳа, ЖЧдан сабоқ олганини ҳам айтди, аммо кўринишидан, буни ҳали ўзлаштирмаган, алоҳида хоҳиши ҳам йўқ. Шундай ўйинчи терма жамоанинг ёш авлодига ибрат кўрсата оладими? Очиғи, мураккаб савол. Ёшлар сардорнинг хатти-ҳаракатларига қараб, «Мана шундай ўйнаш керак, бу бош мураббийга ёқар экан», деб ўйламасликларига ким кафолат беради?»

Кўрсатув эксперти Ана Таис ҳам терма жамоада чин етакчи йўқлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Тите сардор танлашда қаттиқ янглишди: «Эшитишимча, Неймарнинг ўзи кучли босим борлиги учун терма жамоа сардорлик боғичини олишни истамаган ва бу ҳақда мураббийга ҳам айтган.

Шунинг ўзи ва бошқа хатти-ҳаракатлари унда сардор бўлишга зарур хусусиятлар йўқлигидан далолат бериб турибди. Ҳар ҳолда, ҳозир Неймарни жамоа етакчиси мақомига кўтариш мавриди эмас. Очиғи, Тите ҳужумчининг бош «ҳомий»сидек кўринмоқда. Ахир йигитча етарлича хатоларга йўл қўйган бўлсада, боғичга муносиб кўрилди, барибир.

Умуман, айни пайт терма жамоамизда етакчининг ўзи йўқ, шунинг учун сардорлик боғичи роса қўлма-қўл бўлди. Бу ҳам эътиборга молик ҳолат...».

Ҳаттоки, Бразилия миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Графите ҳам бу масалада журналистлар томонида: «Шахсий фикримча, Неймар сардорлик қилиш учун керакли хислатларга эга эмас. Тьяго Сильва терма жамоада яна қанча ўйнашини билмайман, лекин ҳозирги ҳолатда айнан у кийиниш хонасининг етакчиси бўлса керак».

Неймарнинг сардор мақомини олганига салбий муносабат билдирганлар орасида ESPN етакчи шарҳловчилари - Густаво Хофман ва Мауро Сезар ҳам бор. «Неймар етакчи эмас ва ҳеч қачон бўлолмайди ҳам. Ҳа, у футбол нуқтаи назаридан яхши, аммо етакчилик хусусиятлари йўқ. Мана, яна сардорлик боғичини олишга рози бўлиб, улғайганию, кўп нарсаларни ўрганганини таъкидлади.

Бироқ жаҳон чемпионатидан кейинги ўша реклама бундай эмаслигини кўрсатмоқда. Умуман, Тите тузган таркибда айнан етакчиликка мойил футболчилар йўқ. Ҳа, мураббий доимий сардор сифатида энг яхши ўйинчини танлади, бироқ у йигитларни ўз ортидан эргаштиришга қодир эмас. Шундай экан, бу энг яхши вариант саналмайди» - бу Густаво Хофман фикри.

Мауро Сезар эса янада «ўткир»роқ гапирди: «Жаҳон чемпионатида рўй берган воқеаларни ҳисобга олиб айтганда, бу танлов - жумбоқ! Ахир Неймар Россияда барқарор эмаслигию, ўта таъсирчан эканлигини билинтириб қўйди. Дейлик, ҳаттоки, турли мемлар яратилишига сабабчи бўлди.

Орадан 2 ой ўтиб, Тите дабдурустдан Неймар улғайиб қолганини айтмоқда. Бунга ишониш мумкинми? Очиғи, ҳаммаси қандайдир масхарабозликка ўхшамоқда. Ҳа, Неймарнинг бирданига улғайгани - масхарабозлик. Тите ундан кўра, боғич воситасида Неймарга катта ишонч бағишлаётганини айтса, яхшироқ бўларди...».

ESPN Brasil ва SporTVда ишлаган бразилиялик таниқли журналистлардан бири Андре Ризеканинг ёндашуви ҳам диққатни тортади: «Тите сардорлик боғичини Неймарга топшириш асносида унинг ЖЧдаги ёқимсиз хатти-ҳаракатларини маъқуллади.

Боз устига, шундай ҳужумчини бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатмоқда. Бошқача ифода этганда, мураббий шогирдига ўз қилмишларини обдон таҳлил қилишга вақт бериш ўрнига уни қучоқ очиб, бағрига босмоқда. Бу худдики, «Биз бутун дунёга қаршимиз» қабилидаги ёндашув эмасми? Шахсан мен барчасини шундай тушуняпман...».

Бразилия терма жамоаси бош мураббийининг сардорлик масаласидаги танлови мухлисларга ҳам унча ёқмади. Улар ижтимоий тармоқларда турли-туман изоҳ қолдиришмоқда.

- Шахсан мен Неймар фанатиман, аммо сардорлик унинг учун эмаслигини барча қатори яхши биламан.

- Даҳшатли танлов! Сардорлик боғичи Тьяго Сильвада қолгани яхши эди.

- Жамоа сардори туғма етакчи бўлиши керак. У қолганларни ҳаракатга тушириш асносида ўйинни тубдан ўзгартира олиши шарт. Неймар эса бундай қилолмайди. У ҳамон йиғлоқи болакай, талтайиб юборилган йигит... Ваҳоланки, аллақачон чин эркак қиёфасига кириши керак эди. Хуллас, Тите яна адашди.

- Неймар майдонда ҳеч қачон етакчи бўлмаган, фақат ҳакамлар билан муаммо туғдирган, холос. Тите кичик жиҳатларга эътиборсиз қараб, хато қилмоқда.

- Тьяго Сильва, Миранда ва ҳаттоки, Марселони сардор сифатида тасаввур қила оламан, аммо фақат Неймарни эмас...

Абдуллохон тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz