Қайднома

Қидирув

АПЛда танҳо етакчи, Ла Лигада эса қўшҳокимлик...

АПЛда танҳо етакчи, Ла Лигада эса қўшҳокимлик...

  26.09.2018 08:24
  0
  493
АПЛда танҳо етакчи, Ла Лигада эса қўшҳокимлик...

Навбатдаги дам олиш оқшомларидан сўнг топ-чемпионатлардаги қўшҳокимлик барҳам топди. Ла Лига пешқадами ўз майдонида очко йўқотди. Бошқа лигаларда кутилмаган натижалар қайд этилмади.

Англия. «Ливерпул»нинг рекорди,«Челси»нинг сусткашлиги

Сўнгги турга қадар «Челси» билан ёнма-ён келган «Ливерпуль» қаторасига 6-ғалабасини расмийлаштирди - танаффусгача «Саутгемптон» дарвозасига урилган 3та гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Натижада «қизиллар» янги мавсумдаги зафарли серияни 7тага етказиб, ўзига хос рекорд ўрнатишди. Бу - жамоа тарихидаги энг муваффақиятли старт!

Беллашувни фаол бошлаган мезбонлар 10-дақиқада олдинга чиқиб олдилар - қанотдан узатилган тўп рақиб ҳимоячиси оёғига тегиб, дарвозадан жой олди. Кейин Жоэль Матип бурчакдан оширилган тўпни голга айлантирди. Ниҳоят, ўтган мавсум қаҳрамони Муҳаммад Салоҳ бўлим охирида ҳисобни йириклаштирди.

ЕЧЛда «Лион»дан енгилган «Манчестер Сити» бор аламини «Кардифф»дан олди. Дебютант ўз уйида чемпиондан 5та гол қабул қилиб, бирорта жавоб қайтара олмади. «Шаҳарликлар» сафида дебют мавсумини ўтказаётган Риёд Маҳрез «дубл»га эришди.

Манчестернинг бошқа бир номдор клуби «МЮ» эса афсонавий Алекс Фергюсоннинг «Олд Траффорд»га қайтишига муносиб совға тайёрлай олмади. «Қизил иблислар»нинг собиқ устози май ойидаги жарроҳлик муолажасидан сўнг илк бор севимли стадионга ташриф буюрганди. Учрашув арафасида у собиқ шогирдларининг зафар қучишларига умид билдирганди. Аммо жамоа элита дебютанти - «Вулверхемптон» қаршилигини синдира олмади - 1:1.

«Челси» эса Лондон дербисида «Вест Хэм» билан нурсиз дурангга (0:0) имзо чекди ва қимматли 2 очкодан жудо бўлди.

«Арсенал» қайд этган қаторасига 4-ғалаба ҳам эътиборга лойиқ: Унаи Эмери бошқарувида «Манчестер Сити» ва «Челси»га имкониятни бой берган жамоа бошқа хатога йўл қўймаяпти.

Испания. Месси гол урди, аммо...

Ҳисобот турига 100 фоизли натижа билан етиб келган «Барселона» Каталония дербисида камтарин «Жирона»ни енга олмади ва «Реал»га қувиб етиш имконини совға қилди. Ваҳоланки, баҳс Мессининг тезкор голи билан бошланганди. Аммо 35-дақиқада Клеман Лангле ўз жарима майдончаси ичида рақибига қўполлик ишлатди ва қизил карточка олди. Бу жазо камлик қилганидек, меҳмонлар танаффус арафасида мувозанатни тиклашди, 2-бўлимда эса олдинга ўтиб олишди. Тўғри, тез орада Пике ҳисобни тенглаштирди. Лекин «Барса» ғалаба келтирувчи голни уришга улгурмади.

«Реал» эса бир кун аввал «Эспаньол»ни қабул қилган ва ўта қийин, аммо муҳим ғалабага эришганди. Учрашувнинг 41-дақиқасида Марко Асенсио урган ягона гол пойтахт жамоасига қимматли 3 очкони тортиқ этди. Шу тариқа Ла Лигада қўшҳокимлик юзага келди.

Сўнгги 2 ўйинда атиги 1 очкога эга бўлган «Атлетико» Хетафега фақат ғалаба илинжида йўл олганди. Орзунинг рўёбга чиқишига мезбонлар кўмаклашиб юборишди - 14-дақиқада Сория автогол соҳибига айланди. Танаффусдан кейин Лемар 2-голни урди. Оқибатда Симеоне жамоаси кучли квартетга яқинлашиб олди. Мавсумни кўтаринки руҳда ўтказаётган «Алавес» Мадридда «Райо Вальекано» устидан йирик ҳисобда (5:1) устун келди. Шунингдек, «Сельта» - «Вальядолид» қарама-қаршилигида ҳам мухлислар 6та голга (3:3) гувоҳ бўлишди.

Италия. ПешҚадамнинг Қийин Ғалабаси, «Рома»нинг маҒлубияти

Фрозиноне сафари «А» серия етакчиси учун ўта мураккаб кечди. Боиси, сўнгги поғонада бораётган дебютант ўз уйида ҳеч бўлмаганда 1 очко олиш илинжида эди ва бутун эътиборни ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлашга қаратди. Меҳмонлар ўйин давомида рақиб дарвозасини 20 марта «ўқ»қа тутишди, мезбонлар эса бор-йўғи 4 марта. Хуллас, Шенсни зерикиб қолди, жамоадошлари эса гол ура олишмади. Ниҳоят, Криштиану Роналду майдонда эканлигини намойиш этди - 81-дақиқада жамоадошидан қабул қилган тўпни дарвозанинг олис бурчагига жойлаб қўйди. Захирадан тушган Бернардески эса қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқасида иккинчи голни урди.

Туринга сафар қилган «Наполи» «Торино»ни ишончли (3:1) тарзда маҳв этиб, пешқадамни қувишда давом этмоқда.

«Фрозиноне»га қўшни бўлиб турган «Болонья» эса кутилмаганда «Рома» устидан ишончли (2:0) ғалабага эришди. Натижада Римнинг номдор клуби аутсайдерлар гуруҳига яқинлашиб қолди.

Германия. «Герта»да юксалиш,«Вердер»да ҳам

Бундеслигада турнинг марказий беллашуви Гельзенкирхенда бўлиб ўтди. Азалий рақиблар - «Шальке» - «Бавария» қарама-қаршилиги 62271 мухлис кузатувида ўтди. Ваҳоланки, мезбонлар ҳали бирор очкога эриша олмай, сўнгги поғонада боришмоқда. Жамоа пешқадамга муносиб қаршилик кўрсата олди, лекин «Бавария» ўз мақсадига эришди - 8-дақиқада ҳисобни очган Хамес Родригес танаффусдан кейин ҳам фаолликни бўшаштирмади. Оқибатда жамоаси учун пенальти ишлаб, ўйин қаҳрамонига айланди. Левандовски «нуқта»дан зарба йўллашда хатога йўл қўймади.

Берлинда «Боруссия М»ни қабул қилган «Герта» номдор рақибига имконият қолдирмади - 4:2. Эътиборлиси, «кекса хоним» мавсумни яхши ўтказмоқда. Шунингдек, «Вердер» ҳам мазмунли ўйин кўрсатяпти. Бу гал «мусиқачилар» Аугсбургдан 3 очко билан қайтишди - 3:2. Дортмунднинг «Боруссия»си эса Зинсхаймда «Хоффенхайм»ни енга олмади - 1:1. Қизиғи, меҳмонлар узоқ вақт ҳисобда ортда боришди. Лекин Дилэйни майдондан четлатилгач, мувозанатни тиклашди. Пулишичнинг 84-дақиқадаги аниқ зарбаси «Боруссия»ни мағлубиятдан қутқариб қолди.

Франция. Ниҳоят,Головин майдонга тушди

ЖЧ-2018 қаҳрамонларидан бири бўлган россия­лик Александр Головин «Монако»даги дебютини нишонлади. Ўтган ҳафта жароҳатидан фориғ бўлган ҳужумчи «Тулуза» ва «Атлетико»га қарши учрашувларни ўтказиб юборган, Леонарду Жардим «Ним»га қарши баҳсда унга имконият беришни ваъда қилганди. Чиндан ҳам, Головин 72-дақиқада Диопнинг ўрнини эгаллади. Бироқ князлик клуби ғалаба қозона олмади - 1:1. Александр эса гол ёки самарали узатмани уддалай билмади. Шунга қарамасдан, мураббий россиялик шогирди ҳақида илиқ фикрлар билдирди: «У юксак савиядаги футболчи, миллий терма жамоа аъзоси. Доимо совринли ўринлар учун курашишга одатланган. Саша тез орада «Монако» етакчилари сафидан жой олади».

«ПСЖ» Реннда навбатдаги 3 очкони расмийлаштирди. Ливерпулдаги аламли мағлубият ҳам, рақибнинг олдинга чиқиб олишига сабаб бўлган автогол ҳам жамоага салбий таъсир этмади. Анхель Ди Мариянинг голи танаффусга хотиржам йўл олиш имконини берди. Иккинчи бўлимда Менье ҳамда Шупо-Мотинг голлари зафарни таминлади.

«Лион» эса Манчестердаги шов-шувли ғалабадан руҳланган ҳолда азалий рақиби - «Марсел»га имконият қолдирмади - 4:2. Шунингдек, «Лилль» ҳам «Нант»дан устун келиб (2:1), 2-ўринни сақлаб қолди.

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 27 сентябрдаги пайшанба  сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz