Қайднома

Қидирув

Миллий терма жамоа-2021: у қандай кўринишда бўлади

Миллий терма жамоа-2021: у қандай кўринишда бўлади

  28.09.2018 00:12
  0
  4797
Миллий терма жамоа-2021: у қандай кўринишда бўлади

Худди 2001, 2005, 2009 ва ҳоказо йилларда бўлгани каби, 2021 йил ўрталарига (балки кузига) бориб ҳам Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашаётган бўлади. Албатта, катта эҳтимол билан.

Ҳар ҳолда, ҳозиргача ЖЧ саралашининг ҳал қилувчи босқичига мунтазам чиқаётган термамиз Эктор Купер бошчилигида ҳам ўша даврга етиб боради, деб ўйлаймиз ва ишонамиз.

Хўш, ўша пайтдаги жамоани қандай тасаввур қиласиз? Қизиқ масала. Лекин бу ҳақда гап очишга бизда асослар бор, бугун...

************

Сурия ва Эрон термаларига қарши ўйинлар ўтказилгач, Эктор Купер миллий жамоамиз футболчилари ҳақида маълум даражада тасаввурларга эга бўлди. Унинг олдидаги энг асосий вазифа мамлакатимизни Қатарда ўтадиган 2022 йилги мундиалга олиб чиқиш экан, бу борада арқонни жуда узун ташлаши аниқ. Боз устига, айнан ўша даврга бориб жисмоний ҳолати анчагина сусайиши мумкин бўлган футболчилар (эътибор беринг!) ҳозирги жамоамизда бисёр. Бу ёш билан боғлиқ ҳолатки, мазкур жиҳатнинг олдини олиш асло мумкин эмас.

Ҳозир биз худди 2014 йилдаги каби ҳолатдамиз. Қайси маънодаки, ўшанда термамиз таркибида бўлган футболчиларнинг қайсилари ҳозиргача (аниқроғи, 2017 йил кузигача) бўлган даврга етиб кела олишди?

Масалан, ўша таркибда бўлган ёши катталардан Темур Кападзе ўшандаёқ термадан кетди, Сервер Жепаров ЖЧ-2018 саралаш циклида жуда бўш ўйнади, Гейнрих эса, гарчи бир-икки бора ҳал қилувчи голлар муаллифига айланган бўлсада, ёши эски даврларидаги каби футбол ўйнашига халақит қилаётгани яққол билиниб қолди. Ҳозирги таркибимизда ҳам худди ўша 2014 йиллардаги йигитлар ЖЧ-2018 саралашларида қатнашгани каби бироз кексайиб қолаётган футболчиларимиз бор экан, уларнинг бугундан то 2021 йилгача ўз спорт формаларини мунтазам йўқотиб боришларини тахмин қилса бўлади.

Бу борада чизиқлар бўйича тўхталсак, манзара яққолроқ намоён бўлиши мумкин. Демак, тўртта позиция бўйича ўз фикрларимизни билдирсак-да, сўнгра хулосалар ўзингизга ҳавола...

ДАРВОЗА

Термамизнинг асосий посбони Игнатий Нестеров 2021 йилда 38 ёшни қаршилайди. Аксарият дарвозабонлар учун аслида 40 ёш ҳам унчалик қўр­қинчли эмас. Бу борада Нестеров ҳам 2021 йилда ортиқча муаммолар сезмаслигига шахсан мен ишонаман. Хуллас, ҳозирча 2021 йил учун ҳам дарвозага асосий посбон сифатида Нестеровни қўйиб турамиз.

Миллий жамоада ҳозирча иккинчи посбон ўрнида майдонга тушаётган Элдор Суюновда ҳам ўзига яраша «плюс-минуслар» бор. Айтиш жоизки, Элдор «дарвозабонлик кўрсаткичи»да ҳали анчагина ёш - бу йил эндигина 27 баҳорни қаршилади.

Демак, унда ортиқча йиллар ҳам, имкониятлар ҳам бор. Фикримизча, Суюнов бу давр ичида ўз хатолари устида тинимсиз меҳнат қилиши шарт. Сабаби, кейинги уч йил оралиғида терма жамоада у билан рақобат қила оладиган ёш дарвозабонлар етишиб чиқиши турган гап.

ҲИМОЯ

Марказий ҳимоя вакиллари орасида ҳозир ҳам етакчи саналаётган Анзур Исмоилов 2021 йилга бориб 36 ёшни қаршилайди. Бу ёшда Жузеппе Бергоми ёки Паоло Мальдини каби ҳимоячилар ёшлик даврларидан ҳам кўра ишончлироқ ўйин кўрсатишган. Лекин Италия термаси футболчилари барибир бошқа масала - улардан фарқли равишда биз Анзурнинг яна 3 йил (агар ЖЧга чиқолсак, 4 йил) шунақа юқори савия­да ўйнаб беришига астойдил ишона олмаймиз. Шундай экан, унинг ўринбосарларига кўз тикишга, уларнинг кейинги даврлардаги ривожланиш истиқболларини чамалашга мажбурмиз.

Чап қанот ҳимоямиз етакчиси Виталий Денисов билан ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат кузатилади. 31 ёшли ҳимоячимиз айни пайт «Локомотив» сафида захирада қолиб кетиши оқибатида Самаранинг «Крилья Советов»ига йўл олган. Виталийнинг бу ҳаракатини, албатта, пастга шўнғиш деб баҳоламасдан иложимиз йўқ.

Тўғри, бир томондан захирада қолиб ўйин амалиётига эга бўлмагандан кўра, қуйироқдаги жамоа сафида мунтазам тўп сурган яхшироқ. Аслида, Денисовни ҳеч бир жабҳада айблашга ҳаққимиз йўқ: у термадаги фаолияти даврида доимо ўзининг энг яхши ўйинларини ўтказган.

Фақатгина шуни билдирмоқчимизки, Денисовда ҳам ёш нуқтаи назаридан паст томон юриш онлари яқинлашмоқда. Виталий 2021 йилда 34 ёшда бўлади ва унинг имкониятлари Анзурникига қараганда бирмунча яхшироқ.

Демак, танганинг иккинчи томонидаги маънолар тахминан шунақа: юқорида «пастга шўнғиш» деб баҳолаган бўлсакда, «Крилья»га ўтиши унинг учун яна бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин ва айнан шу ўртаҳол клубдаги барқарор ўйинлари сабаб, яна миллий жамоамизга 3-4 йил ўйнаб беришидан умид қилса бўлади.

Ва ниҳоят, учинчи ёши каттароқ ҳимоячимиз - Акмал Шораҳмедовнинг ҳам айни пайтда 32 ёшда экани ва худди Исмоилов ва Денисовга ўхшаб унда ҳам кейинги 3 йил ичида имкониятлар пасайиб бориши мумкинлигини тилга олиш жоиз. Бўлди. Бошқа ҳимоячиларимиз билан ёш борасида ҳаммаси жойида.

Қизиқ факт: Эктор Купер томонидан охирги йиғинга чақирилган футболчиларнинг деярли барчаси бир-бирига жуда яқин жойлашган экан - 2021 йилда Тўхтахўжаев, Муҳаммадиев, Зотеев ва Шиховлар 32, Аъзамов ва Холмуҳаммедов 31, Сайфиев 30, Кримец 29, Козак 28 ёшда бўлар экан.

Демак, мазкур саккиз футболчи ҳимоячи нуқтаи назаридан келиб чиқиб гапирсак, ўз фаолиятларининг энг юқори чўққисига чиққан паллаларида бўлишади. Лекин спорт формасини ушлаб туриш борасида ҳеч кимга кафолат йўқлигини ҳисобга олсак ва айниқса, ёш авлод етишиб чиқаётгани бунга қўшимча қилинса, юқоридаги саккиз футболчи олдида ҳам осон бўлмаган йўллар борлигини кўрамиз.

ЯРИМ ҲИМОЯ

Энг қизиқ ва энг мунозарали мавзу. Терма жамоанинг охирги йиллардаги таянч ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров ва август ойида кутилмаганда терма жамоага чақирилган Санжар Турсуновлар 2021 йилда мос равишда 36 ва 35 ёшни қарши оладилар. Демак, улар яқин келажакдаги «кетишлар»ни бошлаб беришларини тахмин қилиш мумкин.

Айни пайт ярим ҳимоямиз етакчиси ва жамоа сардори Одил Аҳмедов 31 ёшда ва унда ҳам худди Исмоилов ва Денисов каби ҳолат кузатилмоқда. Яъни ўз спорт формасини ушлаб тура олса, 2021 йилда ҳам бизга худди ҳозиргидек асқотишидан умид қилса бўлади. Лекин 34-35 ёшида барибир футболчи жисмонан толиқади ва бу нарса ҳужумга «аралашадиган» ярим ҳимоячиларда яққол билинади.

Шу нуқтаи назардан, ҳаттоки, Одилни ҳам жуда осон кунлар кутмаётганлигини сезиш мумкин. Бошқа томондан, агар кейинги 2-3 йил ичида Аҳмедов даражасидаги футболчи чиқса, бундан фақат ва фақат хурсанд бўламиз. Таассуфки, ҳозирча бирор-бир футболчимиз яқин келажакда унинг ўрнини боса олади, деб баралла айта олмаймиз.

Россияда тўп сураётган легионерларимиз Вагиз Галиулин ва Вадим Афонин кейинги йиғинларга чақириладими-йўқми, буниси номаълум, лекин Афонин ҳам, Галиулин ҳам 2021 йилда худди Одил Аҳмедов каби 35 ёшда бўлишади. Демак, яқин йилларда ёши нуқтаи назаридан терма жамоа «юкини» кўтариши оғирлашадиган ярим ҳимоячилар мана шу беш нафар футболчи бўлади.

Қизиқ, улар маълум муддатга терма сафида бўлмаганида ёки умуман, миллий жамоа билан хайр­лашган тақдирда кимлар ўша «юк»ни ўзига олар экан?

Мана шу савол яқин вақтларда нафақат бизни, балки Эктор Куперни ҳам безовта қила бошлаши аниқ. Рашидовми? Ишониш қийин. Сиддиқовми? Уям ҳали анча ёш. Азиз Ғаниев-чи? Унда ҳам маълум камчиликлар бор. Хуллас, саволлар бисёр, жавобини топиш эса анча мушкул.

Шунга қарамай, хурсанд қиладиган ҳолатлар ҳам талайгина. Уларнинг энг биринчиси Эктор Купер ўзи қураётган жамоада Сардор Рашидовга иккита баҳсда ҳам ишонч билдиргани ҳолда Сардорнинг ҳам бунга жавобан анча «ўзгарган» тарздаги ўйин намойиш этгани.

Агар Рашидов шу йўсин давом этса, ўша Миржалол Қосимов кашф этганда кўрсатган ўйинларини яна такрорлашига ишонса бўлади. 2021 йилда Сардор айни «пишиб-етилган» паллада бўлади - 30 ёшда.

Бундан ташқари, айни пайт жароҳатлари сабаб терма жамоа ўйинларини ўтказиб юбораётган Фозил Мусаев борлигини унутмаслик керак. Япониянинг «Жубило Ивата» клуби вакили ЖЧ-2022 баҳсларида Азиз Ҳайдаровнинг ўрнини эгаллаши катта эҳтимол. Мусаев 2021 йилда 32 ёшда бўлади ва бу таянч ярим ҳимоячиси учун жуда катта ёш эмас.

Ярим ҳимоянинг бошқа вакилларида ёш томонидан умуман муаммо йўқ. Улар фақат ва фақат футбол ўйнашни қойиллатишлари талаб этилади. Энди мазкур тоифа вакилларини бирма-бир санаб ўтсак.

2021 йилда Жавлон Иброҳимов 31, Шоҳруҳ Гадоев ва Сардор Мирзаев 30, Машарипов 28, Алибоев, Собирхўжаев ва Ҳусниддин Ғофуров 27, Сиддиқов, Шукуров, Ҳамдамов ва Ҳамробеков 25, Яхшибоев - 24, Ғаниев эса атиги 23 ёшда бўлади.

ҲУЖУМ

Афсуски, ҳужум чизиғини ҳозирча очиқ қолдираман. Бу позиция хусусида кейинги сонларда алоҳида мақола ёзиш режам бор.

СЎНГСЎЗ

Олдинлари миллий жамоамизнинг энг заиф бўлаги ҳисобланган ҳимоя чизиғимиз сўнгги йилларда ўз «позицияси»ни бирмунча мустаҳкамлаб, бу борада ҳужум вакилларини ортда қолдиришга эришди. Яъники, ҳужумда муаммо кўпроқ. Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидан кейин ўтказилган 7та ўртоқлик учрашувлари натижасини келтираман:

БАА - 0:1, Сенегал - 1:1, Марокаш - 0:2, Эрон - 0:1, Уругвай - 0:3, Сурия  - 1:1, Эрон - 0:1.

Ўтказиб юборилган голларга назар ташлайдиган бўлсангиз, у жудаям ёмон кўринишда эмас: 5та ўйинда атиги биттадан гол қўйиб юборилган. Марокашдан эса 2та ва ниҳоят, Уругвайдан 3та гол қабул қилиб олганмиз. Урилган голлар эса жуда хунук кўринишда: 7та ўйин, 2та гол... Иккаласининг ҳам пенальтидан урилганига нима дейсиз? Демак, сўнгги 7 учрашувда ҳужумчиларимиз ўйиндан умуман тўп киритишмади. Мана муаммо қаерда?

ЖЧ-2018 саралаши доирасида ўтказилган сўнгги беш ўйинда ҳимоячиларимиз атиги учта голда «айб­дор» бўлишганди, холос ва бу замонавий футболда анча нормал ҳолат.

Айниқса, энг масъулиятли саналган сўнгги баҳс - Жанубий Кореяга қарши Тошкентда ўтказилган учрашувда гол ўтказмасликнинг уддасидан чиқишди. Хўш, улардан яна нима талаб қилиш мумкин? Демак, бу ерда ҳам айбни олдинги чизиқ вакилларига ағдариш тўғрироқ бўларди.

Сурия - 0:1, Қатар - 1:0, Эрон - 0:2, Хитой - 0:1, Жанубий Корея - 0:0.

Натижалардан кўриниб турибдики, ўтказилган сўнгги бешта ўйинда биз атиги битта гол урдик, холос. Шуни ҳам жамоа сардори Одил Аҳмедов стандарт вазиятдан урган. Ваҳоланки, биз мана шу ўйинларда яна 4-5та тўп киритишимиз мумкин эди, керак эди!

Меҳмонда Эронга қарши ўтган баҳс-ку майли, бу мағлубиятни муқаррар деб ҳисоблайлик, лекин Сурия ва Хитой билан ўтган ўйинларда урилмаган голлар ва айниқса, сўнгги беллашувда ўз майдонимизда Жанубий Корея дарвозасини ишғол этолмаганимиз олдинги чизиқ вакиллари билан келажакда астойдил ишламаса бўлмаслигини кўрсатмоқда.

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz