Қайднома

Қидирув

Танла, Вальдемар! Ёхуд Ўзбекистонда туғилган футболчи Россия термасида ўйнаши мумкин

Танла, Вальдемар! Ёхуд Ўзбекистонда туғилган футболчи Россия термасида ўйнаши мумкин

  28.09.2018 06:49
  0
  408
Танла, Вальдемар! Ёхуд Ўзбекистонда туғилган футболчи Россия термасида ўйнаши мумкин

Россия футбол иттифоқи Германиянинг «Ганновер-96» клуби ҳимоячиси Вальдемар Антонга қизиқиш билдирмоқда. Футболчининг агенти Бундеслиганинг энг ёш сардори ЖЧ-2018 арафасида руслар миллий жамоаси устози Станислав Черчесов билан суҳбатлашганини таъкидлади.

«АНТОН НИМА ҚИЛИШНИ БИЛМАЯПТИ»

Россияликларнинг Вальдемар Антон билан қизиқаётгани ҳақидаги маълумот Германиянинг Bild газетасида чиқди. Нашр вакиллари футболчининг ЖЧ-2018дан олдин Станислав Черчесов билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқоти ҳақида гапиришган.

Немис журналистлари, шунингдек, Германия термаси бош мураббийи Йоахим Лёвнинг 22 ёшли марказий ҳимоячини миллий жамоага чақирмаётганидан ташвишда эканликларини билдиришган. Яна бир қизиқ ҳолат: Bild нашри Антоннинг ўзидан кичик изоҳ олишганда, футболчи РФИ билан музокаралар ўтказаётгани ҳақидаги маълумотларни инкор этиб, сўнгра гапини тўғрилаш пайти айнан шу қисмни кесиб ташлашни сўраган.

Бироқ Вальдемарнинг агенти Рене Нойнекер Россия ОАВ уюштирган суҳбат чоғида мижози ҳақиқатан ҳам Черчесов билан гаплашганини тасдиқлади.

- Мураббий у билан жаҳон чемпионатидан аввал суҳбатлашганди. Аммо Антон ўша пайт жароҳатини даволатаётганди. Ҳозир Вальдемар 22 ёшда, юқори савияли ўйин кўрсатмоқда. У «Ганновер»нинг иккинчи сардори, аниқроғи, Бундеслигадаги энг ёш сардор ҳисобланади.

Кейинги икки ой ичида Вальдемар Германия термасидан таклиф олишни хоҳламоқда. Кўрамиз, шундай бўлармикан, - деди Нойнекер championat.com вакилларига берган интервьюсида. Ўз навбатида, агент Антоннинг ҳам Россия, ҳам Германия миллий жамоасида ўйнашни истаётганини қўшимча қилиб, танлов қийин бўлаётганини таъкидлади.

- Ҳозир мураккаб аҳволдамиз. Антон нима қилишни билмаяпти. Унга ҳар икки термада ҳам ўйнашга тайёр. Ўйлашимча, Вальдемарда «бундестим» асосий таркибида ўйнаш учун етарлича имконият бор», - деди Нойнекер.

Вальдемар Германиянинг бош жамоасида ўйнамаган, аммо ёшлар термасида 8та учрашувда майдонга тушган. Хусусан, 21 ёшгача бўлган футболчилар қатнашадиган 2019 йилги Европа чемпионати саралашида марказий ҳимоячи 6та ўйин ўтказган.

«УЙДА ФАҚАТ РУС ТИЛИДА ГАПЛАШАМАН»

Қизиғи, Антонга нафақат РФИ, балки Ўзбекистон футболи мутасаддилари ҳам қизиқиш билдиришлари мумкин, зеро Вальдемар Олмалиқ шаҳрида туғилган.

Қаҳрамонимиз икки ёшга тўлганида, унинг ота-онаси (онаси спортчи - этник немис, отаси - рус) Германияга кўчиб ўтишга қарор қилишгач, ўғиллари футбол билан айнан олмонлар юртида шуғулланишни бошлаган.

Антоннинг буви ва боболари эса Россияга кўчиб, ҳозиргача Екатеринбург ва Новоуральскда яшашмоқда. Вальдемар рус тилида яхши сўзлашади, ҳаттоки, русча поп мусиқаларни тинглайди. Интервьюларининг бирида Егор Крид ижодига бефарқ эмаслигини айтганди.

- Уйда фақат рус тилида суҳбатлашамиз. Ота-онам ёнимда бўлганида, фикрлашим ҳам русча бўлади. Жамоа ихтиёрига қўшилганда ёки германиялик дўстларим даврасида эса немисчага ўтаман. Ота-онам уйда русча телеканалларни томоша қилишади.

Биргаликда Россияга бағишланган киноасарларни, мен ёқтирган жангари фильмларни кўрамиз. Рус мусиқасини ёқтираман, мисол учун, Егор Крид қўшиқларини, - деганди Антон Eurosport журналистлари билан суҳбатда.

Ҳозирча Антон Россия фуқаролигига эга эмас, аммо Роман Нойштедтер билан бўлиб ўтган воқеа шуни кўрсатмоқдаки, ушбу масалани қисқа муддатда ҳал қилиш мумкин. Футбол сифатлари хусусида сўз борганда, Вальдемар шахси кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий.

Иқтидорли, жисмонан бақувват марказий ҳимоячи «Ганновер-96»нинг асосий таркибида 2016 йилнинг февралида дебют қилган. Ўша мавсум охирида эса клубнинг беқиёс футболчисига айланган.

Антон барча турнирларда ганноверликлар сафида 73та ўйин ўтказиб, 4та гол урган. Вальдемарнинг яна бир муҳим хусусияти - универсаллик. «Ганновер-96» асосий таркибида ўтказган икки ярим мавсум давомида бешта позицияда тўп суришга улгурди.

Севимли марказий ҳимоячи амплуасидан ташқари, мудофаанинг ҳар икки қаноти, таянч ярим ҳимояси ва ҳаттоки, ўнг қанот ярим ҳимоясида ҳам ўйнади. Бундай универсаллик ҳар қандай жамоага асқотиши турган гап. Қизиғи, у Россияга кўчиб ўтса, отасининг фамилиясини олиши, шунингдек, ўзи учун мосроқ бўлган исм - Владимирни танлаши мумкин.

- Айрим дўстларим мени Вальди, баъзилар эса Вова деб чақиришади. Умуман олганда эса, ҳамиша иккита фамилиям бўлган: Антон (онасининг фамилияси) ва Рипцов (отасининг фамилияси). Германияда ҳужжатларга фақат онамнинг фамилияси ёзилган. Эҳтимол, соддароқ туюлгани учун шуни танлашган, - дейди Вальдемар.

РОССИЯ ТЕРМАСИДАГИ НЕМИС ДЕСАНТИ

Мабодо «Ганновер-96» сардори Россия термасидан чақирув олиб, рус паспортига эга бўлса, Роман Нойштедтер ҳамда Константин Раушдан сўнг олмонлар ўлкасидан ташриф буюрган учинчи футболчи сифатида тарихга киради.

Дастлаб миллий жамоага Нойштедтер таклиф қилинган. У ҳам Антон сингари Россияда туғилмаган: Украинанинг Днепропетровск шаҳрида таваллуд топган, аммо онасининг миллати рус бўлгани сабабли тегишли фуқароликни расмийлаштириши осонлашган. Натижада Роман Евро-2016 бошланиши арафасида Россия термаси сафига қўшилди.

Ўша турнирда «Шальке-04» ярим ҳимоячиси иккита ўйин ўтказган бўлсада, унинг ҳаракатлари мухлисларга маъқул тушган, дейиш қийин. Шунга қарамай, Нойштедтер мунтазам равишда термага чақирилиб, руслар бош жамоаси либосида жами 8та учрашувда майдонга тушган. ЖЧ-2018 «заявка»сига эса сўнгги паллада киролмай қолди.

Рауш ҳақида гапирадиган бўлсак, у Россиянинг Томск вилоятида туғилган, олти ёшга тўлганида унинг ота-онаси Германига кўчиб ўтишга қарор қилишган. Кейинчалик Константин ўсмирлар термаларига жалб этилди. Мамлакат миллий жамоасида эса унинг хизматларига эҳтиёж сезилмади. Мана шундай паллада «Кёльн» аъзосига россияликлар эътибор қаратишди.

2015 йили Рауш зарур паспортга эга бўлди, 2017 йилнинг сентябрида эса «Динамо»га қарши кечган норасмий учрашувда Россия термасидаги дебютини нишонлади. Қизиғи, ўтган қишда Константин айнан «оқ-мовийлар» таркибига қўшилди.

Ушбу футболчи ҳам ЖЧ-2018да қатнашмади. Худди Нойштедтер каби миллий жамоанинг якуний таркибидан четда қолди. Қайсидир маънода, Черчесовнинг шундай қарорга келишида Раушнинг жароҳати ҳам сабаб бўлганди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz