Қайднома

Қидирув

Диего Симеоненинг футбол чўққиси томон интилаётган ўғли ҳақида

Диего Симеоненинг футбол чўққиси томон интилаётган ўғли ҳақида

  29.09.2018 06:17
  0
  265
Диего Симеоненинг футбол чўққиси томон интилаётган ўғли ҳақида

Симеоне - кўпчилик бу машҳур фамилияни эшитгани заҳоти кўз ўнгига Мадрид «Атлетико»сини бошқараётган мураббийни келтириши, шубҳасиз.

Аргентиналик Диего Симеоне вақтида футболчи сифатида Испания ва Италия чемпионатларида ғалаба нашидасини сурганди, энди эса мураббийликда ҳам муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Лекин Диегонинг асосий ҳаётий ютуқлари фақат совринларга боғлиқ эмас.

Эҳтироси ҳар лаҳзада жўшиб турадиган мураббий ўзига муносиб издош фарзанд тарбияладики, айни пайт эксперт­лар уни истиқболли келажак кутаётганини баралла тахмин қилишмоқда. Айтиш жоизки, ёш Жованни Симеоне ҳозирнинг ўзида «Фиорентина» юлдузлари қаторига қўшилиб бўлди.

Қолаверса, Европанинг энг сара клублари аллақачон кичик Симеоне «изи»га тушган. Оддий айтганда, еврофутболда ота-болага талаб бирдек катта. Мана, «Атлетико»нинг ашаддий фанати эканлигини яширмайдиган Жованни Аргентина терма жамоасидаги юришини гол уриш билан бошлади.

Яъни Гватемала термасига қарши кечган учрашув (3:0)да тўлиқ вақт ҳаракатланган кичик Симеоне 44-дақиқада рақиб давозасини ишғол қилди. Шу баҳона bombardir.ru сайти маълумотлари асосида Жованнига дахлдор бир неча муҳим фактларга эътибор қаратишни лозим топдик.

Ёш ҳужумчида голли вазиятни ҳис қилиш қобилияти жуда яхши ривожланган ва самарадорлиги ҳам чакки эмас. Дейлик, Жованни аввалги мавсум «А» сериясининг ўзида рақиблар дарвозасини 14 марта ишғол қилиб, яна 5та гол ассистентига айланди. Ҳужумларга нуқта қўйиш - Жованнининг энг кучли томони.

Ҳа, унинг ўйинида заиф жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, ҳаводаги тўплар учун курашда нўноқроқ ҳаракатланади, яна аниқ узатмалари фоизи нисбатан паст. Хуллас, кичик Симеоне ўйин услуби бўйича яхшигина дриблинг салоҳиятига эга ёрқин индивидуал ижрочини эслатади.

Жованнининг укаси ҳам бор - Жанлука. Айтишларича, 21 ёшли йигит футбол масаласида акасидан унча қолишмайди ва ҳали кўп нарсаларга эришиши мумкин.

Кенжа Симеоне шу йил январда «Ривер Плейт»дан «Фрозиноне»нинг ёшлар жамоаси сафига ўтганди, бироқ апрелдаёқ ортга қайтиб кетди.Жанлука айни пайт ижара келишуви бўйича Чилининг «Ла Калер» клубида тўп сурмоқда.

Жованни ёшлигидан «Атлетико»га мухлислик қилади. «Ҳа, болалигимдаёқ «матрасчилар»га меҳр берганман. Эсимда, ўша вақтлар фақат «Атлетико»ни ўйлардим, мен учун бош­қа жамоа йўқ эди. Кейинчалик отам билан Аргентинага қайтдик, лекин шунда ҳам клубнинг ишларини кузатардик, барибир», - деганди Жованнининг ўзи Испания ОАВга берган интервьюсида.

Умуман, бунда ажабланадиган томони йўқ: кичик Симеоне айнан Мадридда туғилган ва Аргентина ҳамда Испания паспортига эга. Қисқаси, у икки давлат фуқаросидир.

Диего Симеоне ўғли туфайли мудом телефон ёнида ўтиради ёки тез-тез Италия томон учади. Ҳар ҳолда, Жованнининг айтишича, отаси ҳар бир ўйиндан кейин қўнғироқ қилиб, далда беради ёки хатоларини кўрсатиб ўтади.

Мисол учун, шу йил январь ойида «Атлетико» бош мураббийи «Фиорентина» ва «Кьево» ўртасидаги ўйин-(6:1)ни бевосита стадионда кузатди ҳамда Жованни голини унинг ўзи билан бирга нишонлади.

Жованни Симеоне бир сафар телбанамо соч турмаги билан эътибор марказига тушганди. Аниқроқ айтсак, ёш футболчи «Ривер Плейт» сафига қўшилгач, янги жамоадошлари уни «жинни»ликка ундашган. Тўғри, кичик Симеоне ўша соч турмагидан тезда қутулган ва бунақасига бошқа қўл урмаган.

Кичик Симеоне ниҳоят, 23 ёшида Аргентина терма жамоасида дебют қилди. Нега бунчалик кеч? Ҳаммаси тушунарли - «альбиселестлар» ҳужум чизиғида рақобат жуда юқори. Гватемалаликларга қарши кечган ўртоқлик учрашуви 3:0 ҳисобида якунланди, албатта, аргентиналиклар фойдасига.

Кичик Симеоне бу баҳсда бошланғич таркибда майдонга тушиб, голлардан бирини ўз номига ёзиб қўйди. У 44-дақиқада жарима майдони ичига ёриб кириб, тўпни ўнг оёғи билан чап томонига тўғрилаб олди-да қайтарилмас зарбани амалга оширди.

Мухлислар интернет тармоқларида бу голга буюклик ёрлиғини ёпиштиришга улгуришди. Катта Симеоне фаолияти давомида неча-неча шундай голларга муаллифлик қилган, лекин энди ўғлини «Атлетико» либосида кўриш пайти келганини тушунган бўлса, ажабмас.

Transfermarkt.dе сайти Жованни трансферини 25 миллион еврога баҳоламоқда. «Фиорентина» эса уни 15 «лимон»га сотиб олганди. Ёзда харидор клублар Симеоне трансфери юзасидан музокара жараёнини дарҳол 40 миллион евродан бошлади, аммо келишув амалга ошмади.

Хусусан, «Атлетико» устози бу ҳолатни оддий изоҳлади: «Ўғлимнинг олдимга келишига ҳали эртароқ». Якунда у Жованни ўрнига «Милан» вакили Никола Калинични таклиф этди. «Тоттенхэм» ҳам кичик Симеонега жиддий қизиқди, аммо аргентиналикнинг ўзи АПЛга йўл олишни истамай, «Фиорентина»да қолишни маъқул кўрди.

Хуллас, Жованни олдида яна бир итальянча мавсум турибди - бу салоҳиятини ошириш учун зўр имконият. Шундан кейин отаси ёнига - севимли клубига ошиқса бўлаверади.

Жованни вақтида отасига Аргентина миллий жамоаси бош юлдузларидан бири сифатида қараган ва айнан унга ўхшашни орзу қилган. Кўринишидан, истеъдодли бу йигитнинг орзуси реаллик касб эта бошлади...

Ҳ. АТАВУЛЛАЕВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz