Қайднома

Қидирув

Шоҳруҳ Гадоев: «Мураббий ишини муҳокама қилишга ҳали эрта»

Шоҳруҳ Гадоев: «Мураббий ишини муҳокама қилишга ҳали эрта»

  30.09.2018 06:29
  0
  648
Шоҳруҳ Гадоев: «Мураббий ишини муҳокама қилишга ҳали эрта»

Ўзбекистон миллий термасига номзод ярим ҳимоячи Шоҳруҳ Гадоев фаолиятини Жанубий Корея чемпионатида давом эттиряпти. Ҳамюртимиз K-2 лига (бизнинг Про-лига билан тенг мақомда) вакили ҳисобланган «Тэджон Ситизен» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

Гадоев «Бунёдкор» жамоасидан кореяликлар сафига бориб қўшилганди. Эътиборлиси, Шоҳруҳ бу клубда ягона ўзбекистонлик футболчи эмас. «Тэджон» либосида яна бир вакилимиз Санжар Турсунов ҳам ўйнаяпти. Ҳамюртларимиз «Тэджон Ситизен»нинг икки қанотини сезиларли даражада кучайтиришган.

БирмуддатаввалСанжарТурсуновбилануюштирилгансуҳбатниҳукмингизгаҳаволақилгандик. Энди интервью бериш навбати Шоҳруҳ Гадоевга етиб келди. Қанот ярим ҳимоячиси бўлишига қарамай, у чемпионатда еттита гол уришга муваффақ бўлди.

- Шоҳруҳ, Жанубий Корея клубига ўтишингиз қай тарзда амалга ошганди? Келинг, суҳбатимиз аввалида ўқувчиларимизга шу ҳақда маълумот берсангиз.

- БААда «Бунёдкор» таркибида мавсумга тайёргарлик кўраётган пайтимизда футбол агентларидан таклиф бўлиб қолди. Улар «Сенинг хизматингга Жанубий Корея клуби қизиқиш билдиряпти, ўйлаб кўрасанми?» деб сўрашди.

Ўша пайт «Бунёдкор» билан амалда шартномам борлиги сабабли бу масалани ёлғиз ўзим ҳал қила олмаслигимни, агар таклиф чиндан ҳам жиддий бўлса, ўйлаб кўришимни билдирдим.

- «Бунёдкор» сиз билан осонликча хайрлашмагандир? Барибир, ўша пайт жамоа олдига юксак вазифалар қўйилаётганди. Миржалол Қосимов ва клуб раҳбарияти бу таклифга қандай муносабат билдирди?

- Ҳақиқатан ҳам, клуб олдига жиддий вазифалар қўйилаётганди. Аслида ундан аввал «Бухоро»да ижара асосида ўйнаб қайтгандим. Миржалол Қосимовнинг таклифи билан яна «Бунёдкор»га келгандим.

Шартнома имзолаш чоғида Миржалол Қўшоқовичдан «Агар хориж клубларидан таклиф тушса, қўйиб юборасизми?» деб сўраб, розилик ҳам олгандим. Миржалол ака клубга ҳам манфаати тегадиган таклиф бўлса, қаршилик билдирмасликларини айтгандилар. Шу боис ҳам Корея чемпионатига йўл олишим унчалик қийин кечмади.

- «Тэджон Ситизен» клубида кўрикдан ўтдингизми ёки тўғридан-тўғри шартнома имзолашдими?

- Ҳеч қандай кўрик машғулоти ва назорат ўйинларисиз Жанубий Корея клуби сафига бориб қўшилдим. Тэжонга етиб боришим билан шартнома имзоладик.

- Аслида таклифлар бўлган пайтда ким билан маслаҳатлашасиз? Якуний қарор ўзингизда бўладими?

- Оила аъзоларим, яқинларим, футболчилар билан маслаҳатлашдим. Лекин якуний қарорни ўзим қабул қиламан. «Тэджон Ситизен»да ҳам худди шундай бўлди. Аслида терма жамоага қайтиш учун хориж чемпионатига йўл олишим керак, деб юргандим. Бу орада Жанубий Корея клубидан таклиф тушди.

Ушбу мамлакат биринчи лигаси бўлсада, умумий савия жиҳатидан бизнинг чемпионатдан устун томонлари етарли. Қолаверса, бу ўзимни кўрсатиш учун яхшигина имконият эди. Ўз ўйиним билан Жанубий Корея К-лигаси клублари эътиборини тортишим мумкинлигини билардим.

- Жанубий Корея чемпионати сиз кутгандек кучли бўлиб чиқдими? Умуман, илк таассуротлар қандай бўлди?

- Ҳа, албатта. Ушбу чемпионат кутганимдек кучли экан. Чемпионлар Лигасида Жанубий Корея клубларига қарши ўйнаганмиз. Бу йилги ОЧЛда ҳам корейс клубларининг салоҳиятини кўрдик. Улар ярим финалга етиб келишди ва чемпионлик учун курашни давом эттиришмоқда.

Айнан шу лигада ўйнаган Баҳодир Насимов билан гаплашганимда ҳам илиқ фикрларни эшитгандим. Ўйлаганимдек, савия юқори экан. Таассуротларим, албатта, ижобий. Жуда илиқ кутиб олишди. Тўғри, бошида бироз ҳаяжон бўлди. Лекин вақт ўтиши билан ҳаммаси ўз жойига тушиб кетди.

- Машғулотларда фарқ сезилдими? Ёки ўзимизники билан деярли бир хил эканми? Кўпроқ нимага урғу беришяпти?

- Фарқ, тафовут бор, албатта. Машғулотларда кўпроқ жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилади. Шунингдек, яккакурашлар устида кўп ишлаймиз. Бирга-бир вазиятдан қандай фойдаланиш ҳақида алоҳида машғулотлар бор.

Жанубий Корея миллий жамоасининг ЖЧ-2018даги иштирокини ҳамма кўрди. Ўша пайт амалдаги жаҳон чемпиони бўлиб турган Германия термасининг қандай мағлуб этилгани кечагидек ёдимда. Ушбу муваффақиятда ички чемпионатнинг кучлилиги ҳам катта роль ўйнайди.

- Ана шундай тезкор футболга мослашиш қийин кечмадими?

- Дастлабки бир ҳафта озгина қийналдим. Чунки янги муҳит, иқлим шароитига мослашиш учун ҳам вақт керак эди. Бундан ташқари, мен жамоа сафига келиб қўшилган пайт Жанубий Корея чемпионатида учта тур ўйинлари ўтказиб бўлинганди. Афсуски, жамоамиз бу учрашувларда ҳали ғалаба қозона олмаганди.

Шу сабабли ҳам машғулотлар кучайтирилган режим остида ўтказилди. Кунига икки маҳал 2 соатдан машғулотда қатнашдик. Ана шу жиҳатидан ҳам бироз қийинчилик бўлди.

- Шу кунгача чемпионат баҳсларида еттита гол урдингиз. Қанот ярим ҳимоячиси учун бу жуда яхши натижа. Мураббий томонидан айнан ҳужумда фаол ўйнашингиз талаб этиляптими?

- Ҳа, мураббийимиз ҳужум чизиғига яқинроқ ўйнашимни талаб қилади. Ўта талабчан мураббийга эгамиз. Шундай ўйинлар ҳам бўлдики, майдонда соф ҳужумчи сифатида ҳам ҳаракат қилдим. Жамоамиз ҳисобда ортда қолаётган бўлса, мени ҳужумга ўтказишади. Бу ўзимга ҳам ёқади.

- Ҳужум чизиғида ўйнаш сиз учун янгилик бўлдими ёки аввал ўйнаган клубларингизда ҳам мураббийлар ушбу позицияда синаб кўришганмиди?

- Бу мен учун янгилик эмас. «Бун-ёдкор»да ўйнаб юрган кезларимда ҳам ҳужумга кўп қўшилардим. Худди «Бунёдкор»да бўлгани каби, ҳозирги клубимда ҳам 4-3-3 тактик схемасида ўйнашар экан. Бу томондан менга осон бўлди.

- Жанубий Корея клублари мураббийлари машғулот ва ўйинларда қатъий интизомга риоя қилишади, деб эшитганмиз. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

- Тўғри эшитгансиз. Ҳақиқатан қатъий ва метин интизом биринчи ўринга қўйилган, десам асло янглишмайман. Ҳар бир машғулот олдидан шу ҳақда гапиришади. Интизом жорий қилинмаган жойда ижобий натижа ҳам бўлмайди.

- Масалан, машғулотга кечикиб келдингиз. Лекин сиз жамоангизнинг алмаштириб бўлмас футболчисисиз. Шундай бўлса ҳам, сизга нисбатан молиявий жазо қўлланиладами?

- Жиддий сабабсиз кечга қолсангиз, жазо қўлланилади. Машғулотга кеч қолишингизни олдиндан билсангиз, бу ҳақда мураббийни огоҳлантириб қўйишингиз керак. Вазият икки бор такрорланса, сизга нисбатан молиявий жазо қўлланилади.

- Шу ўринда корейс таомлари ҳақида сўрамоқчи эдим. Ҳаддан ортиқ аччиқ дейишади. Ўрганиш қийин кечмадими?

- Бошида бир ойча қийналдим. Турмуш ўртоғимни олиб келганимдан сўнг маҳаллий таомлар истеъмолига чек қўйилди (кулади).

- Оилангиз келгач, клуб раҳбарияти сизга алоҳида уй бердими?

- Ҳа. Уйимдан шундоққина стадион кўриниб туради. Узоғи билан беш дақиқалик йўл.

- Клуб инфратузилмаси, стадион, мухлисларнинг ўйинга ташрифи ҳақида ҳам маълумот беринг.

- Стадион, база, машғулот майдонлари барча талабларга жавоб беради. Лекин ўйинларни томоша қилиш учун ташриф буюрадиган мухлислар сони бўйича мақтана олмаймиз. Унчалик кўп эмас. Аммо шу келган ишқибозлар ҳам ўйин давомида футболчиларни тинмай қўллаб-қувватлашади. Балки Корея К-лигасига йўл олсак, мухлисларимиз сони яна ҳам кўпайиб қолар.

- Жанубий Корея К-лигаси клублари билан ўйнаган бўлсанглар, икки чемпионат савияси бир-бирига яқинми ёки тафовут каттами?

- Катта фарқи йўқ. Жамоамизда К-лигада ўйнаган тажрибали футболчилар бор. Улар билан айнан мана шу мавзуда суҳбатлашганимизда, элитадан бизнинг чемпионатимиз кучлироқ, деган жумлани эшитгандим. Жисмоний тайёргарлик бўйича аниқ устунмиз.

- Кўз тегмасин, жамоангиз сўнгги турларни кўтаринки кайфиятда ўтказиб, турнир жадвалидаги ўрнини жуда ҳам яхши ҳолатга келтириб олди. Вазифа шу йилнинг ўзидаёқ К-лигага чиқишми?

- Бу йил учун К-лигага чиқиш вазифаси қўйилмаган. Мавсумни юқори ўринларда тугатиб олсак, келаси йили ушбу вазифани бажаришга уриниб кўрамиз.

- Мураббий ҳақида қандай фикрдасиз? У қаттиққўлми? Мулоқот чоғида тил масаласида қийналмаяпсизми?

- Вақтида қаттиққўллик қилади. Баъзида жуда хушмуомала бўлиб қолади. Ҳазилни яхши кўради. Ўзи ҳам футболчи бўлган. Терма жамоада ўйнаган. Ҳатто ЖЧ-1998да ҳам иштирок этган. Футболчиларнинг ҳолатини тушунади. Тил масаласига келсак, ҳозир озгина қийинчилик бор.

Дастлаб жамоадаги рус тилини биладиган таржимон орқали гаплашиб турдим. Кейин у клубдан кетди ва ўрнига инглиз тилини биладиган тилмоч келди. Ҳозир инглизчада мулоқот қиляпмиз. Бу тилни жуда яхши биламан, дея олмайман. Лекин тушунаман ва ўз фикримни айтиб бераман. Айни пайт инглиз тилини ҳам ўрганяпман.

- Санжар Турсуновнинг жамоадошингизга айлангани ҳар томонлама яхши янгилик бўлди. Унга таклиф бўлган пайтда сиз билан маслаҳатлашдими?

- Санжар ака Қатарда ўйнаб юрган кезлари қўнғироқ қилиб, Жанубий Корея чемпионати, бу ерда легионерлар учун тўланадиган маош, шароитлар ҳақида қизиқиб сўрагандилар. Ўшанда ушбу мамлакатга келишлари хаёлимга ҳам келмаганди. Лекин орадан бироз муддат ўтиб, уларнинг жамоамизга келишлари ойдинлашди. Бу хабардан жуда хурсанд бўлганман.

- Маошингиз Жанубий Кореяда яхши яшаш учун етяптими?

- Ҳа, етиб турибди (кулади).

- Жанубий Кореяда турли юмушлар - ўқиш, тижорат, иш билан юрган ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳамюртларимиз сизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида стадионларга ҳам келишяптими?

- Дарҳақиқат, бу ерда ҳамюртларимиз кўп экан. Бошида икки ойча стадионда ўзбекистонликларни кўрмадим. Кейин интернет орқали «Тэджон»да ўйнаётганимдан хабар топгач, стадионга келишни бошлашди.

- Яқинда терма жамоамиз йиғинида бўлиб қайтдингиз. Таассуротлар яхшими? Янги мураббийлар, янгича талаб...

- Терма жамоадан чақирув олганимдан жуда хурсанд бўлдим. Янги мураббий ва табиийки, футболга янгича қараш юзага келган. Таассуротлар ўзим кутгандан ҳам аъло.

- Эктор Купер ҳақида нима дея оласиз?

- Эндигина иккита ўйин ўтказилди. Ҳали тўлақонли фикр билдиришга эрта бўлса керак. Аммо машғулотлари қизиқарли, футболчилар билан мулоқотга киришиши ҳам яхши.

- Кўпчилик ҳимоявий тактикани хуш кўрадиган мураббий экан, деяпти. Терма футболчилари орасида ҳам шундай гап борми?

- Жамоа ўйинчилари бу мавзуни муҳокама қилишганини эшитмадим. Лекин ҳақиқатан ҳимояга мосланган тактикада ўйнадик. Балки бу вақтинчалик ҳолатдир.

- Купернинг шогирдларига нима дегани кўпчиликка қизиқ туюлади. Масалан, мағлубиятимиз билан якунланган Эронга қарши ўйиндан кейин қандай фикр билдирди?

- Бизни кўп ҳам койимади. Ўзи кийиниш хонасида узоқ суҳбат ҳам бўлмади. Ўйин учун раҳмат айтиб, футболчилар билан хайрлашилди.

- Клубингиз билан шартнома бир йилга имзоланганмиди? Уни узайтириш истаги борми ёки бошқа режалар тузяпсизми?

- Жамоа билан ҳали шартномам бор. Мавсум якунланганидан сўнг бу мавзуга қайтамиз. Агар таклифлар бўлса, ўрганиб чиқамиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Фото: championat.asia


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz