Қайднома

Қидирув

Учинчи «нав»ли Еврокубок

Учинчи «нав»ли Еврокубок

  01.10.2018 00:21
  0
  298
Учинчи «нав»ли Еврокубок

«Кўҳна қитъа»даги миллий терма жамоалар масаласини ижобий ҳал қилган Европа футболи мутасаддилари энди клублар ўртасида ҳам янги ислоҳотларга қўл уришмоқчи.

«ССФ» айни мавзуда таҳлилий мақола тайёрлаб, уни мухлислар ҳукмига ҳавол этди.

УЕФА КЛУБЛАР ЎРТАСИДА ЯНГИ ТУРНИР ЎЙЛАБ ТОПДИ

Футбол - консерватив спорт турларидан бири. Юз йилдан ошиқ тарихга эга миллионлар ўйини қоидалари бир неча марта ўзгартирилган. «Кўҳна қитъа» футбол жамияти турнирларга ҳам худди шундай ёндашади.

УЕФА узоқ йиллар мобайнида жиддий янгиликларга қўл урмади. Фақат термалар ўртасидаги Европа чемпионати, клублар ўртасидаги Европа Лигасида ўзгаришлар қилиш билан чекланди. Мавриди келганда эса, Кубок эгалари кубоги ҳамда Интертото кубоги сингари мусобақаларни тўхтатди.

Ўзгаришлар вақти келганди ва УЕФА раҳбарлигига Мишель Платини тайинлангач, уларни амалга ошириш ҳам бошланди. Франция футболи афсонаси Чемпионлар Лигаси саралашини ўзгартириш орқали молиявий имконияти чекланган чемпионатлар вакилларининг ҳам турнирни гуруҳ босқичидан бошлашларига шароит яратиб берди.

Шунингдек, Европа Лигаси қатнашчилари сонини оширди. Коррупция билан боғлиқ можаролардан сўнг Платини лавозимидан бўшатилгач, унинг ўрнини словениялик Александр Чеферин эгаллади.

Янги раҳбар бошчилигида термалар ўртасидаги ўртоқлик учрашувлари ўрнини эгаллайдиган Миллатлар лигасига асос солиниб, кичик федерацияларнинг ҳам Европа чемпионатига йўл олиш имкониятлари оширилди.

Энди эса клублар бўйича ҳам ўзгаришларга қўл уришмоқчи. УЕФАда ушбу вазифага масъул сифатида бош котиб ўринбосари Жоржио Маркетти тайинланган бўлса, ислоҳотларни амалга ошириш билан Европа клублари ассоциацияси ҳамда «Ювентус» клуби президенти Андреа Аньелли шуғулланади.

ДЕЯРЛИ ЮЗЛИККА ЕТИЛДИ

Турнир тузилмаси, унинг номи ва қатнашчиларни танлаш принципи қандай бўлиши ҳозирча номаълум. Шуниси аниқки, у Европа клублари ўртасидаги учинчи мусобақа сифатида Европа Лигаси юкини бироз енгиллатади. Қолаверса, еврокубоклар гуруҳ босқичи иштирокчилари сони яна 16тага (80дан 96га) ортади. Бу эса, ҳам УЕФА, ҳам клублар учун янги даромад манбалари пайдо бўлишига олиб келади.

- Биз УЕФА ижроқўмининг якуний қарорини кутяпмиз, аммо клублар ўртасида янги турнир ташкил этиш бўйича дастлабки рухсатномани олдик, - деди Аньелли Football Espana вакиллари билан суҳбатда. - Учинчи мусобақа эвазига еврокубоклар қатнашчиларининг сонини 96тага етказамиз. Янги турнирни бошлашдан аввал амалдаги тақвим тузиш тизимини жиддий ўрганиб чиқишимизга тўғри келади. Ҳозирги модель модернизацияга муҳтож ва у янгиланиши лозим.

Тахминларга кўра, 96та клуб еврокубоклар ўртасида тенг иккига бўлинади - гуруҳ босқичида 32тадан бўлади. Демакки, Европа Лигаси иштирокчилари сони 48тадан 16тага камаяди. Қолаверса, ЕЧЛ ҳамда ЕЛ саралаш босқичлари муддати ҳам қисқартирилади.

ЮПАНЧ ТУРНИРИМИ ЁКИ ЕЧЛ ЧИПТАСИ?

- Профессионал футбол бўйича стратегик кенгаш йиғилишида ушбу турнир муҳокамаси ўтказилди. Мен мазкур тадбирда Европа профессионал лигалар ассоциацияси вакили сифатида қатнашдим, - дейди РФПЛ президенти Сергей Прядкин «Футбол России» дастурида. - Ҳозирча воқеалар ривожидан илгарилаб кетмасликка қарор қилинди.

Турнирлар ва ундаги иштирокчилар сонининг ортиши клубларга қўшимча юк эканлиги тушунарли. Бошқа томондан, гап еврокубоклар учун аввалдан банд қилинган саналар ҳақида бормоқда. Ҳозирча якуний қарор чиқарилмади, шу боис УЕФА бош котиби ўринбосари Жоржио Маркетти EPFL ва ECA вакиллари билан бир неча марта учрашиб, ягона позицияни тузади.

Айни пайт олиб борилаётган музокаралардан кўзланган асосий мақсад, бўлажак турнир қатнашчилари таркибини аниқлаб олишга қаратилган.

- Олиб борилаётган музокаралар орқали бир масалага ойдинлик киритиб олиш керак, - деди Шотландия футбол ассоциацияси ижрочи директори The Guardian нашрига берган интервьюсида. - Янги турнир кичик мамлакатларга ЕЧЛ ва ЕЛда қатнашиш имконини берадими ёки у саралаш раундида муваффақиятсизликка учраганларга юпанч вазифасини ўтайдими?

ЛИГАЛАР ЯНГИЛИКЛАРГА ҚАРШИ

Аньеллининг айтишича, янги турнир 2024 йилдан бошланади. Аммо Европанинг айрим оммавий ахборот воситалари, ўз манбаларига таянган ҳолда, ушбу воқеа 2021|2022 йиллар мавсумида рўй беришини таъкидлашган.

У ҳолда, мусобақа қатнашчиларини саралаш шартлари 2019 йилнинг ёзидан кечиктирмай чоп этилиши керак бўлади. Мусобақа асосан ОТТ-платформалари орқали трансляция қилинади.

EPFL янгиликка қарши. Сабаби оддий - бу ташаббус профессионал лигаларга мувофиқ эмас. Боз устига, лигалар УЕФА ажратадиган мукофот пуллари миллий чемпионатлар рақобатига қандай таъсир кўрсатишидан хавотирдалар. «Бадавлатлар» ва «қашшоқлар» ўртасидаги фарқ ортиб бормоқда, етакчи клубларга эса миллий биринчиликдан кўра, хал-қаро турнирда қатнашиш қизиқроқ туюлмоқда.

КЕЛАЖАК РЕЖАЛАРИ

Шу боис УЕФА ва ЕСА кейинчалик миллий чемпионатлардаги ўйинлар сонини камайтириб, хал-қаро миқёсдаги учрашувларни кўпайтиришмоқчи.

«Сиз «Манчестер Юнайтед» ёки «Реал», «Ювентус» ёки «Легия», «Спортинг» ёки «Андерлехт» вакили бўлишингиздан қатъий назар, ўз брендимизни ривожлантириш учун барчамизга халқаро тажриба зарур, - дейди Аньелли. - Бугунги кунда айнан брендни оммалаштириш муҳимроқ.

Мутасадди шахс шу мақсадда ЕЧЛ форматини ўзгартириш тарафдори: 4 жамоадан иборат 8 гуруҳ ўрнига, 8 клубдан иборат 4та гуруҳ ташкил этишни таклиф қилмоқда. Шунда гуруҳ босқичидаги ўйинлар сони 6тадан 14тага ошади. Аммо ҳозирча буларнинг бари бир ташаббус, холос. Учинчи еврокубокнинг пайдо бўлиши эса эълон қилиб бўлинди.

ИШТИРОКЧИ ЮРИДИКТОМОНЛАР

УЕФА (Европа футбол ассоциациялари иттифоқи) - Европанинг бош футбол органи. ФИФАга бўйсунади, «кўҳна қитъа»даги барча расмий профессионал футбол турнирлари ташкилотчиси. Европадаги ҳамма миллий футбол федерацияларни ўз ичига олган.

ЕСА (Европа клублари ассоциацияси) - Европадаги футбол клублари манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган мустақил бирлашма. Миллий термага чақирилган футболчи жароҳат олса, бунинг учун тўланадиган компенсациянинг ажратилишини айнан ЕСА таъминлашга эришган.

Европанинг турли клубларида фаолият юритувчи 21 нафар вакил ЕСА ижроия кенгаши аъзолари ҳисобланишади. Жумладан, ЕСА раиси - Андреа Аньелли («Ювентус»). Унинг ўринбосарлари орасида Эдвин ван дер Сар («Аякс») ва Педро Лопес Хименес («Реал») ҳам бор.

Шунингдек, Эд Вудворд («МЮ»), Иван Газидис («Арсенал»), Хосеп Бартомеу («Барселона»), Носир Хелаифи («ПСЖ»), Жан-Мишель Оляс («Лион») кабилар эса бошқарув аъзолари таркибига киришади. 2008-2017 йиллар мобайнида ташкилотга раҳбарлик қилган Карл-Хайнц Румменигге айни пайт фахрий раис ҳисобланади.

Европа профессионал лигалар ассоциацияси (EPFL) - Европа профессионал футбол лигалари умумманфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган бирлашма. Унга Европадаги 22та миллий чемпионатлар аъзо бўлишган.

Профессионал футбол бўйича стратегик кенгаш (ПФСК) - Европа футболидаги асосий кучларни (УЕФА, ЕСА ҳамда EPFL) бирлаштириш мақсадида тузилган мустақил ташкилот муҳим масалаларга биргаликда ечим топишга йўналтирилган. Унинг аъзолари:

- УЕФА раҳбари (Александр Чеферин) ва унинг тўрт нафар вице-президенти;

- ЕСАнинг тўрт вакили (икки йил муддатга сайланади);

- EPFLнинг тўрт вакили (икки йил муддатга сайланади);

- FIFPro футболчилари касаба уюшмасидан тўрт вакил (икки йил муддатга сайланади).

ПФСК дастури унинг аъзолари томонидан аниқланиб, ўз ичига қуйидаги мавзуларни олиши мумкин:

- клублар ўртасидаги турнирлар ва уларнинг тақвими;

- профессионал клубларни жаҳон футболи иерархиясида позициялаш;

- Европа футболининг молиявий ва тижорий томонлари;

- Европа иттифоқи билан ўзаро муносабатларга дахлдор масалалар.

УЕФАнинг клублар ўртасидаги барча турнирлари

Чемпионлар Лигаси (1991 йилгача Европа чемпионлари кубоги) - «Кўҳна қитъа»даги асосий клублар мусобақаси. Унга 1955 йили асос солинган. Амалдаги ғолиб ва ғалабалар бўйича рекордчи - Мадриднинг «Реал» клуби (13). Иштирокчилар - миллий биринчиликлар чемпионлари ва етакчи клублари.

Европа Лигаси (2009 йилгача УЕФА кубоги) - қитъанинг даража бўйича иккинчи ўринда турадиган клублар мусобақаси. Унга 1971 йили асос солинган. Амалдаги ғолиб - Мадриднинг «Атлетико» клуби, ғалабалар бўйича рекордчи - «Севилья» (5).

Иштирокчилар - иккинчи даражали клублар, Чемпионлар Лигасига чиқолмаганлар ҳамда мамлакат кубоги соҳиблари (1999 йилдан буён). ЕЧЛ гуруҳ босқичида учинчи ўринни эгаллаганлар.

УЕФА Суперкубоги - ЕЧЛ ва ЕЛнинг энг кучли жамоалари ўртасида ўтказиладиган кўргазмали ўйин. Унга 1972 йили асос солинган. Амалдаги ғолиб - Мадриднинг «Атлетико» клуби, ғалабалар бўйича рекордчи - «Милан» ва «Барселона» (5 мартадан). Иштирокчилар - Чемпионлар Лигаси ғолиби Европа Лигаси ғолибига қарши (1999 йилгача ЕЛ чемпиони ўрнида Кубок эгалари кубоги соҳиби қатнашган).

УЕФА ёшлар лигаси - ёшлар жамоалари қатнашадиган турнир. Унга 2013 йили асос солинган. Амалдаги ғолиб ва ғалабалар бўйича рекордчи - «Барселона». Иштирокчилар - ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги 32 қатнашчининг ёшлар жамоалари ҳамда УЕФАнинг энг яхши лигаларидан 32та вакил (ҳар бир федерациядан биттадан).

АВВАЛ ЎТКАЗИЛГАН МУСОБАҚАЛАР

Кубок эгалари кубоги (1960-1999) - ўз мамлакати кубогини қўлга киритган клублар ўртасидаги турнир. Сўнгги ғолиб - «Лацио», ғалабалар бўйича рекордчи - «Барселона» (4).

Интертото кубоги (1995-2008) - Европанинг асосий турнирларига чиқолмаган учинчи даражали клублар ўртасида ёз фаслида ташкил этилган турнир.

Мазкур мусобақа ғолиблари (2007 йилгача улар учта эди, кейинчалик 11та бўлган) УЕФА кубогида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишган. Сўнгги ғолиб - «Спортинг» (УЕФА кубогида ҳаммадан узоқроққа бориб, 1|8 финалга чиққани сабабли 11та ғолиб ичидан танлаб олинган).

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz