Қайднома

Қидирув

Трансферлар арифметикаси ёхуд топ-клублар пуллари қаерга кетяпти?

Трансферлар арифметикаси ёхуд топ-клублар пуллари қаерга кетяпти?

  01.10.2018 06:43
  0
  372
Трансферлар арифметикаси ёхуд топ-клублар пуллари қаерга кетяпти?

Ёзги трансферлар-2018нинг якунлари қандай? ФИФА Халқаро трансферлар келишув тизими (ITMS) маълумотлари асосида тайёрланган ва клубларнинг 1 июнь - 1 сентябрь оралиғидаги «олди-сотти»лари таҳлилини ўз ичига олган расмий баёнотни эълон қилди.

Табиийки, бунда етакчи футбол ассоциациялари - Англия, Испания, Франция, Италия ва Германия жамоаларининг бозордаги фаоллигига алоҳида эътибор қаратилган.

УМУМИЙ МАНЗАРА

Ёзги трансферлар бозори - бу айниқса, Европа клублари ҳаётида катта ўрин тутувчи давр. Зеро, «кўҳна қитъа» футбол бозоридаги савдо айнан ёзда энг юқори нуқтага кўтарилади, клублар янги ўйинчиларни асосан шу вақтда рўйхатдан ўтказади. Дейлик, охирги ёзги бозорда бутун дунё бўйича 8401та трансфер келишуви расмийлаштирилди. Шунча ўтиш структура бўйича 4 қисмга бўлинади:

59,1 фоиз - эркин агент

15,7 фоиз - икки клуб ўртасида тўлақонли келишув

13,8 фоиз - ижара

11,4 фоиз - ижарадан қайтиш.

Демак, дунё миқёсида трансферларга жами 5,44 миллиард доллар сарфланди - бу ёзги бозорнинг янги рекорди. 2018 йилги трансферларни умумий ҳисобда олсак, харажат миқдори 7,11 миллиард долларни ташкил қилди.

Бу 2017 йилги савдо ҳажмига нисбатан 11,5 фоиз кўп демакдир. Европанинг кучли 5та лигаси вакиллари одатдагидек, қолганлардан анча кўп сарфлашди. Эътибор беринг, харажат миқдорининг нақ 77,5 фоизи айнан 5та чемпионат клублари ҳисобига тўғри келмоқда.

ГЛОБАЛ ХАРАЖАТЛАР

5та етакчи ассоциация клублари ёзги трансферлар бозори-2018да 1629та харидни амалга оширди. Бу борада ҳам ўсиш кузатилди, лекин унча катта эмас. Рақамларда айтсак, харидлар сони атиги 0,6 фоиз кўпайди. Харидга қўл урган клублар сони эса 431тадан 433тага етди (2,8 фоиз ўсиш).

Шунинг баробарида фаол клубларга тўғри келадиган ўртача трансфер харидлари миқдори бирозгина камайди: 3,76 фоиздан 3,68 фоизга. Қолаверса, тўлақонли трансферлар сони ҳам ўтган йилдагига нисбатан озроқ бўлди: 564та. Аввалги йили 604та келишув тўлақонли асосда имзоланганини инобатга олсак, пасайиш 6,6 фоизга тенг.

Шунга қарамай, топ-5та лига вакилларининг умумий харажати 3,95 миллиард доллардан 4,21 миллиардга ошди (+6,6 фоиз). Табиийки, 5та етакчи ассоциация орасида энг фаоли Англияники. Инглиз клублари харид бобида 459та, сотувда эса 522та трансфер келишувида иштирок этди.

Харидлар суммаси 1 миллиард 440,1 миллион долларга етди. Диққат қилинг, Англия жамоалари қаторасига 5та ёзги бозордан буён 1 миллиард доллардан кўп сарфламоқда - феноменал натижа. Ҳар ҳолда, бошқа ҳеч бир ассоциацияда бундай юқори кўрсаткич йўқ. Италия харажат миқдори 1 миллиард доллардан ошган иккинчи мамлакат бўлди.

Италияликлар жами 1 миллиард 003,9 миллион доллар сарфлашди. 5та етакчи ассоциацияга қарасак, энг катта ўсиш (+74,7 фоиз) айнан Италияга тегишли. 2017 йил ёзига нисбатан олганда, 3та мамлакатдагина харидлар сони ошди. Булар - Италия, Испания ва Франция.

Испания клубларининг ёзги харажатлари 960,9 миллион долларга етди - бу ўтган йилгига қараганда, 42,2 фоиз кўпдир. Шу тариқа испанлар ҳам рекорд ўрнатишди. Францияда эса умумий харажат миқдори 418,8 миллион доллар бўлиб, бу аввалги йил кўрсаткичига нисбатан 37,4 фоиз кам ҳисобланади. Французлар бозорда футболчилар сотувидан энг кўп топишганини ҳам алоҳида айтиш ўринли - 833,4 миллион доллар (37,5 фоизлик ўсиш).

Хуллас, Франция чемпионатининг иқтидорлар фабрикаси эканлиги яна бир бора тасдиқланди. Эътибор беринг, Франция клублари сафига қўшилган футболчиларнинг ўртача ёши кетганларникидан каттароқ. Яъни французлар ўртача ҳисобда айтганда, 24 ёшу 1 ойлик футболчилар билан шартнома тузиб, 23 ёшу 7 ойлик ўйинчилар билан хайрлашдилар. Франция лигаси бу борада кучли бешлик орасида ягона.

Яъни қолган лигаларда ёшроқ футболчиларга талаб катта. Германия клублари футболчилар харидига энг кам сарфлади (кучли 5та чемпионат орасида, албатта) - 391,3 миллион доллар. Умуман, немислар бу сафар 2017 йилги харажат миқдорини 31,1 фоизга камайтиришди. Асосий сабаб тайин: немис жамоалари эркин агентлар билан шартнома тузишга катта эътибор қаратди.

Ҳар ҳолда, жами келишувларнинг ярмидан кўпи, яъни 52,3 фоизи шартномаси тугаган футболчилар билан расмийлаштирилди. Бундан ташқари, Германияда ёш футболчилар билан битим тузишга қизиқиш катта: жами харажатнинг 37,8 фоизи 21 ёшга тўлмаган ўйинчиларга йўналтирилди. Италияда ҳам деярли шундай кўрсаткич қайд этилди - 39,0 фоиз маблағ ёшлар харидига кетди.

Топ-5га кирмайдиган ассоциациялар орасида энг катта харажат Саудия Арабистониникига тегишли - 152,1 миллион доллар. Оддий айтганда, Саудия жамоалари томонидан трансферлар учун ўтган йилгига нисбатан нақ 485,4 фоиз кўп маблағ ажратилди.

Кейинги ўринларда -  Бельгия (128,2 миллион доллар, 54 фоиз ўсиш), Португалия (85,4 миллион доллар, 1,1 фоиз пасайиш), Голландия (84,9 миллион доллар, 11,6 фоиз ўсиш) ва Хитой (81,8 миллион доллар, 105,2 фоиз ўсиш).

ЖЧ-2018 ТАЪСИРИ

Умуман, кучли ассоциациялар клубларининг халқаро трансферлар бозорида катта роль ўйнаши ўз-ўзидан тушунарли. Айниқса, харажат масаласида. Шунингдек, ҳар бир мамлакат ичидаги харажат миқдори таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, умумий сумманинг катта қисми юқори дивизионнинг саноқли клублари чекига тушади.

Янада аниқроқ ифода этсак, АПЛ, Лига 1, Бундеслига, «А» серияси ва Ла-лига трансферларга пул ажратишда ҳам етакчи. Мисол учун, ёзги трансферларда Англия, Испания, Италия, Германия ва Францияда амалга оширилган барча келишувларнинг деярли ярми юқори дивизион вакилларига тегишлидир. Хусусан, «А» серияси жамоалари Италияда расмийлаштирилган 72,4 фоиз келишувда иштирок  этди.

Фақат Испанияда вазият сал бошқача: чамаси 37 фоиз трансфер Примеро қатнашчилари ҳиссасига тўғри келди. Сон эмас, суммада айтсак, 5та етакчи лига клубларининг жами харажати 4 миллиард долларга етди - бу топ-ассоциацияларга тегишли миқдорнинг 94,8 фоизига тенг.

Ёзги трансферлар бозорида савдо айланмасининг ошишига Россияда ўтказилган жаҳон чемпионати катта таъсир қилди, шубҳасиз. Мундиалда қатнашган 32та жамоа жами 736 нафар футболчини «заявка»га киритган бўлса, улардан 155 нафари халқаро трансферлар «ўлжа»сига айланди.

Қолаверса, ЖЧ-2018 иштирокчилари трансфери бошқа ўтишлардан кескин фарқланди. Дейлик, жаҳон футбол форумида қатнашган ва кейинчалик трансфер операцияларига сабабчи бўлган футболчилар ўртача 27 ёшу 5 ойлик. Россия турнирида иштирок этмаганларнинг ўртача ёши бундан 2 йили 10 ой паст.

Энг асосий фарқ суммада: ЖЧда ўйнаган футболчиларнинг трансфер нархи ўртача ҳисобда 13 миллион долларни ташкил қилди ва бу қолган ўйинчиларникига қараганда, 3,5 баравар кўпдир. Бундан ташқари, мундиалда ўйнаган футболчилар трансферининг 76,1 фоизи Европа клублари томонидан амалга оширилди. Умуман, шулардан 67,8 фоизи кучли ассоциация жамоаларидан қўним топди.

ХУЛОСАЛАР

Топ-чемпионатлар орасида асосий харидор АПЛдир. Умуман, ҳам харид, ҳам сотувга боғлиқ энг кўп трансфер айнан Англия жамоаларига тўғри келди.

Энг тежамкор клублар эса Германияда (немислар харажат бобида кучли бешлик орасида охирги ўринни банд этишди).

Франция жамоалари энг катта даромадга эга чиққани билан мақтанишга ҳақли - 833,4 миллион доллар.

Англияда ёш футболчиларга талаб катта - туманли ўлка жамоалари билан шартнома тузган ўйин-чилар ўртача 22 ёшу 6 ойлик. Испанлар аксинча, нисбатан тажрибалироқ футболчилар (ўртача кўрсаткич - 24 ёшу 1 ой)ни маъқул кўришди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz