Қайднома

Қидирув

Эусебио ди Франческо: «Ливерпуль» ЕЧЛ ғолиблиги учун ажойиб номзод»

Эусебио ди Франческо: «Ливерпуль» ЕЧЛ ғолиблиги учун ажойиб номзод»

  01.10.2018 06:17
  0
  163
Эусебио ди Франческо: «Ливерпуль» ЕЧЛ ғолиблиги учун ажойиб номзод»

Ўтган ҳафта ўтказилган Европа Чемпионлар Лигасининг жорий мавсуми биринчи турида «Рома» Мадридда мазкур турнирнинг амалдаги чемпиони - «Реал» меҳмони бўлди.

Кўпчиликнинг эътиборини тортган ушбу баҳс арафасида AS нашри вакиллари римликлар бош мураббийи Эусебио Ди Франческони суҳбатга тортишди.

Италиялик мутахассис интервью пайтида ўз жамоаси, Лопетеги давридаги «Реал» ҳамда Криштиану Роналдунинг «А» серияга кўчиб ўтиши ҳақида гапирди.

«БАРСА»НИ ХОТИРЖАМ ЕНГДИ, «АТАЛАНТА» БИЛАН ЎЙИНДА ЭСА...

- Бир йилдан кўпроқ вақт аввал «Рома»нинг «Челси» ҳамда «Атлетико» билан бир гуруҳдан жой олиши ойдинлашганди. Ўшанда Чемпионлар Лигаси ярим финалигача етиб боришга кўзингиз етганмиди?

- Бу ҳақиқий саргузашт бўлди ва биз шундай муваффақиятга лойиқ эдик. Умид қиламанки, бу сафар ҳам камида ушбу кўрсаткични такрорлашни уддалаймиз.

- «Барселона»га қарши баҳсда қайд этилган «камбэк» тарихга кириб улгурди...

- Бу ҳақда ҳар куни ўйлайман. Кўча кезгани чиққанимда, фанатлар ўша ўйинни эслатиб туришади. Аммо мазкур учрашув охирида ўзимни анча хотиржам ҳис қилганман.

- Наҳотки, бирорта туйғуларни ҳис этмаган бўлсангиз?

- Албатта, ҳаяжонланиш табиий, бироқ ўша онларни менга ёт бўлмаган совуққонлик билан ўтказдим. Тўғри, кейинроқ «Аталанта»га қарши кечган баҳсда шу хусусиятим қаёққадир йўқолиб, ўзимни тутолмадим.

Жамоамиз ўйин охирида ҳисобни тенглаштирганда, хурсандчиликдан захира ўриндиғини тепиб, ойна тўсиқни урдим. Оқибатда бу қилиғим қимматга тушиб, қўлим синди ва учрашувдан кейинги матбуот анжуманида гипсланган ҳолда қатнашдим.

- «Барселона» майдонидан 1:4 ҳисобидаги мағлубият билан қайтгандан сўнг футболчиларни ғалаба сари руҳлантиришни қандай уддаладингиз?

- Уларга кейинги 90 дақиқа давомида ҳар нарса рўй бериши мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Муваффақиятга шу қадар ишонгандимки, ҳатто «Фиорентина»га қарши муҳимлик жиҳатидан кам бўлмаган беллашувда таркибни ўзгартирдим. Дарвоқе, бунинг учун мени танқид қилишди. Ваҳоланки, биз кўрсатган «камбэк»ка айнан ўшанда асос солинганди.

Кейинроқ Кьеллини ва Буффон билан кўришганимда, улар бизнинг ўйинимизни кўриб, «Реал»га қарши баҳсдан олдин ўзига хос мотивация олишганини айтишганди. Аммо «Ювентус»га ўшанда бироз омад етишмаганди.

- «Ливерпуль» билан ўтган ўйинда нимадандир афсусландингизми?

- Ҳамиша афсусланишга сабаб топилади. Йирик турнирда шунчалик узоққа боргандан кейин финалда ўйнаш истаги икки карра ортади. Ҳакамнинг аксарият қарорлари бизга қарши ишлади. Бироқ «Энфилд»да ўтган дастлабки учрашувнинг ярим соати бизга ҳаммасидан кўпроқ таъсир ўтказди. Бунга эса фақат ўзимиз айбдормиз.

«БИРДАНИГА 12 НАФАР ЯНГИ ЎЙИНЧИНИ ШУҒУЛЛАНТИРИШ? ҲА, ҚИЙИН»

- Жамоангиз Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумини қандай мақсадлар билан бошлади?

- Ҳамма биздан ёрқин ва ҳужумкор ўйин кутмоқда, биз эса шу йўлдан бормоқчимиз. Ҳаракатларимиз қандай натижа келтиришини вақт ўтгани сари кўраверамиз.

- «Рома» қанчалик ўзгарган?

- Бир йил биргаликда ишладик. Шунга қарамай, «А» серия стартидан янада яхшироқ натижалар кутгандим. Келгусида иштирокимизда барқарорликни таъминлашга астойдил киришамиз.

- Аммо энди таркибда Алиссон йўқ...

- Уни йўқотишимиз мумкинлигини билардик. Харидорлар шундай таклифлар билан чиқишдики, «Рома» мутасаддилари уларга рад жавобини беролмасдилар. Боз устига, футболчининг ўзи ҳам шундай имкониятдан фойдаланиб, кетишни хоҳлаётганди.

- Бир жамоада бирданига 12 нафар янги ўйинчини шуғуллантириш қанчалик қийин?

- Бир томондан, ҳа, мушкул. Бош-қа тарафдан эса, бу йигитларнинг ҳаммаси ёш ва иқтидорли. Улар билан машғулот ўтказиш - ўз ишимга бўлган қизиқишни янада орттиришига шубҳам йўқ.

- Жастин Клюйверт ўсишга эриша олармикан?

- Ҳа, тез орада даражаси ошиши мумкин. У жамоамизнинг энг муҳим ўйинчиларидан бирига айланиш имкониятига эга. Ҳозир Жастин рационал футболдан кўра, инстинктив ўйинга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Айнан шу жиҳат бўйича ишлашга тўғри келади.

- Аввалроқ «Севилья»да кўплаб ютуқларга эришган, ҳозир «Рома» спорт директори лавозимида фаолият юритаётган Рамон Мончининг иш услубидаги ўзига хос жиҳат нимада?

- У мендан баландда эмас, тенг. Рамоннинг ўзи шундай дейди. Мончи халқаро футболни жуда яхши ўрганган ва итальянча муҳитга осонгина мослашди. Бизда - Италияда кўпинча тактик жиҳатларни дуруст ўзлаштирган, жисмонан бақувват футболчиларни қидиришади, Испанияда эса техникаси юқори ўйинчиларга эҳтиёж баланд. Ушбу хусусиятлар бирлаштирилса, идеал кўриниш олишига шубҳам қилмайман.

КРИШТИАНУ РОНАЛДУ - «А» СЕРИЯ УЧУН ИМИДЖ ЛОЙИҲА

- Мадриднинг «Реал» клубида спорт директори йўқ. Шундай модель Италияда самара келтириши мумкинмиди?

- Ўйлашимча, йўқ. Бу ерда мураббийлар ёнида музокараларга жавобгар бўлган менежер ишлайди.

- Криштиану Роналдунинг келиши «А» серияни қанчалик ўзгартирди?

- У чемпионатга жуда катта фойда келтиради. Роналдуни бутун дунё кузатади, бу эса жуда яхши. «Ювентус» ҳақида гапирадиган бўлсам, улар Криштианусиз ҳам кучли эканликларини бир неча марта исботлашди. Бу борада нимадир ўзгаради, деб ўйламайман. «Юве» португалиялик футболчини еврокубоклардаги позициясини мустаҳкамлаш учун сотиб олди.

- Роналду бир мавсумда 50та гол уришни яна уддалай олармикан?

- Ҳозирча аниқ фикр билдиришга эрта, аммо фикримча, буни бажариш анча қийин бўлади.

- «Реал»нинг ўзи Зидансиз қанчалик ўзгарди?

- Зиданнинг иши ғайритабиий эди. Менга ундаги совуққонлик ва «Реал»ни ажойиб паллада тарк этгани жуда ёқди. У мен ёқтирган футболчилардан бири бўлган. Энди эса Зизу мураббийлик соҳасида ҳам ақлли эканини исботлади. Лопетеги ҳақида гапирсам, ушбу мутахассис «Реал»нинг ўйинида ташкилотчиликка катта урғу бериб, унга тажовузкорликни қўшмоқчи. Авваллари жамоа футболчилари ўйиннинг айрим қисмида гўёки ухлаб қолиб, тўсатдан уйғонгандек тасаввур уйғотишарди. Бугунги «Реал» нисбатан барқарор кўринмоқда.

ЕЧЛ ФАВОРИТИ -«ЛИВЕРПУЛЬ»

- Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Мадридликлар Чемпионлар Лигасида қаторасига уч марта ғолиб чиққандан сўнг ғалабага аввалгидек чанқоқ бўлармиканлар?

- Шубҳасиз, ҳа. Уларнинг менталитети шундай. Италия клублари орасида «Ювентус» ҳақида айни фикрни билдириш мумкин. Испанияда бундай жамоалар учта - «Реал»нинг ёнига «Барса» ва «Атлетико»ни ҳам қўшамиз. Менга бу клубларнинг ҳар бир турнирда чемпионлик сари интилишлари ёқади.

- Италияда бундай нарса йўқми?

- Бор, ҳозирча фақат «Ювентус»да. Аммо айни пайт «Наполи», «Рома», «Интер» ҳамда «Лацио» ҳам шу даражага чиқишга интилмоқдалар.

- Сизнингча, қайси жамоа Чемпионлар Лигаси фаворити?

- «Ливерпуль» сезиларли ўсишга эришди ва Юрген Клопп бошчилигидаги клуб ғолиблик учун ажойиб номзод. Айниқса, уларнинг ўтган мавсум финалга чиққанликларини унутмаслик лозим. Яна қайси жамоа? Жаҳоннинг энг яхши мураббийларидан бири бошқараётган «Манчестер Сити»ни ҳам унутмаслик даркор.

- Сизга имконият берилса, «Реал»дан қайси футболчини сотиб олган бўлардингиз?

- Асенсиони.

- У «Олтин тўп»га муносибми?

- Ҳа, умид қиламанки, яқин келажакда Марко ушбу совринни қўлга киритади. У юксак иқтидор соҳиби.

- Ўзингизга қолса, «Олтин тўп»ни кимга берасиз?

- Менимча, мазкур мукофотга лойиқ инсон - Буффон. Эҳтимол, мавсумни бинойидек ўтказмагандир, аммо у эришган ютуқларни беэътибор қолдириб бўлмайди. Жанлуижи шундай совринга лойиқ.

Шунингдек, бир ўзи ўйин тақдирини ўзгартириши мумкин бўлган Месси ҳам бор. Ва Криштиану. Ҳимоячилар ҳақида гап кетганда, ортиқча иккиланишларсиз Серхио Рамосни танлайман.

МАЪЛУМОТ УЧУН

ЭУСЕБИО ДИ ФРАНЧЕСКО

Туғилган санаси:1969 йил 8 сентябрь (49 ёш)

Туғилган жойи: Пескара, Италия

Бўйи:178 см.

Футболчилик даврида ярим ҳимоя чизиғида тўп сурган. «Эмполи», «Луккезе», «Пьяченца», «Рома», «Анкона», «Перуджа» клублари ҳамда Италия терма жамоасида ўйнаган.

Мураббийлик фаолиятида эса «Виртус Ланчано», «Пескара», «Лечче» ҳамда «Сассуоло» клубларида ишлаган. 2017 йилдан буён Римнинг «Рома» клуби бош мураббийи.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz