Қайднома

Қидирув

Златан Ибрагимович - қирол, афсунгар ва яна кимдир…

Златан Ибрагимович - қирол, афсунгар ва яна кимдир…

  02.10.2018 00:25
  0
  818
Златан Ибрагимович - қирол, афсунгар ва яна кимдир…

«Лос-Анжелес Гэлэкси» шарафини ҳимоя қилаётган швециялик буюк ва даҳшатли Златан Ибрагимович фаолияти давомида урган голлари сонини 500тага етказиб қўйди. Алоҳида таъкидлаш ўринли, ғурури бўйи каби баланд ҳужумчи бундай маррани забт этган саноқли футболчилардан биридир.

Хусусан, амалдаги ўйинчиларни олсак, Златандан олдин атиги 2 нафар мегаюлдуз (гап кимлар ҳақида кетаётгани ўз-ўзидан тушунарли, албатта) 500та гол маррасини бўйсиндирганди.

ТАЪРИФИ ЙЎҚ ЗЛАТАН

Океан ортида худди АПЛ мақомида тилга олинадиган мунтазам чемпионат - MLS доирасидаги «Торонто»га қарши ўйин Златан Ибрагимовичнинг жамоаси «Лос-Анжелес Гэлэкси» учун омадсиз келди - 3:5. Шведнинг чин шедевр гол урганини ҳисобга олсак, натижа аламли. Бу Златан учун фаолиятидаги юбилей - 500-гол бўлганини ўйласак, якун икки ҳисса аламли.

Шунга қарамай, мағрур Ибра қойилмақом натижасини алоҳида нишонлади. У 500-гол шарафига Скандинавия мифологиясидаги маъбуд - Тор қиёфасига кирди (тўп шаклидаги гурзи кўтарган суратини ижтимоий тармоқларга жойлаштирди). Хўш, Ибрагимович канадаликларга қандай гол тортиқ этди? Златаннинг акробатик томондан эффектли зарбаларини кўз ўнгингизга келтиринг ёки YouTube тармоғига қидурув беринг.

Қисқаси, мўъжизавий зарба. Умуман, бундай зарбалар ва голлар кўп кузатилган - жаҳон чемпионатида ва Европа Чемпионлар Лигасида ҳам, оддий кўча футболида ҳам. Лекин Ибранинг голи алоҳида, ахир гап тан олинган тўпурарнинг 500-самарали зарбаси ҳақида кетмоқда.

ИБРА КИМСАН РОНАЛДУ ВА МЕССИ БИЛАН ТЕНГ!

Ҳа, футбол Олимпидаги энг яхшилардан яхшилари бироз силжиб, шоҳсупада шведга ҳам жой ажратишди. Айтиш жоиз, Ибрагимович замонамизнинг икки буюк ўйинчиси - Лионель Месси ва Криштиану Роналдуга ҳамиша катта ҳурмат билан ёндашган ва мана, ниҳоят, ўзи уларнинг даражаларига етди.

Ҳар ҳолда, голлар сони бўйича шундай. Хуллас, клуб футболи ва терма жамоалар миқёсида 500-голини нишонлаган швед амалдаги ўйинчилар орасида бундай натижани учинчи бўлиб забт этди. Ҳа, Лионель Месси (651та гол) ва Криштиану Роналду (676та гол) бу борада анча илгарилаб кетишган, аммо бу ҳолат Ибрани унча ташвишга солмайди.

У деярли 20 йилдан буён катта футбол ичида, 36 ёшида ҳамон Ер сайёрасининг энг яхши ўйинчиларидан бири саналмоқда ва асосийси, ҳисобида 500та гол бор. Яна бир томони, голлари орасида энг нозик дидли мухлисларни ҳам ҳайратга солувчилари бисёр!

ГОЛ ОЛИМПИ

500та гол  - бу кўпми ёки оз? Амалдаги футболчилардан атиги 3 нафари шундай маррага етган экан, кўп, албатта. Месси 500-голини 2016 йилнинг апрелида, 600-голини эса шу йил март ойида нишонлади. Роналдунинг юбилей голлари эса 2015 йил октябрь ва 2017 йил июлда кузатилди. Демакки, ҳар иккиси марра йўлида «қария» Ибрагимовичга нисбатан анча кам вақт сарфлаган.

Бу ўринда яна бир қатор юлдузларга алоҳида тўхталиш керак. Мисол учун, бразилиялик Роналдо расмий ўйинларда жами 442та гол урган, лекин «сўйлоқ» майдонга «атиги» 646 марта тушган. Златан ҳисобида эса 868та ўйин бор, Роналду яқин орада 1000-учрашувини қарши олади, Месси ҳам яқин келажакда бу маррага етади.

Бошқача айтсак, «сўйлоқ»да ўртача самарадорлик - 1та ўйинга 0,68та гол. Дейлик, Криштиану ва Лионелнинг бу борадаги кўрсаткичлари бирозгина яхшироқ, холос. Хулоса шуки, агар жароҳатлар панд бермаганида, Роналдо ҳам бемалол 500-600, балки 700та гол маррасига етармиди?

Златан қандай натижага эришганини тўлиқроқ англаш учун узоқ ва самарали фаолият юритган яна бир қатор собиқ футболчилар кўрсаткичларини ҳам келтириш ўринли: Мирослав Клозе - 303та гол, Габриэль Батистута - 325та гол, Андрей Шевченко - 360та гол, Рууд ван Нистелрой - 383та гол, Алан Ширер - 409та гол, Тьерри Анри - 418та гол, Рауль - 432та гол, Хенрик Ларссон - 470та гол.

КУЧЛИ БЕШЛИК

735та гол - бу германиялик буюк Герд Мюллер натижаси. «Айиқ» 793та ўйинда  шундай улкан хирмон тўплаганки, ҳаттоки, Роналду ва Месси ҳам унга ҳавас қилишса керак. Герднинг ўртача маҳсулдорлиги ажойиб - битта ўйин учун 0,92та гол.

746 гол - буниси Ференц Пушкашга тегишли рақам. Венгриялик «бақалоқ»нинг ҳар бир ўйинга деярли 1та гол тўғрилагани кишини ҳайратга солади.

772 ва 767та гол - тегишлича Ромарио ва Пеленинг натижаси. Ҳа, ҳар икки бразилиялик 1000та гол маррасига етгани билан мақтанишни хуш кўради. Аммо улар бунда турли кўргазмали ва ўртоқлик ўйинларида урган голларини ҳам ҳисоблашган.

805та гол - профессионал футбол рекорди. Бу Австрия|Чехословакия вакили Йозеф Бицанга тааллуқли. Диққат қилинг, жаҳон рекордчиси атиги 530та расмий ўйинда шунча гол урган. Гап 20-аср аввалида 100 метр масофани 10,8 сонияда босиб ўтган ва ўртача самарадорлиги 1,52та гол (1та ўйинга, албатта)ни ташкил этган футболчи ҳақида кетмоқда.

Айтганча, турли миқёсдаги барча голлар ҳисоби бўйича ҳам Пеле эмас, балки Артур Фриденрайх рекордчи саналади. Немис муҳандиси ва собиқ канизакнинг ўғли айнан Бразилияда камида 1329та гол уриш асносида буюклик даражасига кўтарилган. Пеле ҳисобида эса 1281та гол мавжуд.

500ТА ГОЛ МАРРАСИГА ЭНГ ЯҚИН ЮЛДУЗ ФУТБОЛЧИЛАР

Луис Суарес - 433та гол

Самуэль Это~О - 416та гол

Эдинсон Кавани - 371та гол

Серхио Агуэро - 367та гол

Неймар - 340та гол

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz