Қайднома

Қидирув

Бундеслига футболчилари тўлайдиган жарима пули нималарга ишлатилади?

Бундеслига футболчилари тўлайдиган жарима пули нималарга ишлатилади?

  02.10.2018 06:39
  0
  844
Бундеслига футболчилари тўлайдиган жарима пули нималарга ишлатилади?

«РБ Лейпциг» бош мураббийи Ральф Рангник жамоадаги ишини тугатишига бир йил вақт қолганида («қизил буқалар» кейинги мавсум Юлиан Нагельсман бошқарувида ўйнашади), зерикарли туюладиган ички жарималар тизимига маълум даражада ранг-баранглик олиб киришни лозим топди.

Немис мутахассиси бу масалада «Омад чархпалаги» аталмиш ўзига хос «ўйин» ташкил этди. Эндиликда маш-ғулотларга кеч қоладиган ёки ички қоидаларни бузадиган футболчиларга қандай жазо белгиланишини айнан «Омад чархпалаги» аниқлаб беради.

«Ўйин» жуда содда: айбдор футболчи чархпалак мисоли юмалоқ қурилмани айлантиради, махсус кўрсаткич қайси секторда тўхтатишига қараб, унга олдиндан ёзиб қўйилган жазо тури қўлланилади. Дейлик, футболчи клуб дўконида 3 соат ишлаш (албатта, ҳақ олмайди)га маҳкум этилиши мумкин.

Рангник Bild нашри мухбирлари билан суҳбатда нега ғалати тизим ишлаб чиққанини оддий изоҳлади: «Очиғи, стандарт моддий жарималар тобора камроқ самара бермоқда. Янги ғояни ёрдамчим Жесси Марш билан бирга ўйлаб топдик. Моддий жарималар ниманидир ўзгартирмаяптими, футболчиларга таъсири кучли бошқача чора излаш керак.

Мисол учун, уларда бўш вақт кам, демак, тартибни бузганларга шу томондан жазо белгилаш натижа бериши мумкин». Хуллас, Рангник ғояси асосида ишлаб чиқилган «Омад чархпалаги»да 12та жазо тури мавжуд:

1. Тўпларни дамлаш, уларни майдонга олиб тушиш, машғулотлардан сўнг тозалаб қўйиш - ҳафта давомида кунига 30 дақиқа.

2. Академия тизимидаги болалар жамоалари билан машғулот ўташ - жами 4 соат.

3. Сайёҳларга гид сифатида хизмат кўрсатиш (стадион бўйлаб сайр қилдириш) - жами 1 соат.

4. Мукофот - ҳеч қандай жазо йўқ.

5. Машғулотлар майдони чимини назорат қилиш - ҳафта давомида 4-6 соат.

6. Машғулотда балет либосида қатнашиш - жами 90 дақиқа.

7. Машғулотлардан олдин ичимликларни аралаштириш, идишларга сув тўлдириш - ҳафта давомида кунига 20 дақиқа.

8. Клуб дўконида ёрдамчи сифатида ишлаш - жами 3 соат.

9. Клуб кафесида таом ташиш, столларни тозалаш - кун давомида 30 дақиқа.

10. Футболкаларни ювиш ва ифлос бутсаларни тозалашга ёрдамлашиш - кун давомида 30 дақиқа.

11. Сафар ўйинларидан олдин клуб автобусига сумкаларни ортишга кўмаклашиш - жами чамаси 1,5 соат.

12. «РБ Лейпциг» тизимидаги барча ходимлар (60 нафар)га кичик совғалар улашиш. 

Ҳа, моддий жарима кўп пул топадиган футболчиларга кор қилмаётган экан, шундай қизиқарли методикани синаб кўриш ноўрин бўлсама керак. Қизиқ, Бундеслиганинг бошқа клубларида жарималар тизими қандай? Айбдор футболчилар тўлаган пул қаерга кетади?

«Бавария». Ни-ко Ковач жамоада барча жарималарни бекор қилди. Тўғри, баъзи чекловлар бор: кийиниш хонаси ва умумий овқатланиш пайти қўл телефонидан фойдаланиш мумкин эмас. «Инстаграмм» тармоғидаги селфиларга қарасак, футболчилар бу чекловни назарга олишмаган, чоғи.

Германиянинг айрим нашрларида хабар берилишича эса, Ковач ушбу тақиқни ҳам бекор қилган. Умуман, клубда охирги вақтларга қадар жарималар ғазнасига Филипп Лам жавоб берган. Кичик қои-дабузарлик (дейлик, машғулотларга кечикиш) учун қандай чора қўллашни эса, футболчиларнинг ўзлари махсус кенгашда ҳал этишарди.

Жарима жам-ғармасида тўпланган маблағ жамоавий тадбирлар учун сарфланган. Қизиқ факт шуки, «Бавария» тарихидаги энг катта жаримани айнан Филипп Лам тўлаган. У раҳбарият рухсатисиз Suddeutschen Zeitung нашрига интервью бергани оқибатида 50000 еврога тушганди.

«Боруссия» (Дортмунд). Дорт-мунд жамоасидаги жарималар миқдори жуда баланд, боз устига, сумма доимий равишда оширилмоқда. Йиғилган маблағ қандай сарфланиши эса маълум эмас. Мисол учун айтсак, жамоанинг собиқ ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг инжиқлигию, машғулотларни ўтказиб юборгани учун нақ 100 минг евро миқдорида жарима тўлаганди.

«Боруссия» (Менхенгладбах). Жамоада ким нима учун жарима тўлашини ёлғиз Тони Янчке ҳал қилади. Гладбахликлар йиғилган пулни асосан хайрия тадбирларига йўналтиришади, шунингдек, клуб доирасида махсус тантаналар харажати ҳам шундан қопланиши мумкин.

«БМ» тарихидаги энг йирик жарима миқдори - 50 минг евро. Клуб раҳбарияти 2010 йили Рауль Бобадильяни 5та ўйинга дисквалификация қилишдан ташқари, бечорани шунча моддий жарима билан ҳам «сийлаганди».

«Шальке». Гельзенкирхендаги ҳолат «Лейпциг»да татбиқ этилган тизимга ўхшайди. Яъни ички тартибни бузган футболчилар бўш вақтларини жамоат ишларига сарфлашга мажбур бўладилар. Яъни «жазо» муддатини клуб дўкони, ижтимоий ёки хайрия муассасаларида ўташади. Бордию, футболчи қоидани жиддийроқ равишда бузган бўлса, унда моддий жаримага йўлиқиши мумкин.

«Шальке»да шунингдек, ёзилмаган қонун бор: жарима белгилашда футболчининг маоши миқдорига қаралади. Қисқаси, катта маош олувчилар нисбатан кўпроқ тўлашади. Жамоа тарихидаги энг йирик жарима Рафинья чекига тушган. Бразилияликдан қанча «тортиб» олишганини тасаввур қилиш ҳам қийин - 700 минг евро!

Гап шундаки, Рафинья бир сафар Австрияда ташкиллаштирилган клуб йиғинига бормай, Парижга йўл олган - терма жамоаси ихтиёрига. Хуллас, тегишли рухсат олишни унутган ҳимоячи мисли кўрилмаган моддий зарарга мубтало бўлганди.

«Хоффенхайм». Зинсхайм клубининг жарималар тизими ҳақида айтарли маълумот йўқ. Фақат бу борадаги рекорд аниқ - 30000 евро. Сенегаллик ҳужумчи Демба Ба 2011 йили клубдан кетиш илинжида жанжал кўтарган ва ҳаттоки, машғулотлар йиғинида қатнашишдан бош тортганди. Оқибатда, 30 минг евродан айрилишига тўғри келди.

«Майнц». Жамоада жарималар рўйхатини бош мураббий Сандро Шварц тасдиқлаган. Жамғармага алоҳида масъул ҳам тайинланган - ҳимоячи Штефан Белль. Маблағ клубнинг сафар ўйинларига бориши учун ишлатилади.

«Вердер». Бременда ҳам бошқача йўл танланган ва буни олқишлаш керак. Хуллас, жарималар жамғармаси мавсум якунида клуб ходимлари - фаррошлар, нозирлар ва сотувчиларга мукофот тариқасида бўлиб берилади. Бунда қанча йиғилиши мутлақо аҳамиятсиз. Яъни 100 евро тушадими ёки 100 минг евро - барчаси ходимларга насиб этади.

«Ганновер». Футболчи ошхонага кечикдими, дарҳол жаримага йўлиқади. Ҳа, Ганноверда энг майда қоидабузарликлар ҳам эътиборга олинади. Дейлик, мавсум давомида 2 бора қизил карточка олган ўйинчи камида 10000 евро йўқотади. Тўғри, жамғарма тўлиқ хайрли ишларга сарфланади.

Аниқроғи, мавсум тугагач, йиғилган пул Роберт Энке номидаги жамғарма ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Марҳум дарвозабоннинг беваси томонидан тузилган ушбу жам-ғарма руҳий танглик ҳолатига тушиб қолган одамларга амалий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. «Робертни қутқариш энди қўлимиздан келмайди. Сени эса қутқара оламиз ҳали» - бу Тереза Энке хонимнинг реклама шиори.

«Айнтрахт». Франкфуртликлар бу борада қандай тизимни йўлга қў-йишгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин Адди Хюттер ёки Фреди Бобичга нимадир ёқмаса, улар айбдор футболчини «насиба»сиз қолдирмасликлари аниқ. Мисол учун, «Вер-дер»га қарши ўйинда Гебре Селассие юзига урган Йетро Виллемс 5 сонли рақамда жарима тўлади.

«Герта». Берлин жамоаси вакиллари дарвозабон Томас Крафт билан мулойимроқ муомала қилишлари шарт. Чунончи, жарималар тизими айнан унинг назорати остида. Жаримага йўлиқишнинг сабаблари эса жуда кўп: жамоавий тадбирларда қўл телефонидан фойдаланиш, нотўғри кийиниш, кечикиш.

Шунингдек, кийиниш хонасида жанжаллашиш мумкин эмас. Бордию, ёш футболчи каттароқ жамоадошига ҳурматсиз муносабатда бўлса, унда бинойидек моддий зарар кўради. Мисол учун, бутун жамоа тушлиги ёки сафар харажатини тўлиқ кўтаришига тўғри келади.

«Фортуна». Дюссельдорф жамоасида қайси «ҳунар»га қанча жарима солиниши раҳбарият томонидан расман тасдиқлаб қўйилган. Йиғилган пул эса жамоа эҳтиёжига ишлатилади. Дейлик, барча футболчилар бирга сайрга чиқишлари ёхуд ресторанда тамадди қилишлари мумкин.

Қизиқарли факт: мураббийларга белгиланган жарима тарифи икки ҳисса баланд. Ўтган мавсум Фридхельм Функель ўйиндан олдинги умумий йиғилишда телефон орқали гаплашгани учун сал бошқача жазога маҳкум этилди - трибунада фанатлар билан бирга ўтирди.

«Вольфсбург». Бош мураббий Бруно Лаббадия моддий тўловларга қўшимча тарзда тушлик ёки кечки овқатланишдан сўнг ошхонани тартибга келтириш қоидасини жорий этган. Қисқаси, қоидани бузган футболчи жарима тўлаш баробарида ошхонада клуб ходимларига кўмаклашади.

«Штутгарт». Машғулотга кечикдингми, марҳамат, тўлаб қўй. Жам-ғармага голкипер Йенс Грааль масъул. Йиғилган маблағ умумий тадбирларга йўналтирилади. Мисол учун, ўтган мавсум якунида жамоа собиқ бош мураббий Ханнес Вольф раҳбарлигида Ибицада дам олди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz