Қайднома

Қидирув

Станислав Черчесов: «Олға интилиш учун муваффақиятларни унутиш лозим»

Станислав Черчесов: «Олға интилиш учун муваффақиятларни унутиш лозим»

  02.10.2018 06:14
  0
  1032
Станислав Черчесов: «Олға интилиш учун муваффақиятларни унутиш лозим»

Россия терма жамоаси ЖЧ-2018да кутилганидан-да яхшироқ иштирок этганидан хабарингиз бор, албатта. Мамлакат миллий жамоасига нисбатан умумий муносабатни кескин ўзгартиришга эришган бош мураббий Станислав Черчесовнинг фикрича, олға интилиш учун футболчилар кечаги муваффақиятларни унутишлари шарт.

Станислав Саламович RTга берган интервьюсида келажак режалари, таркибнинг шаклланиш жараёни, танқидий фикрларга муносабати ва мундиалга доир ҳиссиётлари билан ҳам ўртоқлашди.

- ЖЧ-2018 якунланганига 2 ой бўлди, лекин мамлакат ҳамон ёқимли хотиралар ва ҳиссиётлар билан яшамоқда. Қизиқ, шахсан сиз ҳам мундиал ўйинларини тез-тез ёдга оляпсизми?

- Ривожланишда давом этиш учун муваффақиятларни унутиш керак. Нафақат мен, бошқалар ҳам шундай қилишлари шарт. Зеро, янги йилдан Евро-2020 саралаш босқичи бошланади, айни пайт Европа Миллатлар лигасида ўйнаяпмиз. Демакки, олдимизда янги вазифалар турибди. Ҳар ҳолда, мураббийлар штабининг юмушлари етарли, хотиралар ичида ўралашиб юришга вақт йўқ.

- Турнирда ишлаган ва қатнашганлар воқелик кўламини тўлиқ англаш осон бўлмаганини таъкидладилар...

- Бизда ҳам шундай. Чунончи, ёнаётган вулқон ичида эдик, тўғри, яхши маънодаги тўс-тўполонни четлаб ўтдик. Яъни жамоа ўз юмушлари билан банд бўлиб, қатъий кун тартиби асосида кун кечирди.

Машғулотлар, ўйинлар, парвозлар ва стадионлар, тикланиш жараёнию, тактик таҳлиллар - мундиал вақтидаги ҳаётимиз мазмуни билан алоҳида мақтанолмаймиз. Дейлик, журналистлар қандайдир эркинликка эга эдилар, мухлислар лаззат олишди ва қайғуришди, биз эса шунчаки, тер тўкдик...

- Демоқчисизки, эҳтирос ва ҳис-туйғуларга эрк беролмадинг-лар...

- Маълум даражада худди шундай. Ўзи футболни театрга қиёслайман. Актёрлар саҳнага чиқишгач, бор эътиборни ўз роллари ва спектаклнинг яхлит кўринишига қаратадилар. Улар учун саҳна ортидаги шов-шувлар, томошабинлар ва муносабатлар иккинчи даражали масаладир. Футболда ҳам шундай - меҳнат, яна меҳнат!

- Наҳотки мундиал таъсирида жамоа ҳаёти ва шахсан ўзингизникида қандайдир ўзгаришлар сезилмаган бўлса...

- Йўқ, нега энди? Мени кўпчилик таниб олди, эътибор бериб, дастхат сўрайдиганлар сафи кенгайиб қолди. Нафақат Россия, балки хорижда ҳам. Фақат ёшлар эмас, аҳолининг кекса қатлами - бобо ва бувилардан ҳам шундай илтимос эшитиш ёқимли, албатта.

- Хўш, ўша муҳитни кенгроқ ҳис этиш учун мундиалнинг ёрқин лавҳаларини қайта томоша қилдингизми?

- Тўғриси, бунга алоҳида вақт ажрата олганим йўқ. Лекин ТВ орқали намойиш этилган қайсидир лавҳаларни кўрдим. Бўш вақт кам. Қачондир танаффус юзага келса, ҳаммасини қайтадан томоша қилиб, бошқа нуқтадан баҳо беришга уриниб кўраман, албатта.

- Наздингизда ЖЧ тез ўтдими ёки чўзилиб кетди?

- Хушчақчақ даврада вақт қандай ўтгани сезилмайди. Жамоа учун барча қулайликлар муҳайё этилганди, муҳими, рисоладагидек иштирок этдик. Шундай экан, мундиал бир зумда тугагандек туюлди.

- ЖЧ пайти мамлакат яхлит терма жамоага, жамоа эса мамлакатга айланганини эътироф этдингиз. Туркия ва Чехия термаларига қарши кечган ўйинлардан кейин бу ҳиссиёт кучайдими ёки...?

- Бундай саволларга жавоб қайтариш қийин. Саҳнада роль ўйнаётган ижрочи четдан кузатиб турган мухлис каби баҳо беролмайди. Тушунарлики, терма жамоага муносабат тобора яхшиланишидан умидворман. Ўз навбатида, бу йўлда мухлисларни имкон қадар кўпроқ қувонтиришга ҳаракат қиламиз.

- Лекин мундиалдаги эҳтирослар тошқинидан кейин бу иш унча осон эмас...

- Агар турклар ва чехлар билан ўйинлардан хулоса чиқарсак, футболчиларнинг руҳий ҳолати талаб даражасида. Бироқ турли сабабларга кўра, таркиб анча ўзгарганини унутмаслик лозим. Асосийси, Трабзон ва Ростовдаги учрашувларга жалб этилган йигитлар ишончни оқлаш учун бор маҳоратларини ишга солишди.

 - Жамоани қизғин қарши олишгани футболчиларни илҳомлантирдими?

- Албатта! Трибуналардаги кўтаринки кайфият, стадионларнинг тахтлиги, ажойиб инфратузилма ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Жамоага қулай шароитлар яратилмоқда. Биз эса имкони борича кўпроқ самара келтириш учун изланяпмиз. Мана, кейинги ой Калининград ва Сочида ўйнаймиз.

Вақт нуқтаи-назаридан олсак, бу жуда қулай. Зеро, терма жамоа  ўйинини нуқул Москвада ташкил этиш шарт эмас. Чунки бошқа шаҳарларда ҳам яхши стадионлар етарли. Қолаверса, терма жамоа ўйинини фақат пойтахт эмас, бутун мамлакат томоша қилиши адолатлироқдир.

- Янги турнир - ЕМЛга муносабатингиз қандай?

- Жамоа йиғилишида шогирдларимга дангал гапни айтдим: «Регламентни ўқиб ўтирмаймиз, уни тушуниш қийин».  Лекин турнирга жиддий қарамоқдамиз. Ҳозир иккинчи лигадамиз, кучлироқ жамоалар билан кўпроқ куч синашиш учун эса биринчи дивизионга кўтарилиш керак. Бошқача айтганда, ўз гуруҳимизда ғолиб чиқишимиз талаб этилади.

Қолаверса, ЕМЛ орқали Европа чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш имкони бор. Қисқаси, ФИФА рейтингида муносиб ўринга кўтарилиш учун кўпроқ ғалаба қозонишимиз керак. Тўғри, июндаги кўрсаткичга қараганда, 24 поғона юқориладик. Лекин Евро-2020 саралаш бос-қичига қуръа ташлаш жараёнигача лоақал 2-саватчада бўлиш имконини берувчи ўринга чиқишимиз лозим.

- Одатда асосан «биз» иборасидан фойдаланасиз, «мен» сўзини деярли ишлатмайсиз. Нима учун?

- Чунки терма жамоа билан фақат Станислав Черчесов эмас, кўплаб мутахассислар шуғулланишмоқда. Ёлғиз бир киши ҳаммасини барбод қилиши мумкин. «Ўзим уддалайман» тушунчаси билан профессионал спортда узоққа бориш қийин. Мисол учун, агар францияликларни аҳил гуруҳ қўллаб-қувватламаганида, улар шоҳсупага кўтарилолмасдилар.

- Массимо Каррера «Спартак» бошқарувини қўлга олгач, кечаю-кундуз фақат футбол ҳақида ўйлашини айтганди.Сизчи?

- Ҳар хил вазиятлар бўлади. Баъзан ҳеч нарсани ўйламайман. Ниманидир таҳлил қилиш учун аввало, тинчланиш ва эътиборни йиғиш талаб этилади. Четдан янграйдиган мулоҳазалар ҳам жуда муҳим. Табиийки, ЖЧ пайти миямда фақат футбол чарх урди. Лекин доимий равишда бундай бўлиши мумкин эмас.

- Испанларга қарши учрашув тақдирини ҳал қилган пенальтидан кейин ҳамма ғалабани нишонлаш учун майдонга чопиб тушди, фақат сиз жойингиздан жилмадингиз...

- ...Кейин Фернандо Йерро қўлини қисиб қўйдим, ТВга қисқа интервью бердим ва одатдагидек, кийиниш хонасига йўл олдим.

- Негадир ақлга сиғдириш қийин. Атрофда ҳамма оёққа туриб олган, қувончдан бир-бирини қучоқлаётган, сиз эса мутлақо жимсиз...

- Нима, бошқа ўйинлардан кейин қаёққадир югурганмидим?

- Лекин сизни ўта эҳтиросли мураббий сифатида таърифлашади.

- Қандай бўлсам, шундайман.

- Нима, Сочида Хорватия термасига қарши кечган чорак финал ўйинида намойиш этган ҳаракатингизни инкор қиласизми?

- Қўшимча вақтда трибуналарга қараб, мухлисларни фаолликни оширишга даъват этганимни назарда тутяпсиз, шундайми? Очиғи, ўша вақт дирижёрлик маҳоратим бироз тутиб қолганди.

- Жиддий айтганда-чи?

- Тўғриси, ўта қалтис вазият юзага келганди. Одамлардан «Ёнғинга дуч келсангиз, нима қиласиз?» деб сўрасангиз, одатий жавобни эшитасиз: «Атрофдагиларни қутқараман». Аммо нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Эҳтиросни ҳар доим бирдек жиловлаш имконсиздир.

- Мундиал баҳона миллат қаҳрамонига айландингиз, терма жамоадан иззат-икром билан кетишингиз ҳам мумкин эди. Лекин қолишни маъқул кўрдингиз.Ваҳоланки, олдинда катта муаммоларга дуч келиш хавфи йўқ эмас.

- Муаммолар ҳеч қачон тугамайди. Жамоа бошқарувини қўлга олганимда, «Ҳеч вақога эришолмасам, нима бўлади» қабилида хавотир йўқ эмасди. Агар шундай фикрга ёпишиб олсангиз, унда ҳаракат қилмаганингиз маъқулроқ.

Яқинда айтганимдек, биз учун ҳаммаси энди бошланади. Ҳа, ЖЧ тугади, лекин олдинда қитъа биринчилиги кутмоқда. Шу мантиқни давом эттирсак, илк олтин медалдан кейин фаолиятимни якунлашимга тўғри келади...

- Россия футболи тарихига ўз номингизни абадий ёзиб қўйганингизни тўлиқ ҳис этяпсизми? 

- Тўхтанг, ўта жарангдор иборани ишлатяпсиз. Футболчи сифатида терма жамоанинг омадли ва омадсиз даврларини яхши эслайман. Мисол учун, миллий терманинг дастлабки сардори бўлганман. 1992 йилнинг августида дебют учрашувида мексикаликларни қандай енгганимизни ҳали унутганим йўқ.

- ФИФА сизни йилнинг энг яхши мураббийи бўлишга даъвогарлар рўйхатига киритишини кутганмидингиз?

- Йўқ. Бу мен учун муҳим ҳам эмас. Жамоавий ишлар тўғри ташкил этилса, совринлар узоқ куттириб қўймайди. Ҳа, охирги ўринга жойлашсанг, сенга ҳеч нарса тегмайди. Умуман, ўзимни ЖЧнинг энг яхши мураббийи сифатида ҳис қилмайман. Энг зўри - Дидье Дешам! Ахир у Франция термасини шоҳсупага олиб чиқди.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz