Қайднома

Қидирув

«Пахтакор»нинг ғалабалари:бундан бошқа жамоаларга ҳам наф бор!

«Пахтакор»нинг ғалабалари:бундан бошқа жамоаларга ҳам наф бор!

  03.10.2018 06:34
  0
  838
«Пахтакор»нинг ғалабалари:бундан бошқа жамоаларга ҳам наф бор!

Охирги пайтларда салкам бош мавзуга айланиб қолаёзган «ПАХТАКОР МАСАЛАСИ» бугун мухлислар тугул, бизни ҳам қоғоз қоралашга ундади.

Олдиндан айтиб қўяй, Ўзбекис­тон миқёсида мен «Пахтакор» мухлиси эмасман, лекин мамлакатимиз бош жамоасининг Осиё грандига айланиши жараёнини жуда интиқлик билан кутаётганим рост. Албатта, юртимиздаги жуда кўп «антипахтакорчилар» ҳатто ушбу жараён юз беришига-да чидаб тура олишмайди.

Бунга илгари бўлиб ўтган аксарият ўйинлардаги ҳакамларнинг билибми, билмайми, ишқилиб, кўплаб қарорларни «Пахтакор» фойдасига чиқариб беришганини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Бўлган иш бўлиб ўтди.

Худди футболдаги ҳисоб ўзгартирилмаганидек (яъни, ҳакам жазоланади), ушбу ҳолатлар хотимасидаги «Пахтакор» натижалари ҳам энди ўзгартирилмайди. Хуллас, ўтган ишларни «чайнаш»дан энди наф йўқ.

Россиялик ишбилармон, таниқли ҳамюртимиз Алишер Усмоновнинг «Пахтакор» учун 100 миллион долларлик стадион қуриб бериши, 3 йил ичида жамоа олдига Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасини ютиш вазифаси қўйилиши - жуда катта воқелик бўлиши тайин. Шубҳасиз, бу ўзбек футболининг ютуғи.

Мазкур режалардан маълум бўлмоқдаки, тахминан кейинги мавсумларга бориб «Пахтакор» таркибининг деярли ярми янгиланади. Жамоа бу футболчилар билан Осиё грандларига етарли қаршилик кўрсата олмаслигини Арвеладзе ҳам, Усмонов ҳам, бошқалар ҳам яхши тушуниб турган бўлишлари керак. Демакки, биз яқин келажакда жамоа таркибида анчайин «кутилмаган» футболчиларни кўриб қолишимиз эҳтимолдан холи эмас.

2007|2008 йилларда «Бунёдкор»­ни Осиё грандига айлантириш жараёни кузатилгани ёдингизда бўлса керак. Барпо қилинган жамоанинг юлдузли даврлари узоқ давом этмади. Лекин қойил қоладиган тарафи, клуб Ривалдо ва Сколарилар кетган даврлардан кейин ҳам ўта пастга шўнғиб кетмади.

Аксинча, ўша «инерцияси» билан ҳали-ҳамон яшаб келмоқда. Ваҳоланки, жамоа мамлакатимиз миқёсида ўртаҳолга айланиб қолиши, қайсидир ҳолатда умуман йўқ бўлиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди. Айтмоқчиманки, ўша буюк «Бунёдкор» сабаб жамоа ҳозир ҳам номининг жарангдорлигини сақлаб қолган.

Хўш, «Пахтакор» ўз имиджини қуриш борасида қандай йўлдан боради? Ўша «Бунёдкор» каби четдан бироз ёши ўтган юлдузлар сотиб олинадими ёки навқирон истеъдод эгалари жамоага келиб қўшиладими?

Мамлакатимиздаги бошқа клублардан жамоага нафи тегиши мумкин бўлган футболчиларни «Пахтакор» исталган пайтда ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Агар шу кетишда бўлса.

Кўпчилигингизнинг асабингизни бузса ҳам айтаман (зеро, ҳақиқат аччиқ бўлади): «Қўқон-1912»дан Жавоҳир Сиддиқов, «Навбаҳор»дан Азиз Турғунбоев, «Насаф»дан Азиз Ғаниев каби футболчиларнинг яқин келажакда «Пахтакор» сафида ўйнашлари менимча, 80-90 фоиз тайин.

Аслида, бу каби ёш юлдузларнинг шу зайл бир хилда ривожланиб боришларига ҳам кафолат йўқ. Бунга оддий мисол - сўнгги пайтларда Азиз Турғунбоевнинг ўйинида анчайин паса-йиш кузатилаётганини эслаш кифоя.

Хуллас, бу мавзуда мен умумий маънода - мамлакатимиз футболидаги чўққига чиқиб бораётган истеъдод эгалари мисолида фикр юритмоқдаман. Уларнинг деярли барчаси «Пахтакор» сафига жалб қилинса керак.

Чунки Осиё грандига айланиш учун 2-3 маҳоратли футболчи камлик қилади. Ўзбекистондаги деярли барча кучли футболчилар бирма-бир «Пахтакор»га ўтади, де-йишимга иккита сабаб бор:

1. «Пахтакор» лимит нуқтаи назаридан барча ўйинчиларни хориждан олиб кела олмайди. Шу боис, жамоага нари борса, 4 ёки 5 нафар хорижлик футболчи жалб этилиши мумкин.

Менимча, бугунги легионерларнинг барчасига жавоб бериб юборилади - уларнинг ҳеч бири Осиё грандлари билан «тепиша» оладиган даражада эмас. Демак, 1-2 йил ичида ҳозиргилар ўрнига 3-4 нафар кучли легионер келади.

2. Мамлакатимиздаги футболчиларнинг ўзлари «Пахтакор»га бориб ўйнашни хоҳлаб қолишади. Осиё гранди сафида тўп суришни ўзбек футболчилари жуда соғинишган. Ростдан ҳам бу воқеаларга 10 йиллар бўлиб кетди.

Охирги марта биздан чиққан Осиё гранди ўша «Бунёдкор», унинг сафида ўйнаганлар ўша Жепаров ва Кападзелар эди. Эндиликда Осиёга «Пахтакор» орқали чиқиш мумкинлигини англаб етаёзган футболчилар жамоадан тушган таклифни иккиланмай қабул қиладиган бўлишади.

Ўз-ўзидан миллий терма жамоада ҳам «Пахтакор» вакиллари кўпчиликни ташкил этишади. Яъники, нафақат Осиёни, балки миллий терма жамоани кўзлаган футболчилар ҳам «Пахтакор» томон интилишни бошлайдилар.

***

«Пахтакор»ни мамлакатимиз ичкарисидаги аксарият мухлислар ёқтирмаса-да, унинг Осиё майдонларидаги кучли ўйини ўзбек футболига очко олиб беришига шубҳа йўқ. Тўғри маънода ҳам. Чунки сўнгги йилларда Осиё Чемпионлар Лигасида Ўзбекистон учун тақдим этилаётган 1}2 шаклидаги ўринлар бизга анча муаммо туғдирмоқда.

Чиндан ҳам жамоаларимиз январь ойларида бўладиган «плей-офф» ўйинлари орқали ушбу тўсиқдан ўтган тақдирларида ҳам асосий мусобақаларда - гуруҳ босқичида айтарли натижа кўрсата олишмаяпти. «Плей-офф»га чиқиш вазифаси ҳам жуда-жуда баланд тоғ бўлиб кетди, сўнгги йилларда.

Хуллас, гапнинг индаллоси, клубларимиз Осиё майдонларида кучсиз жамоаларга айланиб қолишди. Яхшиям ОФК бизга кейинги икки йил учун ҳам яна шу ўринларни сақлаб турибди. Яъни, 2019-2020 йилларда Ўзбекистон учун яна шундай форматдаги ўринлар тақдим этилади.

Айнан шу икки йилда кўрсатилажак юқори натижалар бизга кейинги йилларда йўлланмалар сонини кўпайтириб бериши мумкин. Бунга ҳеч бўлмаганда ўша «Пахтакор» ҳаракат қилиши керак. Бошқа жамоаларда ҳозирча бунга имконият ҳам, шароит ҳам кам.

Тўғри, «Локомотив» бугунгача ўта паст натижа кўрсатаётгани йўқ. Лекин жамоанинг Осиёда юқори даражага чиқа олмагани ҳам айни ҳақиқат. Демак, «Локо» инфратузилмасида нималардир тўғри йўлга қўйилмаган.

***

Бугун ва эртага ўтказиладиган кубок ярим финалидаги икки баҳсдан сўнг ушбу мусобақа финалчилари аниқланади. «Бунёдкор» ўз майдонида АГМКни қабул қилса, «Қўқон-1912» яна ўша «Пахтакор» билан баҳс юритади. Бу ўйинларда ҳам, албатта, икки пойтахт жамоасини фаворит деб айта оламиз.

Қосимов шогирдлари ўз уйларидаги ягона ўйин сабабли фаворит саналсалар, Арвеладе бошчилигидаги футболчилар меҳмонда тўп суришларига қарамай, куч ва мотивация борасида бироз устунликка эгалар.

Бу ўйинларга тўхталиб ўтишимизнинг сабаби, агар мазкур баҳсларда икки Тошкент жамоаси финалга йўл оладиган бўлса, у ҳолда чемпионатдаги кучли тўртликда бораётган жамоаларнинг қолган иккитасида ҳам Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун катта йўллар очилади. Бу гап биринчи нав-батда «провинция»нинг ягона жамоаси - «Навбаҳор»га таалуқли.

Хабарингиз бор, Наманган клуби ўз майдонидаги икки дурангдан сўнг, гарчи ҳамон юқори ўринларда турган бўлсада, чемпионлик ва ОЧЛ йўлланмаси учун имкониятларини кескин камайтириб юборди. Хўш, «Пахтакор» ва «Бунёд-  кор»нинг финалга йўл олишидан «Навбаҳор»га не наф?

Гап шундаки, агар кубокни Қўқон ёки Олмалиқ шаҳри жамоаларидан бири қўлга киритадиган бўлса, у ҳолда нафақат «Навбаҳор»га, балки ўша «Пахтакор» ва «Бунёдкор»га, ҳаттоки, «Локомотив»га ҳам ОЧЛ йўлида жиддий хавф вужудга кела бошлайди. Яъни, у ҳолда Суперлига ғолиби ва 2-ўрин соҳибигина ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритади, холос.

Агар кубок «Пахтакор»га насиб қилса-ю, жамоа чемпионатни 1-3-ўрин оралиғида якунласа, у ҳолда чемпионатдаги дастлабки уч ўринга жойлашган клуб ОЧЛга йўл олади.

«Бунёдкор» билан ҳам худди шундай ҳолат. Хуллас, «Навбаҳор»нинг ашаддий мухлисларига қанчалик ёқмасин, бугун улар «Пахтакор»нинг «Қўқон-1912» устидан қозонажак ғалабасидан манфаатдорлар. Шу нуқтаи назардан ҳам, бу мавсум давомида илк бора «Пахтакор»га мухлислик қилиб ўтиришлари, шубҳасиз. Агарда бунинг фойдасини тушунишса, албатта.

«Локомотив»га кўп тўхталмаётганимнинг сабаби битта - Андрей Фёдоров шогирдларида чемпионлик, йўқ деганда, 2-ўринни олиш учун катта асослар бор. Агар сенсация юз бермаса, «Локо» ёки чемпионликни қўлга киритади ёхуд ўша 2-ўринга жойлашади.

Кўриниб турибдики, ОЧЛ йўлланмасини берувчи 3та ўрин «Локомотив», «Пахтакор», «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» тўртлигидан исталган биттасига насиб этмаслиги аниқ.

Бу рақам иккитага етиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас, юқорида айтганимиздек, агар Қўқон ва Олмалиқ жамоаларидан бири кубокни боши узра кўтара олса.

Бу борада Суперлиганинг сўнгги туридан жой олган икки учрашув ҳам ўзаро баҳслар эканлиги интриганинг энг сўнгги паллаларида нималар юз бериши мумкинлигини ҳозирдан бизга маълум қилаётгандек: 30 ноябрь куни якунланажак Суперлиганинг охирги турида «Навбаҳор» ўз майдонида «Локомотив»ни қабул қилса, Тошкентда «Пахтакор» - «Бунёдкор» қарама-қаршилиги бўлиб ўтади.

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz