АПЛнинг жорий мавсуми стартида, кўпчилик учун кутилмаганда, «Брайтон» ҳужумчиси Гленн Мюррей чемпионатнинг тенгсиз тўпурарлари қаторида бормоқда. «Чағалайлар» фахрийси 35 ёшга тўлди, бироқ фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказишга тайёр.
Қишлоқнинг оддий йигити Англия Премьер-лигаси юлдузи мақомига эришгунича турли қийинчиликларни енгиб ўтган. Мюррейнинг ўтмиши билан танишсангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.
ОКЕАН ОРТИГА САЁҲАТ
Гленн Мюррей Англия шимолидаги кичик шаҳарчада туғилиб, вояга етди. Қадрдон Мэрипорт соҳилларини ювувчи совуқ Ирландия денгизи ёш йигитчага ҳаётда ҳеч нарса осонликча қўлга киритмаслигини ўргатди.
Гленн фаолиятининг бошланишида «Уоркингтон» ярим ҳаваскорлар жамоасида ҳаминқадар тўп сурган бўлса, 21 ёшга тўлганида АҚШга йўл олишдан ўзга чора тополмади - Шимолий Каролинанинг «Уилмингтон» клуби сафидан ўрин эгаллади.
Форвард Америка ўлкасида атиги бир йил ўйнади, аммо океан ортидан ёрқин хотиралар қолди - яқинда Мюррей Шимолий Каролинада рўй берган Флоренс довулидан азият чекканларга ёрдам қўлини чўзди.
АҲАМИЯТЛИ ТРАНСФЕР
Қаҳрамонимиз АҚШда ўз ўрнини тополмаганидан сўнг 2004 йилнинг ёзида туманли альбионга қайтди. «Карлайл» таркибидаги уч мавсум давомида Конференция баҳсларидан 1-лигагача (Англиянинг учинчи дивизиони) бўлган йўлни босиб ўтди, бироқ «Рочдейл»га ўтганидан кейингина мунтазам гол ура бошлади.
2007 йилнинг ёзида Гленнинг фаолиятида аҳамиятли воқеа рўй берди. «Брайтон»га ўтиши ҳужумчини «чағалайлар» мухлислари ёқимтойига айлантирди. Кейинги тўрт мавсумда у 53та гол уриб, клуб хўжайинларини лол қолдирди.
АПЛДАГИ ДЕБЮТ ВА ОРТГА ҚАЙТИШ
«Брайтон» Чемпионшипдаги курашни Мюррейсиз олиб борди - «Кристал Пэлас» маҳоратли форвардга АПЛдаги иштирокни ваъда қилди. Гленн ўз олдига улкан мақсадлар қўйди ва «бургутлар» сафидаги иккинчи йили фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумни ўтказди: ҳужумчи ҳисобида 30та гол, «Пэлас» эса савия жиҳатидан ўсишга эришди.
«Кристал Пэлас» билан АПЛдаги иштирок ҳавас қиларли даражада чиқмади - мураббийлар қўнимсизлиги, жароҳатлар ва ижарага бериб юборилиши натижасида Мюррей «бургутлар»нинг қизил-кўк либосида ўзини кўрсатолмади.
2016 йил ёзида форвард «Брайтон»га қайтиб, маҳаллий мухлисларни қувонтирди. Гленндаги руҳий тетиклик ва ёшларга хос қувват «чағалайлар»га 1983 йилдан кейин илк марта Англия футболи элитасига қайтиш имкониятини тақдим этди. Қаҳрамонимизнинг 12та голи эса АПЛга мустаҳкам ўрнашишда асқотди.
Шунга қарамай, Мюррей ўз ўйинига муносиб баҳо ола билмади: «Мен классик ҳужумчиман. Вазифам - тўп учун курашиб, рақиб жарима майдончасига ёриб кириш ва гол уриш. Мен қандай бўлсам шундайлигимча қоламан. Буни ўзгартиришнинг имкони йўқ. Баъзан бу урфдан қолгандек туюлади. Англияликлар учун классик ҳужумчи бўлиш ёқмайди, аммо хорижлик бўлсанг, бошқа гап.
Масалан, Оливье Жируни олайлик - Англия футболидаги классик ҳужумчиларнинг типик вакили: бақувват, ҳаводаги курашларда кучли, жарима майдончасига кириб, голлар уради.
Бироқ унинг ўзига хос французча исми бор - шу боис унга, айтайлик, Трой Дини сингари баҳо беришмайди. Биз Трой билан қуйи лигалардан чиққанмиз ва ўйлашимча, у ерда иқтидорли тўпурарлар бисёр», - дейди Мюррей.
СОЛИҚЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ФИРИБ ҲАМДА МУҲАРРИРЛИК САҲИФАСИ
2018 йилнинг бошида Гленн ва унинг рафиқаси можарога аралашиб қолишди - эр-хотин умумий суммаси 1,1 миллион фунтга тенг солиқни фирибгарлик йўли билан яширганликда гумонланиб, қамоққа олинди. Бироз вақтдан сўнг Мюррейни озодликка қўйиб юборишди, аммо тергов ишлари ҳамон давом этмоқда.
Бундан ташқари, Гленн машҳур бульвар нашрида ўз саҳифасига эга. У ерда мураббийлар, функционерлар ҳамда шерикларига баҳо ва тавсиялар беради: «Менежментнинг асосий талабларига нафақат юқори интеллектга эга бўлиш, балки ўз ғояларингни муайян жамоада татбиқ этиб, у билан яшил майдонда муваффақият қозониш ҳам киради.
Турли мураббийлар билан ишларканман, уларнинг жамоани қандай бошқаришларини кўриш асносида тажриба тўпладим. Ҳар бир жамоа ўзига хос, мураббий эса футболчиларга ўз ўйин услубини етарли даражада тушунтира олса, келгусида бу узоқ йиллик ва муваффақиятли фаолият юритишида ўз аксини топади».
ВАҚТ СИНОВИДАН ЎТГАН
Жорий мавсум Мюррей тўртта гол уришга эришди. «МЮ» билан ўйинда фахрий футболчи ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилиб, кутилмаган ғалабанинг (3:2) асосий сабабчиларидан бири бўлди.
4-турда «Брайтон» ўз майдонида «Фулхэм»га ютқазаётганда (0:2), Гленн бор маъсулиятни зиммасига олиб, ўз «дубл»и эвазига жамоасини мағлубиятдан асраб қолди. «Саутгемптон»га қарши сафарда кечган баҳсда эса унинг сўнгги дақиқаларда пенальтидан унумли фойдаланиши «чағалайлар»га дурангни туҳфа этди.
Сешанба куни Гленн 35 ёшни қаршилади. Бироқ элитадаги шундай ёрқин иштироки ҳам Англия термасига чақирилиши учун етарли бўлмайди, айнан ёш фактори бунга имкон бермайди. Шунга қарамай, ўз голлари билан «Брайтон»га АПЛда хотиржамлик тақдим этиши, маҳаллий ишқибозларнинг кумирига айланиши ҳам жуда қадрли омил.
А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20