Қайднома

Қидирув

Роналдунинг шов-шувли трансфери: ҳақиқат ва лоф

Роналдунинг шов-шувли трансфери: ҳақиқат ва лоф

  04.10.2018 00:26
  0
  902
Роналдунинг шов-шувли трансфери: ҳақиқат ва лоф

Криштиану Роналду Туринга кўчиб ўтгач, Интернет шов-шувли хабарларга тўлиб кетди.

Кимлардир Италия гранди ўз тарихидаги рекорд трансфер харажатларини футболкалар сотуви эвазига саноқли кунлар ичида қоплашига ишона бошладилар, дўконлардан жўнатилаётган ҳисоботлар туфайли «Ювентус» сайтида тирбандлик юзага келди.

Нуфузли нашр мухбири суперклубнинг Миландаги дўкони олдида улкан навбат вужудга келгани, бир кунда 600 дона либос сотилгани ҳақида маълумот берди. Кечки пайт ҳайратомуз янгилик эълон қилинди: «Адидас» ва «Ювентус»нинг турли мамлакатларидаги савдо нуқталарида бир кунда 20 мингта футболка ўз эгаларини топган, яна 500 мингта либосга олдиндан ҳисоб-китоб амалга оширилиб, буюртмалар қабул қилинганди.

Қисқа фурсат ичида клубнинг сотувдан оладиган даромадини ҳам ҳисоблаб улгуришди: 54 млн. евро! 1-2 кунлик савдо Роналду трансферининг 50 фоизини қоплайди. Журналистлар эса бу шунчаки камтарона ҳисоб-китоб натижаси эканини таъкидлашди.

Чунки «Ювентус»нинг интернет-дўконига 7 млн. мижоз мурожаат қилганди. Аммо техник ҳомийлар билан ҳамкорлик қилиш сирларидан яхши хабардор бўлган мутахассислар бу маълумотлар лоф эканини таъкидладилар.

Биринчидан, рақамлар ақл бовар қилмас даражада: ҳатто сайтга 7 млн. мижознинг ташрифи рост деб фараз қилганимизда ҳам, ҳар бири 100 евродан кам бўлмаган 500 мингта футболканинг баҳоси фантастик қийматга тенг бўлади.

Қолаверса, бир суткада 7 млн. мухлиснинг ташрифига ишониш қийин: 2016|2017 йиллар мавсумида жами 4,7 млн. мижоз сайтга кирган - интернетда бунчалик шиддатли ўсишга эришиш мумкин эмас.

Иккинчидан, клублар ҳеч қачон даромадга 100 фоиз эга бўла олмайдилар, ҳатто ўта серҳиммат ҳомий билан ҳамкорлик қилаётган пайтларида ҳам! Буюк трансфердан кейин икки ой ортда қолган паллада мазкур уйдирмаларни бемалол инкор этиш мумкин.

Аслида «Ювентус» нимага эга бўлди?

Клуб вакилининг «Туттоспорт»га берган маълумотига кўра, дастлабки уч ҳафта мобайнида 55 минг дона футболка сотилган. Матбуотдаги маълумотларга қиёслайдиган бўлсак, бу рақам ёнига «атиги» иборасини қўшимча қилиш талаб этилади.

Аммо у аввалги мавсумлар кўрсаткичидан юқори. 2016|2017 йиллар мавсумида 41 мингта либос сотилган, 2017|2018да савдо ҳажми 10-15 фоизга ўсган. Омборхонада 2018|2019 йиллар мавсуми учун 55 минг дона футболка тахт қилиб қўйилган.

Навбатда турган улкан оломоннинг талабини қондириш учун «Ювентус» «Адидас»га қўшимча буюртма беришга мажбур эди. Бу савдонинг бироз секинлашувига сабаб бўлди. Август ойида либосларнинг болаларга мўлжалланганлари ва ХХL ўлчамдагилари қолганди, холос.

Бошқа ўлчамдаги футболкалар учун кутишга тўғри келди. Сиз энди харид қилмоқчи бўлсангиз, октябрь ойига буюртма беришингиз мумкин. Бошқа клублардан фарқли равишда, «Ювентус» ўз либосларини ўзи сотиш ҳуқуқига эга.

2013 йилнинг октябрида Турин суперклуби «Адидас» билан 2015-2021 йилларга мўлжалланган шартнома имзолади. Унга кўра, жамоа ўз логотипи ва рекламалар учун компаниядан 23,25 млн. евро, маҳсулот реализациясини назорат қилиш ҳуқуқини «Адидас»га бергани учун яна 6 млн. олади. Клубнинг йиллик умумий даромади 30 млн. атрофида.

Таққослайдиган бўлсак, жамоа аввал «Найк» билан 12 йил ҳамкорлик қилган ва йилига 12,65 млн. евро ва савдонинг ҳажмига қараб 5 млн. атрофида даромад олганди. 2015 йилда Андреа Аньелли ташаббуси билан иззатталаб «Ювентус» «Адидас» шартномасига сезиларли ўзгаришлар киритди.

Яъни клуб йирик ҳомийларга қарамликдан қутулиш йўлларини излай бошлади. Аввалига кафолатланган 6 млн.дан воз кечиб, клуб дўконлари тасарруфини ўз қўлига олди. Оқибатда «Найк» назоратидаги «Ювентус Мерчандайзинг» компанияси клуб тизимига ўтди. Ҳамкорликнинг ҳозирги кўриниши қуйидагича:

1. «Адидас» «Ювентус»га оид маҳсулотларни ишлаб чиқаради ва ҳеч қанақа тўсиқларсиз ўз дўконларида сотувга қўяди;

2. «Ювентус» лицензиядан ўтган ўз маҳсулотларини «Адидас»дан харид қилади ва ўз шахобчаларида сотади;

3. Клуб бир қатор харажатлар - тижорат майдонлари ижараси, хизматчилар иш ҳақи ва транспорт сарф­ларини ўз зиммасига олади. Cавдонинг сезиларли улуши хорижий харидорларга тўғри келгани боис, «Юве» ўша ҳудудлардаги агент­ликлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлмоқда.

Клуб янги услубдаги илк (2015|2016) мавсумида мерчандайзингдан 13,5 млн.евро даромад олди. Лекин буни «Адидас» кафолатлаган 6 млн.га қиёслаш ноўрин. Чунки клуб харажатларини чегириб ташлаш лозим. Тегишли ҳисоб-китоблардан кейин «Юве» 2015|2016 йиллар мавсумида 9,2, 2016|2017да эса 10,91 млн.га эга бўлди.

Бироқ буни ҳам соф даромад деб бўлмайди. Чунки клуб тизимида фаолият юритаётган хизматчилар сони ортди, тўланадиган ижара ва солиқ миқдорлари ҳам кўпайди. Энг яхши натижа ўтган мавсумда қайд этилиб, илк тажриба мавсумига нисбатан 105,8 фоиз ўсишга эришилди.

Роналдунинг келиши даромаднинг кескин ортишини таъминлаши тахмин қилинмоқда. Яъни, сўнгги мавсумдаги 27,79 млн. янги мавсумда 55-60 млн.га етиши кутилмоқда. Бу шунчаки ҳавойи гаплар эмас - «Юве» либосларининг баҳоси бир йилда 145 фоизга қимматлашди. Бир дона Роналду футболкасининг баҳоси қуйидагича: эркакларники - 137,45 евро, аёлларники - 87,45, болаларники - 77,45 евродан.

Хуллас, Роналду учун «Реал»га сарфланган 100 млн.ни қоплаш учун «Юве» энг қиммат футболкалардан 2 млн. дона сотиши керак. Бу - амалга ошиши жуда қийин вазифа. Демак, Роналдуни тижоратнинг бошқа йўналишларига тезроқ жалб этиш лозим. Масалан, Криштиану харидидан кейин «Юве»нинг интернет аудиторияси 19 фоизга ўсди.

Хўш, «Ювентус»нинг грандлар орасидаги мавқеи қандай?

Техник ҳомийлардан олинадиган даромадлар борасида «Юве» етакчи ўнликдан четда:

«Барселона» - 105 млн. евро;

«МЮ» - 84 млн.;

«Реал» - 70 млн.;

«Арсенал» - 67 млн.;

«Челси» - 67 млн.;

«Бавария» - 60 млн.;

«ПСЖ» - 60 млн.;

«Манчестер Сити» - 56 млн.;

«Тоттенхэм» - 34 млн.;

«Ливерпуль» - 28 млн.

Таъкидлаш жоизки, бошқа топ-клублар ҳам манфаатли шартномалар асосида иш юритишмоқда. Масалан, «Реал» «Адидас»нинг сотувдан олган даромадидан 22,5 фоизини олади. «Барселона» «Камп-Ноу»даги дўконида амалга ошириладиган савдо эвазига 50 млн.га бойийди.

«МЮ» ҳам ўзига хос келишув имзолаган: агар «Адидас» даромади 75 млн.га чиқса, 15-20 фоизи жамоа­ники бўлади. «Ювентус»нинг янги мавсумдаги даромади 55 млн.га кўтарилса, чиқимлардан ташқари 45 млн.га эга бўлади ва топ-ўнликдан жой олади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz