Қайднома

Қидирув

Англия футболидаги АҚШ пули

Англия футболидаги АҚШ пули

  05.10.2018 00:27
  0
  972
Англия футболидаги АҚШ пули

Туманли ўлка футболига хориждан пуллар кириб келиши - одатий ҳол. Аммо сўнгги пайтларда АҚШдаги ишбилармонларга шубҳа билан қараш кузатилмоқда.

Бунга асосий сабабчи сифатида «МЮ» мухлисларининг икки гуруҳга ажраб қолишида айбдор саналаётган Глейзерлар кўрсатилмоқда. Қуйи лигаларда эса аксинча - америкаликлар кичик клубни сотиб олишади, имконият яратиб бериляпти, уларга ҳамма ишонмоқда.

Бундай шахслар орасида машҳурлар ҳам бор, айримларини эса, эҳтимол, қисқа муддатда таниб оласиз. Бугун эътиборингизга ҳавола этиладиган рўйхат орқали Англия қуйи дивизионларида клуб сотиб олиш орқали шов-шув кўтарганларни таништириб, уларнинг имкониятларини фоиз ҳисобида чамалаймиз.

Боб Рич, «Бедлингтон Терриерс». Кейинги 10 йил ичида профессионал футболга кириш эҳтимоли: 0,1%

2010 йил январида Нортумберленд графлиги шаҳарчаларининг биридаги клуб офисида телефон жиринглади. Гўшакнинг нариги томонидан шахс ўзини Боб Рич, молиявий ҳолати 6 миллиард долларга тенг америкалик ишбилармон деб таништирди. Шу паллада «Бедлингтон» раҳбарлари бу ҳазил эмас, ҳақиқат эканини англаган пайтларида ўзларини йўқотиб қўйишган бўлса, ажабмас.

Глейзерлар дўсти, музлатилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси бўйича мамлакатнинг бош вакили, «Форбс» рўйхатида 488-ўринни эгаллаб турган Бобнинг туманли ўлка клубига қизиқиши бежиз эмасди. Гап шундаки, Ричнинг аждодлари Штатларга айнан Бедлингтондан кўчиб боришганди.

Катта пуллар исталган пайтда ота-боболарингиз тарихи билан яқиндан танишиш, ҳаттоки, Бедлингтон графи унвонига эга бўлиш имконини беради. Авваллари кончилар учун мўлжалланган «Уэлфэйр Парк» стадионида ўзгаришлар даври келди

. 30 минг фунтга электрон табло сотиб олинди, янги майса қопланди, жамоа АҚШдаги турнеда қатнашди, ВВС эса Рич ва «терьерлар» ҳақида махсус фильмни суратга олди. Бироқ Боб ҳозир 77 ёшда ва катта режалар тузишдан аввал қолган умрини чамалашига тўғри келади.

Миллиардер клубга йирик маблағ сарфламаяпти, бу эса тўғри йўл, зеро катта пул клуб тақдирига раҳна солиши мумкин. Ахир вақти келиб барчаси поёнига етади - ёки маблағ ёки хоҳиш. «Бедлингтон» ҳаттоки, шимолий графликлар лигаси премьер-дивизионидан ҳам қуйига тушиб кетди, аммо кейинги ўн йил учун молиявий муаммолардан хавфсирамаса бўлаверади.

Майкл Хитчкок, Жонатан Коллура, «Олфретон Таун». Кейинги 10 йил ичида профессионал футболга кириш эҳтимоли: 10%

Дербишир клуби Миллий Конференция «плей-офф» босқичига чиқолмагач, жамоанинг британиялик хўжайини футболдаги мулкидан халос бўлиш тараддудини кўра бошлади. Унинг ўрнини АҚШнинг икки фуқароси эгаллаб, ҳақиқий халқлар дўстлигини таъминлашди. Бу воқеа тўрт йил аввал рўй берганди.

Ҳозир «Олфретон» собиқ Шимолий Конференцияда (Шимолий Миллий Лига) қатнашмоқда, зеро қойилмақом мавсумдан кейин пасайиш кузатилди ва клуб дивизионни тарк этди. Икки ишбилармон йирик харажатлардан тийилмоқдалар, бунинг учун пуллари ҳам ошиб-тошиб кетмагани айни ҳақиқат. Жамоани сотиб олишдан муддао мутлақо бошқа эди.

2013 йили Майкл ва Жонаташ «Форт-Уэрт Вакейрус» номли клубга асос солишди, у айни пайт АҚШнинг норасмий тўртинчи дивизионида қатнашади. Англия футбол лигаси иштирокчилари орасида фарм-клуб бўлишни хоҳлайдиганлар топилмаслиги тушунарли, ҳатто Миллий Лигадагилар ҳам бунга кўнишмайди.

Мазкур ҳолатда инглизлар хос эҳтиёткорлик ва меросни асраш омили иш беради. Баъзан эса тартиб ўзгаради ва янги хўжайинлар асрлар давомида шаклланган анъанага путур етказишади. Шунга қарамай, «қизиллар» узоқ ўйлаб ўтиришмади. Провинциядаги митти шаҳарчага АҚШнинг йирик шаҳри аудиторияси ёпирилди.

Штатларда футбол ривожланаётган сир эмас. «Олфретон» атрибутикаси 7500 километр узоқликдаги давлатда сотилмоқда, жамоа АҚШда йиғинлар ўтказмоқда, океан ортидаги дўстлар билан футболчи алмашмоқда, америкалик ишқибоз «Таун» учун Уэссекс қироли Альфред сиймоси туширилган янги логотип тайёрлади.

Хитчкок аввалроқ «Лос-Анжелес Гэлакси» тизимида ишлагани учун харажатларни тўғри йўлга қўйишни билади. Америкаликларнинг таъкидлашларича, улар жамият ва анъаналарни бузишмайди ва шу сабабли «Олфретон»ни сотиб олишган. Ҳозирча англиялик мухлислар хурсанд, клуб биносида Техас услубидаги байрам кечалари ташкил этилмоқда.

Янги хўжайинлар футбол лигаси ҳақида гапиришмоқда, аммо ҳафтасига 600 томошабинни жалб этадиган клуб ходимлари бунинг учун ҳали кўп ишлашларига тўғри келади. Шундагина олдинга силжиш кузатилади. Масалан, ярим ҳаваскор мақомидан қутулиб, стадионни кенгайтириш керак. Агар икки мамлакат вакиллари ўзаро тил топиша олсалар, клуб ютқазмайди.

Пол Кассон, «Барроу». Кейинги 10 йил ичида профессионал футболга кириш эҳтимоли: 35%

«Барроу» сўнгги марта футбол лигасида 1972 йили қатнашганди (кенгаш қарори билан истисно қўлланган) ва аввалги меҳнатларни қадрлайдиганлар бисёр, аммо улар орасида клубга пул сарфлайдиганларни топиш амримаҳол. Англиянинг назардан четда қолиб кетган шаҳарларидан бирида нафақат бизнес юритиш, балки яшашни хоҳлайдиганлар ҳам кўп эмас.

Шунга қарамай, «блубердс» мухлисларининг омадлари чопди. Пол Кассон чорак аср мобайнида АҚШда яшади, аммо ўсмирлик чоғида оиласи билан «Холкер Стрит»га ташриф буюрган. Энди эса у марҳум отасининг орзуларини рўёбга чиқармоқчи.

Америкалик инглиз ўтган йили камтарона клубга яна бир миллион фунт ажратди (бундан аввал сумма 2 миллионни ташкил этганди). Умумий нархи 20 миллионга тенг янги стадион қуришга Пол томонидан Атлантика океанининг нариги томонида йўлга қўйилган телекоммуникация бизнесининг қурби етади.

«Барроу» янги раҳбарият қўл остида ютуқларга эришди: 6-дивизион чемпионлиги, футболчиларнинг норасмий профессионал мақоми, Англия кубоги учинчи раундидаги иштирок. Шунингдек, Кассон бир сафар Дубайда ногаҳон Пол Скоулз билан учрашиб қолганда, хайрия учрашувида клуб сафида ўйнашни таклиф қилди ва «МЮ» афсонаси бунга кўнди.

5 фунтлик чипталар қисқа муддатда сотилди. Миллий Лигадаги рақобат ҳар доимгидек юқори, аммо ҳомийлик давомий бўлса, «Барроу» учун ҳамиша жой топилади.

Питер Фройнд, Крейг Унгер, Тим Ховард, «Дагенем энд Редбридж». Кейинги 10 йил ичида профессионал футболга кириш эҳтимоли: 90%

«Дагенем энд Ребридж» 2016 йили футбол лигасини тарк этгач, клубга Глин Хопкин исмли шахс эгалик қила бошлаганди. Аммо янги хўжайин ишончни оқламади. У ярим мавсум ўтиб-ўтмай ихтиёридаги 74 фоиздан воз кечди. Натижада лондонликлар банкрот бўлмаслик учун 100 минг фунт кераклиги ҳақида хабар беришди.

Мазкур ҳолатда АҚШлик инвесторлар вазиятга аралашишди, аммо буларнинг ортида ким тургани ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Ваҳоланки, тўртта спорт клуби ва битта стадионни бошқарадиган бутун бошли консорциум ташаббус кўрсатганди. Victoria Road Football LLC ташкилотида обрўли бизнесменлар ва АҚШ термасининг собиқ футболчиси Тим Ховард фаолият юритишади.

Йўқ, бу «пиар» эмас. Аниқроғи, тасодифий «пиар». Ховард пойтахтнинг чекка ҳудудига ташриф буюриб, клуб ходимлари билан суратга тушди, мақтовли сўзларни айтди. Аммо қарор чиқариш фақат унга боғлиқ эмаслиги кундек равшан эди, катта эҳтимол билан, ташаббус Тимдан чиқмаганди.

Ҳар ҳолда, Ховард асосий вақтини ҳамон ўйинга сарфламоқда («Колорадо Рэпидс»да тўп суряпти), боз устига, унинг иккинчи лигада қатнашаётган клуби ҳам бор (унга ҳам консорциум вакиллари эгалик қилишади). Демак, «Дагенем энд Ребридж» ишончли қўлларда, дейиш мумкин. Юқори мақсадларни кўзлашга келсак, бу бироз баҳсли масала.

Чунки мазкур жамоа футбол лигасида кўп қатнашмаган, ҳали янги. Шунга қарамай, ўз ишқибозлари ва инфратузилмасига эга. Одатда, футбол лигаси қайтиш кўп кузатилади. Гап раҳбариятнинг ақлли иш юритишига боғлиқ. АҚШдан келган хўжайинларга ишониш мумкин. Ховард борми, демак тажриба ҳам бор, гарчи у Америкага тааллуқли бўлсада.

Шундай экан, кейинги мавсумни, аниқроғи, навбатдаги мавсумлар оралиғини кутишга тўғри келади. Ўз навбатида, жорий мавсумда ҳам муносиб қатнашиш керак.

Найжел Тревис, «Лейтон Ориент». Кейинги 10 йил ичида профессионал футболга кириш эҳтимоли: 95%

Охирида кўпчиликка таъсир ўтказадиган тарихий воқеаларни ёдга оламиз. Айниқса, бу «фаст-фуд» шинавандаларига ёқади. Хўш, кўп ҳудудларда машҳурликка эришган Dunkin Donuts фирмасининг футболга қандай алоқаси бор? Шарқий Лондоннинг «Лейтон Ориент» клуби сал қолса йўқ бўлиб кетиши мумкин эди.

Италиялик Франческо Беччетти «қизиллар»га «қўпол ҳазил» ишлатганди. Ушбу воқеа профессионал футболдаги 112 йиллик фаолият ҳамда сўнгги йиллардаги ютуқлардан (жумладан, Чемпионшипда қатнашиш ҳуқуқини берадиган финалда пенальтилар сериясида имконият бой берилган, Гарри Кейн ижарага олинган, Англия кубогида «Арсенал» билан дуранг қайд этилган) кейин рўй берганди.

Олимпия стадиони учун кураш клубга қимматга тушди, боз устига, Беччетти асосий эътиборини «Парма»ни сотиб олишга қаратганди. Оқибатда «Лейтон Ориент» клубининг қарзлари кўпайиб кетди. Айнан шу паллада Найжел Тревис пайдо бўлди. Айтишларича, у Вудфордда ўтган болалик чоғларида «Ориент» ўйинларини стадиондан кўрган экан.

Кичкинтойлик пайтида меҳр қўйган клубни қутқариш - футбол оламида кузатилиши мумкин бўлган энг ёрқин воқеалардан бири. Тревис ўз миллионлари билан клубга келганида, вазият оғир эди. Таркибда атиги тўққиз футболчи бўлиб, уларнинг энг каттаси эндигина 19 ёшга тўлганди.

Ёшлар таркибидан жалб этилган мутахассис мавсум давомида жамоани бошқарган бешинчи мураббий бўлди. Физиотерапевт ҳамда фитнес-мураббий умуман йўқ. Хуллас, «Лейтон» мухлислари енгил тин олишди. 5-дивизиондаги дастлабки мавсум ўхшамади, бу кутилган ҳол эди.

Айни пайт «Лейтон Ориент» етакчилар сафида бормоқда ва қачондир аввалги мавқеига қайтади. Ҳамма гап бу воқеа қачон, қандай, ким билан ва қандай шароитда рўй беришида қолган.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz