Қайднома

Қидирув

Антонио Кассано: «Зидан - ўзга сайёралик»

Антонио Кассано: «Зидан - ўзга сайёралик»

  05.10.2018 06:18
  0
  206
Антонио Кассано: «Зидан - ўзга сайёралик»

Антонио Кассано одатда, журналистлар билан очиқ-ойдин гаплашаверади. Барилик футболчининг Мадриддаги тарихи унинг агенти Эрнесто Бронцеттининг қўнғироғи билан бошланганди.

«- Антонио, жаҳоннинг энг буюк клубида ўйнашни истайсанми?

- У қайси жамоа экан?

- Мадриднинг «Реал»и ҳақида гапиряпман.

- Эрнесто, тошингни тер...», - деб жавоб берган Кассано трубкани қўяди.

Лекин Бронцетти шу заҳоти қайта қўнғироқ қилиб, унга вазиятни тушунтиришни бошлайди: «Антонио, Флорентино Перес ҳақиқатан ҳам мен билан боғланди. Унга рад жавобини беролмадим. Жаҳондаги миллионлаб футболчилар бу жамоада ўйнашни исташади. Ахир гап «Галактикос» ҳақида кетяпти-ку!»

Мадриддаги саргузаштларини эслар экан, Антонио ўзидан кўнгли тўлмаганини яширмайди.

- Аҳмоқ одамгина ўзини мендек тутган бўларди, - дейди Италия терма жамоасининг собиқ футболчиси. «Реал»да ўйнаб кета олмаганининг асосий сабаблари кам машғулотлар ва кўп овқатланиш бўлганини яширмайди.

- Агар сиз 20 ёшда бўлсангиз, хаёлингизни асосан қизлар эгаллайди... Мен ёш эдим, бой ва жаҳоннинг энг машҳур клубида ўйнардим. Агар шундай жиҳатларим бўлмаганида, аёллар орасида бунчалик обрў қозона олмасдим. Болалигимда ҳаттоки, онам ҳам ёқтирмасди. Тўғри, ҳазилкаш йигитман. Лекин мафтункор эмасман.

Антонио ошиқча вазн тўплаганини юзида табассум билан эслайди.

- Буни ҳазм қилиб бўлмасди. «Реал»га келганимда вазним 95 килограмм эди. Аслида 175 см. бўй учун 83 кг. етарли бўларди. Мирасьерреда (Мадрид яқинидаги кичикроқ шаҳарча) ажойиб дўстим яшарди.

Ҳар куни кечки соат 10да уйимга катта пакетларда егулик олиб келарди. Овқатланиш учун кунига 200-500 евро сарфлардим. Сафар ўйинларига борганимизда асабийлашардим. Чунки ҳеч ким менга лаззатли егуликларни олиб келмасди.

Суҳбатлар чоғида Антонио Кассано фаолиятидаги энг асосий жамоалар «Сампдория», «Интер» ва «Парма» бўлганини айтади. Унинг «Бари»дан «Рома»га ўтишига асосий сабабчи Рим «Императори» - Франческо Тотти бўлган экан.

- Ўшанда 18 ёшда эдим. Лекин болаликдан Франческо билан бир жамоада ўйнашни орзу қилардим. У нафақат буюк футболчи, балки ажо­йиб инсон ҳамдир.

«Рома»га ўтганимдан кейин дастлабки ярим йил унинг уйида яшаганман. Римга онам кўчиб борганларидан сўнг кетганман. Орадан бироз вақт ўтгач, у билан жанжаллашиб қолдик. Шундан ке­йин Ческо мен билан икки йил гаплашмай юрган.

Журналистлар Кассанодан «Рома»даги энг эсда қоларли ўйинингиз қайси?» деб сўрашса, «Ювентус»га қарши баҳсни эслайди.

- Шубҳасиз, Римда «Ювентус»ни 4:0 ҳисобида мағлуб этганимизни унутиш қийин. Пьерлуижи Коллина бутун ўйин давомида икки жамоа футболчиларини тинчлантириш билан овора бўлган. Мен иккита гол урганман. Бурчакдаги байроқчани тепаман деб оёғимни синдириб олишимга бир баҳя қолган.

Ўша ўйиндаги Тоттининг хатти-ҳаракати? У Иван Тудорга юзланганди. Туринликлар ҳимоячиси 90 дақиқа давомида сардоримизнинг ғашига теккан. Бу Италия чемпионати тарихидаги энг яхши учрашувлардан бири бўлганди.

Кассано собиқ жамоадошлари ҳақида қуйидагиларни гапириб ўтди.

- Биринчи ўринда Гутини алоҳида кўрсатган бўлардим. У ҳафта давомида ярим куч билан машғулот ўтказиб, ўйин пайтида юксак савияда ҳаракат қиларди. Балки характери туфайли энг юқори чўққиларга чиқа олмагандир. Бу борада Гутини ўзимга ўхшатаман.

Зидан - ўзга сайёралик. Унга машғулотми, расмий ўйинми, фарқи йўқ эди. Ҳамма жойда бор кучи билан ҳаракат қиларди. Зизу жуда камгап. Аммо у гапирганда барча тингларди. Рауль эса ҳақиқий сардор ва буюк шахс сифатида ёдимда қолган.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz