Қайднома

Қидирув

Миллий терма жамоа-2021: ҳужум чизиғидаги таназзул

Миллий терма жамоа-2021: ҳужум чизиғидаги таназзул

  05.10.2018 06:43
  0
  835
Миллий терма жамоа-2021: ҳужум чизиғидаги таназзул

Ёдингизда бўлса, газетамизнинг аввалги сонларида миллий терма жамоамизнинг яна уч йилдан кейинги аҳволи ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинганди.

Ўшанда барча позициялар ҳақида батафсил тўхталган бўлсакда, ҳужум чизиғини қолдириб кетгандик, бу ҳақда алоҳида фикр юритишимиз хусусида айтилганди. Бугунги мақоламиз ана шу - ўтган галги таҳлилнинг давоми ўлароқ ёзилмоқда.

Демак, худди 2001, 2005, 2009 ва ҳоказо йилларда бўлгани каби, 2021 йил ўрталарига (балки кузига) бориб ҳам Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашаётган бўлади. Албатта, катта эҳтимол билан.

Ҳар ҳолда ҳозиргача ЖЧ саралаш ўйинларининг ҳал қилувчи босқичига мунтазам етиб бораётган термамиз Эктор Купер бошчилигида ҳам ўша даврга етиб боради, деб ўйлаймиз ва бунга ишонамиз. Хўш, ўша пайтдаги жамоанинг ҳужум чизиғини қандай тасаввур қилган бўлардингиз?

Олдинги чизиқ ростдан ҳам сўнгги йилларда миллий жамоа мураббийларининг ҳақиқий оғриқли нуқтасига айланиб бормоқда. Илгарилари кўпроқ икки ҳужумчи билан ўйнардик ва бунда аксарият ҳолларда майдонда Шацких ва Гейнрих ҳаракат қилар, уларнинг ортида эса қатор-қатор захира футболчилари майдонга тушишга навбат кутишарди.

Бу ҳам майли, термага номзод ҳужумчиларнинг қанчаси лоақал бирор марта бош жамоага жалб қилинмасдан футболчилик фаолиятларини якунлаб ҳам юборишди. Улар ичида ички чемпионатимизнинг бир мавсумида 20-30талаб голлар урганлар ҳам бўлган...

МИЛЛИЙ ЧЕМПИОНАТДА ҲАМ ҲУЖУМЧИЛАР ТАНҚИСЛИГИ

Мен охирги йилларда миллий чемпионатимиз олий лигасида тўпурарликни қўлга қиритган футболчиларнинг ўша мавсумларда нечта гол урганликларини шаблон ўлароқ қабул қилган ҳолда фикр юритишни маъ-қул кўрдим. Зеро, миллий жамоамизга асқотадиган футболчилар олдинлари ички чемпионатимизда бисёр бўлган.

Аввало, эътиборингизга 1999 йилдан 2005 йилгача бўлган мавсумларда чемпионатимиз тўпурарлари бўлган футболчиларни ҳавола қиламан:

1999. Умид Исоқов - 24

Бахтиёр Ҳамидуллаев - 24

2000. Жаъфар Ирисметов - 45

2001. Умид Исоқов - 28

2002. Бахтиёр Ҳамидуллаев - 22

2003. Марсель Идиатуллин - 26

Шуҳрат Мирхолдиршоев - 26

2004. Шуҳрат Мирхолдиршоев - 31

2005. Анвар Солиев - 29.

Ҳисоблаб кўрсангиз, мазкур йилларда битта мавсумга ўртача 34та гол (!) тўғри келмоқда.

Кейинги мавсумларда ушбу кўрсаткич тобора камайиб борган: Павел Соломин (2006) ва Илҳом Мўминжонов (2007) тўпурарлик пойгасида 21та гол билан пешқадамликка эришган бўлишса, кейинги икки мавсумда ҳужумчилар жуда-жуда пассив ўйин кўрсатганларидан ўз ўринларини умуман ярим ҳимоячиларга бўшатиб беришган: 2008да «Бунёдкор» вакили Сервер Жепаров 19та гол билан чемпионат тўпурарлигини қўлга киритган бўлса, бир йил ўтиб ҳамюртларимиз ўз ўринларини бразилиялик «қария» Ривалдога (20та гол) бўшатиб беришга мажбур бўлишган.

2010 йилги кўрсаткичлар эса янада ачинарли. Бу мавсумда миллий чемпионатларимиз тарихидаги энг паст натижалар қайд этилган: «Нефтчи» вакили Алишер Холиқов ва «Олмалиқ» ҳужумчиси Носир Отақўзиевлар 13та гол (!) билан мавсум тўпурарлари бўлишган.

Мақоламизда аслида чемпионат тўп-урарлари хусусида бунчалик кўп тўхталиш режада йўқ эди, лекин кейинги йиллардаги фактлар янада хунукки, бу ҳақда ҳам бироз айтиб ўтишга мажбурман. 2011-2014 йиллар мавсумидан учтасида тўпурарликни яна легионерлар қўлга киритишган:

2011. Милош Трифунович - 17

2012. Анвар Бердиев - 19

2013. Олександр Пишур - 19

2014. Артур Геворкян - 18

Бу тўрт мавсум ичида ўша даврда 34 ёшда бўлган «Нефтчи» ҳужумчиси Анвар Бердиевнинг мамлакат чемпионати тўпурарлигини қўлга киритиши ҳам кутилмаган воқелик бўлганди. Ниҳоят, сўнгги уч мавсумда маҳаллий футболчилар яна ўз сўзларини айтишди:

2015. Игорь Сергеев - 24

2016. Темурхўжа Абдухолиқов - 22

2017. Марат Бикмаев - 27

Айнан мана шу уч ҳужумчи сент-ябрь ойида бўлиб ўтган миллий терма жамоамизнинг Сурия ва Эронга қарши учрашувларида майдонга тушишди.

Сергеев - алоҳида мавзу. Бу футболчи ҳақида соатлаб тортишиш мумкин. Чиндан ҳам Игорь сўнгги 2-3 йилда ўша 2015 йилги мавсумда кўрсатган ўйинларини йўқотиб қўйди. Лекин муаммо фақат Сергеевда эмас-да, мана шуниси энг муҳим масала!

Мен мамлакат чемпионати тўп-урарларини анча батафсил ҳолатда бежизга ёзиб чиқмадим. Тахминан учга бўлинган мазкур даврларга нигоҳ ташласак, дастлабки йилларда Шацких, Гейнрих ва Шишеловдан ташқари миллий терма жамоа аъзолигига даъвогар бўлган яна беш-олти нафар актив ҳужумчи миллий чемпионатимизда тўп сурганига гувоҳ бўламиз.

Кейинги 4-5 йилда бу кўрсаткич тобора камайиб борди. Ўша Трифунович, Пишур ва Геворкян тўпурар бўлган йилларда ростдан ҳам етакчи жамоаларимизнинг олд чизиғида кўпроқ легионерлар ҳаракат қила бошлагандики, миллий терма жамоага Қосимов ва Бабаян мураббий бўлган даврларда юқори сифатга эга маҳаллий ҳужумчилар мутлақо камайиб кетди.

Сергеев дастлабки йилларда қандай юқори савияда тўп сурган бўлса, озгина муддат ўтиб худди шу тезликда пастга шўнғий бошлади. Хитойнинг «Пекин Гуоан» клубига кетганидан сўнг эса умуман захира ўриндиғига «михланиб» қолди. Темурхўжа ҳам «Локомотив» сафида тўпурарлик мавсумини ўтказиб, худди Сардор Рашидов каби нотўғри йўлни танлади: бизнинг Суперлига билан қиёслаганда ўртаҳол клублардан ҳам пастроқ саналган «Ал-Сайлия»га кетди.

Фикримча, Қатарда ўтказган даври футболчилик нуқтаи назаридан Абдухолиқовга ҳеч қандай наф бермади. Балки шунинг учундир яна «Локомо-тив»га қайтди.

Ва ниҳоят, сўнгги чемпионат тўпурари - Марат Бикмаев. «Пахтакор» футбол мактаби тарбияланувчиси бўлган бу ҳужумчи 16 ёшида - 2002 йилнинг кузидаёқ анча машҳур бўлиб кетганини баъзи ёш мухлислар билишмаса керак. Ўшанда «Пахтакор» сафида Осиё Чемпионлар Лигаси баҳсларида майдонга тушган Маратнинг ўйинларини кўриб, беихтиёр бу футболчидан келажакда зўр ҳужумчи етишиб чиқади, деб юборгандик. У кейинги мавсум - 2003 йилги миллий чемпионатимиз ўйинларида ҳам анчагина голлар урганди.

Шундан сўнг Қозоннинг «Рубин» клуби Маратни ўз сафига қўшиб олди-ю, шу-шу футболчи кўп йиллар жамоанинг ўринбосарлари сафида қолиб кетди. Ўзбекистонга қайтиб, «Локомотив» сафида анча сермаҳсул ўйинлар кўрсата бошлагани уни пировардида миллий жамоамизинг асосий ҳужумчисига айлантирди.

Афсуски, 2021 йил учун Марат Бикмаевни таркибга қўшишишимиз жудаям қийин масала - у даврларга бориб 35 ёшда бўладиган футболчи яна уч йил юқори савияда ўйнаб бера олишига кўзимиз етмайди. Агар яқин йиллар учун Бикмаевни рўйхатдан ўчирадиган бўлсак, у ҳолда манзара қуйидагича кўриниш олади:

2021 йилда Иван Нагаев 32, Темурхўжа Абдухолиқов эса 30 ёшни қарши олаётган бўлади. Албатта, бу икки сон ҳам ҳужумчи нуқтаи назаридан нормал ёшдан бироз каттароқ кўринишга эга. Айни пайт ўзининг тўпурарлик ёшида бўлган Иван Нагаевнинг бундан кейинги ўйинлари янада кучайиб боришига ишониш қийинроқ, қайтанга худди Бикмаев каби унда ҳам пасайиш кузатилиши ҳақиқатга яқин.

Ундан икки ёш кичик бўлган Абдухолиқовдан ке-йинги уч йил ичида ривожланишининг энг юқори палласига чиқишини кутиш мумкин бўлсада, «Локо» ҳужумчисининг миллий терма сафида ҳали бирор-бир тузукроқ кўрсаткичга эриша олмагани, албатта, кишини ўйлантириб қўйиши аниқ.

Шимолий Корея ва Қатарга қарши Тошкентда ўтадиган ўртоқлик учрашувлари учун Эктор Купер эълон қилган таркибдан бу сафар Игорь Сергеев жой олмади. Лекин бу ҳаммаси тугади, дегани эмаслигини Игорнинг ўзи ҳам сезиб турибди.

Сергеев 2021 йилда 28 ёшда бўлади. Унда яна қайтадан ўз устида ишлаб, классик усулда айтганда «иккинчи ёшлиги»га қайтиш имконияти бор. Бўлганда ҳам кўпи билан бор - ҳаммасини бошидан бошлаган тақдирида ҳам кейинги 2-3 йил ичида яна кучлилар сафига бемалол кириб олиши мумкин. Шахсан мен Сергеев омма назаридан қолган мана шу йиллар ичида яна кучли ҳужумчилар сафига қайтишига ишонаман.

Зеро у ҳақида кўп ва хўб гапирилди. Энди ўз ҳолига ташлаб қўйилган Сергеев ўзи томон ёғилаётган ўта кучли босимдан халос бўлиши ва эски ўйинларига қайтиши мумкин. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Майдонда тинмай меҳнат қилиш, тер тўкиш орқали терма жамоа мураббийлари эътиборига тушиш - кейинги 3 йил ичида Сергеев олдидаги бош мақсад бўлиши шарт!

Куни кеча Эктор Купер томонидан эълон қилинган ўша рўйхатда Ҳусниддин Ғофуровнинг ҳужумда кўрсатилганини кўриб, унинг Сербия клубларида айнан олдинги чизиқларда майдонга тушганини эсладим.

Ғофуров «Локомотив»да кўпроқ қанот ярим ҳимоясида ўйнамоқда. Шунга қарамай, Ҳусниддиннинг ҳужум чизиғида қандай тўп суришини синаб кўриш сўнгги пайтларда мураббийлар томонидан қабул қилинган энг ақлли қарорлардан бири бўларди.

Эътибор қиляпсизми, миллий жамоамиз сафида айни пайт майдонга тушаётган бирор ҳужумчимиздан кўнглимиз тўлмайди. Яқинда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган, Осиё ўйинларида ҳам анча чиройли натижаларга эришган U-23 термамиздаги дарвоза, ҳимоя ва ярим ҳимоя вакилларига назар ташлайдиган бўлсангиз, уларнинг исталган бирини миллий терма сафида кўришни хоҳлаб қоласиз.

Лекин ўша Равшан Ҳайдаров жамоасида ҳужум чизиғида тўп сурган футболчилардан ҳеч бири миллий термага тортмаслигини тан олишимиз ҳам айни ҳақикат. «Металлург» ҳужумчиси Забиҳилло Ўринбоев ва «Насаф» вакили Бобур Абдухолиқов, шунингдек, ўша финал ўйинида ғалаба тўпини киритган Андрей Сидоров билан ҳам бу борада етарли муаммолар бор.

Хўш, ушбу масалада Суперлига жамоалари амалга ошираётган ишларни қониқарли, деб бўладими? Албатта, йўқ! Суперлигадаги деярли барча кучли ва ўртаҳол клублар маҳаллий ёшлар билан ишлаш ўрнига, четдан тайёр ҳужумчи олиб келиб ўйнатиш билан вақт ўтказишмоқда.

Айниқса, бу борада «Пахтакор» мутлақ биринчи ўринда! Пойтахт байроқдори олдинги чизиқда уч легионер билан ҳаракат қилмоқда - Тиаго Безерра, Исмоил Гонсалвеш ва Драган Черан.

«Қизилқум»да ҳам шунга ўхшаш ҳолат - олд чизиқ умуман легионерлардан ташкил топган: Артур Геворкян, Элгужа Григалашвили ва Неманья Йованович. Бунда ташқари, «Бунёдкор»да Филип Райевац, «Навбаҳор»да Дарко Никач, «Бухоро»да Вадим Чемиртан кабилар тўп суришмоқда.

Энди ўзингиз хулоса чиқаринг, мана шу легионерлар билан ёнма-ён ҳаракат қилаётган қайси ҳужумчиларни сиз миллий терма жамоага чақирган бўлардингиз? Албатта, бу саволнинг жавоби ҳозирча йўқ.

Суперлигадаги мураббийларимиз, башарти улар миллий терма жамоани ўйлар эканлар, мана шу масалага алоҳида эътибор қаратишлари зарур ва шарт. Яқин келажакда маҳаллий ҳужумчилар билан алоҳида ишламаса бўлмайди!

Биз олдинги сондаги мақолада ҳам, бугун ҳам футболчиларимизни туғилган йилларига кўра таҳлил қилдик. Шунга қарамай, шахсан ўзим миллий термадаги барча футболчилар ҳам ўзларининг ҳақиқий ёшларида эканликларига ишонмайман. Бу фикрга яна жуда кўплаб футбол оммаси қўшилиши табиий.

Тахминимча, йўқ деганда икки ёки уч нафар футболчи ўзининг ҳақиқий ёшидан озгина кичикроқ кўрсатилган бўлиши эҳтимоли юқори. Баъзилар икки ёки ундан кичикроқ ёш қилиб кўрсатилган бўлса, биз юқорида тилга олган 34 яшар футболчиларимизнинг аслида 36 ёш эканликларини билдиради.

34 ёшда футболчи ҳар қанча иқтидор эгаси бўлмасин, барибир жисмоний томондан заифлашиб қолгани сезилади. 36 ёшли футболчи ҳақида эса ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Биз бу билан қайсидир футболчиларимизнинг қусурларини ажратиб кўрсатмоқчи эмасмиз.

Айтмоқчи бўлганимиз, Эктор Купер бошчилигидаги мураббийлар гуруҳи футболчиларимизнинг туғилган йиллари ва ёшларига қараб кейинги йиллардаги режаларни тузаётганларида алданиб қолмасликларини, биз иккита мақоламизда тилга олган фактларга эътибор бераётганда футболчиларнинг асл ёшлари тахминан 2-3 ёшга катта бўлиши эҳтимолини ҳисобга олиб, иш юритишларини айтмоқчи эдик. Зеро, дўст ачитиб гапиради...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz