Қайднома

Қидирув

Дунёқараш ёхуд баъзи футболчиларимизнинг ишлари профессионалликка хосми?

Дунёқараш ёхуд баъзи футболчиларимизнинг ишлари профессионалликка хосми?

  06.10.2018 06:41
  0
  972
Дунёқараш ёхуд баъзи футболчиларимизнинг ишлари профессионалликка хосми?

Яқинда мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийлар куни нишонланди. Эътиборлиси, байрамнинг расмий номида «Мураббий» сўзи алоҳида ажратиб кўрсатилган. Гарчи «устоз» иборасида ўқитувчи ва мураббий маъноси мужассам бўлсада, бежиз шундай йўл тутилмаган. Спорт соҳаси - жамият ҳаётининг улкан бўлаги.

Бу соҳани эса мураббий хизматисиз тасаввур қилиш қийин. Шундай экан, футболчилар ҳам турли ёш тоифаларида ўзларига йўл-йўриқ кўрсатган устоз-мураббийларини байрам билан қутлаган бўлсалар, ажабмас. Албатта, шогирд устозини ҳамиша эслаши, унинг хизматларини эътироф этиши керак. Аммо байрамдаги йўқлов ёки табрикнинг ўрни бошқа-да, барибир.

Шу маънода айтсак, «Бунёдкор» ва АГМК клублари ўртасида кечган Ўзбекистон кубоги иккинчи ярим финал учрашувидан сўнг Музаффар Музаффаров берган интервью кўпчиликни ҳайрон қолдирди.

Очиғи, у Зуҳриддин Қиличевнинг байрам табриги билан боғлиқ таклифини мутлақо тушунмади. Интервью жонли эфирда узатилаётгани учун Дилшод Тўхтабеков ҳам ноқулай вазиятни камтарликка боғлаб юборди. Ўша вазиятда энг тўғри йўл шу эди...

Мана, байрам ўтди. Энди савол берсак арзийди: «Музаффар 1 октябрь устозлар байрами эканини билармиди?» Ишончимиз комилки, эфирдан сўнг унга бу хусусда эслатишган. Афсуски, телетомошабинларга бундай эслатма беришнинг иложи йўқ ва уларда ўша илк тасаввур сақланади. Музаффар мураббий кўрсатмаси ва уни қандай амалга оширганини аниқ ифодалаб берди.

Демак, унинг камтарлик қилгани ёки ҳаяжон таъсирида устозларига табрик йўллашни унутгани ҳақида сўзлаш ноўрин. Футболчида шунчаки, байрам ҳақида тасаввур бўлмаган. Эҳтимол, у 1 октябрни фақат ўқитувчилар байрами сифатида билар... Хўш, нима учун мазкур кичик лавҳага эътибор қаратяпмиз? Айни дамда бу мавзуни муҳокама қилиш шартми?

Фикримизча, айни шу масала, яъни футболчининг дунёқараши бугунги кун учун долзарбдир. Биласиз, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этиш нотўғри эканлиги неча йилдан буён айтилади. Лекин самарқандлик муаллима Диана фожиасидан сўнггина бу муаммога давлат миқёсида ечим топилди. Нима, битта муаммога ечим излаш учун қачон фожиа юз беришини кутамизми?

Рўзимбой Аҳмедов ва Илҳом Мўминжонов можароси қайси фожиадан кам? Ўйлаб кўрсак, Музаффар ва Рўзимбой шахсий дунёқарашларидаги кемтиклик боис, хижолат чекишди. Яъни Музаффар қойиллатиб устозларини табрикламади, Рўзимбой эса айтган сўзларидан тонди.

Тўғриси, ҳар икки ҳолат ҳам юксак савияли футбол мухлислари энсасини қотирди. «Футбол оёқда ўйналади ва бунда дунёқараш аҳамиятсиз» қабилидаги ноўрин қарашлар эскирганига анча бўлди. Бу - ёлғон ёпанч! Шу қарашга таянадиган футболчи асло униб-ўсмайди.

Жозе Моуриньо нима учун аввал «Реал», кейин «Челси»дан кетди? Факт шуки, у Криштиану Роналду «Реал»да алоҳида ҳодиса эканлигини вақтида тушунмади ва футбол фалсафасини янгиламади. «Челси»да ҳам ўша ўжар Моуриньони кўрдик. Натижада шаклланган дунёқараш эгаси саналган футболчилар уни шунчаки, ўзларидан нари суришди. Энди «МЮ»да ҳам шу каби жараён кузатилмоқда.

Сезилиб турибдики, таянч сабаб Погба билан боғлиқ. Бундай ички муҳитда қолган жамоа ғалаба учун бемалол курашолмайди ёки хоҳласа ҳам, ютолмайди. Мағлубиятларни футболчиларнинг фитнаси сифатида изоҳлаш эса, мутлақо ўзини оқламайди. Ҳар доим тўпни абжирлик билан ўйнатган оёқлар бирдан уни ўзига бўйсиндиролмаслигини фитнага алоқаси йўқ.

Шунинг учун ҳам, футболда дунёқарашнинг ўрни беқиёс. Тафаккури шаклланган футболчи Рўзимбой каби мураббийни сўкмайди, аксинча, «Муҳаммад Салоҳ Пушкаш совринига муносиб, бироқ мен урган гол уникидан чиройлироқ», - дейди ҳам ҳурмат, ҳам ғурур билан.

Ёки Лионель Месси каби жамоаси ҳимоя чизиғидаги муаммоларни асосли танқид қилади. Бизда эса афсуски, кўча-кўйнинг гаплари минбарларга чиқади. Оқибатда танқид хусуматга айланади ва қарама-қарши томон бир-бирини маҳв этишга чоғланади.

Агар Рўзимбой Аҳмедов мураббий - Илҳом Мўминжоновга муносабатини маданият билан ифодалаганида ва бу борада фактларга эгалиги хусусида жамоатчиликни огоҳлантирганида, ишончимиз комилки, футболимиз бир силтаниб, қанчадир иллатлардан қутуларди. Биров Рўзимбойдан ўша фактларни ошкор этишни сўраб ҳам ўтирмасди.

Таассуфки, етарли даражада шаклланмаган дунёқараш ўз сўзини номақбул тарзда айтди ва бу ҳол футболимизга ҳеч қандай наф келтирмади. Аксинча, юз бериши эҳтимоли бор ошкоралик йўлини тўсди. Бошқача айтганда, мураббийларни сергак торттирди, «эс»ларини киритиб қўйди.

Футболимиз ҳамма биладиган, лекин ҳеч ким факт билан исботлай олмайдиган муаммолардан қисман қутулиши мумкин эди. Манфаатдорлар эса дунёқараши йўқ футболчилар ва мураббийлардан устунроқ эканликларини исботлашди.

Нима ҳам дердик, футболимиз сабрининг таги сариқ олтинга тўла. Дунёқараш эса ҳаминқадар. Миллий терма жамоамиз ва клубларимизнинг ўйинлари ҳам шу хулосага уйғун.

Муҳтарам мухлис! Биз футболчининг дунёқараши масаласига қисқача тўхталдик, холос. Ўйлаймизки, гап фақат Музаффар ва Рўзимбойда эмаслигини англаш учун шунинг ўзи етарли...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz