Қайднома

Қидирув

Лука Модрич: «Менга овоз беришди, демак энг яхшиман»

Лука Модрич: «Менга овоз беришди, демак энг яхшиман»

  06.10.2018 06:15
  0
  175
Лука Модрич: «Менга овоз беришди, демак энг яхшиман»

ФИФАнинг «Йил ўйинчиси» учун аталган совринига муносиб кўрилган Лука Модрич El Larguero нашрига берган интервьюсида Криштианунинг тақдирлаш маросимига бормагани, қўлга киритилган мукофотнинг аҳамияти ҳақида гапириб, қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди.

РОНАЛДУНИНГ ТАҚДИРЛАШ МАРОСИМИГА БОРМАГАНИ ҲАҚИДА

- Криштиану - менинг дўстим, унинг йўқлигидан ранжимадим. Ўша куни соврин менга насиб қилди. Аммо Салоҳ ҳам, Роналду ҳам ажойиб футболчилар.

СОВРИН ҲАҚИДА

- Шундай мукофотга лойиқ кўрилганимдан хурсандман, буни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Мазкур соврин ҳамиша ёнимда турган, фаолиятимнинг бир қисмига айланиб улгурган барча яқинларимга тегишлидир.

ТАҚДИРЛАНГАН ПАЙТДАГИ ҲОЛАТИ ҲАҚИДА

- Рафиқам, фарзандларим ва жамоадошларимга қарадим. Мени кўпчилик қўллаб турганди, жумладан, биринчи қаторда ўтирган президент ҳам.

СЎЗЛАГАН НУТҚИ ҲАҚИДА

- Омма олдида чиқиш қилишдан кўра, пенальтидан унумли фойдаланиш осонроқ: майдонга қараганда саҳнада тизза кўпроқ қалтирайди. Нутқ сўзлашга алоҳида тайёргарлик кўрмагандим, айрим фикрларни миямда сақлаб турдим, айнан шуни гапирдим. Ўйлашимча, чиқишим ҳаммага ёқди.

ОВОЗ БЕРИШ ЖАРАЁНИ ҲАҚИДА

- Мен Варан, Криштиану ҳамда Гризманнга овоз бердим. Месси - энг яхшилардан бири, бироқ ўтган мавсум қайд этилган натижаларга қараш керак. Лео ва Роналду ҳамон дунёнинг, футбол тарихининг тенгсиз футболчилари бўлиб туришибди. Аммо ўйлашимча, бу йил танловим адолатли бўлди.

МЕССИНИНГ ОВОЗ БЕРГАНИ ҲАҚИДА

- Унинг мени ёқлаши жуда қувонарли. Афсуски, тақдирлаш маросимида қатнашмади. Месси менга 5 очко бергани учун ундан миннатдорман.

ШАРТНОМАНИ ЯНГИЛАШ ҲАҚИДА

- Ҳали бу ҳақда гаплашишга улгурмадик. Флорентино биз билан бирга бормади. Бу жуда аламли (кулади).

«ИНТЕР»ГА ЎТИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ ГАП-СЎЗЛАР ҲАҚИДА

- Фикрим ўзгаришсиз қолмоқда. Ўзимни «Реал»дан бошқа клубда тасаввур қилолмайман.

ФАОЛИЯТНИ ЯКУНЛАШ ҲАҚИДА

- Бутсаларимни михга илгунча Мадрид суперклубида ўйнамоқчиман, бироқ кўрамиз, келажак бизга қандай совғалар тайёрлаяпти экан. «Реал»да талаблар ўта юқори, мунтазам юксак савияда туриш лозим, йил сайин ўсиш керак. Ҳаммаси менинг қандай ўйин кўрсатишим, вазифамни тўғри бажаришимга боғлиқ.

ЖИСМОНИЙ ҲОЛАТИ ҲАҚИДА

- Ўзимни яхши ҳис этяпман, кўп ишлаяпман, профессионал спортчи нима қилиши керак бўлса, ҳаммасини бажаряпман. Шу тариқа формамни сақлаб туришга интиляпман.

ЗВОНИМИР БОБАН ҲАҚИДА

- Унинг реакциясини кўрдим. Бобан менинг кумирим бўлган, ҳамиша руҳлантирган. Шу боис уни ўз нутқимда ёдга олиб ўтдим.

THE BEST ДЕБ ЧАҚИРИШАЁТГАНИ ҲАҚИДА

- Ўзимга қолса, аввалгидек Лукита деб мурожаат этишларини хоҳлайман.

«ЭНГ ЯХШИ» МАҚОМИ ҲАҚИДА

- Барча мен учун овоз берди, демак ҳа, ўзимни энг яхши деб биламан. Сўнгги йилни ажойиб тарзда ўтказдим. Ўзим ҳақимда гапиришни ёқтирмайман, аммо ҳамкасбларим менинг номзодимни ёқлашибдими, бундан кўринадики, ушбу ғалабани ҳақли тарзда қўлга киритдим.

БАХТИЁРЛИК ҲАҚИДА

- Ҳа, ҳозир ўзимни бахтли сезяпман. Шундай кунларни бошдан кечираётганимдан хурсандман, роҳатланяпман. Вақтимиз кўп эмас: воқеалар тез ривожланмоқда, олдинда ўйинларимиз кўп. Бироқ айни пайт ажойиб туйғуларни бошдан кечирмоқдаман, улар менга фахр ва бахтиёрликни туҳфа этмоқда.

МАДРИДИЗМ ҲАҚИДА

- Аввал-бошдан юксак эътибор бериб, мунтазам қўллаб-қувватлаганликлари учун барча мадридистларга ташаккур билдирмоқчиман. Мени яхши кўришлари «Бернабеу»да сезилиб турарди.

Қанчалик миннатдор эканимни сўз билан ифодалаш мушкул, аммо клуб учун боримни беришда давом этишга ваъда бераман. Бу йўлни босиб ўтиш машаққатли кечди, шунга қарамай, ҳар лаҳзадан баҳра олдим. Миятович менга «Реал»да катта ёрдам берди, шундай ютуқларга эришишимда унинг ҳам ҳиссаси беқиёс.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz